СЎЗ ЧАМАНИДАГИ НАФИС ГУЛЛАР

81

Куни кеча Адиблар хиёбонида, Алишер Навоий ҳайкали пойида шарқ мумтоз адабиётининг буюк намояндалари асарларидан жамланган китоблар тақдимоти бўлиб ўтди. “Сўз чамани” рукни остида чоп этилган ушбу тўпламларнинг барчасига ҳазрат Алишер Навоийнинг:
То топибон хуш такаллум тузай,
Сўз чамани ичра наво кўргузай –
байти эпиграф сифатида келтирилган.
Ҳазрат Алишер Навоий ижоди­дан сараланган гўзал ва беназир гулдаста ғазал шайдоларининг севимли китобига айланади.
Мавлоно Лутфийнинг ғазал, рубоий, туюқ ва қитъаларидан танлаб тузилган тўпламни тайёрлашда марҳум олим Содир Эркинов таҳрири остида амалга оширилган мумтоз шоир асарлари нашридан фойдаланилган.
Алишер Навоий таърифича, ўз замонасида шеъри туркий халқлар орасида кенг шуҳрат қозонган, кўп туркона айтган мавлоно ҳазрат Шайхзода Ато­йининг беқиёс ғазалларидан иборат рисола ҳам шеърият мухлислари кутган нашрлардан бири.
Оташқалб шоир, буюк илоҳий муҳаббат ва маърифат соҳиби Бобораҳим Машрабнинг ғазал, мурабба, мусаддас ва мухаммасларидан сараланган тўп­ламини тайёрлашда машраб­шунос Жалолиддин Юсуфий томонидан жамланган шоир девони асос қилиб олинган.
Сўз чамани ичра наво кўргизган алломалардан яна бири – турк­ман халқининг оташин шоири, барча туркий халқлар ардоқлаган ва ўз шоиридай севган ҳазрат Махтумқули шеърларидан тузилган.
“Сўз чамани” туркумидаги китоблар орасида озарбайжон мумтоз шоири, ошиқи содиқ Муҳаммад Фузулий ғазаллари ҳам китобхонлар эътиборини қозонади. Мажмуани тузишда аллома Холид Расул таҳрири остида чиққан Фузулий асарлари нашридан фойдаланилган.
– Мазкур туркумда чоп этилган китоблар орасида буюк озарбайжон шоири, ҳикмат соҳиби Муҳаммад Фузулий ғазалларидан тузилган тўплам ҳам борлиги учун ташаббускорларга миннатдорлик билдираман, – дейди тадбирда сўзга чиққан Ўзбекис­тондаги Гейдар Алиев номидаги Озарбайжон миллий маданият маркази ходими Кифоят Пирмамедова. – Маълумки, ҳазратнинг ғазалларини барча туркий халқлар таржимасиз ҳам тушунадилар.
Шарқ мумтоз шоирлари ижодидан саралаб жамланган ушбу китобларни Ўзбекис­тонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, шоир ва таржимон Мирзо Кенжабек илмий-маърифий изоҳлар билан нашрга тайёрлаган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ташаббуси ҳамда “Ижод” жамоат фонди ҳомийлигида “Akademnashr” нашриётида нашр этилган ушбу китоблар бежиримлиги ва шарқона безатилгани билан тадбир иштирокчиларида яхши таассурот қолдирди.
Алишер Навоий, Лутфий, Шайхзода Атойи, Фузулий, Машраб ва Махтумқули ижоди намуналаридан тартиб берилган мазкур нашрлар тақдимотига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ходимлари, шоирлар, адабиётшунослар, шунингдек, миллий маданият марказлари вакиллари иштирок этди.
Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари улуғ шоирларнинг ғазалларидан намуналар ўқишди.

Ҳумоюн АКБАРОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг