ТОШКЕНТДАГИ ЯНГИЛИК НУКУСГА КЕЛАДИ

99

Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг Қорақалпоғистонга ташрифи ва унинг Қорақалпоғистон Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари ташкилий сессиясида иштирок этиб сўзлаган нутқини халқимиз қизғин кутиб олиб, катта эътибор билан тинг­лади. Президентимизнинг ҳар бир ташрифи қорақалпоқ юртига улкан бунёдкорликлар, халқ фаровонлиги ортишининг янги истиқболларини олиб келади.
Халқимизга бўлган меҳр ва эъти­бори, ғамхўрликларини юрак-­юракдан ҳис қилган ҳар бир қорақалпоғис­тонликнинг давлатимиз раҳбарига ишончи янада мус­таҳкамланмоқда. Яқинда давлатимиз раҳбари яна бир марта БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида Орол инқирози оқибатларини тугатиш муаммоларига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратгани, бу борадаги қимматли таклиф ва тавсия­лари БМТ томонидан маъқуллангани фикри­мизнинг далилидир.
Бугун Қорақалпоғистоннинг янгиланган келбати, фаровон ва бахтли ҳаётига қараб туриб узоқ ва яқин тарихни кўз олдимизга келтирамиз. Ажиниёз бобомиз: “Ер ҳам эл биландир, эл ҳам ер билан”, “Хўш, омон бўл, биздан қолдинг, Бўзатов” дея куйлаган армонлари мустақиллик йилларида рўёбга чиққанини Мўйноқнинг янгилангани, Бўзатов тумани қайта ташкил қилиниб, фаровон бир ҳудудга айланаётгани мисолида кўришимиз мумкин.
Жўқорғи Кенгеси сессияси чин маънода тарихий воқеага айланди.
– Бугун қорақалпоқ элини, туп­роғини, имкониятларини яхши билган, халқ таниган, турли масалаларни ҳал қила оладиган етакчини сайлаб олишимиз керак. Бердақ бобомизнинг доно сўзлари билан айтганда: “Халқнинг ғамини ўйлаган, Юрт ғамхўри керак менга”, – деди давлатимиз раҳбари.

Ҳақиқатан ҳам, Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимига тавсия қилинган Мурод Камолов халқ отаси деган мақомга эга бўлган К.Камолов фарзанди. Депутатлар оталар ерига меҳр қўйган, ватанпарвар, фидойи Мурод Камолов номзодини бир овоздан маъқулладилар.
Давлатимиз раҳбари Қорақалпоғистонни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан равнақ топтириш режаларини белгилаб берар экан, тадбиркорлик субъект­лари 3 йил муддатга ер солиғи, мол-мулк солиғи, кичик корхоналарнинг айланмасидан олинадиган солиқ, якка тартибдаги тадбиркорларнинг қатъий миқдордаги даромад солиғидан озод этилишини таъкидлади. Айниқса, Тахтакўпир, Бўзатов ва Шуманай туманларида янги ташкил этиладиган саноат корхоналарига ҳам уч йил муддатга солиқ ва божхона имтиёзлари белгиланди.
Президентимиз Қорақалпоғистонда маданият, санъат соҳалари бўйича белгилаб берган устувор вазифалар биз ижодкорларни янада тўлқинлантирди. Келгуси йили Қорақалпоғис­тонда Ёшлар фестивалини ташкил этиш, Бўзатов туманида Ўзбекистон шоир ва ёзувчиларининг анжуманини ўтказиш, Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адиб Тўлеп­берген Қаип­бергеновнинг уй-музейини ташкил қилиш бў­йи­ча берилган топшириқларнинг амалга ошиши маънавиятимизни янада бо­йитишга хизмат қилиши шак-шубҳасиздир. Нукус шаҳрида барпо этилган опера ва бахшичилик мактаб-интернати ҳузурида бахшичилик санъатини ривож­лантириш жамғармаси ҳам ташкил этилади. Бу каби хайрли ишлар аждодларимиз асрлар давомида эъзозлаб келган ноёб санъатни кенг тараннум этишда муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбари Нукус шаҳрини янада кўркам, обод, замонавий қиё­фа касб этиши юзасидан аниқ кўрсатмалар берди.
– Тошкентда нима янгилик бўлса, Нукусга келиши керак, – деди Президент.
Шу билан бирга Президентимиз Сенат олдига Орол инқирози муаммоларини бартараф қилишга қаратилган барча масалалар ижросини назорат қилиш бўйича Қўмита тузиш вазифасини қўйди. Бу Оролнинг қуриган ҳудудида экологик вазиятни яхшилаш, халқаро ташкилотлар билан ишлаш, давлатимиз томонидан ишлаб чиқилган барча лойиҳалар ўз вақтида бажарилишини назорат қилишда катта аҳамиятга эгадир.
Биз депутатлар, сенаторлар ҳам, албатта, Президентимиз талаб қилаётганидек халқ дарди ва муаммолари билан яшашимиз, уларнинг ҳал қилинишида камарбаста бўлишимиз керак.

Гулистон АННАҚИЛИЧЕВА,
Олий Мажлис Сенати аъзоси


Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг