- Ижтимоий ҳаёт

Илм-фан ривожи янги босқич арафасида

Муайян халқ ёки миллатнинг тараққиёти даражаси, биринчи навбатда, илм-фанда қай миқёсларга кўтарила олганига кўра белгиланади. Агар шу мезонда қаралса, миллат сифатида дунё тамаддунига беқиёс ҳисса қўшганимиз аён.

Буюк мутафаккир бобокалонимиз Маҳмуд Кошғарий таъбирича, Тангри давлат қуёшини бизнинг миллатимиз қўрғонларидан кўкка чиқарган, уни барчадан устун қилган, ҳақиқат йўлида курашмоқ учун куч берган. У билан ҳамкорлик қилганларни, унга тарафдор бўлганларни азиз ва мукаррам этган – нима учун? Биринчи навбатда, илму маърифати ва комил хулқи учун. Шу боисдан ҳам ҳазрат Алишер Навоий инсонни улуғловчи икки сифатни ажратиб кўрсатади: илм ва адаб. Тарих шоҳид: илму маърифатдан айри миллат ўзлигидан маҳрум бўла боради, таназзулга юз тутади, миллат сифатидаги қиёфасини бой беради. Замоннинг бугунги шитоби, дунёни тобора кенг қамров билан тасарруфига олаётган глобаллашув шиддати, қадриятларни бамисоли оч аждаҳодек ўз комига тортаётган оммавий маданият таҳдиди шароитида ўзлигини асраб қола билиш камдан-кам миллатга насиб этаётир. Бунинг учун миллатнинг томири асл сарчашмалардан сув ичиши, маърифати юксак даражада бўлиши, маънавияти ўқ илдизларидан узилмаган бўлиши зарур. Халқимизни асрлар синовидан омон-эсон олиб ўтаётган асосий фазилати — юксак илму маърифатидир.

Илм-фанда мутафаккир аждодларимиз эришган беқиёс ютуқлар билан фахрланиш маъқул иш. Бироқ бу муваффақиятларни мунтазам равишда янгилари билан бойитиб, ривожлантириб бормас экан, миллат ўз мавқеини бой бериши, инқирознинг аччиқ изтиробларини бошдан кечиришга маҳкум этилиши мумкин – тарих синовлари шундан далолат беради. Таассуфлар бўлсинки, миллатимиз кечмишида XVI асрдан кейин тобора чуқурлашиб борган таназзул жараёни бу ҳақиқатни тасдиқлайди. ХХ юзйиллик сўнгида қўлга киритганимиз миллий истиқлол туфайлигина биз ўзлигимизни англадик. Халқимиз ҳаётида кечган инқирознинг асосий сабабларини тушуниб етдик. Илм-маърифатга бўлган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Фан ва таълим соҳасида янги марраларга эришдик.

Айни кезда тараққиётнинг шиддати шу қадар тезки, замон билан ҳамнафас, ҳамқадам юриш осон эмаслиги аён. Бунинг учун илм-фаннинг барча соҳалари ривожида ана шу шиддатга мос суръатга эришмоқ талаб этилади. 2016 йил 30 декабрь куни – янги йил байрами арафасида Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг етакчи илм-фан намояндалари билан бўлиб ўтган учрашувида худди шу долзарб муаммо ечимига алоҳида эътибор қаратилди.

Янги 2017 йилни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб номлаган давлатимиз раҳбари мулоқотни дастлаб илм-фандаги энг юксак даража эгалари бўлган академик олимлардан бошлагани бежиз эмас. Зеро, оламдаги барча мушкулотларнинг ечими – илмда. Одамзод дилидаги ҳар қандай орзу-мақсад, жамият олдига қўйилган ҳар қандай эзгу ният, аввало, илм орқали рўёбга чиқади. Илм — кўнгилларнинг сурури, кўрар кўзларнинг нури. Илм-фанга нисбатан ана шундай муносабат, ана шундай дунёқараш, ана шундай эътиқод халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Шунинг учун Президентимизнинг бу ташаббуси фан ва таълим соҳасининг барча вакиллари қалбини тўлқинлантириб юборди.

Давлатимиз раҳбари тўғри таъкидлаганидек, илм-фан билан шуғулланиш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишдек машаққатли иш. Ўзи бажарган тад­қиқот ёки ихтиронинг юксак даражада эътироф этилиши, бундан жамиятга, одамларга наф етишини ҳис этиш – ушбу соҳа вакиллари учун бундан ҳам катта рағбат бўлмайди. Бундай эътироф, бундай рағбат, табиийки, янада улкан миқёсдаги ишларни бажаришлари учун олимларга куч-қувват бағишлайди.

Президентимизнинг академик олимлар билан мулоқоти нафақат илм-фан соҳаси ­вакиллари ёхуд зиёлилар, ҳатто оддий одамларнинг ҳам кўнглини кўтариб юборди. Жамоат жойларида, тўй-маъракаларда одамлар бу учрашувдан олган таассуротларини катта қизиқиш ва ҳаяжон билан ўртоқлашаётгани, маҳаллаларда аҳоли бундай юксак эътибор билан олимларни табриклашаётгани бунинг исботидир. Тарих шоҳид: олимларини қадрлаган давлат, шубҳасиз, тараққий этади. Илм-фан аҳлини эъзозлаган жамият, албатта, ­ривожланади.

Ўзининг сайловолди дастурида ҳам давлатимиз раҳбари илм-фан соҳасини замон талаблари даражасида тараққий эттиришга алоҳида диққат қаратганидан бутун халқимиз хабардор. Юртбошимизнинг сайловолди дастурида, жумладан, қуйидагича таъкидланган: «Биз илм-фан намояндалари, заҳматкаш олимларимиз учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш мақсадида бор куч ва имкониятларни сафарбар этамиз.

Ҳаётимизнинг энг муҳим жабҳалари учун юксак технологиялар, илмий ишланмалар яратиш, малакали мутахассислар тайёрлаш, жаҳон ахборот технологиялари бозорида муносиб ўрин эгаллаш масаласига устувор аҳамиятга эга вазифа сифатида қараймиз».

Давлатимиз раҳбари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш тантанали маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги нутқида ҳам илм-фан ва техника намояндалари, академикларимиз, маданият, адабиёт ва санъат соҳалари вакилларининг илмий ва ижодий изланишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласига алоҳида диққат қаратди.

Конституциямиз қабул қилинганининг 24 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида давлатимиз раҳбари фарзандларимиз учун зарур шарт-шароит яратиш, янги-янги таълим-тарбия, маданият, санъат ва спорт масканларини барпо этишни янги босқичга кўтариш ҳақида сўз юритди. Булар барчаси фан ва таълимни ривожлантириш, ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш масаласи Президентнинг доимий эътиборида эканини кўрсатади. Ўз навбатида, бу – соҳа ходимлари зиммасига катта масъулият ҳиссини юклайди.

Филолог бўлганим учун, давлатимиз раҳбарининг академик олимлар билан бўлган бу учрашувини телевидение орқали кўргач, ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослиги олдида турган долзарб муаммолар ҳақидаги фикрларимни ва айрим таклифларимни билдириш заруратини ҳис этдим. Президентимиз фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада такомиллаштириш масаласига алоҳида урғу берди. Бу – бугунги куннинг энг устувор масаласи. Негаки, фаннинг энг сўнгги ютуқлари таълим тизими ва ишлаб чиқариш соҳаларига тезкорлик билан мунтазам равишда татбиқ этилмас экан, замонавий тараққиёт билан ҳамқадам юриш имкони бўлмайди. Хўш, бу борада ўзбек тилшунослиги ва адабиётшунослиги соҳалари олдида қандай долзарб вазифалар турибди?

Биринчидан, мустақиллик шарофати билан давлат тили мақомига эришган она тилимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга алоҳида эътибор қаратмоғимиз зарур. Тўғри, бугунги кунда Россия олий лингвистика мактаби, Киев Миллий университети, АҚШнинг бир нечта университетлари, Пекин Миллатлар марказий университети, Жанубий Кореянинг Пусан, Хан-Кук университетлари ва бошқа бир қанча мамлакатлар олий таълим муассасаларида ўзбек тили таълим йўналишлари фаолияти йўлга қўйилган. Бундан ўн йилча муқаддам уларнинг айримларига бизнинг филолог олимларимиз, ўқитувчиларимиз бориб, бир неча ўқув йили давомида дарс ҳам бериб келишган. Бироқ бугунги кунда бу алоқалар деярли узилиб қолди. Уларни тиклаш, халқаро алоқалар миқё­сини янада кенгайтириш – давр талаби. Зеро, бошқа барча жабҳалар қатори ўзбек филологияси соҳаси ҳам ўз қобиғида ривожлана олмайди.

Бундан минг йил муқаддам буюк тилшунос Маҳмуд Қошғарий она тилимизнинг араб тили билан икки улоқчи от сингари тенг пойга қилиб ўзиб бораётганидан ифтихор қилган эди. Тасаввур қилинг, агар минг йил олдин она тилимиз ана шундай мавқега эга бўлган бўлса, бу даражада юксалиши учун қарийб яна бир-икки минг йиллик такомил босқичларини ўтаган бўлиши керак ахир. Фақат бугина эмас. “Муҳокамат ул-луғатайн”да ҳазрат ­Алишер Навоий бу ҳақда қуйидагича ёзади: “…уч навъ тилдурким, асл ва мўътабардур ва ул тиллар иборот гавҳари билан қойилининг адосиға зевар ва ҳар қайсининг фуруъи бағоят кўптур. Аммо туркий ва форсий ва ҳиндий асл тилларнинг маншаъидурки, Нуҳ пайғамбар саловаттуллоҳи алайҳининг уч ўғлиғаким, Ёфас ва Сом ва Ҳомдур, етишур”.

Эътибор беринг: “асл тилларнинг маншаъи… ”. Бу ҳазилакам гап эмас. Маншаъ – бу сўз “Навоий асарлари луғати”да: “бир нарсанинг чиқиб келган ўрни, келиб чиқиш жойи, бошланиши”, дея изоҳланган. Демак, бизнинг тилимиз жаҳондаги асл тилларнинг келиб чиқишига асос, замин бўлган тиллардан ва биз дунёнинг энг қадим миллатларидан эканмиз.

Она тилимиз лексик қатламининг бой экани, ифода имкониятининг кенглиги жиҳатидан дунёдаги бирор тилдан қолишмайди. Эндиги вазифа уни янада бойитиш, жаҳон халқ­ларининг тиллари орасидаги нуфузини ҳозиргидан ҳам юксалтиришдир. Бугунги кунда жаҳоннинг ривожланган тиллари учун халқаро миқёсда эътироф этилган, уларни билиш даражасини белгиловчи махсус дастурлар бор. Инглиз тилидаги IЕLTS, TOEFL, хитой тилидаги HSK типидаги мукаммал дастурлар шулар жумласидандир. Ўзбек тили учун ҳам ана шундай дастур тузиш ишини бошлаш – замон эҳтиёжи. Бусиз зарур натижаларга эришиш маҳол.

Иккинчидан, жаҳондаги аксар тиллар компь­ютер тилига айланиб улгурган бугунги кунда бунга эришиш энг долзарб вазифалардандир. Компьютер ўз дастурларини ўзбек тилида тақдим этиши – ҳал қилиниши зарур бўлган энг муҳим масалалардан биридир. Бунинг учун биринчи навбатда компьютер линг­вистикаси соҳасини ривожлантириш тақозо этилади. Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида компьютер лингвистикаси бўйича алоҳида бакалавриат йўналиши ва магистратура мутахассислиги очилиши бу соҳадаги биринчи қадам бўлар эди. Бу йўналишда илмий изланиш олиб бораётган малакали профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар бор. Мавжуд мутахассислар салоҳиятидан тўлақонли фойдаланиш, уларни аниқ мақсад сари йўналтириш зарур. Бунинг натижасида ўзбек тилининг ахборот услубини шакллантириш, она тилимизда матнларни автоматик таҳрирлаш, машина таржимаси учун мўлжалланган дастурларни, компьютер изоҳли ва таржима луғатларини ишлаб чиқиш, ўзбек тили ва адабиёти бўйича электрон дарсликлар, мультимедиа комплекслари яратиш бўйича аниқ натижаларга эришиш мумкин бўлади.

Тил – миллатнинг ойнаси. Тил – миллат мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат, таъбир жоиз бўлса, унинг паспорти. Ўз навбатида, тилнинг бутун сеҳру жозибаси, латофати, қудрати ана шу тилда яратилган бадиий адабиётда намоён бўлади. Шу боис ўзлигини таниган, ўзини ҳурмат қилган ҳар бир миллат она тили ва адабиётининг дунё миқёсидаги нуфузини оширишни ҳаётий эҳтиёж деб билади.

Учинчидан, жаҳоннинг аксар халқлари ўз тили ва адабиётини халқаро миқёсда тарғиб қиладиган махсус марказларга эга. Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов матбуотдаги чиқишларидан бирида бу ҳақда шундай ёзган эди: “Кейинги шеърларимда она тилимиз тўғрисида ёзганларим Марокаш сафарида туғилди, десам кўплар ажабланиши мумкин. Муносабат ҳақиқатан ҳам узоқ. Лекин гап шундаки, Марокашдаги Араб тили марказини кўриб, у ерлик олимлар араб тилини чуқур ўрганиш, уни янги атамалар билан бутун дунёда тарғиб қилиш борасида шундай ишлар қилишмоқдаки, очиғини айтганда, ўзбек тилшуносларидан хафа бўлиб кетасан киши. Бу марказда вақт-вақти билан барча араб мамлакатларидан тилшунос олимлар йиғилиб, дунё тилларида янги пайдо бўлган атамаларни араб тилида қандай ифода қилиш устида, умуман турли тиллар билан араб тилининг ўзаро алоқалари хусусида илмий кенгаш ўтказадилар. Ижтимоий терминларга ҳам, илмий-техник терминларга ҳам эквивалент топадилар. Бизнинг тилшунослик марказимиз нима билан шуғулланади, Худонинг ўзи билади… “Тилга эътибор – элга эътибор” деймиз-у ҳеч биримиз тилимиз имкониятларидан тўлароқ фойдаланишни ўйламаймиз…”.

Дарҳақиқат, ўзбек тили ва адабиётини хал­қаро миқёсда тарғиб этувчи махсус марказ ташкил қилиниши замон талабидир.

Тил ривожида атамаларнинг ўрни беқиёс. Турли маиший-савдо шохобчаларию хусусий хизмат кўрсатиш масканларининг, кўчалару хиёбонларнинг номлари ўзбек тилига, хал­қимизнинг менталитети ва қадриятларига нечоғли мос келиши масаласи миллатнинг маданиятини, ўзлигига, она тили тақдирига эътибори даражасини кўрсатиши жиҳатидан алоҳида аҳамиятга эга. Мустақилликнинг ­дастлабки йилларида махсус Атамалар қўмитаси фаолият юритгани маълум. Ўша кезлари атамаларни мувофиқлаштириш, бу борадаги турфа хилликларни бартараф этиш ушбу қўмита зиммасига юклатилган эди. Ҳозирги пайтда атамалар борасида эътиборсизлик, лоқайдлик шу даражага етдики, уларни кўрганда беихтиёр ҳазрат Алишер Навоийнинг “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз” деган машҳур ҳикматлари ёдга тушади. Бизда ҳар доим тил ва эл деган тушунчалар ёнма-ён келган, тил муайян эл маънавиятининг ажралмас қисми саналган. Бугунги кунда атамаларни мувофиқлаштирувчи махсус муассаса ёки марказ фаолиятига катта эҳтиёж бор. Бу муассасада соҳа мутахассислари муҳокамаси асосида наинки турли жабҳаларга оид атамалар, реклама матнлари ҳам тасдиқланиши йўлга қўйилса, она тилимизга эътибор яна бир поғона юқори кўтарилган бўлар эди.

Ўтган аср аввалида буюк маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий: “Болаларингизга келар замон илмини ўргатинг. Чунки улар сизнинг даврингиздан бошқа – янги замонда яшайди”, деб ёзган эди. Ушбу сўзлари орқали у миллатнинг ҳар доим тараққиётдан бир қадам олдинда юришини орзу қилган, эртанги кун тараддудини бугун кўришимиз зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Бунга эса, биринчи навбатда, илм-фан ривожи орқали эришиш мумкин. Бунинг учун буюк аждодларимизга, устоз олимларимизга хос фидойиликни, илм заҳматидан ҳаловат топиш фазилатини соҳанинг навқирон вакиллари шуурига, руҳига ҳам сингдирмоғимиз зарур.

Ишонч билан айтиш мумкинки, давлатимиз раҳбарининг илм-фанга ва соҳанинг етук намояндаларига кўрсатаётган алоҳида эътибори бу жабҳада янги бир юксалиш босқичини бошлаб беражак.

Нурбой ЖАББОРОВ,

филология фанлари доктори, профессор

Fikr bildirish

E-pochta manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy ma'lumotlar * bilan belgilangan