УЧИНЧИ ДАРЁ ҲАҚИДА ҚЎШИҚ

136

Қўшиқ Аллоҳга, она табиатга, ёру диёрга бўлган ўтли муҳаббат изҳоридир. Улуғ суфий Аҳмад Яссавийнинг “Куюб-ёниб кул бўлғон, ишқида булбул бўлғон” дея ошиқлар тараннум этилган сатрларини ўқиганда беихтиёр ёдимизга Отажон Худойшукуров сингари бутун борлиғи билан ёниб куйлаган ҳофизлар тушади. Ҳофиз миллий санъатимизга ўттиз йилдан ортиқ хизмат қилиб, қўшиқчиликда Хоразм ижрочилик анъаналарига ўзига хос сайқал берди, ўз айтим ва чертим йўлларини яратди.

Турон булбули

Кейинги ўн йил давомида юртимизда Отажон Худойшукуровнинг бетак­рор ижро мактаби ҳақида ўндан ортиқ китоб нашр этилди. “Турон булбули” дея номи шарафланган санъаткор довудий овоз эгаси бўлишдан ташқари олижаноб инсоний фазилатлари билан ҳам эл орасида ҳурмат қозонган эди. Унинг қизғин, самимий, айни вақтда машаққатли эллик йиллик умри эзгулик асосига қурилганки, вақт ўтиши билан ўша довруғ, ўша эзгу хотиралар аввалгидан кўра ҳам юксак даражаларга кўтарилаётгандек туюлади. Чунки ҳофиз қўшиқлари мамлакатимиз ва хорижда, айниқса, Туркманистон, Татаристон сингари туркий тилли ўлкаларда янграр экан, унинг эл-юртга қилган яхшиликлари ҳақида ривоятларга ўхшаш хотиралар ҳам қайта-қайта сўзланади, эсланади.

Устознинг илк дуоси

Ўтган асрнинг эллигинчи йиллари охири. Тўрткўлдаги Пайчилар уйи клубида концерт бераётган устоз Комилжон Отаниёзовнинг овози созланиб, булбулдек парвоз қилар экан, кутилмаганда доирачининг тоби қочиб қолади. Ҳамма ҳайрон эди. Шунда саҳнага 7-синф ўқувчиси Отажон отилиб чиқиб, доирани қўлга олади-да, улуғ устозга жўр бўлади. Тадбир сўнгида Комил уста элнинг олдида унга илк бор оқ фотиҳа беради. Кейинчалик ҳам Отажон улуғ санъаткорнинг кўп дуоларини олган.
“Отажон Худойшукуров мендан олти ёш кичик эди, – дейди ўша концертда иштирок этган шоира Дурхоним Сейитниёзова. – Биринчи марта уни 1954 йили янги Тўрткўлда кўрганман. У ажойиб мусиқачи Ибройим Сафаровга шогирд тушган экан. Ўспирин бўла туриб Комилжон устага маҳорат билан доира чалиб бергани мен учун унутилмас воқеа бўлган”.
Ўсмирлик чоғида улуғ санъаткор дуосини олган Отажон Худойшукуров тез орада Хоразмда, бутун Ўзбекистонда, қолаверса, қардош юртларда ҳам обрў-эътиборга сазовор бўлди.

“Яхши ҳофизлар оз эмас, чин инсонлар оз”

Отажон Худойшукуров қўшиқлари билан дунёнинг ярмини айланиб чиқди. Собиқ иттифоқнинг барча респуб­ликаларидан ташқари Европа қитъаси, Туркия, Кипр, Ливан, Миср, Яман Араб Республикаси, Сомали, Ҳиндистон, Япония ва бошқа давлатлар саҳналарида куйлади. У ҳар бир хориж сафаридан бирорта янги куй ёки қўшиқ ўрганиб қайтган. Айниқса, тили, дили, дини яқин ўлкаларга борганда, албатта, ўша халқ қўшиғини куйлаган, машҳур қўшиқчилар билан яқин ҳамкорлик ўрнатган.
Отажон ҳофиз қўшиқларидан сеҳрланган санъаткорлар орасида озарбайжонлик машҳур хонанда Зайнаб Хонларова ҳам бор. У Тошкентга келганда ҳофизнинг “Гал, битсин бу ғурбат” қўшиғининг озарчага хос оҳангларига мафтун бўлиб, сўз муаллифини сўраб, ундан ўзи учун шеър ёздириб беришини илтимос қилади. Отажон ҳофиз Ошиқ Эркин билан кўпдан буён ҳамкорлик қилиб келишини айтиб, ке­йинчалик устоз шоир хонанда Зайнаб Хонларовага ҳам қўшиқ ёзиб беради. Таниқли озар адибаси Азиза Жаъфарзода 1987 йили Хоразмга келганда шоир “Оташ тўла муҳаб­бат” деб бошланадиган шеърни Бокуга, Зайнаб Хонларовага бериб юборади. Шу тариқа гўзал қўшиқ дунёга келади.
Кейинги гал учрашганда Отажон оға Зайнаб Хонларовага: “Ҳамма қўшиғингиз қатори “Холида” таронангизни яхши кўраман. Аллақачон ёдлаб, хиргойи қилганман. Ижозат берсангиз, репертуаримга киритмоқчиман”, деб сўрайди. Бу ҳамкорлик узоқ йиллар давом этади. Машҳур озар қўшиқчиси бу дўстликни шундай баҳолаган эди: “Яхши ҳофизлар оз эмас. Улар орасида чин инсонлар оз. Отажон қардошим ана шундай кўнгли тоза, чин инсон!”
Машҳур тожик санъаткори Жўрабек Муродов, таниқли қозоқ қўшиқчиси Алибек Днишев, атоқли туркман бастакори, Туркманистон халқ артисти Чори Нуримов, машҳур қирғиз қўшиқчиси Булат Мингжилқиев каби қардош маданиятлар намояндалари Отажон Худойшукуровнинг инсонийлигига, ижро маҳоратига юқори баҳо берганлар.
Албатта, бу қадар юксак эътироф­лар заминини ҳофиз қалбидаги ­эътиқоддан излаш керакдир.

Эътиқод

Юртимизда азалдан йўл солиш, кўп­рик қуриш, сув келтириш савоб иш саналган. Албатта, масжид қуриш ҳам таҳсинга лойиқ бўлган. Бундан ўттиз йил аввал Тўрткўлда масжид барпо этиш учун бел боғлаган ташаббускорлар орасида Отажон Худойшукуров ҳам бор эди.
“Насиб экан, “Тўрткўл” жомеъ масжидига имом-хатиб этиб тайинланганимда, – деб эслайди Жумабой ҳожи Матёқубов, – Тошкентдан академик Матёқуб Қўшчонов келиб, ишларимга омад тилар экан, “Элни ортингдан эргаштириб, Тўрткўлда бир муҳташам масжид қурсанг яхши бўларди. Масжид Аллоҳ таолонинг ер юзидаги барака ва раҳмат нури ёғиладиган уйи. “Нур” сурасидаги масжидга оид оятларни мендан яхши биласан. Ўйлайманки, бу савоб ишни бошласанг, элнинг азаматлари ёнингда туради”, деб маслаҳат берди. Ҳақиқатан, қурилишнинг бошланиши арафасида ҳофиз Отажон Худойшукуров кириб келди. Дуо сўраб олдимизга пул солинган бир тугун қўйди. Ҳали масжид ва минора тарҳи чизилмаган эди. Меъморлар ўша вақтда Москвада турадиган Қосим оға Сайимбетовни энг тажрибали тарҳчи деб тавсия қилишди. Отажон ҳофиз йўл харажатларигача ўзи кўтариб, архитекторни Москвадан Тўрткўлга олдириб келди. У чизган тарҳни хивалик машҳур меъморларга кўрсатганимизда, “Биз ўйлагандан яхши чиқибди” дейишганди. Ишга киришдик. Ҳофиз йўл харажатларидан ташқари яна хайрия концерти уюштириб, 22 минг сўм ҳадя қилди. Ҳозирги ёшлар аниқроқ тасаввур қилиши учун айтиб ўтай: ўшанда минг дона пишиқ ғишт ёки бир кубометр тахта 80 сўм турарди”.
Жумабой ҳожи Матёқубовнинг Отажон Худойшукуров ҳақида айтган фикрларини Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси раиси, Қорақалпоғистон халқ шоири Кенгесбой Каримов сўзлари тўлдиради:
— Биз Қорақалпоғистон телевидениеси режиссёри Жўлмурза Хўжамуратов бошчилигида телеоператор Ренат Илёсов учовлон 1994 йил кузида Отажон оғадан интервью олгани бордик, – дейди Кенгесбой оға. – Ўша куни у янги автомобилини сотиб, пулини Тўрткўлдаги жомеъ масжиди қурилишига топшириб келиб турган экан!
Имон-эътиқод, шубҳасиз, барча инсоний фазилатларни бирлаштириб турувчи мустаҳкам заминдир. Эътиқодли, имони бут инсонларни юксакка кўтарадиган фазилатлардан яна бири – камтарликдир.

Камтарлик

1969 йили Муқимий номидаги театр Қорақалпоғистонга гастролга боради, Тўрткўлда ҳам бир ҳафта спектакль намойиш этилади. Ўшанда қизиқ воқеа юз беради: истараси иссиқ йигит ҳар куни эрталаб ва кечқурун театр жамоаси қўнган меҳмонхонага театр жамоасига иссиқ нон, қаймоқ, яхна гўшт, сархил мева-чева келтириб туради. Тилими тилни ёрадиган қовунлар олиб боришни ҳам унутмайди. Ҳар сафар келганда қўлини кўксига қўйиб: “Устоз­лар! Бизга яна қандай хизматлар бор?” деб сўрайди. Бу сийлов тўрт кун давом этгач, бешинчи куни йигит жамоани уйига таклиф қилади. Йигитнинг отаси нуроний, қўли очиқ инсон бўлиб, уйда ёзилган дастурхон бекаму кўст эди. Ўғли ҳақида: “Эл хизматида юради. Кам бўлмасин, ёмонга ёндошмайди. Онаси оламдан ўтгани учун ҳозирча Нукусдаги ишига бормаяпти. Аммо сизлар учун бир жуфт ашула айтиб беради”, дейди.
— Ота изни билан ўғил торни созлаб туриб, “Сақили наво”ни шу қадар маҳорат билан чалдики, лол бўлиб қолдик, – деб эслайди Ўзбекистон халқ артисти Бахтиёр Ихтиёров. – Куй бизни етти қават фалакка олиб чиқди. Йигит қўшиқ бошлаганда ҳамроҳларимиздан бири бошқасига: “Отажон Худойшукуров қўшиғини айтяпти!” деди. Буни эшитган ҳофизнинг отаси кулиб: “Бу анча камтар-да. Ҳали ўзининг кимлигини ҳам айтгани йўқми?” деди. Ўрнимдан туриб Отажон Худойшукуровни бағримга босдим. Шундан бошлаб умрининг охиригача оға-ини бўлдик!

Саховатпешалик

Отажон ҳофиз олижаноб инсон сифатида юрган йўлларида кўпчиликни ҳайратга солиб яшади. Бир гал у дўстлари билан Хоразмнинг чекка ҳудудида жойлашган Питнакда, хўжалик моллари магазинига киради. Ҳофиз уй-рўзғор буюмларини кўздан кечирар экан, сотувчи қиз паришон ҳолатда ўтирар, нимадандир хафадек кўринарди. Шу пайт бир қиз, дугонаси бўлса керак, магазинга отилиб киради-да, сотувчи қизни қучиб, туғилган куни билан табрик­лайди. Буни эшитган Отажон ҳофиз шошилмай пештахтага бир уюм рўзғор буюмларини жамлаб, ҳисоблатиб, юз сўм тўлайди (у пайтлар Урганч­дан Мос­квага самолётда учиш чиптаси эллик сўм бўлган) ва ташқарига чиқа бошлайди. Табиийки, сотувчи қиз: “Харид қилган нарсаларингизни машинангизга солишсинми?” деб сўрайди, шунда ҳофиз табассум қилиб: “Бу сизга, туғилган кунингизга бизнинг совғамиз”, дейди. Қизнинг юзи қуёшдек чарақлаб кетади. Ана шундай сахий, саховатли инсон эди Отажон Худойшукуров!

Ҳамкорлик

Ҳофизнинг қўшиқ матни танлашдаги нозик диди ҳар қандай санъаткор учун ибрат бўларлик даражада юксак эди. Унинг репертуаридаги қўшиқларнинг мавзу доираси жуда кенг, оҳанг­лари серқирра. Бу борада унинг халқ оғзаки ижодини, мумтоз адабиётимиз намояндалари асарларини, қолаверса, замондош шоирлар ва қардош халқлар адабиётини чуқур ўрганганига гувоҳ бўламиз.
“Санъат осмонида юлдуз бўлиб порлаш ва ҳамиша нур сочиб қолиш ҳар кимга насиб этмайди, – деб ёзади устоз шоир Ошиқ Эркин. – Хоразмда азалдан буюк санъаткорлар эл кўнглини ўзларининг сеҳрли овозлари билан лол қолдириб ўтган, бу силсилани эл ардоқлаган Отажон ҳофизсиз тасаввур қилиш қийин. Унинг мўътабар номи неча минглаб, миллионлаб не-не юрак­ларни ларзага солмаган, кўнгилларга ажиб тароват, қувонч-севинч, ҳаяжон, завқ-шавқ бағишламаган, дейсиз?!
Шоир сифатида Отажоннинг созидан илҳомландим. Ана шу создан таралган туйғуларни сўзга солишга интилдим. Шеърларимнинг Отажон дилидан жой олганлари қўшиққа айланиб кетди. Уларни ҳофизнинг оташин овозидан эшитганимда ўзим айтаётгандек бўлардим, қалам тор чалаётгандек туюларди. Қалби дарё санъаткор билан ижод гирдобига шўнғиган дамларим – умримнинг энг бахтиёр лаҳзалари бўлиб қолди”.
— Хоразм қўшиқчилик санъати билан Туркманистон айтимчилиги эгизак, – деб ёзган эди Туркманистон халқ артисти Чори Нуримов. – Ишонч билан айта оламанки, қўшиқни бутун вужуди билан куйлайдиган ҳофизлар орасида Отажоннинг ўрни алоҳида. Мен унинг яна бир фазилатига қойил қолганман. У қўшиқ матнини синчиклаб ўрганарди. Махтумқули, Кемине, Мулланафас, Сейидий сўзлари билан айтган қўшиқларининг мазмунини яхши билса-да, яна мендан тасдиқлатиб оларди. Туркман қўшиқчилик санъатига меҳри баланд Отажон нафақат Ўзбекистон, балки Туркманистоннинг азиз санъаткори бўлиб қолаверади!

Фидойи

– Отажон мендан бир ёш катта, лекин филармониямизга мендан уч йил кейин келган кўнгли очиқ, қўли очиқ, фидойи дўстим эди, – дейди Ўзбекис­тон халқ артисти Гулбарчин Сримбетова. – Бежиз фидойи демадим. У ўзини тўлалигича санъатга фидо қилди, нафасини аямай куйлади. “Мен Тўрткўлдан, сен Мўйноқдан келганмиз. Менинг юрагимда Амударё, сенинг юрагингда Орол тўлқинлари мавж уради!” дерди. Ижодий жамоада барчанинг қувончу ташвишига шерик бўлиб яшади.
1970 йили Тошкент консерватория­сини тугатиб келганимда аэропортда бир қучоқ гулдаста совға қилиб, “иккинчи гулдаста”ни оқшомда мен учун ўз ҳисобидан уюштирган катта зиёфатда берган эди. Ўша икки гулдаста ифори ҳамон димоғимда тургандек!

Устозга пеш, дўстга суянч

Отажон Худойшукуровни “Қўшсоҳил булбули” деб ҳам аташарди. Дарвоқе, у қўшиқчилик санъатига қўйган биринчи қадамларидан бошлаб, ХХ аср бошларида Хоразмда ўзларининг беқиёс маҳорати билан танилган Полли Дузчи, Қаландар Дўнмас, Қуржи Ота каби хонандаларнинг нафасларини ахтарди. Уларнинг давомчилари бўлган Мадраҳим Шерозий, Бола Бахши, Ҳожихон Болтаев, Маткарим Ҳофиз булоқларидан сув ичди. Камолот палласига келганида Хоразм сувораларининг моҳир ижрочиси Рўзмат Жуманиёзов – Рўзимат Ғойбу ва нафосатли овоз соҳиби Назир қори Раҳимовдан ижод сирларини ўрганди. Аммо бу ажойиб устозлар қаторида дунёнинг ярмини лол қолдирган улкан санъаткор Комилжон Отаниёзовнинг ўрни алоҳида эди. Комилжон уста ёш ҳофизни ўз ёнига чорлаган, айни чоғда қаттиққўллик билан тергаган пайтлари ҳам бўлган. Буларнинг ҳаммаси унинг униб-ўсишига хизмат қилди. У ўз авлодига мансуб сафдошлари Олмахон Ҳайитова, Бобомурод Ҳамдамов, Ортиқ Отажонов, Шермат Файзуллаев билан устоз ўгитларига муносиб бўлишга ҳаракат қилди. Бу интилишлар ўз натижаларини берди.
– 1967 йили Гурланда ўтган тадбирда таниқли хўжалик раҳбари Солай Каримов Комилжон ҳофиздан: “Қайси рубоб, тор кўтаргандан сўрасанг, Комилжоннинг шогирдиман дейди, – деб эслайди меҳнат фахрийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Аминбой Вафоев. – Ўзингиз тан олган, энг яхши шогирдингиз ким?” деб сўраганда ул зот бироз ўйга толиб ўтирди-да, охири оҳистагина: “Отажон Худойшукуров!” деди. Отажон муносиб шогирд бўлиш баробарида содиқ дўст ҳам эди. 1967 йилнинг қишида азиз дўстимиз Маркс Жуманиёзов қаттиқ касалланиб қолди. Кўрпа-ёстиқ тортиб, қариндош-­уруғлар, бизлар билан рози-ризолик айтишгача борди. Шунда унинг уйига Отажонбой келиб, то у тузалиб кетгунча уч кечаю уч кундуз қўшиқ айтди. Бунақа мардлик, дўстга меҳр ҳамманинг ҳам қўлидан келадиган иш эмас!

Эл дардига дармон

Санъаткорлар ҳам ўзимизга ўхшаган оддий одамлар орасидан етишиб чиқади. Қолаверса, беш қўл баробар эмас. Уларнинг ичида ҳам кўпроқ ўзини ўйлайдиган, худбин, пултопарлари ҳам учраб туради. Отажон Худойшукуров бутунлай бунинг акси эди. Ҳар қадамда элга нафим тегсин, деган мақсад билан юрарди. Албатта, у кўнгил солномасига муҳрланадиган савоб ишлар бошида турарди.
Тўрткўл шаҳридаги туман тиббиёт бирлашмасининг беш қаватли муҳташам мажмуаси қурилиши билан боғлиқ воқеалар бунинг ёрқин мисолидир. У пайтлари бутун собиқ иттифоқнинг ҳаёти беш йиллик режа билан белгиланар, Бухоронинг чекка бир қиш­лоғидаги боғчадан тортиб Камчаткадаги кичик кинотеатр қурилишигача ўша ҳужжатга киритиларди. Қайсидир сабаб билан Қорақалпоғистондаги энг йирик туман Тўрткўлдаги шифохонага янги бино қурилиши давлат план қўмитаси режасига кирмай қолади. Ўша пайтдаги туман етакчиси анча қув одам эди. У туман ижроия қўмитаси раисининг ижтимоий масалалар бўйича биринчи ўринбосарини ҳузурига чақириб, агар шифохона қурилиши давлат режасига киритилмаса, ишдан кетишини айтади. Бу лавозимда ким ишларди, деб ўйлайсиз. Атоқли ҳофизнинг туғишган жияни. Ҳақиқатан ҳам биринчи котиб арқонни узунроқ ташлаган эди.
– Қурилишни режага киритиш илинжида Нукусда бормаган эшигим қолмади, – деб эслайди Лола Аллашукурова. – Ҳатто Қорақалпоғистон ҳукуматининг ўша кездаги раҳбари ҳам “Қизим! Мендан хафа бўлма. Лекин бу иш қўлимдан келмайди!” деди. Уйга келиб йиғи-сиғи қилиб ўтирсам, Отажон оғам гастролдан келиб қолди. Кўз ёшим сабабини билгач, “Кийин, паспортингни ол!” деди. Аэропортга бориб, Тошкентга учдик. Тошкентда бизни кутиб олган машина Қибрай томонга элтди. Бир баҳаво чорбоққа кириб борганимизда чиройлигина аёл олча мураббоси тайёрлаётган экан. Отажон оғам билан қадрдон бўлган бу опа бир пиёла чой ичганимиздан ке­йин муаммони суриштирди. “Хотиржам бўлинглар!” деб хайрлашди. Тез орада касалхона қурилиши бошланиб кетди! Шу бинога кўзим тушганда Отажон оғам ёдимга келади.

Тўёна

Тўй – халқимизнинг азалий қад­риятларидан бири ва буни санъаткорсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Ким ҳам ўз наслининг янада ёрқинроқ чарақлашини истамайди, дейсиз. Шу боисданми, топган-тутганимизни иморат қуриш ва тўйларга сарфлагимиз келаверади. Ўз вақтида шундай тўйлар бўлар эдики, уларнинг довруғи қўшни шаҳар, қўшни қишлоқ, қўшни туманларгача тарқалар, бунга боис учқур тулпор, кураги ерга тегмаган полвон ва албатта, ширали овозли хонандалар бўларди. Шундай довруғли тўйларнинг бири 1990 йилнинг кузида Ғиждувоннинг Сармижонида бўлиб ўтади, унда бир неча минг одам қатнашган эди. Хонадон соҳибларининг илтимосига кўра тўйга атоқли ҳофиз Отажон Худойшукуров таклиф қилинади.
– Отажон келибди, деган хабар тарқалиб, Бухородан, қўшни туманлардан мухлислар оқиб кела бошлади, – дейди “Дўстлик” ордени соҳиби Қутлимурод Собиров. – Оқшом тушар экан тўй бошланди. Ҳофиз роҳатланиб, шогирди Комилжон Сафарбоев билан навбатма-навбат олти соат қўшиқ айтди. Одамлар уйлар томига, дарахт шохларига чиқиб томоша қилишди. Ярим тунда тўй эгаси Шоди бобо ҳофизнинг олдига ўн минг сўм пул қўйди. Бунга қўшимча яна кўплаб совғалар берди. Шунда ҳофиз буларнинг барчасини тўйболанинг бўлғуси кейинги тўйлари учун ҳадя қилди. Мен ҳофизнинг бундай ҳотамтойлик қилганини кўп кўрганман!
Шу биргина мисол ҳам ҳофизнинг нақадар улуғ инсон бўлганининг далили. У раҳбар бўлган гуруҳнинг кўп йиллик иштирокчиларидан Комилжон Сафарбоев, Матрасул Матёқубов, Шавкат Содиқов, Самандар Худойберганов, Ғафур Худойшукуров ва бош­қаларнинг ҳар бири бундай воқеа­лардан бир қанчасини айтиб бериш­лари мумкин.

Учинчи дарё

Шириннафас ҳофизга бағишланган шеърлар, ташаккурномалар, мақолалар кўп ва хўб битилган. Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон ҳофизга аталган шеърида:
Наҳот, тупроғимда,
кўзга ташланмай,
Оқиб ётар улуғ Учинчи дарё —
деб ёзади.
Эллик йилда эл ўзгаради. Бугун бутун жаҳон янги Ўзбекистонни ­эътироф этаётган пайтда Юртбошимизнинг қорақалпоқ санъатига, унинг атоқли вакиллари сиймосига, бутун халқимизга бўлган чексиз эҳтироми ҳаммамизни мамнун этмоқда. Айниқса, у кишининг Шуманай тумани аҳли билан қилган мулоқотида Отажон Худойшукуровнинг юксак овоз оҳанглари, мукаммал мусиқий маҳорати, юқори ижро даражаси, нафосатга йўғрилган бадиий диди, матн танлашдаги теран билими ҳақида айтган сўзлари ҳаммамизнинг ёдимизда. Ҳақиқатан ҳам Отажон Худойшукуровнинг ижрочилик санъати, жозибали, ўта ширали, тиниқ, юқори пардаларда ҳам равон жаранглайдиган тенор овози, қолдирган бебаҳо бадиий мероси, яъни “Шашмақом” ва “Хоразм мақомлари” туркумларига кирган, шунинг­дек, Фарғона-Тошкент йўналишида куйлаган мумтоз тароналари, ўзи бастакор сифатида яратган юзлаб асл мусиқалари халқимизнинг бебаҳо мулкига айланди.
Олтин зангламайди. Шу вақтгача ҳофизнинг санъатимиз олдидаги холис хизматлари муносиб баҳоланди. У тўрт республиканинг халқ артисти мақомига эришди, давлат мукофоти билан тақдирланди. Асосийси, ҳофиз миллион-миллион мухлислар олқишига мушарраф бўлди. Айни чоғда ҳофиз ижоди мусиқашунослар томонидан теран таҳлил этилмоқда. Умрбоқий қўшиқлари дунё бўйлаб таралмоқда.

Янгибой ҚЎЧҚОРОВ,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг