ТЕАТР — ҲАЁТ, ҲАЁТ — ТЕАТР

173

Мамлакатимиз театрларида кечаётган ­бугунги ижодий жараёнлар, мавжуд ютуғу муаммолар бирор-бир зиёлини бефарқ қолдирмаслиги табиий. Атоқли режиссёр, Ўзбекистон санъат арбоби Олимжон ­САЛИМОВ билан суҳбатимиз театр санъатимизнинг бугунги ҳолати, умуман, саҳна санъатининг ижтимоий вазифалари ва соҳада ечимини кутаётган муҳим масалалар хусусида кечди.

— Ўтган аср тонгида жамиятни ислоҳ қилиш тараддудига тушган жадид боболаримиз театрни муҳим минбарга айлантирган эдилар. Бир асрдан зиёд вақт мобайнида ўзбек театри катта тарихий йўлни босиб ўтди, истиқлол даврида анъаналарини давом эттирди. Хўш, миллий театримиз халқимизнинг маънавий эҳтиёжларига қай даражада жавоб бераётир?
— Жадид боболаримиздан Маҳмуд­хўжа Беҳбудий театрни “ибратхона” деганида, Абдулҳамид Чўлпон: “Тиётр деган нарса санойи нафиса(санъат)- нинг энг олий қисми. Улсиз бир миллатни бор деб бўлмас. Маданий миллатларнинг ўсиш даражасини билмак учун тарозуга солинганда тарозунинг ўртасида ярқраб турадурғон саноий нафиса ва унинг бир қисми бўлган тиётрдир”, деб таъриф берганида, улар театрнинг бениҳоят юксак санъат, миллатнинг маънавий обрўси, уни бошқа миллатлар олдидаги нуфузини белгиловчи восита эканини эътироф этишган. Шунингдек, инсонларнинг асл ҳолати, камчиликларини намоён этувчи “кўзгу” эканини ҳам таъкидлашган.

Юз йилдан зиёд тарихга эга бўлган ўзбек театри жадид боболаримиз орзу қилган миллий театрни шакллантиришга ҳаракат қилди. Бизнинг театр 70 йил шўролар ғоя­си қолиплари асосида ривожланди, маълум сиёсатга хизмат қилди. “Шаклан миллий, мазмунан социа­листик” шиори остида, “социалистик мазмун” ўзбек театрининг “шаклан миллий” бўлишига имкон бермади. Шундай бўлса-да, саҳна санъатимиз шу даврда профессионал театр сифатида шаклланди, миллий театримизнинг беқиёс иқтидорли авлоди юзага келди.
Қарийб 30 йиллик мустақиллик даврида ўзбек театри миллий қиёфасини топиш учун астойдил изланди. Бу йўлда муайян натижаларга эришилди ҳам, лекин театримизда миллий мазмунни замонавий саҳна воситалари билан ифодалаш услуби бутунлай шакллангани йўқ. Бизда ҳали ҳам собиқ совет давридан қолган “буни кўрсатиб бўлмайди”, деган ҳадик, қўрқув сезилиб туради. Театримиз бугун бирмунча жасоратли бўлиши, жамият ҳаётининг олд сафида юриши лозим. Бунинг учун театрга кутилмаган кучли, мақсадли импульс керак. Бундай кучли туртки ҳукумат томонидан мақом, рақс, бахшилик, кино санъатига берилди ва бу ўз натижаларини яққол кўрсатяпти.
Фикримча, бу ишни амалга ошириш учун мамлакатимизга дунё­нинг энг илғор театрларини таклиф қилиб, худди халқаро “Шарқ тароналари”, “Мақом анжумани” сингари “Халқаро театр фестивали”ни ўтказиш лозим. Шунингдек, Ўзбекистон Театр арбоблари уюшмасининг маданий ҳаётимиздаги ўрнини мустаҳкамлаш, уюшманинг мақоми, аниқ манзили, вазифаларини белгилаш ва унинг қошида “Ўзбекистон театр арбоблари академияси”ни ташкил қилиш мақсадга мувофиқ. Бугун жамият ҳаётида долзарб аҳамият касб этаётган мавзуларга бағишланган саҳна асарларини давлат буюртмаси асосида саҳналаштиришни йўлга қўйиш керак.
— Сир эмас, ҳозирда режиссура театр санъатимизнинг энг муаммоли нуқталаридан бири. Ҳамон катта авлод режиссёрларининг тажрибаси асқотмоқда, улардан кейин ижодий эстафетани қўлга оладиган янги авлод эса, таассуфки, майдонга чиқмаяпти. Ваҳоланки, театр тақдирини ҳал қиладиган шахс – режиссёр экани кундек равшан. Сизнингча, масалага қандай ечим топиш мумкин?
— Ёш режиссёрларнинг янги авлоди майдонга чиқмаяпти, деган фикрингизга унчалик қўшилолмайман. Сабаби, ҳозир кўп­ги­на театрларимизда бош режиссёрлик лавозимига ёшлар тайинланган. Улар бутун вужуди билан ишга киришган, шу вақтгача бир нечта арзигулик спектакллар саҳналаштиришга ҳам улгуришди. Ўзбек Мил­лий академик драма театрининг “Жалолиддин Мангуберди”, Жиззах вилоят мусиқали театрининг “Айиқ”, “Тошкентга саёҳат”, Наманган вилоят мусиқали театрининг “Ўлан”, “Оромижоним сен ўзинг”, Андижон вилоят мусиқали театрининг “Юлдузли тунлар”, Ўзбекистон давлат драма театрининг “Сенга интизорман” спектакл­лари фикримнинг ёрқин далили. Бердақ номидаги қорақалпоқ театрида саҳналаштирилган “Лувр ўрдаги” спектакли Бишкекда ўтказилган “Айтматов ва театр” халқаро фес­тивали­да катта муваффақиятга эриш­ди, ёш режиссёрларнинг рес­публика “Дебют” фестивалида ғолиб бўлди. Бу ёшларнинг бари шогирдларим, улар билан фахрланаман. Ушбу спектаклларда ёш режиссёрларнинг шижоати, дадиллиги, мақсади, ижодий позицияси аниқ сезилиб турибди. Энди уларни қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш, рағбатлантириш зарур.
Саҳна санъатининг тақдири, бугуни ва эртаси театр режиссёрига, унинг иқтидори, дунёқараши, ватанпарварлиги, ижодий салоҳиятига боғлиқлигини бутун дунё билади. Жаҳондаги юзлаб машҳур театрларнинг режиссёрлар номи билан аталиши ҳам бежиз эмас. Бутун дунё билади, биз ҳам биламиз, фақат амалда… режиссёрнинг асл мавқеи, имкониятлари, ҳуқуқлари аниқ белгиланмаган.
Биринчидан, театр режиссёрининг театрдаги ўрни (мақоми) “совет даври”дан қолган қоидалар асосида ўлчанади. Театр бадиий интеллектуал санъат маскани бўла туриб, унинг бутун тақдири ижодкор режиссёрга эмас, театр директорига – ташкилотчи, бошқарувчи, иқтисодчи киши қўлига топширилган. Тиббиёт муассасаларини бош шифокор бошқаради, чунки у жойда энг муҳим фаолият – инсон саломатлиги назорат қилинади. Бу масалада фақат шифокор ҳал қилувчи. Театрда энг муҳим фаолият санъат – бадиий юксак спектакль! Лекин бу ерда бош режиссёр ҳеч нарсани ҳал қилмайди! Театрда унинг ҳеч қандай юридик ҳуқуқи йўқ. Назаримда, театрлар бошқарувини унинг асосий ижодкори – бош режиссёр (бадиий раҳбар) ихтиёрига бериш лозим эди.
Иккинчидан, ҳозир театрларда иш бошлаган ёш режиссёрлар ҳимоя­га муҳтож! Театрларнинг эски иш юритиш тизими, театр жамоасида илдиз отган “иқтидорсизлик”, “гуруҳбозлик”, “ижоддаги юзакилик”, бунга яна “директор яккаҳокимлиги” қўшилса, ижодкор режиссёрнинг мақсадларини амалга ошириши деярли имконсиз бўлади. Ижодни талаб қилган режиссёр эса ўша заҳоти “қаҳри қаттиқ, жамоа билан тил топишолмаган” бўлиб чиқади ва дарҳол унинг устидан юқорига “хат ёзишади”. Мен театрларда ҳақиқий ижод билан шуғулланаётган ҳар бир режиссёр Маданият вазирлигининг ҳимоясида бўлиши лозим, деб ҳисоблайман.
Учинчидан, режиссёрлик кас­би­га ўқимоқчи бўлган ёшларни танлаш ва уларни ўқитиш тизими ислоҳотга муҳтож. Кўп йиллар давомида Санъат ва маданият институтида бўлажак ҳамкасбларимга сабоқ бердим, бу соҳадаги муаммоларга гувоҳ бўлдим. Агар биз режиссёрларни ўқитаётган бўлсагу улар театрга келмаётган бўлса, демак, таълим тизимида қандайдир жиддий хатога йўл қўйяпмиз. Буни ўз вақтида англаб, бартараф этишимиз жуда ҳам муҳим. Ўрта мактабни тамомлаган ҳар қандай ўқувчи режиссёрлик касбини эгаллашга тайёр бўлмайди. Бу соҳада ўқимоқчи бўлган ёшлар институтга келгунларига қадар театр санъати, режиссёрлик касбининг алифбоси билан таниш бўлишлари, оз бўлса-да, амалий тажриба орттиришлари керак ёки режиссёрлик иккинчи касб сифатида ўқитилса тўғри бўлади, деб ўйлайман.
Яна бир гап. Режиссёрларнинг ойлик маошлари улар касбий мажбуриятларининг мураккаблигига нисбатан жуда паст белгиланган. Институтни битирган жуда кўп ёш режиссёрлар театрга бормай, мутлақо бошқа ишлар билан шуғулланаётганининг асосий сабабларидан бири ҳам шу. Ҳозирда театрни бошқараман, деб майдонга чиққан шогирдларимизни қўллаб-қувватлаш, ҳимоя қилиш, имконият яратиб бериш зарур вазифалардандир.
– Жаҳон классик драматургиясини саҳналаштириш театр­нинг чинакам ижодий салоҳиятини синовдан ўтказиши маълум. Ўзбекис­тон давлат драма театри­га бош режиссёр этиб та­йин­ланганингиздан сўнг даставвал итальян драматурги Карло Гольдони­нинг “Икки бойга бир малай” комедия­сини саҳнага қўй­­­­дин­гиз. Назаримда, бу обдон ўйланган танлов эди, айнан “Комедия дел-арте” (“ниқоблар комедияси”) услубида яратилган мураккаб асар орқали театрдаги мавжуд қолиплар парчаланди, актёрларнинг имкониятлари кенгайди, театр ҳаётида ижобий ўзгаришлар кузатилди. Бироқ бу жараён барча театрларимизда ҳам тизимли эмас, мумтоз асарлар ўрнига репертуарлар “ҳазми енгил” томошалар билан тўлдирилаётгани кишида таассуф уйғотади…
— Миллий театримизнинг буюк бир авлоди классик драматургияда шаклланган ва шуҳрат қозонган. Аброр Ҳидоятов – ­Отелло, Шукур Бурҳонов – Эдип, Олим Хўжаев – Юлий Цезар, Сора Эшонтўраева — Дездемона, Наби Раҳимов – Яго ва ҳоказо. Албатта, ҳар бир спектакль, аввало, томошабин учун саҳналаштирилади, шу билан бирга, ҳар бир спектаклнинг театр ривожида ўз ўрни бўлади. Мумтоз драматургиянинг эса театр бадиий-ғоявий даражасини ошириш, актёрлар маҳоратини чархлашдаги аҳамияти беқиёс.
Театр ислоҳотчиси, буюк Станиславский яратган “актёрнинг қиёфа­га кириш санъати” театрларимизда жуда ҳам ноёб ҳодисага айланган. Актёр ҳар бир ролига мос ижро услубига эга бўлиши, бу услубни яхши эгаллаши ва ундан моҳирлик билан фойдалана олиши шарт. Афсуски, актёр бунга институт даргоҳидан тайёр бўлиб келмайди, бу тажрибани у айнан театрда орттиради. Шу боис театрларимиз актёрлик ижро услубларининг турли йўналишларини амалда синаш­лари жуда ҳам зарур. Станиславс­кийнинг “кечинма театри” услуби, Франция театрида туғилган “комеди дель-арте” театри, Брехтнинг “эпик театри” ва яна бир қанча замонавий театр услубларини қачон ва қандай қўллаш кераклигини актёрларимиз беш қўлдай билишлари зарур. Лекин, афсус…
Театрларда классик асарлар танлашда: “… бу асар қатнашувчиларини ижро қиладиган актёрлар йўқ”, “бу асарни саҳналаштиришга кучимиз етмайди…” қабилидаги принцип мавжуд. Бу қоида ҳамма вақт ҳам тўғри эмас. Театр доимо тажриба ўтказилиб туриладиган ижодий майдон. У ўз имкониятларини чархлаб бориши, янги шакл ва ифодалар излаши, керак бўлганида, уни ихтиро қилиши ҳам лозим. Кўплаб актёрлар театрда бир хил “амплуа” – қолипга тушиб олиб, бир умр мутлақо бош­қа ижро услубида ҳам роль ижро қилиш қобилиятлари борлигини билмай ўтиб кетадилар. Бу фожеа!
Театрлар, албатта, йилда битта классик асарни саҳналаштириши даркор. Тўғри, буни мажбурлаб бўлмайди, лекин театр бош режиссёри, бадиий кенгаши бунга жуда жиддий қараши керак.
– Барча санъатлар сингари театр ҳам замон билан ҳамнафас бўлмоғи лозимлигини кўп таъкидлаймиз. Аммо амалда бунга эришиш қийин. Табиий савол туғилади: замонамизнинг муҳим масалалари театрда акс этмаётганини даврнинг шиддаткорлиги билан хаспўшлаш қанчалик тўғри?
– Барча санъатларга қўйилган талабларни театрга ҳам қў­йиб бўлмайди. Чунки театр кино, телевидение ёки газета, журналлар каби ҳозиржавоб бўлолмайди. Унга муайян санага бағиш­лаб спектакль саҳналаштириш вазифасини юклаш тўғри эмас. Театрнинг туб мазмуни, асосий вазифаси – “инсоншунослик” – психологик мураккаб жараён. Шу нуқтаи назардан саволингиздаги “замонамизнинг муҳим масалалари” ёки “замонавий қаҳрамон” тушунчаларини театрнинг табиатидан келиб чиқиб тушуниш керак. Замонамизнинг муҳим масалалари театрда акс этиши учун ёки замонавий қаҳрамонни саҳнага олиб чиқиш учун, аввало, драматург бу ҳодисанинг театр руҳига мос моҳиятини ҳис қилиши, уни ифодалаш услубини топиши зарур. Биласиз, театр бир неча санъатларнинг уйғунлигидан туғилади. Даврнинг долзарб муаммоларини газетада, телевидениеда қандай бўлса, шундайлигича театрга кўчириб бўлмайди. Масалан, ўз касбини сидқидилдан, юрак амри ила бажараётган тадбиркор, боғбон, қурувчи, шифокор характерлари ва қаҳрамонликларини театр ўта таъсирчан, мутлақо кутилмаган шаклда кўрсатиши лозим. Агар, театрни замона шиддаткорлигига мосламоқчи бўлсангиз, театр “буюртма”нгизни бажаришга киришиб, қаттиқ уринади, кучанади, қийналади, вазифани қайсидир даражада уддалайди ҳам. Лекин натижаси саҳна табиатидан йироқ, юзаки, сохта бўлиб чиқаверади. Театрга “буюртма”ни давр­нинг ўзи беради. Давр талаби билан туғилган асар – спектакль, ҳақиқий санъат асари. “Темир хотин” айнан шундай талаб билан яратилган асар эди.
Вақти-вақти билан театрларимизда муайян саналарга, алломаю шахсларга бағишлаб фестиваллар ўтказиб турилади. Амир Темур сиймосига бағишланган фестиваль эсимда, Соҳибқирон ҳақида пьеса ёзмаган бирор драматург қолмади, драматургияга ҳеч қачон қўл урмаган ёзувчиларимиз ҳам ёзишди. Ушбу асарларни республикада саҳналаштирмаган бирор театр қолмади. Истаган актёр эгнига зар тўн, бошига тож кийса, Амир Темур бўлаверди. Худди шундай Аҳмад Фарғонийга бағишланган фестиваль, “Сени куйлаймиз, замондош” фестивали. Кейин Чингиз Айтматов, ундан кейин Абдулла Қодирий… Театрларимиз ҳаммасининг ҳам уддасидан чиқди. Бироқ мажбуриятлар исканжасида бадиий юксак спектакль яратиб бўлмаслиги аён бўлди.
— Яқинда таниқли адиб Хуршид Дўстмуҳаммаднинг Абдулла Қодирийга бағишланган “Ёлғиз” қиссасини муваффақиятли саҳнага қўйдингиз. Адабий жараённи мунтазам кузатасиз, ёзувчи, адабиётшунослар билан ҳамкорлик қиласиз. Афсуски, шу жиҳат бошқа театрларимизга етишмайди. Замонавий драматургияга жиддий эҳтиёж сезилаётган палла адибларни театрга жалб қилиш, насрий асарларни саҳналаштириш муҳим аҳамият касб этади. Бу борадаги мулоҳазаларингизни билмоқчи эдик.
— Ҳамма даврларда, ҳатто Шекспир замонида ҳам адабиётнинг драматургия жанридан кўра, насрда ёзилган асарлари кўпроқ ва кучлироқ бўлган. Бу драматургларнинг ношудлигидан эмас, драматургия ўта мураккаб жанр эканидан далолат. Драматургиянинг қонунлари жуда ҳам жиддий ва чегараланган. Шунинг учун ҳамма ёзувчилар ҳам драматургия билан шуғулланишмайди, айниқса, яхши ёзувчилар. Шундай ҳазилнамо гап бор: “Драматургларнинг яхшиси ва ёмони бўлади. Ёмони ёмон пьеса ёзади, яхшиси умуман ёзмайди”. Умуман ёзмаганидан кейин нима қиласиз, яхши ёзилган насрий асарга мурожаат қиласиз-да! Насрий асарларни саҳнага мослаштириш – бу театр ривожининг муҳим жиҳати, ижодий жараённинг энг ноёб, юксак паллалари. Изланишларнинг мароқли кезлари, ижодкорларга берилган имкониятларнинг кенглиги. Бутун бир китобни саҳнага жойлаштириш, бир спектакль вақтига роман ёки қиссани сиғдириш – ниҳоятда қизиқарли ва мураккаб вазифа. Ўзини “театрман” деган ижодий жамоа вақти-вақти билан, албатта, бу жараёндан баҳраманд бўлиб туриши керак. Режиссёр, рассом, актёрлар ихтиёрида катта манба – роман бор, ўз ижодий тасаввуринг­ни ишга солиш, истеъдодингни намоён этиш учун айни муддао бу.
Афсус, биз режиссёрлар доим ҳам адабий жараённи кузатмаймиз, тан олиб айтайлик, ўқимаймиз! “Ўзбекистон адабиёти ва санъати”, “Китоб дунёси” газеталари, “Шарқ юлдузи”, “Жаҳон адабиёти” журналларининг ҳар бир сонида саҳна асари бўлишга арзигулик ҳикоялар, қиссалар, романлар эълон қилинади. Шуларни диққат билан ўқиган режиссёр ўз дидига мос асар топиб, саҳнага қўйишига ишонаман.
— Замонавий медиа олам – кино, эстрада, клип, концерт, турли шоу ва ҳоказолар аксар оммани ортидан эргаштираётир, бундай шароитда театрга қизиқиш бирмунча сусайди. Хўш, бугун тобора виртуаллашиб, асл қадриятларидан йироқлашиб бораётган одамларни, айниқса, ёш авлодни қай йўл билан театр­га қайтариш мумкин?
— Ҳозир саволингизга, ёшларни қизиқтираётган муаммоларни акс эттирувчи асарлар ёзилиб, саҳналаштирилса, уларни театрга қайтариш мумкин, деб жавоб берсам, балки сизни рози қилган бўлардим. Таассуфки, қайтариш мумкин эмас. Асл қадриятларидан йироқлашаётган инсонларни қайтариб бўладими? Боз устига, театрга. Йўқ, бундай бўлмайди. Театрга қайтариб бўлмаслигининг сабаби, улар ҳеч қачон ўша театрда бўлишмаган, болаликдан ошно тутинишмаган, уни танимайдилар, билмайдилар ҳам. Аслида уларни анча олдин театр билан яхшилаб таништириш, театрга эҳтиёжманд қилиб тарбиялаш лозим эди.
Адашмасам, бизнинг мактаб­ларимиз, коллеж, ҳатто институтларимизда ҳам адабиёт дарслари асосан маъруза тарзида ўтилади. Англия, Япония, Франция, АҚШ сингари ривожланган мамлакатларнинг ўқув юртларида эса амалий машғулотларга урғу берилади. У ердаги адабиёт дарслари театрнинг ўзгинаси. Болалар ҳар бир ўрганаётган асарларини ижро қиладилар, аввал бадиий ўқишлар, кейинчалик ҳаракатли ижролар, сўнг роллар ижро қилиш ва тузуккина спектакль саҳналаштириш билан якунланади. АҚШдаги ҳамма катта университетлар ўзининг театр биносига эга ва бу театрларда доимий спектакллар намойиш қилинади. Мен ушбу мамлакат театр санъати билан танишиш асносида Вермонт штатида бир ойга яқин бўлиб, уларнинг театрга муносабатига тасаннолар айтдим. Ҳар бир мактабда, албатта, қўғирчоқ театри мавжуд. Қўғирчоқларни болаларнинг ўзлари ясашади, сюжетларни ҳам ўзлари топишади, ёзишади, саҳналаштиришади. Океан ортини қўя туринг, ўқувчилик пайтларимиз қишлоқ мактабларида ҳам театр тўгараклари бўларди, битирувчи синфлар тузуккина спектакль саҳналаштирарди. Қизиғи шунда­ки, спектаклда роль ижро қилганларнинг ярми ўқувчилар, ярми ўқитувчилар бўларди.
Кези келганда “инсонларни театрга қайтариш” масаласида бир фикрни айтишни хоҳлардим. Театр – оммавий санъат эмас, хос санъат. Унга ҳамма томошабин бўлиши мумкин, лекин у барчага бирдай ёқмайди, таъсир ўтказа олмайди. Унинг ўз томошабини бор. У фақат томоша қилмайди, саҳнадаги ижодкорлар билан бирга спектаклда қатнашади, актёрларга мадад беради, уларни ўз хайрихоҳлиги, муносабати билан рағбатлантиради. Мен ҳар бир спектаклда театрнинг ҳақиқий томошабинларини кузатишни ёқтираман. Улар оз эмас. Томошабинларнинг аксарияти спектаклнинг маълум кўринишларига ёки бир актёр ижросига муносабат билдириб, қарсак чалади. Мен спектаклнинг мутлақо кутилмаган жойларида жўшқин муносабат билдирган томошабинни излайман, керак бўлса, шунга қараб спектаклнинг баъзи кўриниш­ларини ўзгартираман ҳам.
Театрларимизда ана шундай томошабинлар кўпаяверсин. Улар театрдан узоқ кетишмайди, уларни қайтаришнинг ҳам ҳожати йўқ.

Шоҳрух АБДУРАСУЛОВ
суҳбатлашди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг