Валий Саваш ЕЛЎҚ: ЎЗБЕК ТИЛИНИНГ КУЧИ

31

Туркияда ўзбек тилини тар­ғиб қилиш, ўрганиш ва тад­қиқ этиш учун имкониятларни кенгайтириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Мазкур жараёнга туркиялик олим­лар ҳам самарали ҳисса қўшмоқда. Улардан бири Ҳожи Байрам Валий университети доценти Валий Саваш Елўқдир.
21 октябрь – Ўзбек тили байрами куни арафасида «Дунё» ахборот агентлиги мухбири Валий Саваш Елўқ билан суҳбатлашди.
— Ҳожи Байрам Валий университетининг замонавий туркий тиллар ва адабиётлари кафедра­си­даги фаолиятимда, асосан, ўзбек тили ва адабиётига оид тадқиқотлар билан шуғулланаман, — дейди турк олими. — 2007 йили «Эркин Воҳидов шеъриятининг тил ва услуб жиҳатидан таҳлили» мавзусидаги докторлик диссертациясини ҳимоя қилдим. Ўзбек тилидан кўплаб назм ва наср намуналарини турк тилига таржима қилаяпмиз.
Ўзбек адабиётининг ҳикоянавислик жанрига меҳрим бўлакча. Адабиётингиздаги бу жанр жуда ривожланган. Ана шу қизиқишим сабабли ўттиз тўрт нафар ўзбек ёзувчисининг ҳикояларидан намуналарни турк тилига таржима қилдим. Улар турли журналларда нашр этилди. Жумладан, Ўлмас Умарбековнинг «Номус», Саид Аҳмаднинг «Қоракўз Мажнун», Асқад Мухторнинг «Чодирхаёл», Абдулҳамид Чўлпоннинг «Новвой қиз», Абдурауф Фитратнинг «Қиёмат», Абдулла Қодирийнинг «Жинлар базми» каби асарлари туркиялик китобхонлар кўнглидан муқим жой олди. 1900 — 1930 йиллар ўзбек адабиётидаги ҳикоянавислик жанрининг ютуқларига оид тадқиқотларим давомида тўп­лаган маълумотларим 2019 йилда турк тилида «Замонавий ўзбек адабиётида ҳикоя жанри» номи билан нашр этилди. Шунинг­дек, ушбу йилларда ўзбек адабиёти намояндаларининг ҳикоя­ларини таржима қилдим ва уларни «Айни боғнинг гуллари» номли тўпламда турк китобхонларига тақдим этдим.
XX аср бошларида ижод қилган ўзбек шоир ва ёзувчиларининг асарлари баланд савияга эга. Уларда тил нормалари ва воқеалар ифодаси юксак маҳорат билан амалга оширилган. Шунинг учун бўлса керак, ўтган аср бошида ижод қилган ўзбек адабиётининг етук намояндалари асарлари бугунги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Ўйлашимча, Абдулла Қодирий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Боту ва бошқа адибларнинг асарлари бошқа тилларга таржима қилинганда бадиий савиясини йўқотмайди, балки севиб мутолаа қилинади.
Мен фурсатдан фойланиб 21 октябрь – Ўзбек тили куни байрами муносабати билан ўзбек биродарларимни самимий табрик­лайман. Биламизки, тил – инсон билан инсон ўртасидаги мулоқотнинг, халқ бўлиб яшашнинг асосий воситаларидан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, тил бор экан инсон мавжуд, тил бор экан халқ бор. Ўзбек тили қадимий ёзувлардан бошлаб бугунга қадар ривожланиб келмоқда. Бугунги кунда эса унинг мавқеи халқаро даражада ошмоқда. Ўзбек тили халқаро форумлар, анжуманлар, БМТ минбарларида янграмоқда. Биз ўзбек тилидаги шевалар, наволар ва дос­тонларидаги ўхшаши йўқ оҳанг­ларни тарғиб этишда камарбастамиз.

«Дунё» АА
Анқара

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг