ЎЗБЕК ТИЛИМ

31

Икром Отамурод

Муқаддас каломнинг жавҳари тилим –
руҳият руҳида табаррук имод.
Мурувват ибратин гавҳари тилим –
аслият аслининг аслидадир ёд.

Аждодларим руҳин айлаган Ватан,
тилим, қадимият пойдор пойингга.
Дунё келакелмиш бериб келар тан,
тилим, қадринг макон тутган жойингга.

Канглум сувратига ранг берган мудом,
Ўзлигим борлиғин туғ тутган сирим.
Қувончми, қайғуми ботиний садом –
жонимга пайваста қурбатли қўрим.
Ғурурим тумори фақат ўзингсан,
тилим, зинҳор бўлмагин тилим-тилим.
Сенга кўз тегиб, гар тўзиб-тўзғисанг,
эътиқоди сўниб боргайдир элим.

Даҳр шуълаларин меҳрингга бойлаб,
тилим, қайюм сабрида сабр этгин имо.
Тилим, тасаввурни сеҳрингга жойлаб,
замир муродига бўлгин, эй сино.

Дилларга хокисор томирлар ёйган
Навоийнинг лисони – шуур тилим.
Қуёшдай порлагин йўл олсанг қайга,
тафти оташ ҳур тилим – ўзбек тилим…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг