ВАТАНПАРВАРЛИК МЕЗОНИ

46

Улуғ маърифатпарвар Абдурауф Фитрат она тилимизга “туркий тиллар орасида юксак, юқори, олий ўлған”, “шарқ тилларининг биринчиси”, “олдидан ўтканда бу кунги Оврўпа адабиёти ҳам шапкасини олиб салом берадиган” каби фахрли таърифларни берган. Ҳақиқатан ҳам, тилимиз жуда бой ва гўзал, дунё­даги жамики мавжудот, ҳодисалар ва илм-фан янгиликларини соф ўзбек тилида ифодалаш ёки уларнинг муқобилини топиш мумкин.
Тунов куни Қибрайдан Тошкентга келаётиб, сомсахона эшигидаги “сабўйга ишлаймиз, дос­тафка бор” деган сўзларни ўқиб, юқоридаги фикрлар беихтиёр хаёлдан ўтди. Карантин баҳона она тилимиз гўё “бойигандек”, русча “с собой”, “доставка” деган сўз ва иборалар ҳам “ўзимизники”дек тасаввур пайдо бўлади. Нарироқдаги дўконда “оптом нархлар, распродажа” каби ёзувларни кўриб, тилимизнинг мавқеи бугун Фитрат домла таърифига мосми, бугун ким-кимга “шапкасини олиб” салом бермоқда, деган саволлар туғилиши табиий.
Бир неча йил бурун шаҳар ва туманларимизнинг кўзга кўринарли жойларига юрак рамзи ва инглизча “I love” сўзларини ёзиш урф бўлганди. Шундай ёзувлардан бири Қибрай тумани марказидаги Мотамсаро она ҳайкали яқинида ўрнатилган, аммо ижтимоий тармоқлардаги танқидлар туфайлими, олиб ташланганди. Ажаб, энди бу ёзув янада каттароқ ўлчамда, янги қурилган “Бизнес маркази”нинг томи устида пайдо бўлибди. Ватанга севги ажнабий тилда изҳор қилинадими? Ёки бу ёзувни кўрган чет элликлар ҳайратда қолишармикан? Туман маркази кундан-кунга чирой очмоқда. Кўча юзидаги катта-кичик дўконлар ва турли-туман хизмат кўрсатиш шохобчалари пешлавҳалари ва ранг-баранг реклама ёзувларидан кўз қувнайди. Аммо бу ёзувлар ичида ўзбек тилидагисини топиш, очиғи, амри-маҳол. Ўзимизча қизиқиб, йўл юзидаги ёзувларни ўқиб бораяпмиз: “Все для детей: Girls-boys”, “Enjoy lavash”, “Yoyo”, “Mondo”, “Ertex Style”, “Kings”, “Diadora”, “Вкусландия”, “Мы открылись”, “Family restaurant”, “Store Home”, “Credit Express”… Дейлик, каттакон қилиб, “Инновационная клиника доктора Максудовой” деб ёзмаса, бошқа миллатдаги ҳамюртларимиз наҳотки шу муассасани топа олишмаса? Ёки оддийгина қурилиш ва хўжалик моллари дўконини “Stroy market” ёки “Хoz market” деб номлашга қандай эҳтиёж бор? Озиқ-овқат дўконлари деярли ёппасига “Mini market”, катта дўконлар эса “Korzinka” ва “Makro” бўлганига аллақачон кўникиб, эъти­бор бермай қўйдик.
Қибрайдан “Буюк ипак йўли” метросига етгунча турли-туман пешлавҳалар, катта-катта реклама ёзувларини кузатиб, бугунги кунимиз ва ўзбек тилининг мавқеи ҳақидаги рангли-суратли китоб ўқигандек бўлдим.
Кўча юзидаги кети узилмаётган, ғиж-ғиж хорижий ва русча номлар, пеш­лавҳалар ҳамда рекламалар орасида лип этиб ўзбекча ном кўрингандек бўлди, бу “Ёлғиз ёғоч ота қабристони” экан…
Тўғри, Тил байрами арафасида кўчаларда ўзбек тилини улуғловчи катта ёзувлар кўзга ташланаётир. Аммо байрам ўтгач, реклама панноларидаги бу шиорларнинг ўрнини яна ўзга тилдаги рекламалар эгалламайдими? Масалан, яқинда Ширин деҳқон бозори муюлишидаги катта паннода “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагимсан, она тилим” деган ёзув пайдо бўлди. Аммо теварак-атрофда, дўкону ошхоналардаги деярли ҳамма ёзувлар ўзга “қоришиқ” тилларда бўлгач, бу шиордан мантиқ топиш, самимийлигига қандай ишониш мумкин? Ҳамма жойда катта-катта қурилишлар, ободончилик ишлари авжида. Лекин негадир янги кўпқаватли уйларнинг номланиши ажнабийча, рекламалар, сотиш ҳақидаги эълонларнинг бариси – ўзга тилда: “Акай сити. Жилой комплекс “Палаззо”. Колл центр. Что рядом? Детский сад, базар, школа” ва ҳоказо.
Бу ғаройиб ёзувлар вақтинчалик, омонат эмас, аксинча тунда порлаб, турфа рангда жилваланиб турувчи катта-катта панноларда ёзилган. Панноларни замонавий ашёлардан ясаш ва ўрнатиш, кечаю кундуз электр билан ёритиш кабиларга озмунча пул сарфланмаса керак. Аммо инсонлар онгига, тилимиз софлигига етказаётган зарарини пул билан ўлчаб бўлармикан? Ҳар куни кўзингиз тушадиган ёзувлар ва жой номлари тезда хотирага-онгга ўрнашади, истаймизми-йўқми, сўзлашиш ва фикрлаш тарзимизда акс этади. Беихтиёр чиптачи боланинг сўзлари қулоққа чалинади: “Запраезд тўлаб қўйинг­лар!”, “Мойка”, “Бугор”, “Райгаз”да тушадиганлар, тайёрланиб туринг…”. Йўловчиларнинг, “поворотда тўхтаб кетинг”, “пажаркада тушиб қоламан”, “Набережний, пешеходда ташлаб кетинг”, деган сўзлари ҳам қулоққа таниш, сингишиб кетган. Аксарият ошхоналар пешлавҳасидан тортиб, таомномагача ўзга тилда, ваҳоланки, ўзга тилда сўзлашувчи мижоз бу жойни топиши ва таом буюртма қилишида ҳеч бир муаммо йўқ-ку! Уйига “продаётся” деб ёзган кишидан, “Харидорларингиз бошқа миллатга мансубми?” десам, “Йўқ, бу жой қадимий ўзбек маҳалласи-ку?” дейди. Унда, эълон нега рус тилида ёзилган?
Ўзбекчилигимизга хос қизиқ бир ҳолат мавжуд: ўзга миллатга мансуб одам бирор нарсани сўраса, қўлидан келса-келмаса, унга русча жавоб беришга ҳаракат қилади. Русчани билмаса, росмана хижолат тортади. Аксинча, кўча-куйда рус миллатига мансуб кишидан бирор нарса сўрасангиз, у сира тортинмасдан, уялмасдан, хотиржам, ўз тилида сизга тушунтира бошлайди. Очиғи, уларга ҳавас қилса арзийди – ўз тилини бузмасдан, бегона сўзларни аралаштирмай соф гапиради. Биз ҳам ўз тилимизда ана шундай эмин-эркин сўзлашимиз учун нима қилмоқ керак? Русийзабон ҳамюртлар, “Ўзбек тилини ўрганишимиз учун эҳтиёж ва муҳит йўқ”, деб жуда тўғри айтишади. Шу ўринда собиқ иттифоқ армиясидаги хизмат даврида ўзим гувоҳ бўлган ғалати ҳолат эсга тушди: Турк­манистонда яшовчи руслар туркманчани, тожикис­тонлик руслар эса тожикчани билишар, ҳамюртлари билан уларнинг тилида бемалол гаплашардилар. Ўша пайтдаги ўзбекистонлик рус ҳамюртлар эса ўзбекчани билишмасди. Чунки улар саховатли Ўзбекистонда туғилган, униб-ўсган бўлса-да, ўзбек тилини ўрганишга на эҳтиёж, на шароит ва на муҳит бўлган! Айб – аввало, ўзимизда. Яъни ўзбекчани ўрганишлари учун уларга имкон бермаганмиз…
Ҳарвардда ўзбек адабий тилини ўрганган америкалик олим Тошкентга келди. Аэропортда божхоначининг гапларига эътибор берди: “Давай-давай. Толкучка қивормаларинг!” Ташқарида уни таксичилар ўраволиб, “Центр. Центр” деб шовқин кўтаришди. Меҳмонхонада “Ваши документи”, дейишди. Кўчада бир аëл бақир­япти: “Кислеее молокоооо!” Яна бир аëл эса “Капста, свежий чиснооок”, деб жўр бўлди. Олим емак учун кафега кирди. “Ужин ë абет”, деб сўрашди ундан. Меҳмон елкасини қисди, анжанлик официант, “Сабойгами?” деб сўради. Ташқарига чиқишда мелиса келиб, “Ваши документи”, деди. Олим ўз дафтарига: “Мен Тошкентга келиб, ўзбекча билмаслигимни билдим”, деб ëзиб қўйди… Бу балки, ҳангома тариқасидаги гапдир, аммо тилимизнинг бугунги аҳволи, кўча-кўйдаги муомала тарзимиз – ўзимизга жуда яхши аён-ку.
Бугун хорижий тилларни ўрганишнинг аҳамияти муҳимлигини ҳамма билади. Аммо, энг аввало, ўз тилимизни мукаммал билиш орқалигина “жаҳон айвони”га мағрур чиқишимиз ҳақида Президентимиз алоҳида таъкидлаганлари асло бежиз эмас. Аҳамияти ҳар қанча юксак бўлмасин, хорижий тилларни ўрганиш, ўз она тилимизни иккинчи даражага тушириш, уни мажруҳ этиш эвазига бўлмаслиги керак. Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тилда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар. Миллий тил – давлат мустақиллигининг асосларидан биридир. Ўзбек тилининг мавқеи – жаҳонда миллатимиз, мустақил давлатимизнинг мавқеи, куч-қудрати, демакдир. Юртимизда Истиқлол йўлидаги илк саъй-­ҳаракатлар ўзбек тилига давлат тили мақомини бериш борасидаги курашлардан бош­ланган эди.
Ўтган йили, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллиги тантанасида Президентимизнинг нутқида бу улкан ҳақиқатлар фахр-ғурур ила тилга олинди. Шунингдек, давлат раҳбарининг ўтган йили қабул қилган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони халқимизнинг айни кўнглидаги иш бўлди. Чунки бу Фармон, тилимизнинг мавқеини кўтариш, унинг бетакрор гўзаллигини бутун оламга ёйишдек эзгу ҳаракатлар учун кенг қамровли дастур бўлди. Бу ҳужжатда Ватанпарварлик, Ўзликни англаш, Маънавият ва маърифат, Баркамол авлодни тарбиялаш, она Ватан шон-шуҳратини дунёга ёйиш каби долзарб масалалар қамраб олинган. Президентимизнинг мазкур Фармони ижроси тилшунослар, адабиётшуносларгагина эмас, балки ҳар бир юртдошимизга бирдек тааллуқли.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, “Ижтимоий объектларга ном бериш – шунчаки шахсий ёки хусусий иш эмас. Бу барчамизнинг ватанпарварлик ва маънавий савиямизни яққол кўрсатадиган ўзига хос мезондир. Буни ҳеч ким ҳеч қачон унутмаслиги керак”.

Бахтиёр ҲАЙДАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг