РУҲИМДА ҒАРҚ ПИШГАН МЕВАЛАРИМ БОР

184

Нодир ЖОНУЗОҚ

ЎЗБЕКИСТОН КУЗИ

Сарин нафас билан кириб келди куз,
Куйган кўнгилларга босгандай малҳам.
Иситма – ситамдан қутулди кундуз,
Симобдай суюлди кумуш кеча ҳам.
Осмон этагида қайралган чақмоқ
Тиғига сув пуркаб қўяр сумбула.
Оққуш буржидаги юлдузлар чақноқ –
Порлайди парвозли табассум ила.
Қанотли тонгларнинг укпар туси бу,
Ўзбек диёрининг сўлим кузи бу.

Юкли келинчакдай оғироёқ боғ
Маҳрам, доя дастга сарватин тутар.
Полизлар кўчага очганча қучоқ,
Савдоли совчидан муждалар кутар.
Сир айтар соғинчдан сарғайган беҳи
Қон ютиб, қизарган анорга беҳол.
Дўлана – тоғларнинг навраста беги
Нозли наъматакка термилади лол.
Ишқи пок улуснинг ризқи рўзи бу,
Ўзбек диёрининг тўкин кузи бу.

Мевасиз дарахтлар – толми ё терак –
Эрта сўлиш олиб, сарғайиб-сўлар.
Қалбида занг-зардоб силқиса керак,
Тўкилиб, зорланиб, зурриёт сўрар.
Тебраниб қўяди кайвони чинор,
Мезон тўрларидан тозалаб устин:
“Ахир, ҳар оғочнинг ўз ҳосили бор –
Ким қувват бўлажак, ким бўлгай устун…”
Кекса табиатнинг оқил сўзи бу,
Ўзбек диёрининг дониш кузи бу.
Камон ўқи каби учган турналар
Нишонга олурлар иссиқ ўлкани,
Туллаган товуқнинг бағри тирналар –
Бошида сезаркан қуюқ кўлкани.
Минг йиллик ҳикматни бекитган пирдай
Тошёнғоқни кўмиб қўяди қарға.
Далалар қўйнига яшиндай киргай
Бургут – еру кўкни кузатган дарға,
Сергак табиатнинг ўткир кўзи бу,
Ўзбек диёрининг зийрак кузи бу.

Бир ёнга йиғади тилла болини
Ўргимчакни қувган асалари ҳам.
Хилватда ўйлайди қалтис ҳолини
Хазонга бекинган қўнғизлар пурғам.
Ҳаттоки пашшанинг жон қайғуси бор,
Уйқучи кирпи ҳам тўплайди озиқ.
Деҳқон қадамини кузатар ҳушёр
Файласуфдай қотган сур юмронқозиқ,
Тирикчилик изни – ҳаёт изми бу,
Ўзбек диёрининг тийрак кузи бу.

Қари тут остига осилган қозон
Ўзбекнинг совимас қалбидай қайноқ.
Эгатлар ичида куймаланган жон
Тоқатин қайрайди: чаноқлар – қайроқ.
Момиқ мағзига зид – нони кўп қаттиқ,
Туси оқ бўлса-да, заҳмати қора.
Қанча юракларга қадаган у тиғ,
Қанча тақдирларни қилган чилпора…
Оқибат, элнинг оқ бўлган юзи бу,
Ўзбек диёрининг ёруғ кузи бу.

Даштларда уйғонган девона қуюн
Бўй чўзиб, булутлар тўдасин қувар.
Ёмғир куйлаганча қиркуяк куйин,
Саратондан қолган доғларни ювар.
Адирлар бағрини тутар жалага,
Чанқаган унгурлар ичар симириб.
Шира бойлаган ўт бўлиқ далада
Йилқилар уюри кишнар семириб,
Бедовни маст қилган майса иси бу,
Ўзбек диёрининг тотли кузи бу.

Чанг-тўзон кўтариб қайтади пода,
Сигирлар эриниб босар туёғин.
Отини салт қўйиб, келар пиёда
Чўпон ўйнаганча ирғай таёғин.
Бузоғу қулунлар югурар – сулув,
Жонсарак қилганча отар итини.
Довон ошиб келган музаффар сурув
Қишлоққа таратгай андиз ҳидини,
Барака ташиган қўю қўзи бу,
Ўзбек диёрининг сероб кузи бу.

Кеча чатнаб турган оловдил тошлар
Сўнган кўмир каби шикаста, синиқ,
Бўзбола ҳислари сингари тошган
Сой сокин – қария ақлидай тиниқ.
Қоқилсанг, юзингни тирнар – тунов кун
Пойингда билқиллаб ётган қатрон йўл.
Бўзқоя – ўчоғи намиққан човгун,
Субҳидам кўзёши – шудринглардан ҳўл,
Тийра моҳнинг тонгда қолган изи бу,
Ўзбек диёрининг биллур кузи бу.

Ёмғирда ивиган дароз шаҳар ҳам
Кўлмакда томоша қилгай аксини.
Сержило чироқлар ёғду сочган дам
Кузатар шуъла ва ранглар рақсини.
Самода мушаклар порлаган онда
Оний гўзалликдан қийин кўз узмак.
Байрамдан бўшаган очиқ майдонда
Томоша бошлайди режиссёр Кузак,
Бастакор мавсумнинг айнан ўзи бу,
Ўзбек диёрининг рангин кузи бу.

Кўзларин ишқалаб уйғонган бола
Такрор титар янги дафтар-қаламин.
Мактабга боради бу йил илк бора –
Офтоб одимига мослаб қадамин.
Қўлидан етаклаб олган ойиси
Ҳис қилар: олдинга тортар келажак.
Димоғин босади янги ой иси,
Юлдузлар йўлига томади чак-чак:
Элнинг байроқдори – ўғил-қизи бу,
Ўзбек диёрининг порлоқ кузи бу.

Қуввати камайган нуроний чолдай
Ҳар кун сал эртароқ ёнбошлар қуёш.
Шом иниб, оила оғуши чорлар,
Йиғилар дастурхон узра кекса-ёш.
Кузнинг ҳавосидан гап очилган чоғ
Баҳор ҳавасидан сўзлар ёш-яланг.
Ўртага қўйилгач буғланган товоқ,
Гап тиниб, қошиқлар бошлаб қолар “жанг”,
Покиза меҳнатнинг ҳалол тузи бу,
Ўзбек диёрининг тансиқ кузи бу.

Баҳайбат гавдасин ташлар салқин тун,
“Уҳ” тортиб юборар кимсасиз сўри.
Қасамин унутиб, пуркайди тутун
Етти ой чидаган кашанда мўри.
Бағрини зич ёпиб олар дераза –
Совуқ йўлин тўсган шаффоф ясовул.
Беруҳ райҳонларга тутади аза
Токчадан термилган тувакдаги гул,
Қавс ўқ-ёйида қотган музи бу,
Ўзбек диёрининг кечки кузи бу.

Ўзимча куздан сўз очдим, ажиб ҳол,
Қилмоқчи бўлдимми сийратин тасвир?!
Ҳолбуки, менгача не-не шоир лол
Ва таслим бўлганди сонсиз мусаввир.
Сўз етмас, ожиздир ҳар қандай бўёқ,
Минг битта жилвага эга ҳар ранги.
Толедир – ҳуснига жим боқиб тўймоқ,
Қалбга жо айламоқ ҳар сас-жарангин.
Тангри санъатининг нодир жузи бу,
Ўзбек диёрининг тенгсиз кузи бу!

ҚИСМАТ ТАҚВИМИ

Август шашти бу йил эртароқ сўнди,
Сентябрь сув пуркаб босди тафтини –
Олтин силсиланинг келгандай сўнги,
Бой бериб қўйди Ёз иссиқ тахтини…

Ерни бўйсундирди Куз салтанати,
Сарғиш ёрлиқларин юборди ҳар ён:
Рангларни ўзгартган жоду санъати
Яшил нигоҳларни қилди кўп ҳайрон.

Борлиқ қойил қолиб Кузнинг қурбига,
Хирмонига тўкди бору будини –
Маҳлиё бўлгандай янги урфига,
Ақлини олгандай эски удуми…

Аммо муваққатдир буларнинг бари,
Пистирмада пойлаб ётар Декабрь –
Қўққис ҳужум қилгай бўрон лашкари,
Кузакни ағдариб, қувгай беқадр.

Сўнг уч ой Қиш қилич қайрар, пайдар-пай
Совуқ фармонларин ёғдириб кўкдан.
Қаҳрига ўралиб заиф тортган пайт
Оёғидан чалар гул билан Кўклам.

Шундоқ чарх уради бу кўҳна даввор,
Шундай давом этар давр мароми.
Фалакнинг созланган ўз соати бор,
Вақтида янграгай бонги – қарори.
Ҳар мавсум ўзича қилса-да таъбир,
Ташрифи шитоб ё кўринса-да суст –
Ёз умрин узайта олмас Сентябрь,
Кузни кечиктира олмайди Август.

Биз эса дорбозмиз, лангарчўп қўлда,
Қисмат – замон тиғи узра югурмак.
Фақат собит қолгай бу кескир йўлда
Фаслларга тобе бўлмаган Юрак!

БОҒ

Кузга ҳозирланиб келди ҳар дарахт –
Шиғил мевалари турар осилиб.
Имтиҳонга тайёр талабадай тахт,
Пешкаш қилсам дейди ғиж-ғиж ҳосилин.

Зафарли йўлларда қозонган сархил,
Рангин бисотини кўз-кўз қилган чоғ –
Темурбек лашкари сингари аҳил,
Улуғвор қўшинга ўхшайди бу боғ.

Жангу жадал кечиб келдилар бунга,
Заҳмат ила судраб залворли кўчин:
Гоҳо димоғлари тўлиб тутунга,
Танларида сезиб тиғбўрон ўчин.

Кўнгли бўш мевалар қолди тўкилиб
Қисматнинг қоп-қора қуюнларида.
(Эсласа, бўғзини кесар ўкирик,
Тўзғийди энг тотли суюнчлари-да)

Лекин ҳозир байрам, қутлуғ тантана!
Музаффар руҳини қилгай намойиш.
Сийлиғу ёрлиқлар қилмас-ку таъма –
Ифтихор ҳиссига билдиргай ройиш.

Муборак қаторда турибман мен ҳам,
Руҳимда ғарқ пишган меваларим бор.
Умидим – баҳомни қилмас сира кам
Қадримни билгувчи холис харидор.

Собит дарахт каби келдим йиғиниб,
Ҳар қандай сўроққа турибман-ку шай.
Томирларим титрар – бир бор йиқилиб,
Имтиҳонга қайта кирган толибдай.

Мадад бер, Боғбоним, эй олий пешво,
Саодат нафаси сиғмас ўпкамга:
Баҳорга гул билан чиқажак пешвоз –
Кузнинг синовидан омон ўтганлар!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг