«ИБРАТ» ФИЛЬМИ ИБРАТЛАРИ

82

4 октябрь — миллатимизнинг асл фарзандлари қатағон қилинган кунда таниқли режиссёр Жаҳонгир Қосимовнинг “Ибрат” фильми намо­йиш этилди. Фильм инглиз, турк, араб, форс, ҳинд, рус, арман, санскрит тилларини мукаммал билган, қанча юртларни кезиб, қўлёзмалар тўплаган, маърифатпарвар, ўз ҳисобидан мактаб очиб, болаларни янги усулда ўқитган улуғ инсон ҳаётидан ҳикоя қилади.

Фильмдаги ҳар бир қаҳрамоннинг ўз нуқтаи назари, вазифаси бор. Фалончи актёр ўйнаган ролининг характери йўқ, нима қилиб юрибди, дейишга ўрин қолмаган. Воқеалар алмашиш жараёнини шахмат тахтасидаги ўйинга ўхшатдим. Эшик ғийқиллаб очиладию томошабин нигоҳи икки қаҳрамон билан бирга қоронғи хонага тушади. Ракурс гоҳ ёш Ибрат, гоҳ кекса Ибрат ҳаётидаги воқеалар билан алмашиб туради. Исҳоқхон тўра Ибрат шахсияти қаҳрамоннинг икки даврдаги қиёфасини экранда жонлантирган Фарҳод Маҳмудов (ёшлиги) ва Саидкомил Умаров (кексалиги) каби истеъдодли актёрларнинг ақлли, маъноли қараши, салмоқли гап-сўзлари орқали очиб берилган. В.Наливкин ва Ибратнинг шахмат ўйнагани эпизоди ва унда Исҳоқхон тўрага шахматдаги оқ доналар позицияси берилиши бежиз эмас. XXI аср охири — XX аср бошларида Н.Остроумов, В.Наливкин сингари рус миссионерлари Туркистон халқи ҳаётига маърифат олиб кириш важи заминида ўз ғояларини ҳам сингдиришга ҳаракат қилишган. Бироқ Исҳоқхон Ибрат сингари етти тилни билгувчи миллат маърифатпарварлари бир тарафдан уларнинг таъсирига буткул тушиб қолмаслик учун дунё кезиб, илм-маърифат тарқатиш услубини, тажрибасини ўрганиб, “усули савтия”ни жорий қилишган бўлса, иккинчи тарафдан, қотиб қолган қарашларга таянган схоластик таълим тизимини ҳануз эски мактабларда ўқитиб келаётган жоҳил мутаассибларга қарши курашишган. Режиссёр фильм сюжет чизиғида Ибрат тимсолида шу ҳолатларни очиб бера олган. Оддий кўринган айрим деталлар ҳам фильмда кўп нарсани ҳал қилган. Масалан, Ибратнинг Жорж Байронни таржима қилганини тергов жараёнидаги котиба аёлнинг “Ҳатто Байронни ҳам таржима қилган экан-а…”, деган ҳайратомуз жумласидан билиш мумкин. Ибратнинг Миср, Искандария ва Оренбургга қилган сайёҳатларидаги ҳар бир лавҳа ишонарли чиққан. Бунга поезднинг ҳаракатланиши, вагон ошхонаси, типография сотиб олишдаги жараён, вокзал, Миср бозори, чўлдаги бадавий қароқчилар ҳужуми каби воқеалар мисол бўла олади. Аксарият ҳолларда тергов жараёнида хонани иситиш учун мусодара қилинган ноёб китоблар ёқилганини айрим манбаларда ўқиганмиз. Бу ҳолат режиссёр назаридан четда қолмаган, унинг алал оқибати қаҳрамон тилидан Гейне сўзлари билан зикр этилган. Ибратнинг ҳаж сафарига бориши баҳор ўрталарига тўғри келиши билан ифодаланган бўлса, отишга олиб кетилаётгани қаҳратон қиш орқали рамзий ифодаланган.
Кези келганда айтиш жоизки, фильм­да рамзий ифодалар ўринли қўлланган. Маҳаллий фабрикачи билан Оренбургга кетаётганида бойнинг: “Саводли одам саркашлик қилади”, деган жумласи қатағонга нима сабаб бўлганига яққол ишора қилади. Исҳоқхон Ибратни отишга машинада олиб кетилиши саҳнадаги кўринишда НКВД терговчилари орасида одамийлик мезонларини йўқотмаган шахслар борлиги актёр Карим Мирҳодиев ижросидаги майор Мирҳодиев образи орқали очиб берилган. Икки кунда терговни апил-тапил тугатиб, миллат фидойиси гарданига “миллат хоини” тамғасини илиш вазифа қилиб топширилган майор Ибратни тергов қилиш пайтида унинг шахсияти билан танишади, уни отув ҳукмидан қутқаришга уринади, оқибатда ўзи ҳам ўлимга маҳкум бўлади. Тўғри, режиссёр унинг отилишини очиқ кўрсатмайди. Бироқ ўша давр тартибига кўра ҳарбий трибунал уставини бузган одам халқ душманининг жиноятига шерик ҳисоб­ланган ва унга ҳам душманларга нисбатан қандай чора кўрилса, шундай чора қўлланган. Китобларни ёқиб чой қайнатган майор Мирҳодиев тергов жараёнида Ибратни қайсидир маънода тушунади, рафиқаси Собира билан сўнгги бор кўришишга имкон яратиб беради ва “жиноятга тенг шерик бўлади”. Карим Мирҳодиевнинг маҳорати шундаки, у қаҳрамони ҳолатидаги руҳий эврилишни катарсис даражасига етказа олган.
Фильмда Ибратнинг дунёга илм излаб, ҳам онасини ҳаж сафарига олиб чиқаётган ҳолатидаги рафиқаси билан хайрлашуви, ҳам отувга олиб кетилаётган пайт­даги видо хайрлашуви эпизодларида параллел чизиқ кўзга ташланади. Бири илм орқали Худони таниб, эътиқодга эришишни англатса, иккинчисида ҳақиқатга Ҳақни таниш орқали эришилади, деган рамзий маъно бор. Исҳоқхон Ибрат шунча илми бўла туриб, уни бойлик топишга эмас, китоб, босмахона сотиб олишга, мактаб очишга сарфлаши унинг Ҳаққа эътиқодини кўрсатади. Бу ҳолат ҳатто актёр Фурқат Файзиев ижросидаги фабрикачи бойни ҳам таажжубга солади. Иккинчи параллел чизиқ терговчи Мирҳодиев ва комиссар ўртасида кўзга ташланади. Комиссар образи Бобур Йўлдошев ижросида маккор, тузумга хизмат қилиш йўлида ўзини ўлимдан қутқарган яқин дўстини ҳам тузум мафкураси йўлида қурбон қилишга тайёр манфаатпараст шахс тарзида намоён бўлади. Актёр қаҳрамонининг руҳий қиёфасини истеҳзоли гап ташлашлари, айёрона қарашлари билан очиб беришга ҳаракат қилган.
Фильмдаги эътиборли образлардан яна бири Владимир Наливкиннинг тил, Туркис­тон музофоти ҳақидаги илмий-оммабоп мақолаларини ўқиган бўлсам-да, шахсиятига қизиқмагандим. Ушбу картина баҳонасида тилшунос олимнинг биографияси билан танишиб чиқдим. Олим “Бўлаётган ишлардан норозиман, бироқ халқ душмани ҳам бўла олмайман, менинг ўлимимда ҳеч кимнинг айби йўқ”, дея 1918 йилда ўз жонига қасд қилган экан. Рус миссионерлари ­Н.Остроумовнинг ҳам, В.Наливкиннинг ҳам ҳаётий фаолияти, Остроумовнинг Қуръони каримни рус тилига таржима қилишга уриниши, Наливкиннинг Наманганга типография олиб келишда Ибрат олдида юзага келган тўсиқларни бартараф этишдаги ёрдами фильмда уларни рус шовинистлари сифатида эмас, Туркистон халқларининг дунё илмини танишига озгина бўлса-да, ҳисса қўшаётган кишилар сифатида кўрсатган.
Исҳоқхон Ибратнинг санскрит тилини билгани, етти тилда бемалол суҳбатлаша олгани, араб тили ҳамда Қуръони карим тафсирининг билимдони бўлгани Н.Остроумовнинг “Имконингиз бўлса, Қуръони каримнинг рус тилидаги таржимасини қараб берсангиз”, каби мурожаатида, тергов жараёни ҳужжатларини ўқиш асноларида кўрсатиб берилган. Саидкомил Умаров ижросидаги кекса Ибрат ва Фарҳод Маҳмудов талқинидаги ёш Ибрат актёрлар маҳорати туфайли уларни бир нуқтада бирлаштириб, ягона шахсга айлантирган. Икки актёр қиёфасида маъноли, теран тафаккурга эга инсонларга хос ўткир нигоҳни кўрамиз. С.Умаров ижросидаги Ибратнинг биргина фарқи шуки, умри давомида маърифатга қарши жаҳолат билан курашдаги доимий зарбалар туфайли унинг кўриниши донишмандона қиёфа касб этган. Шунинг учун ҳам тақдирнинг сўнгги зарбаси — НКВД томонидан ҳибсга олинишини эътиқодининг Ҳақ томонидан навбатдаги имтиҳони, деб қабул қилади. Икки актёр қиёфасидаги қаҳрамон тимсолида илм-маърифат нури яққол кўзга ташланиб туради. Сайёра Юнусова, Зулхумор Мўминова, Шаҳзода Матчонова каби таниқли актрисалар ижросидаги аёллар образларида миллатимиз аёлларига хос назокат билан уйғунликдаги ўктамликни кўрамиз. Айниқса, Ибратнинг онаси (Сайёра Юнусова) қизларга дарс ўтаётган ҳолатидаги Увайсийнинг “Фарзанди жонимни соғиндим” ғазали бир тарафдан ўша даврдаги қизлар мактабидаги ўқитиш жараёнини кўрсатишга хизмат қилган бўлса, иккинчи тарафдан умрининг 11 йили илм-маърифат излаш йўлида ўтган Исҳоқхон Ибратнинг ҳаётига шоиранинг ҳасбу ҳоли оҳанглари мос келаётгандек…
Мутахассис, ўз ишининг устаси томонидан ёзилган сценарий фильмнинг муваффақиятли чиқишида ҳамиша катта аҳамиятга эга. Шу маънода сценарий муаллифлари, таниқли ёзувчилар Абдуқаюм Йўлдошев ва Нурилла Аббосхонга миннатдорлик билдирамиз. Шунингдек, сценарий ёзилишида, суратга олиш ишларида педагогика фанлари доктори, профессор Улуғбек Долимовнинг маслаҳатчи қилиб олингани фильмдаги воқеаларнинг тарихий-хронологик жиҳатдан ҳаққоний чиқишига катта ёрдам берган. Зеро, устоз У.Долимов Исҳоқхон Ибратнинг маърифатпарварлик фаолиятини синчиклаб ўрганган, унинг ибратга арзигулик ишларини педагогика фанига, адабиётга олиб кирган олимларимиздан биридир. Ўрни келганда постановкачи оператор Рустам Муродов, постановкачи рассом Дониёр Абдураҳмонов, композитор Дмитрий Янов-­Яновскийларнинг фильм бадиий қимматига қўшган ҳиссаларини алоҳида таъкид­лаш жоиз. Ўша давр қиёфаси ҳақида томошабинда тасаввур уйғотувчи манзаралар турли ракурсларда кўрсатиб берилган. Мусиқанинг илк оҳанглариданоқ томошабинда фильмнинг мазмуни ҳақида фикр уйғонади. Албатта, режиссёрнинг улкан меҳнати, жасоратини ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз.
Бир сўз билан айтганда, Жаҳонгир Қосимов ва барча ижодкорлар томоша­бин­лар учун анчадан буён кутил­ган фильм­ни суратга олиб, тарихимизнинг қимматли воқеаларини экранда жон­­лан­ти­ришга муваффақ бўлишган.

Нигора УМАРОВА,
санъатшунос

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг