УСТОЗНИНГ ҚАДРИ ОШСА…

108

“Йўлнинг ўнг томонидан юр!”, “Катталарга йўл бер!”, “Биринчи бўлиб салом бер!”, “Йўлдаги нарсани олиб ташла!”, “Кийимни тоза тут…” каби талаб-ўгитларни фақат муаллим айтади бизга. Гарчи унинг иши дарс ўтиш бўлса-да, ота-онамиз айтишга баъзан эринадиган бу сабоқлар бизни жамиятнинг соғлом аъзоси этиб етиштиради – элга қўшади. Шарқ муаллими доимо шогирдни фарзанд мақомида тутган, асраган, эъзоз­лаган.

Шогирд эса устозни ота даражасига кўтарган, ҳурмат кўргазган. Модомики, бу анъаналар бардавом экан, жамият ҳаё­ти ривож топган, чинакам тараққиёт босқичларига етиб келган. Мабодо устоз ва шогирд ўртасида бўшлиқ, жарлик пайдо бўлса, муаллим ёки профессорнинг обрўсига путур етказилса, мамлакатнинг асосига зил кетган. Буни яқин ўтган даврда рўй берган таълим-тарбия аҳлига муносабатда кўрдик. Маош озлигидан, турли ҳашарлар тинкасини қуритгани боис ўқитувчиларимизнинг аксарияти мактабни, олийгоҳларни тарк этдилар. Уларнинг нуфузи ҳақида ҳеч ким ўйламади ҳам. Натижада, бутун бошли авлоднинг саводи, ахлоқи маълум маънода бой берилди.
Хайриятки, бундай нотўғри муносабатнинг олди олинди. Ке­йинги йилларда ўқитувчининг обрўси ошмоқда, ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан устоз деган ном ўз қадрини тиклаб бораётир.
Эл орасида хизматини беминнат билиб, камтарлик, айни дамда ғурур билан, ўқувчисининг ютуғидан қувониб юрган муаллимларимиз бисёр. Уларнинг хазинаси — шогирдининг ютуғи!
Бухоро амири ўз фарзандларига сабоқ бериш мақсадида Имом Бухорийнинг уйига келиб сабоқ беришини истаб, ҳазратдан шуни талаб қилганида, рад жавобини олади: “Илмга борилади, илм келмайди!” Бу жавобда илмнинг, устознинг қадр-қиммати, унинг қошида шоҳу гадо бир экани теран ва қатъий уқтирилган.
Қачонки устоз қадр топса, ўшанда жамият ўзининг эзгу муродига етишини тарих кўп исботлаган. Искандар Мақдунли Арастусиз, Темур Кўрагон улуғ пирлари ўгитларисиз оддий лашкарбошидан жаҳонгирга айланолмас эди. Ва бошқа кўплаб башарият тарихида из қолдирган зотларнинг барчасининг оламшумул ютуқлари замирида устозларнинг меҳнати бор.
1-октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан Халқаро конгрес марказида бўлиб ўтган тадбирда устозлар қадри, уларнинг меҳнатининг моҳияти хусусида кўп яхши фикрлар айтилди. Бу йиғин таълим соҳаси учун янги саҳифа очди, дейиш мумкин. Бир қаламкаш сифатида ушбу тадбирда ҳаяжон билан ўтирдим. Президентимиз ўз маърузасида тилга олган шонли тарихимиз, ўзбек халқининг дунё тамаддунига қўйган олтин пойдевори ва жаҳоний ренессанс ҳақидаги фикрлари кўнгилга бир ифтихор солди. Ўз навбатида “Учинчи Ренессанс мактаб остонасидан бошланади!” деган фикрнинг, аввало, ҳаққонийлиги, боз устига жамият кишилари, жамоатчилик фикр тўхтами, давлат раҳбари даражасидаги хулосаларнинг бу тарздаги ифодаси қувонч билан кутиб олинди.
Муаллимини ота даражасига кўтарган жамият катта-катта ютуқларга эришаверади.

Шодмонқул САЛОМ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг