ГУЛ КЎТАРИБ КЕТАЁТГАН ЭРКАК

110

Аҳмад АЪЗАМ

Гулдаста кўтарган эркак шаҳарнинг гавжум кўчасидан ўтиб боряпти.
Каттакон ва кўркам, гул бозоридаги энг чиройли, шу чиройига яраша энг қиммат гулдаста. Балки қиммат сотиш учун махсус парваришланган гуллардан терилгандир.
Агар гулдаста кичикроқ, кўрксизроқ, арзонроқ бўлганда, кўзга унча ташланмас, биз ҳам у ҳақда ёзмас эдик, чунки айни гул фаслида гул кўтариб юриш жуда ҳам диққатни тортадиган, алоҳида тавсифга арзийдиган ҳодиса эмас; гул кўпайгандан кейин гул кўтарган ҳам кўпаяди, бунга кўз ҳам ўрганади, гул фасли.
Лекин бу каттакон ва кўркам гулдаста биринчи қарашдаёқ уни сотиб олган одамнинг сахийлигини кўрсатар эди. Гулдастага қараган одам беихтиёр уни сотиб олган одамга ҳам қараб, “Қара, дунёда шунақа гулдасталарни қиммат демай сотиб оладиган сахийлар ҳам бор-да, а, менда шунақа имконият йўқ-да, а,” деган хаёлга борар эди.
Гулдаста яна нимаси биландир ўзини сотиб олган одамга диққатни тортарди, негадир гулдаста эркакка эмас, балки эркак гулдастага ярашмаётгандек кўринар эди. Ҳа, шунақа, тикилиб, разм солиб қарасангиз, гулдаста эркакни ёшидан улуғроқ кўрсатарди, бошқа пайтлари, масалан, каттакон китоб кўтариб кетаётган бўлсангиз, бу китоб сизнинг ёшингизни улуғ кўрсатса, нур устига аъло нур, лекин ҳозир шундоқ гавжум, серҳаракат кўчада эркак куппа-кундуз куни гулдаста кўтариб эмас, балки чиройли, чиройи энди очилган бир бокира сулув қизнинг белидан тутамлаб кетаётганга ўхшар эди. “Эй оғайни, катта кўчада, ошим ҳалол деб, бу нима юриш?!”, дегинг келадию гулдастага қараб… Гулдаста ҳам анойи эмас, ҳашаматли, қандайдир барқ урган, яшнаб турган чиройли, ўзини кўтариб кетаётган эркакни камситиб борарди: гўё шунақа гулдаста кўтариб юриш учун одамнинг нимасидир ҳамманикидан ортиқча, нимасидир ҳамманикидан кам бўлиши керакдек…
Хуллас, гулдастани уни кўтариб кетаётган одамга қиёсласангиз, хаёлингизга минг хил бир-бирига қарама-қарши фикрлар, ўхшатиш­лар келаверади. Агар гул кўтариб кетаётган одамнинг ўрнида ўзингизни тасаввур қилсангиз, йўқ, мен катта шаҳарнинг кўчасида бунақа гулдастани ҳеч қачон кўтариб юрмайман, деган қатъий фикрга борасиз.
Ўзи эркак бу гулдастани нега сотиб олган? Кимга олган бўлса?
Дейлик, бугун дўстининг туғилган куни. Гулдастани шунга олган. Аммо дўстга бунақа каттакон ва кўркам гулдаста олиш шарт эмас, дўстга кичикроғи, умуман, номига олинса ҳам бас, деб ўйлай бошлаймиз. Дўстнинг туғилган кунига гулдастасиз, гулсиз ва ҳатто қуруқ ҳам бориш мумкин, бундай кунда дўстнинг кўнглини кўтарадиган яхши-яхши гаплардан гапириб ўтиришнинг ўзи катта совға. Дўст одам туғилган кунида меҳмонларнинг қўлига қарамайди, балки, ишқилиб, дўстларимнинг ҳаммаси, жилла қурса, энг яқинлари, ҳеч бўлмаса, бирортаси келса, ёлғиз қолмасам эди, деб йўлга қарайди.
Йўқ, эркак гулдастани дўстига атаб олмаган, дўстига атаганда гулдастани бунақа авайламас эди, дўстга олинган гулдастани киши одатий, кундалик бир заруратдек, бир оддий буюмдек, масалан, шамсиядек бамайлихотир кўтариб юради.
Дейлик, гулдастани эркак онасига атаб олган. Дейлик, бугун онасининг ҳаётида қувончли бир кун. Аммо эркак бундай қиммат гулдаста билан онасини қувонтирармикан? Билмадик-да. Оналар, шу жумладан, мазкур эркакнинг онаси ҳам бозорни, нарх-навони, фарзандларининг чўнтагини яхши билади, туғилган куни тугул, ундан каттароқ ҳодиса бўлса ҳам, масалан, боя китобни гапирганимиз учун айтяпман, ўғли академикликка сайланса ҳам, бунақа қиммат совғадан – исроф­дан кўнгиллари оғрийди. Эркак шу гулдастани: “Она, мана, шу гулдастани фалон муносабат билан сизга олиб келдим”, деб тақдим қилса, она: “Бунинг ўрнига ўзингга бир нарса олсанг бўлмайдими, шунча ёшга кирдинг, қачон болалигинг қолади”, деб койи­ши турган гап. Агар эркак бирон-бир сабаб билан онасини йўқламоқчи бўлса, албатта, биз совғага муҳтожлиги йўқ, топ­гани ўзига ҳам, болаларига ҳам етиб, яна ортиб қоладиган оналарни назарда тутмаяпмиз, совғадан кўнгли кўтариладиган волидасига бир жуфт калиш ё маҳсими, иккаласини ҳамми, одмигина кийимликми, арзонбаҳо рўмолми олар, онаси буни кўриб чин дилдан кўзига ёш олар, ўғлини қийнаб қўймаганидан қувонар эди.
Аслини олганда-ку, оналарга энг яхши совға – уларни ҳеч бир сабабсиз, ҳеч қандай мақсадсиз, касал бўлиши ё қувончли кунини кутиб ўтирмай, ё уларнинг ташвиши ё ўзингизнинг ташвишингизни ўйламай, шунчаки, тўппа-тўғри йўқлаб бориш. Сиз уйни укангизга қолдириб, янги ҳовли солиб чиқиб кетган бўлсангиз, агар манови гул кўтариб кетаётган эркакнинг ёшида бўлсангиз, унда хотинингиз, уч-тўрт болангиз билан турасиз, укангизнинг эшигини ланг очиб: “Она! (“Ойи!”, “Бийи!”, “Ая!”, “Эна!”, “Опа!”, “Буви!”, “Анна!, “Ача!” – фарқи йўқ!) Ҳў, уйдамисиз? Сизни бир кўргим келди-да!
Йўқ, хавотир олманг, тинчлик, айтяпман-ку, бир кўргим келди!”, десангиз, бас, онангизга бундан катта мартаба йўқ. Агар бунга қўшимча қилиб яна: “Невараларингиз, келинингиз ҳам сизни жуда соғинибди-да, бир кў…иб келмайсизми деб бошни қотирворишди!”, десангиз, онангиз қувонганидан…
Йўқ, эркак гулдастани онасига олмаган, бу аниқ.
Дейлик, эркак гулдастани отасига атаган. Лекин… оталарга болалар ҳеч вақт гул совға қилармикан? Сиз отангизга гул берганмисиз? Билмадигу, лекин отага гул бериш эриш туюладиганга ўхшайди. Чунки, ҳар қалай, ҳалиги, ишқилиб, гул онангиз билан отангиз ўртасидаги, айтганимиздек, сизнинг дунёга келишингизга тааллуқли муносабатларга дахли бор. Яна ҳам ким билади, отасига ҳазиллашадиганлар ҳам топилса керак. Билмадик, билолмадик, бизнинг оталаримиз райҳон ҳидлаганига димоғи чоғ бўлиб юрадиган одамлар эди, гулни боғи билан ўриб келарди. Ҳар қалай, ота дегани гулдан жуда баланд турадими, ишқилиб, биз бирорта ёши улуғ эркакнинг отасига атоқлаб гул тақдим қилганини билмаймиз. Аёлларнинг йўли бош­қа, кейин… охирги пайтлари янги одатлар ҳам келиб чиқяпти, яна ҳам билмадик.
Эркак гулдастани хотинига олганмикан? Йўқ, ундай эмас – хотинига атаб гул кўтариб кетаётган эркак яшнаб, ёшариб кетади.
Агар у гулдастани хотинига деб олганда одамлар унга ажабсиниб эмас, ҳавас билан қарар эди. Бундай каттакон ва кўркам гулдастани хотинига совға қиладиган киши ҳали ҳаваси ўлмаган, бахтиёр бўлур эди ва кейин, гулдастани ўзи олмас, бўй етаёзган ўғли ё қизига олдиртирар, ўғли ё қизининг қўлига бир даста пул бериб: “Ма, бозордаги энг чиройли, энг катта гулдастани ол, ҳаммамизнинг номимиздан онангга совға қиламиз. Бунақа ишларни ўрганиб қўйгин”, деб валломатлик қилган бўлур эди. Бу эркакнинг гулдастасидан кўриниб турибдики, ҳали у бунақа бахтиёр эмас, шу хариди билан бахтини топмоқчи. Шу гулдаста унинг бахтини ё бу ёқли, ё у ёқли қиладигандек… Йўқ, биз билағонлик қилаётганимиз йўқ, эркакнинг гулдастани тутиши шунақа. Кейин, эркак гулдастани кимга олиб кетаётганини билдирмоқчи эмас, лекин гулдаста уни фош қилиб гуллаб кетяпти.
Ким бўлса у? Эркакнинг севганими? Билолмадик-да, бу ерда ҳали кўп гап борга ўхшайди. Ҳар қалай, эркак аллақачон ўн саккиз ёшда эмас, севганининг ҳам бу ёшдан ўтиб кетгани аниқ. Чунки гулдаста жуда катта, қиммат, ҳамманинг диққатини тортади. Эркак-ку уни севар, аммо унинг эркакни севиш-севмаслиги номаълум. Акс ҳолда, эркак гулдастани мағрур кўтариб кетаётган бўларди. Ҳозир гулдастанинг ўзи мағрур, қийғоч, ёниқ, эркак эса гулдастани ўзи эмас, бошқа эркак кўтариб кетаётгандек хижолатда ҳам эди.
Балки гулдаста эркакнинг маҳбубасини қувонтирар. Балки ўша маҳбуба, агар у чиндан ҳам бор бўлса, эркакнинг атоқлаб гулдаста олиб келишини олдиндан билиб, интизор кутаётгандир, ёки… ҳафсаласи пир ўтиргандир. Ҳар қалай, муҳаббат учун гулдан бошқа нарсалар ҳам керак-ку.
Эркак шундоқ катта, кўркам, қиммат гулдаста олганидан ўзини ноқулай ҳис қилар, кўчадаги одамлардан уялар, гулдастани яширишга илож тополмай, иситмаси чиқиб борар эди, аммо гулдаста нимаси биландир унга шафқатсиз эди. Балки кўзимизга шундай кўринар, эҳтимол, унинг хаёли қўлидаги гулдастада эмас, бош­қа нарсалардадир.
Хуллас, шаҳарнинг катта кўчаси, тумонатнинг ичида бир эркак каттакон ва чиройли гулдаста кўтариб кетяпти экан.
Унга қараган одам, ҳей оғайни, кўтар бошингни, ҳеч биримизда сеникидақа каттакон ва кўркам гулдаста йўқ, яшавор деб хитоб қилгиси келадию, лекин хитоб қилишидан олдин, аввал билай-чи, нега бу эркак шаҳарнинг энг гавжум жойида шундоқ каттакон ва кўркам гулдаста кўтариб юрибди, бошига қанақа яхши кун тушган экан ё эси сал анақароқмикан, бўлмаса, нега бунча гулдастасини кўз-кўз қилади, деган хаёлларга боради.
Гулдаста кўтариб кетаётган эркакка қараган одам ўзининг шундай гулдаста кўтариб кетмаётганини ўйлаб қолади, ўзида шундай каттакон ва кўркам гулдаста йўқлиги учун ҳар хил тахминларга боради, эркакни жиндай яниб ҳам қўяди.
Рост-да, нега кўчада намойишга гулдаста кўтариб юради, бошқалар гулдаста олиб, кўчада юролмайдими? Нима, шаҳар шу гулдаста кўтарган эркакнинг маҳрига тушганми? Куппа-кундуз куни, одамларнинг хаёлига ҳар хил нарсалар келишини ўйламай, шундай каттакон ва кўркам, чиройли ва яшноқ гулдаста кўтариб кетаётган эркакни кўрганда одамнинг хаёлига ҳамма нарса келар экан.
Қаранг, бир эркак тумонатнинг ичида ­ўзининг каттакон ва чиройли гулдастасини кўтариб кетяпти! Одамнинг тинчи бузилмайдими?..

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг