МИЛЛАТПАРВАР

74

Жорий йилда Ўқитувчи ва мураб­бийлар байрами муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармонига кўра, бир гуруҳ ватандош­ларимиз давлатимизнинг турли унвон ва орденлари билан тақдирланди. Мукофотланганлар орасида Ватанимиз истиқлоли, халқимиз озодлиги ва эркинлиги йўлида фидокорлик кўрсатиб, миллий таълим ва тарбия тизимини яратишга беқёс ҳисса қўшган Мунаввар қори Абдрашидхонов ҳам бор. Бу инсоннинг “Буюк хизматлари учун” орденига муносиб кўрилгани айни муддао бўлди.

Халқимиз тарихида фожеали, мураккаб, айни пайтда улкан воқеаларга бой бўлган ХХ аср аввалида қадим Туркистондан етишиб чиққан кўплаб миллатпарвар зиёлилар юрт озодлиги, Ватан равнақи учун курашга отланганлар. Узоқ вақт давомида дунёдан узилган, жаҳолатга ботган, охир-оқибатда мустамлакага айланган Туркистон фидойи фарзандларга муҳтож эди. Бундай миллатпарвар зиёлилар орасида Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг (1878 — 1931) шахси ва ижтимоий фаолияти алоҳида ўрин тутади.
Таниқли архившунос, санъатшунослик фанлари номзоди Сирожиддин Аҳмаднинг Мунаввар қори асарларини тўлиқ жамлаган “Мен сендамен…” номли китоби ўтган йили чоп қилинди. Китоб аввалги “Танланган асарлар” (2003) нашридан муаллиф асарларининг тўлиқ қамраб олингани, шогирдларининг хотиралари, хориж матбуотида Мунаввар қори қатли муносабати билан чоп қилинган материаллар жой олгани билан фарқ қилади. Нашрга С.Аҳмад томонидан ёзилган 75 саҳифали “Миллатпаноҳ” номли мазмундор сўзбошини маърифатпарвар бобомизнинг маърифий, ташкилий, сиёсий фаолиятига бағишланган яхши тадқиқот де­йиш мумкин.
С.Аҳмад Мунаввар қори шахси хусусида сўз юритар экан, биринчи галда давр ижтимоий-сиёсий жараёнларига диққатни қаратади, унинг етакчи омилларини таҳлил қилади ҳамда адиб ҳаёти, фаолиятини айни жараёнлар сатҳида баҳолайди. Ўлка турмуш тарзининг қолоқлиги илдизи илмсизлик эканини ич-­ичидан ҳис қилган Мунаввар қори бутун эътиборни маориф соҳасига қаратади. Унингча, миллат қаддини кўтариш учун, аввало, уни маърифатли қилиш зарур эди. Она юрт таълим тизимининг шиддат билан илгарилаётган тараққиётдан ортда қолганини яхши билган маърифатпарвар уни тубдан ислоҳ қилишга киришади: “Ушбу уриниш унинг мактаб ва мад­раса фаолиятини тамоман ислоҳ қилиш фикри­га олиб келади. У мадрасаларда асосий дарсларни араб тилида эмас, балки она тилида олиб бориш, диний сабоқлар билан бирга ижтимоий ва аниқ фанларни ўқитиш масаласини кўндаланг қўйди. Усули жадид мактаблари фаолиятини теран ўрганиб, янги усулдаги умумтаълим мактабларни ташкил этишни кун тартибига чиқарди. Сабаби, онгда, фикр­лашда, маорифда ўзгариш қилмай туриб сиёсатда ўзгариш қилиб бўлмасди”.
Муаллим 1901 йили Тошкент шаҳрида ўз ҳовлисида шахсий маб­лағи ҳисобидан илк усули савтия мактабини очди. Мунаввар қори янгича тартибда фаолият кўрсатаётган мактабларнинг ўқув дастурлари ҳамда дарсликларини қунт билан танқидий ўрганади, шунинг­дек, Қрим ва Татаристондан келган муаллимларнинг дарс бериш услубларини диққат билан кузатади: “Ул рисолалар ўз тилларида ўлмадиғиндан маъносини болалар тугул муаллимларнинг ўзлари ҳам дуруст билмас эдилар…”. Мана шуларни ҳисобга олган муаллим 1907 йили ўзбек тилида “Адиби аввал” дарс­лигини яратди. Дарслик маърифатпарвар зиёлилар томонидан илиқ кутиб олинди. Қизиғи шундаки, Туркистон ўлкаси ижтимоий ҳаётининг барча жаб­ҳасини, жумладан, таълим тизимини ҳам тўлиқ назоратда тутиб турган чор маъмурлари китобни рус-тузем мактаб­лари учун, ҳатто дарслик сифатида қабул қилганлар.
Давр талабларини нозик илғаган, жамият эҳтиёжларини юрагидан ҳис қилган ҳамда халқининг фақат маърифат орқалигина озодликка чиқиши мумкинлигини англаган муаллим фақат янги мактаб очиш билан чекланмайди: “Мактаб ўқув тизимини чуқур ўргана бошлаган Мунаввар қори булар билан чекланмай, дастурни тобора такомиллаштириб боради. 1912 йилга келиб, ўқувчиларга ҳуснихат, жуғрофия, ислом тарихи, турк қавмлари тарихи фанларини ошкора ўқита бошлайди, мактаб остонасига қоровул қўйиб, ижтимоий соҳалардан сабоқ беради. У маҳаллий ўқитувчилар орасида биринчи бўлиб “Намуна” мактабини ташкил қилади ҳамда рус тилини ўқитиш масаласини ҳукумат олдига кўндаланг қўяди”. Тадқиқотчи С.Аҳмад аниқлаган, муаллимнинг шогирди бўлган санъаткор Абдураҳмон Акбаровнинг хотираларига кўра, у инқилобдан аввал маҳаллий ёшларни хорижда таҳсил олиш­лари учун астойдил ҳаракат қилган ва талабаларнинг сарф-харажатини молиялаш мақсадида сармоядор кишиларнинг бошини қовуштира олган.
Мунаввар қори қадим Туркистон ҳаётининг барча томонлари ислоҳга муҳ­тожлигини кўриб, ўлканинг сиёсий бошқарув тизимини ўзгартириш зарурлигини англайди ва бунинг учун ўзга мамлакатлар тажрибаси билан танишишга киришади: 1911 йилда “Турон” жамияти йўлланмаси билан Мунаввар қори дўстлари Самеъ қори Ризабоев, Ҳаким Саримсоқов билан бирга автономия асослари, турли ташкилотлар тузиш ишларини ўрганиш учун Финляндияга борган. Сабаби, Финляндия ҳам худди Польша ва Туркистон каби чор Россиясининг мустамлакаси эди.
Инқилобдан кейин мамлакат тепасига келган “янги ҳукумат” уни унчалик хушламаганига, доимий назорат остида бўлишига қарамай, бу фидойи инсон ўз фаолиятини давом эттириб, маориф идораларида сидқидилдан хизмат қилди, бир муддат ҳибсга ҳам олинди. Янги давр­да бир оз ишлаган муаллим бошқарувда миллий кадрларга эҳтиёж катта эканини тушунгани ҳолда 1923 йили “Нашри маориф” уюшмасини таъсис этди ва унинг мақсадини шундай баён қилди: “Туркистоннинг ҳаёти, Туркис­тоннинг нажоти ёлғиз маорифга ва маданиятнинг тараққийси эса шу “Нашри маориф” уюшмалари атрофига тўпланмоғига боғлиқдир”.
Архив ҳужжатларини, давр тарихий материалларини ҳамда махсус хизматлар “иш услубини” синчиклаб ўрганган С.Аҳмад Мунаввар қори ва унинг маслакдошлари доимий равишда назорат остида бўлгани, уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракати тегишли ташкилотларга етказиб турилгани бўйича талай фактларни аниқлаган ва бу фактлар миллат фидойилари қандай мураккаб замонда иш кўрганликларини яна бир бор исботлайди.
Мамлакат бошқарув тизимида тўла ҳукмрон бўлган тоталитар услуб ҳур­фикр инсонлар тақдирида машъум роль ўйнади ва Мунаввар қори 1929 йилнинг ноябрь ойида қамоққа олиниб, Москвадаги Бутирка турмасига жўнатилди. Турмада унинг хотиралари дунёга келади. Архив ҳужжатларининг синчков билимдони С.Аҳмаднинг таъкидлашича, бу хотираларга танқидий қараш керак, чунки улар катта босим остида ёзилган: “Агар сўроқ варақларидаги имзолар, ҳарфларнинг ёзилиши руҳий-графологик нуқтаи назаридан таҳлил қилинса, маҳбуслар матн­ларни аллакимларнинг тазйиқи остида ва улар фикрини қўшиб ёзганлари маълум бўлади. Ҳар бир ишда ўта хотиржам бўлган Мунаввар қори дастхатида ҳам ўзгаларнинг фикрлари кўзга ташланиб қолади”. Бироқ оғир шароитда ёзилганига қарамай “…унинг хотираларида учрашувлар, суҳбатлар ҳақида гап борса-да, хиёнат йўқ, дўстларни сотиш йўқ”. Китобдан Мунаввар қорининг бадиий асарлари ҳам ўрин олган. Уларнинг аксари маърифий-ахлоқий мазмунда. Мана, бир шеъридан парча:
Кўкламнинг искаб сунбулин,
Узгим келар нозик гулин,
Товши ёқимли булбулин
Бир лаҳза сайратгим келар.

Кўргим келар гулбоғини,
Ёзгим келар дил доғини,
Васлинг-ла кўклам чоғини
Бир-бирига ўхшатгим келар.
Шеър бежиз “Орзу” деб номланмаган. Гўзал ва армонли орзу.
Биз ушбу китоб юзасидан баъзи фикр-­мулоҳазаларни билдириш билан чекландик. Ўйлашимизча, замонавий ўқувчи Мунаввар қори ва унинг маслакдошлари ҳаёти, фаолияти, асарлари билан танишар экан, мозийда мус­тақиллик учун курашган боболаримиз фаолиятидан хабардор бўлади ва бугунги кунларнинг қадрини анг­лайди.
Истиқлол учун жонини фидо қилган жадид бобомиз Мунаввар қори Абдурашидхоновнинг бор бисотини илк маротаба шу тариқа тўплаб, изоҳлаб ва тадқиқ қилган заҳматкаш олимимиз Сирожиддин Аҳмад меҳнати ва кетма-кет нашр этган китоблари юксак эътиборга лойиқ.

Сувон МЕЛИ,
Ўзбекистон Республикасида
хизмат кўрсатган
маданият ходими,
Абдурасул ЭШОНБОБОЕВ,
Алишер Навоий номидаги
давлат адабиёт музейининг
илмий ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг