ТАФАККУР ДАРЁСИ ОҚАДИ МУДОМ

46

Президентимиз Ўзбекистон Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилаётгани ҳақида гапирди.
Сўнгги вақтларда Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс атамаси кун тартибига чиққани ғоятда қувонарли, албатта. Хўш, бу қандай амалга оширилади? Президентимиз 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида бунга аниқлик киритди.
“Биз кенг кўламли демократик ўзгаришлар, жумладан, таълим ислоҳотлари орқали Ўзбекистонда янги Уйғониш даври, яъни Учинчи Ренессанс пойдеворини яратишни ўзимизга асосий мақсад қилиб белгиладик. Бу ҳақда гапирар эканмиз, аввало, Учинчи Ренессанснинг мазмун-моҳиятини ҳар биримиз, бутун жамиятимиз чуқур анг­лаб олиши керак”.
Донишманд халқимиз тарихимизда кечган икки Ренессанс даврида жаҳоннинг энг илғор, тараққий этган халқлари қаторида бўлгани барчамизга улкан ғурур ва ифтихор бағишлайди. Дарҳақиқат, тарихга назар солсак, Буюк ипак йўлининг чорраҳасида жойлашган она заминимиз азалдан юксак цивилизация ва маданият ўчоқларидан бири бўлганини кўрамиз. Халқимизнинг бой илмий-маданий мероси, тошга муҳрланган қадимий ёзувлар, бебаҳо меъморий обидалар, нодир қўлёзмалар, турли осори-атиқалар давлатчилик тарихимизнинг уч минг йиллик теран илдизларидан далолат беради. Бинобарин, миллатнинг ҳар томонлама тараққиёт сари уйғониши бўлмиш Ренессанс ҳодисасини, аввало, миллий тилга бўлган юксак эътиборсиз тасаввур қилиш мушкул. Илм-фан, техника ақл бовар қилмас даражада ривож топганига қарамасдан, дунё ҳамжамияти сайёрамизда нечта тил борлиги ҳақида охирги аниқ маълумотга эга эмас. Баъзи маълумотларга кўра, дунё тилларининг сони етти минг­га яқин. Мазкур тиллардан 14 тасида инсониятнинг учдан икки қисми гаплашади. Ушбу тилларнинг ҳар бирида сўзлашадиганлар сони эса 50 миллиондан зиёд. Дунёдаги 70 тилда гаплашадиганлар 5 миллиондан кўп бўлса, қолган тилларда мулоқот қиладиганлар 1 миллиондан кам.
Бу маълумотларни нима учун келтиряпмиз?! Биз ўзбек тилининг дунёдаги нуфузини ошириш устида тинимсиз гапираяпмиз-у, лекин буни қандай қилиб бажариш мумкинлиги устида етарлича бош қотирмаяпмиз. Биринчидан, инглиз, рус ҳамда бошқа тилларда Ватанимиз, халқимиз ва ўзбек тили бўйича келтирилган халқаро миқёсдаги маълумотларни жиддий қайта кўриб чиқиш, илмий асосланган, расмий тан олинган манбалар асосида ўзбек миллатининг дунёдаги ўрнини ва жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини холис кўрсатиб бериш зарур. Бундай шарафли ва масъулиятли вазифанинг салмоқли қисми зукко тилшунослар зиммасига тушиши аниқ.

Гулбаҳор ЖАББОРОВА,
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Таълим сифатини назорат қилиш
давлат инспекцияси ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг