ОЛОВЛАНИБ ҚОЛАДИ ИЗИМ

148

ОЗОД РУҲ

Бугундан озод руҳ билан яшайман,
Қалбдаги ҳадикни отаман юлиб.
“Гиря”ни ошкора куйлай бошлайман,
Иккита қўлимни бир танбур қилиб.

Бўлсам йўнғичқага бўламан ўртоқ,
Ҳар ҳолда қузғунмас, тулпор емиши.
Сўзлар сўзларимга суртмасман бўёқ,
Лойларга бурканмас айтмиш, демишим.

Бобуру Машрабдан ўқийман байтлар,
Лабимдан чарсиллаб сочилар учқун.
Юксалиб осмонга етган бу пайтлар,
Кўнглимни қайириб ололмас ҳеч ким.

Бир томчи ёшим ҳам юракка боғлик,
Кўнсам ҳақ амрига фақат кўнарман.
Бу хаёл… эҳ, хаёл гўзал нечоғлик,
Ҳаётга айланса қушга дўнарман.

Аҳ-ҳа, унутибман, хотир панд бериб,
Кандир ип узатсин менга бирор мард.
Руҳим озодликка шайламай туриб,
Жиғилдоним оғзин тикмоқлигим шарт.

…Бугундан озод руҳ билан яшайман…

ГУЛ БЎЛИБ УЙҒОНСАМ

Бир саҳар гул бўлиб уйғонсам,
Чаманзор ичида, гул орасида.
Белимга саболар чулғанса,
Сўзлашсам гул билан гул борасида.

Баргимда тин олса капалак,
Баргимда кумуш чўғ “ярқ” этса,
Ёмғирлар ёғиб, сўнг камалак,
Ранглар дарёсига ғарқ этса.

Очилсам, қизариб очилсам,
Узса, ишқ қўллари узсалар.
Ошиқлар бошидан сочилсам,
Ошиқлар гулдаста тузсалар.

“Аёллик гулликдир”. Чиндан-а?
Бу менгзаш қўшиқда ўйнасин.
Яхшиси, бу ҳақда индаманг,
Чиройли орзумдан қўймасин.
Бир саҳар гул бўлиб уйғонсам,
Гулларнинг ёнида, гулзор ичинда.

ЮРАГИМГА ТИҒ ТЕГСА БЕХОС
Юрагимга тиғ тегса бехос,
Қон сизмайди, (бунга шубҳам йўқ),
Чарс-чурс этиб сочилади чўғ.

Қалбдан қалқса кўзимга ҳасрат,
Йиғлаганим кўрмайди ҳеч ким:
Ёш ўрнига сачрайди учқун.

Чанг тўзғимас қадамларимдан,
Дардим қучиб йўл юрган кезим,
Оловланиб қолади изим.

Ота юртим, отажон юртим,
Гарчанд бошдан-оёғим ёниқ,
Куйдирмайман мен сени аниқ.

Чарчаб дунё ташвишларидан
Бир зум тинсанг қуриб чордона,
Бир қизингдай бўлиб парвона.

Ҳолим айтмай, ҳолинг сўрайман,
Чарчоғинг чой билан олай деб
Жисмим ўчоқ, жоним қилиб ўт,
Қумғон қайнатмоққа ярайман.

БУГУН ЁШ ШОИРЛАРГА
Ҳали ер юмшоқдир, осмон ҳам яқин,
Тўрт мучанг саломат, камтигинг йўқдир.
Кўзларинг қораси сочмоқда ёлқин,
Жисму жонинг учун ҳадигинг йўқдир.

Гул бўлиб туюлар сенга гиёҳлар,
Куйдай хуш ёқади ҳар овоз, ҳар сас.
Йўлингда порлади яшил чироқлар,
Ғуруринг баланддир, Тангритоғлар паст.

Хиёнат ўтмаган ҳали кўчангдан,
Чин дўстлар қуршаган тўрт тарафингни.
Ҳаёт ўлчовларинг ҳалол ўлчамда,
Жонингдай қўрийсан шон-шарафингни.

Эртами? Эртани ўтирма кутиб,
Кўксингда гулханлар чарсиллаган пайт.
Совуқ қотмасидан оловинг, ўтинг,
Эл-юртга айтаринг бугун, ҳозир айт.

Берк тутма куюнчинг, севинч, титроғинг,
Бу фаслинг шоҳ қўшиқ, ўзинг шоҳ байтсан.
Ёшликдир умрнинг озодлик чоғи,
Озод сўз айтасан бугун сўз айтсанг.

ЙЎҚЛОВ

Бошимни зўр ишга бериб қўйибман.
Чўлпон

“Болам йўқ”, деб сен куйма,
Мана, ўзим қиз бўлдим.
Соғинчинг билан куйлаб,
Кўзим қора кўз бўлди.

Бошдан оёқ чўғдайман,
Сен элимнинг номуси.
Айтиб-айтиб йўқлайман,
Юраклар бир совусин!

Юмалаб зулм тоши
Ғурурлар синганида,
Бек кўнгиллар ювошиб,
Қулликка кўнганида,

“Ай кўнгил, сустлашма” деб
Куч бериб кетган ўзинг.
“Кишан-ла дўстлашма” деб
Ўч бериб кетган ўзинг.

Ҳақ ёққан машъалани
Қай зўр ўчира олған?
Чўлпон отли қалъани
Забт этолмагай ёлғон.

Собит турдинг ҳар жойда,
Морни доим мор, дединг.
Гўзал билиб кун, ойдан
Озодликни ёр, дединг.

Орамизда бир аср,
Йиллари бир кунча йўқ.
Марднинг дарди мард, ахир
Бошқа дардлар бунча йўқ.

“Ўзбек ҳурлик онига
Жони оғримай етди…”
Майда гап бўронингда
Кул бўлиб тўзғиб кетди,

Белимга боғлаб фўта,
Мажнунтолдай соч ёйиб,
(Қулликни севмас Худо),
Жаннатдан сўрай жойин.

“Болам йўқ” деб ўксима,
Сенга ўзим қиз бўлдим.
Буюк дардинг кўксимда
Бир-бир ёнар сўз бўлди.

ЖОНИМ ҚИЧҚИРАДИ
Кунлар қадамидан тўзғимайди чанг,
Кунларнинг либоси тўғри бичимда.

Ҳар тугун банданинг ўзидан бино,
Адолат қўли бор ҳар ҳақ ечимда.

Сиқиб-қисганлари бўшашди, чоғи,
Сўзим нафас олар тилим учинда.

Ватан ўстирарли қудратим бордай,
Кундузлар юракда, юрак кучимдан.

Ҳаммаси яхшидай, ёмони йўқдай,
Фақат бир изтироб туним, кечимда:
Ўғлим, бир гуноҳинг минг тошдек янчар,
Жоним қичқиради жисмим ичинда.

УЙҒОНСИН
Авлодларда аждодларнинг
қай бир ҳужайраси уйғонар экан.

Тамагирга терс қараган,
Гар сўраса бир юрт сўраган –
Султон ҳужайрамиз уйғонсин.

Қувват кутса, элидан кутган,
Эл юкига елкасин тутган
Полвон ҳужайрамиз уйғонсин.

Хиёнатга қилич сермаган,
Хоинларга ҳаёт бермаган,
Собит ҳужайрамиз уйғонсин!

Шайтанатдан дарс тушмаган,
Иймонига дарз тушмаган
Обид ҳужайрамиз уйғонсин!

Ғофилларга чироқ тутарли,
Киборларга қирғоқ тутарли,
Оқил ҳужайрамиз уйғонсин!

Кам кўнгилни бутун этгувчи,
Қадди ёйни устун этгувчи,
Одил ҳужайрамиз уйғонсин!

Қул бўлмаган дор остида ҳам,
Синмай чиққан ёв дастидан ҳам,
Ботир ҳужайрамиз уйғонсин!

Айтса халқнинг сўзини айтган,
Тангри-ҳақнинг сўзини айтган –
Шоир ҳужайрамиз уйғонсин!

ҲАЁТГА ҚАСИДА
Шамоллар гулшамол бўлди бу пайтлар,
Гулсувдир сойларнинг биллурий мавжи.
Гуллар ҳақидадир шоҳона байтлар,
Гуллаб ётган сўздир қўшиқлар авжи.
Гул бағрингга босгин бизларни, Ҳаёт,
Қўйиб юбормагин қучоқларингдан.

Қуёш қариндошдек ғамхўр, жигаржон,
Бошимиз устидан кетмайди нари.
Шундан кўчалар ҳам уйдай нурафшон,
Худди уйимиздай иссиқ ташқари.
Нур бағрингдан қўйма бизларни, Ҳаёт,
Қўйиб юбормагин қучоқларингдан.

Ҳурликдир интилган бахти инсоннинг,
Номус ҳам, шараф ҳам ҳурлик билан бор.
Тирикликда эркка етмоқ имкони,
Ўлсак қўлдан кетар барча ихтиёр.
Ҳур бағрингга босгин бизларни, Ҳаёт,
Қўйиб юбормагин қучоқларингдан.
* * *
Cиниб тушдимикин бўрон арраси,
Майин жарангларми булоқ алласи,
Зарга айланарми қумлар зарраси,
Чўлларнинг тилида сўйласам…

Булбул чаҳ – чаҳидан уйғонар тонглар,
Сабога тўкарми бўйин райҳонлар,
Дардин унутарми дарди бор жонлар,
Гулларнинг тилида сўйласам…

“Йўл йўқ” , деган жойда бор бўлармиди,
Бирдан иккита ё чор бўлармиди,
Хизри Худойимга ёр бўлармиди,
Йўлларнинг тилида сўйласам…

Элга қайтармиди номус, дилсоғлик,
Биздан кетармиди орсизлик – оғриқ,
Эртакларда келган бели белбоғлик
Улларнинг тилида сўйласам…

УЙГА БОРГАНДА
Дарвозалар очиқ, ўчоқларда ўт,
Сўрида кўрпача, қуроқ болишлар.
Шохига радио илинган оқ тут,
Комилжон довшида қилар нолишлар,
Онам йўқ…

Тандирдан гуркирар жизза нон иси,
Сувга ботирилган касов чарсиллар,
Ингичка симларда қоқилар – тизим.
Ёз ўз оловида ўзи ҳарсиллар,
Онам йўқ…

Атиргул тўсади тиканларини,
Ошиқ қўл олишин истайди узиб.
Болари кўтариб елканларини,
Гулларни оралар учибми, сузиб,
Онам йўқ…

Гул ёқдан овози эшитилгандай,
Илинжим чопади ҳар шарпа, сасга.
Жуда кўргим келар, кўраман қандай,
Ташлаб кетган бўлса борса келмасга,
Онам йўқ…

Кўзлари, сўзлари ўхшаш деб – ёниқ,
Жиянлардан таскин излайман – ичкин.
Излайман ва лекин биламан аниқ,
Оналар ўрнини босолмас ҳеч ким.
Онам йўқ…

Меҳр изҳорига дебман имкон бор,
Ҳаққин тўла – тўкис адо қилмабман.
Бунёди, ободи қоларкан ёдгор,
Жонлари омонат экан, билмабман,
Онам йўқ…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг