ШЕЪР КАНДАКОРИ

74

Жорий йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси “Ижод” фонди кўмаги билан таниқли шоир Абдумажид Азимнинг “Тонг табассуми” шеърий тўплами чоп этилди.

…Ўтган асрнинг саксонинчи йилларида “Ёш­лик” журналининг дунёга келиши адабий ҳаётда катта воқеа бўлганини яхши эслайман. Журналнинг илк сонида устоз шоиримиз Абдулла Орипов сўзбошиси билан чиққан Абдумажид Азимнинг жўшқин шеърлари кўзимга чўғдай кўринганди. Баҳор ҳақида битилган ушбу сатрлар ҳали-ҳалигача ёдимда:
Баҳор бу ўлкага келганда такрор,
Уфура бошлайди гулгун насимлар.
Умрим, баҳорларинг кузатдинг бедор,
Қуш бўлиб учганда зангор фасллар.
Ўтган вақт мобайнида шоир ижоднинг машаққатли йўлларида узоқ вақт изланди, ижодга берилди, ўзлигини топгунига қадар шеърий машқлардан тўхтамади. Таъбир жоиз бўлса, Абдумажид акани кандакорга ўхшатган бўлардим. Кандакор мис буюмга олов билан нақш битганидек, шоир қаламини “олов сиёҳдон”га (Рауф Парфи) ботириб шеър битади. Чиндан ҳам Абдумажид Азим уйғоқ қалб руҳини шеъриятда қандай ифодалаш маҳоратини эгаллаш учун узоқ йўл босди. Илм ва ҳаётий тажриба, қолаверса, изланиш­ларидан ке­йин дунёқарашидаги хулоса ва ечимлар ёрқинлашгач, инсон руҳиятига янада теранроқ назар ташлай бошлади. Абдумажид ака ўзининг бетакрор ижоди билан шеъриятнинг оддий кандакори сифатида онг қатламлари ва ҳиссиёт қатларидан ўтган аср мафкураси занг­ларини кўчириб ва ўчириб, ўзлигини анг­лаш ва англатиш сари дадил бораётгани қувонарли ҳол, албатта.
Шоирнинг навбатдаги “Тонг табассуми” шеърий китоби бир ижодкор умрининг ўзига берган сарҳисоби, ҳаётда ва ижодда топиб-йўқотганларининг бевосита бадиий ифода ва инъикосидир. Бу тўп­ламдан турли муносабатлар баҳонасида ёзилган шеър­лардан ташқари шеъриятимизнинг ўзига хос изланиш ва кашфиётларини ифода этадиган талай шеърлар ўрин олган. Бир тўртликда шоир шундай дейди:
Ўзим ўзим билан юзлашадурман,
Ўзим ўзим билан бўзлашадурман,
Худдики оламда бир ўзим якка,
Ўзим ўзим билан сўзлашадурман.
Шоир узоқ вақт ўйланиб, ўзини тафтиш қилганидан кейин ушбу хулосага келган. Бу ҳаёт ўзанида муттасил бир хил оқмасдан гоҳ шитоб, гоҳ сокинлик билан ўтаётган умрини сарҳисоб қилиш ва тушунтиришнинг ўзига хос усули. Бу узлатга чекиниш эмас, асло. Аниқроғи, бу айни кунда техника тараққиёти, уяли телефонлар замонида тобора ёлғизланиб, ўзига ҳамдард ва ҳамроҳ тополмаётган ХХI аср одами образидир. Ўзлигини тафтиш этиш ва излаш жумбоғига ушбу сатрларда жавоб ахтарилган:
Ҳаёт араваси лоқайд имиллар,
Одамлар яшамас, фақат ғимирлар.
Ана шу вақтда шоир ўзини, ўзлигини ахтариб йўлга тушади. Бу йўл шоирни ҳаёт моҳиятини анг­лаб етиш, инсон каби ҳаёт кечириш сари элтади. Шоир яшаётган умридан ҳам хижолат тортади, бу сабил умрни нима қиламан, деб ўйлайди?
Тузоғида нафс – рўёни
Ўз-ўзингни азобга солдинг.
Танимасдан ҳали дунёни
Ҳақ эгамга сен осий бўлдинг.
Ўз оламида, сўз муҳитида сокин яшаётган кандакор шоир бутун ғусса ва оғриқларини гўё қалбида мунчоқ шодаси каби тизаётгандек:
Тўлиб тошса ҳамки дардим ичимга,
Дастурхон қилмадим аммо ҳеч кимга,
Имон чироғини ёқиб кўксимга,
Бедор бўлай дедим, ҳеч бўлмаганда.
Бу дунёга келиб-кетишни-ку, ҳамма ҳам англаб етар. Аммо яшамасдан ўтишни анг­лай бошлаган ижодкор энди хаёл суриб ўтириш ҳам жоиз эмаслигини тушунади:
Тақдир азал келмоғу кетмоқ,
Ажал лаҳза турмайди кутиб.
Алам қилар яшамасдан, оҳ,
Кетганингда дунёдан ўтиб.
У шиддат билан ўрнидан қўзғолиб ҳаракатга тушади. Ўзи билан ўзи курашни бош­лайди.
Кибринг жандасига чирмаб танингни,
Ишқ аҳлиман, дея чалма ноғора.
Ўлдирмай ичингда ётган ғанимни,
Ўзингни ахтариб бўлма овора…
Ҳа, бу ҳолнинг моҳиятига етиш осон эмас. Не-не улуғ алломалар ҳам бу ҳол олдида ўзларини забун ҳис этганлар. Ичдаги ғаним – нафс. Уни маҳв этиш ўта мушкулдир.
Моҳир ва уста кандакор каби “олов сиёҳдон”га қалам ботириб, аввало, ўзлигини ва бу оламни англаш, таҳлил қилиш, тавсифлаш ва шарҳлашга чоғланган Абдумажид Азимнинг поэтик чизгиларида бўёқларнинг ўта жозибали ва мафтункор жилваларини кўрасиз. Айни ҳақ йўлни топиш ва унга иқрор бўлиш ижод аҳлига бир сабоқдир. Шоир­нинг ютуғи шундаки, у ўз қалби садоларига қулоқ тутмоқда. Айни маънода ижодга бағиш­ланган фурсатлари ва бебаҳо умри шамолга соврилмагани қувонарли. Бу йўлда шоирга сира толманг деймиз, соғлом ва иймонли қалбнинг мевалари қиёмига етиб пишишини, шеърга ошно қалбларни оҳанрабодек ўзига тортишини тилаб қоламиз.

Бобомурод ЭРАЛИ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг