Болгариялик адиба Мария Филипповага МАКТУБ

40

Ассалому алайкум!
Мен “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг шу йил 1 сентябрдаги сонида чоп этилган “Қў­лим кўксимда” сарлавҳали мақо­лан­гизни ўқиб, ғоятда таъсир­ландим. Сиз Болгариядан Ўзбекис­тонга келиб, олий даргоҳда билим олиб, кейинчалик ҳам бу юртни унутмабсиз, дўстона алоқаларни давом эттирибсиз. Юртимизнинг иссиқ қуёши, мусаффо ҳавоси, тоза осмони ва меҳрибон одамлари мудом сизни ўз оғушига чорлаб турганлигидан хурсанд бўлдим.
Газетада босилган мақолангиз менга болалигимдаги бир хотирани эслатди. Шу сабаб ушбу хатни йўллашга қарор қилдим.
…Иккинчи жаҳон уруши йиллари эди. Ўшанда чамаси 6 ёшларда эдим. Уруш бўлаётган мамлакатлардан Ўзбекистонга кексалар, аёллар ва болалар кўчирма қилинарди. Улар ўзбек хонадонларига жойлаштириларди. Биз­нинг уйга ҳам болгариялик бир аёлни икки боласи билан бошлаб келишди. Ўғлининг исми Хаскил, қизининг исми Мартия экан (Мақолангизни ўқиб бу ўша Мария эмасмикан деган фикр хаёлимдан ўтди). Ота-­онам уларни яхши қарши олишди. Улар яшайдиган хона тартибга келтирилиб, керакли нарсалар (бордон, шолча, лампа чироқ, идиш-товоқ ва бошқалар) билан жиҳозланди. Меҳмонлар дастлаб тортиниб туришди, кейин ота-онам кўрсатган илтифотлардан қувониб, биз билан аҳил-иноқ бўлиб кетишди.
Онам нима пиширса уларга ҳам илиниб турарди, бир оиладек яшай бош­ладик. Ўша вақтларда уруш туфайли етишмовчиликлар кўп эди. Шундай бўлса ҳам топганимизни улар билан баҳам кўрардик. Отам уларнинг кўнг­лини кўтариб, бу вақтинча эканлигини таъкидларди. Аёлнинг ўғли билан акам ўртоқ бўлиб олишди, опам эса (у Мартия билан тенгдош эди) қизига миллий таомлар пиширишни ўргатарди, ўзбекча урф-одатлар ва расм-русумлар ҳақида гапириб берарди. Орадан кунлар, ойлар ўтди. Кунлардан бир кун улар, рухсат беришди, кетадиган бўлдик, деб қолишди. Шундай қилиб йўл тадоригини кўра бошлашди. Бир маҳал онаси бир нарсани йўқотгандай безовта бўла бош­лади.
Отам нима гап экан, деб уйга кириб қараса, бордон шолчалар четга йиғилган ва хонанинг (полсиз хона) уч-тўрт жойи кавланган. Отам аёл билан нимадирлар ҳақида гаплашишди. Кейин отам белкурак олиб кириб 2-3 жойни кавлади ва аёл кўмиб қўйган нарсани топиб берди. У ичига пул солинган банка экан. Аёл хурсанд бўлиб отамга миннатдорчилик билдирди, хона кавлангани учун отамдан узр сўради. Биз уларни кузатиб поезд станциясигача бордик.
Ҳаммалари биз билан самимий хайрлашди ва, албатта, Болгарияга боринглар, биз сизлардан қарздормиз, деб манзилларини ёзиб қолдиришди. Афсус, улар ёзиб қолдирган қоғоз йўқолганлиги сабабли биз Болгарияга бора олмадик.
Биз улар билан дўстона яшаган эдик. Шунинг учун бўлса керак, ҳанузгача эслаб турамиз. Урушнинг оғир кунларида бир болгар оиласи билан ўзбек оиласининг дўстона муносабатини ушбу мактубда қисқача баён қилдим. Агар бу воқеа асарларингизда ўз ифодасини топгудек бўлса, ҳар икки давлатнинг дўстлиги қадимий эканлигига бир ишора бўларди.

Содиқ МЎМИНОВ,
тарих фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг