ОНА ТИЛИ — БОРЛИГИМИЗ, ҒУРУРИМИЗ

78

Тил масаласи миллат учун энг бош масаладир. Тил миллатнинг ташқи белгиларидан биригина эмас, унинг номи, бошқа маданият унсурларига ўхшамаган ўзига хослигидир. Дейлик, маданиятнинг бошқа йўналишларида (масалан, санъат турлари, кийиниш ёки ошхона тизими сингари хусусий кўринишларда) ўзга маданиятлар билан қоришиқлик, уйғунлик бўлиши мумкин (масалан, ки­йим­ларнинг ёқа ёки енги ҳамма халқларда бир хил ёхуд барча элларда овқат ҳар қандай шароитда ҳам оловда тайёрланади), тил эса фақат ўша миллатнинг ўзигагина мансубдир ва унинг бойлигига ҳеч ким даъво қила олмайди. Шунинг учун ҳам Абдулла Авлоний ўз вақтида бекорга “Тилнинг йўқолмоғи миллатнинг йўқолмоғидир”, дея бежиз таъкидламаган эди.

Тил равнақи ҳақида ўйлаганда бундан ўттиз йил олдинги воқеликлар кўз олдимизга келади. Ҳақиқатан, давлат тили мақоми миллатнинг озодлик йўлидаги илк қадами, яқинда эришилажак мустақилликнинг дараги эди. Истиқлол йиллларида суверен давлатнинг расмий алоқа воситаси сифатида она тилимиз янгича мақом касб этди, юқори даражага эришди. Чунончи, тарихда биринчи марта бу тилда давлатнинг асосий бош қонуни – Конс­титуция ёзилди. Давлат мадҳияси шу тилдаги матн асосида ижро этилди. Жуда кўплаб расмий ҳужжатлар, қонунлар, умумдавлат миқёсидаги иш қоғозлари шу тилда битилди. Пул купьюраларида ўзбекча сўзлар пайдо бўлди. Миллий қомус, кўплаб луғатлар нашр этилди. Буларнинг барчаси мисли кўрилмаган ҳодисалар эди.
Шунингдек, тилимизнинг мавқеини мустаҳкамлаш, унинг сўз бойлигини ошириб бориш, софлигини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар бир зум тўхтамади. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетининг ташкил этилиши, машҳур ёзувчи ва шоирлар номидаги ижод мактабларининг очилиши ҳам она тилимизнинг нуфузини ошириш, мавқеини юксалтириш, малакали ходимлар тайёрлаш борасидаги муҳим қадамлар бўлди. Зеро, сўз мулкининг султони Алишер Навоий ижод қилган тил ана шундай эътиборга, ҳурматга лойиқдир.
Айни паллада, мустақиллик шарофати билан тилимизнинг дунёдаги дўстлари кўпаймоқда. Бу ўзига хос жарангдорлик ва оҳангга эга бўлган, бой адабий-илмий хазинани жамлаган тилнинг муҳиблари уни иштиёқ билан ўрганмоқдалар, тароватини ўз қалбларида ҳис этмоқдалар. Ахир, минг йиллар олдин Маҳмуд Кошғарий бобомиз “Бу тилни ўрганинг, туркийлар ўз тилини ўрганганларга шафқатлидир” деб бежиз қайд этмаган.
Шу зайлда йиллар ўтди, бу йўналишда ютуқлар ҳаммамизга аён, шу билан бирга камчиликлар ҳам кўзга кўриниб турибди. Бир омил бор – тил ҳушёр посбон каби мамлакат ҳудудларини қўриқлаши мумкин, яъни шу тилни билганлар, унда муомала қилиш лаёқатига эга кишиларгина унинг ҳудудларида эркин бўла оладилар. Дунё тажрибасидан маълумки, қайси давлатда бўлмасин, ўша жойнинг тилига муносабат меҳмоннинг шу халққа, мамлакатга ҳурматини ва эътирофини акс эттирган.
Ўз қадрини билган, иззатини сақлаган халқларнинг она тилига муҳаб­бати ибратдир. Айни ўринда бир хотира эсга тушиб қолди. 1997 йили Ўзбекистон давлати раҳбарининг Чехияга ташрифи давом этарди. Матбуот гуруҳи аъзолари чех газеталари бу расмий ташрифни қандай ёритаётгани билан қизиқиб қолдик-да, дўкондан кундалик нашрни сўрадик. Албатта, муомала рус тилида бўлди. Шунда сотувчининг бирдан турқи ўзгарди ва ўз тилида нималар деб ғулдирай бошлади. Бу ҳолга ҳайрон бўлганимиздан унга вазиятни батафсилроқ тушунтиришга ҳаракат қилар, у эса баттар жиғибийрон бўларди. Бир-биримизни тушуна олмаганимиздан ҳафсаламиз пир бўлиб турганди, дипломатия ходимларидан бири келиб қолди. Унга аҳволни маълум қилдик. Йигит миллатдоши билан қисқа ­­гаплашиб олди-да, бизни четга бошлади. Рос­ти, дўкончи ҳамон дарғазаб бўлиб, нималарнидир сўзларди. Тирқишдан узоқлашганимиздан кейин мезбон гап бош­лаб айтдики, бизнинг киоскачига бегона тилда мурожаат қилишимиз унинг ғурурига тегиб кетибди. У она тилида гапирмаганимиз учун бизни ёмон кўриб қолган экан. Рости, тилнинг мавқеи ҳақида қачон гап кетса, Прагада, Европанинг қоқ марказида она тилининг шаъни учун ғурури уйғонган ўша чех ёдимга тушади. Билмадик, ўзбекча бағрикенглик деймизми ёки бошқа жиддий сабаблари борми, бу масалада нуқтаи назаримиз анча мавҳум. Ҳолбуки, тил – номус, орият.
Тилга давлат тили мақоми берилиши фақат ҳужжатлар шу тилда юритилишигина эмас, балки ижтимоий фаолиятнинг барча жабҳасида фуқаролар томонидан унинг баравар қўлланилиши мажбурияти ҳамдир. Агар бу талаб бажарилмаса, қонун тўла амал қилмаётган бўлади.
Ёшларимизда ватанпарварлик туйғуларини алангалатиш мақсадида Алишер Навоий ҳайкаллари пойида тадбирлар ўтказилишида ўзгача маъно бор. Негаки, буюк сўз санъаткори бу тилнинг шарафи учун бутун иқтидорини сарфлади. Ул зот “Хамса”дек муҳташам асарни ёзиб тугатганида мамлакат подшоси Султон Ҳусайн шоирни отга ўтқазиб, ўзи жиловбардор бўлган – бу ҳол тил масаласи азалдан давлат даражасидаги масала бўлганини таъкидлаб туради.
Ҳар ҳолда она тилига меҳр қалбимизга она сути билан сингиган, деган гап­да асло муболаға йўқ. Балки ўнинчи синф­ни битираётган бир ўсмирнинг ушбу машқи ҳам шу ҳиснинг ифодасидир:
Мўъжизалар каби тиллар ҳам бисёр,
Ҳар бири ватандир битта дунёга.
Тилларни ўрганиш
такрор ва такрор –
Қалб кўзин очмоқлик нурга, зиёга.
Лек ўзбек тилига ҳурматим чексиз,
(Бундай ҳис танҳодир инсон дилида).
Чунки илк бор эшитганим сўз –
Янграган эди-да ўзбек тилида.
Ўша кунлардек бир эзгу туйғуда ҳам қалб иқрори, ҳаёт ҳақиқати мужассам. Буюк ҳаёт остонасидаги илк қадам, илк таассурот сифатида она тили шукуҳига эъзоз бир умрлик ҳамроҳ бўлди, аъмолга айланди. Алишер Навоий, Абдулла Қодирий ёки Ойбекни ўқиганда, бу тил малоҳати дилларни музайян айлади, жаҳон адабиётининг намояндаларидан Лев Толстой қиссаларини таржима қилиш жараёнида унинг бор бўйи, қудрати намоён бўлди.
Она тил! Сен борлигим, ғурурим, қисматимсан.

Ҳаким САТТОРИЙ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг