БОБОЛАРДАН ҲИКМАТЛАР СЎЙЛАР БОБО ЧИНОРЛАР

110

Минҳожиддин МИРЗО

Кўнглим
Айтсам, Ватан, жамбилу райҳонларингда кўнглим,
Қуёш учун тахт тиккан осмонларингда кўнглим.
Минг томирим туташган тупроғингдан сўйлайми,
Қизғалдоклар байт битган бўстонларингда кўнглим.
Бир диллар бор бағрингда, қалбим ундан нур тотган,
Булбулзабон шоирлар баҳорларни уйғотган,
Миллатим, деб куйласам, минг йиллар сурилгайдир,
Мангу элга қасида, достонларингда кўнглим.
Яшил бахмал қирларинг кўк дўппидай тизилган,
Поёнсиз ўрикзорлар оппок, нурдан чизилган,
Тўрт фасл ҳам бағрига қут-барака ёғилган,
Еру осмон туташган сайҳонларингда кўнглим.
Боболардан ҳикматлар сўйлар бобо чинорлар,
Какликларинг тонг саҳар ғазал айтар – бийронлар,
Кафтингдан сув ичади қоракўзли жайронлар,
Хонгуллар хондай юрган ўрмонларингда кўнглим.
Ул Абдулла Қаҳҳорнинг улуғ кўнглин гувоҳи,
Ҳар бир гули Зулфия, Саиданинг ҳамроҳи,
Адабиёт олами – эзгуликнинг паноҳи,
Гоҳи Зомин, гоҳида Дўрмонларингда кўнглим.
Охир оҳу зорлардан, армонлардан гул унди,
Ағёрлар отган тошлар, маломатлар ҳам тинди,
Истилонинг занглаган, қотил яроғи синди,
Шундан сўзим муаттар Чўлпонларингда кўнглим.
Ўтди қанча дил аҳли, Мир Алишер, Бобурлар,
Машраб, Фуркат, Огаҳий, Бердақлару Собирлар…
Куйлаб яшаган каби Муқимийдек нодирлар,
Ўзим ҳар жойдаман, лек жононларингда кўнглим.
Бунда бедор пешволар ниятидан билгулик,
Улар меҳри қуёшдай, бутун элга етгулик,
Ҳар сатрида бахт қуши, қанотида эзгулик –
Тафтидан жон исинган фармонларингда кўнглим…
* * *
Суратинг, то хаёлинг,
Меҳмондир кўз ичинда,
Мангу ишқ Каъбаси ҳам
Пинҳондир кўз ичинда.

Сўрма киприклар нечун
Ёш тутарлар биллурдай,
Ҳар лаҳзада умидвор,
Ҳижрондир кўз ичинда.

Бетоқат нечун мардум,
Унга аёндир қалбим,
Кўнгилдан кўчган дардим,
Гирёндир кўз ичинда.

Боқсанг қанча ҳасрат бор,
Ўқисанг қанча дард бор,
Киприклар битган байтмас,
Девондир кўз ичинда.

Ой
Сен назар қилдингки андин,
Бағри бутун, тўлмиш ой.
Бир нигоҳдан ажиб дилдор,
Ажиб зебо бўлмиш ой.

Маъшуқ дийдорини қўмсаб,
Минг кеча зор ўтган бор,
Минг бир кечалар бахтин
Бир кечада кўрмиш ой.

Бахт лаҳзасин тутиб бўлмас,
Афсус, ўтгайдир қувонч,
Олов бағри бу кун музлаб,
Ранги рўйи сўнмиш ой.

Кўкда бахтдан порлар эди,
Энди бағри доғу доғ,
Мангу ҳижронда яшашга,
Ё, менингдек кўнмиш ой…

* * *
Дунё мунаввардир шаксиз фикратдан,
Заковат меросдир дониш Суқротдан.
Жаҳон кўксин жоҳил гар яро қилса,
Оқил малҳам босар унга ҳикматдан.

Қабоҳат ўти ҳам ўчгайдир шаксиз,
Башар келишмаса разолат билан.
Дунё қисматига бўлмас журъатсиз
Жоҳилни жиловлар адолат билан.
Инсон ҳаётида бордир ишора,
Умрин хотимаси қисматига хос.
Шайтон измида у бўлса бечора
Қабоҳат измидан бўлолмас халос.

Дерлар, дўзахийлар феълидан аён,
Дунёга ўт қўйиб яшар ундай зот.
Башарга эзгулик соғинган қалбда
Жаннатни кўргайдир шаксиз одамзод.
* * *
Ишқ-ла мени айладинг,
Билмам ё муборакбод,
Кўнглингни юмшатдиму
Кўнглимдан учган фарёд.

Нега келдим дунёга,
Бебаҳра бўлсам ишқдин,
Билсанг ишқ-ла ҳаётдир,
Ташна бу одамийзод.

Осмон тўла юлдузлар,
Менга кўзгудек боқар,
Бетин аксинг излайман,
Кўнглим қилмоқ бўлиб шод.

Руҳим майлин англолмай,
Сиғмас бу дил жисмима
Айтгил ўзинг кўксимда,
Нени айладинг ижод?

Қаламимдан тўкилар,
Оқ қоғозга дард гули,
Маржонларга айланар,
Юракда уйғонган дод.

Шаббодалар тилида,
Шивирингни эшитгум,
Наҳот мен ғарибингни,
Бир лаҳза айладинг ёд?

Шу лаҳзалар ҳурмати,
Фидо бўлсам арзийди,
Ошиқ дилга бунингдин,
Ортиқ бўлгайму имдод.

Энди қалбда очилган,
Гулим сўлиш билмагай,
Баҳорларим қалбимда,
Гуллаб ўтгум умрбод.
* * *
Кўҳнадир дунё азал,
Дилга ишқ ёр, ёр ғазал,
Дарди Мажнун муфассал –
Шеър билан кўнгил гўзал.
Чексиздир ишқ ўлкаси,
Анинг йўқ чегараси,
Ошиқ кўнгил нафаси –
Шеър билан кўнгил гўзал.

У борки, умр шоён,
Қуёшдан нур бегумон,
Лавҳинг – баҳорий осмон,
Шеър билан кўнгил гўзал.

Мулки ишқ фуқароси,
Кўнгилда Карбалоси,
Дард – изтироб аълоси
Шеър билан кўнгил гўзал.

Руҳим бирла суҳбатда,
Не синоат рихлатда,
Бир дийдор бор, албатта,
Шеър билан кўнгил гўзал.

Шоир деган унвон бор,
Шеърда улуғ эҳсон бор,
Куйлай то танда жон бор,
Шеър билан кўнгил гўзал.

Деманг дилнинг армони,
Куймишки, Ҳақ фармони,
Дарди ҳижрон дармони,
Шеър билан кўнгил гўзал.

Бу кўҳна дард видодир,
Боқий маҳзун нидодир,
Шарҳки – ишқи Худодир,
Шеър билан кўнгил гўзал.

Шоирлик, ишқ мақомдир,
Бу кўнгил хонақодир,
Фаномас – дард бақодир –
Шеър билан кўнгил гўзал.

Кўнгилнинг аҳкоми бу,
Гоҳи субҳи, шоми бу,
Азал соқий жоми бу,
Шеър билан кўнгил гўзал.

Ишқ кўнгилга комдир,
Гоҳ даво, интиқомдир,
Бир дардки бардавомдир,
Шеър билан кўнгил гўзал.

Деманг шарҳи ривоят,
Бу ишқдан бир ҳикоят,
Боқий шеър, нур ҳидоят,
Шеър билан кўнгил гўзал,
Шеър билан дунё гўзал!
* * *
Жондин сени кўп севармен, эй умри азиз.
Алишер Навоий

Эй гул, неки азиз эрур,
Ондин азизроқсен менга,
Ништаринг қоним оқизсин,
Қондин азизроқсен менга.

Иқлими Мажнун кўнгилга
Ишқки, бир шон дейдилар,
Шон дебон ёнмаску кўнглим,
Шондин азизроқсен менга.

Коинот базмида сонсиз
Сайёраларки рақс этар,
Ойки, сен ул сонга боқмам,
Сондин азизроқсен менга.

Ким гулга кўнгил боғламиш,
Эркалаб “жон, жоним” демиш,
Ўксима чун “жоним” демам,
Жондин азизроқсен менга.

Тўртликлар

Умр гўё ёнаётган шам,
Лаҳзаларда ҳаёт кечади.
Ё тонггача етар ёғдуси
Ё тонггача эриб кетади…

* * *
Ибтидолар ўзидан келур,
Интиҳолар келур ўзидан.
Сўлмоқ вақти келгунича то –
Нур таралгай кўнгил кўзидан.

* * *
Кирланиш ердандир, покланиш кўкдан,
Гуноҳлар ердадир, афвлар Мавлодан.
Токи пок бўлсин деб бу олам, жаҳон
Найсонлар ёғдирар бизга самодан.

* * *
Ҳақдан топар диллар ирода,
Қалбимизда сабрдек чирой.
Кундуз қуёш биздан юз бурса,
Кечалари ёлғиз қўймас ой!

* * *
Кўрдинг дил, дилларнинг аёзларини,
Ўқидинг гоҳ лофдек баёзларини.
Баъзиси гирдобдай домига тортар,
Кечиб ўтсанг бўлар саёзларини.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг