ТИЛИМ ҚАЛБИМНИНГ УЙҒОҚ СОЗИ БЎЛДИ

89

АДИБЛАР ХИЁБОНИДА

Тушди ўт жабру ситам давронига,
Сўз сўраб чопдим Навоий ёнига.

Ҳазратим шоҳона гумбаз остида.
Нур сочар орзуларин осмонига:

Ийманиб кўнглимни ёрдим ногаҳон,
Пиримиз, сўз мулкининг султонига:

– Беназир нурлик хиёбон ичрасиз,
Биз қадам қўйдик анинг айвонига.

Жам бўлибдур бунда юрт ўғлонлари,
Дош бериб қисматнинг бор тўфонига.

Айрилиқ савдосидан Бобур ҳануз,
Етмагай ғам-ғуссанинг поёнига.

Бизни Огаҳийдан огоҳ этди сўз,
Чорлабон кўнгилни ишқ майдонига.

Дилда Фурқат доғи қолди қатма-қат,
Ўртаниб ёнгай диёр афғонига.

Боғлади белни Муқимий ногаҳон,
Порахўрларнинг зулм фармонига.

Куйлади эл дардида Бердақ ёниб,
Боқди Мўйноқдан ҳаёт довонига.

Маърифат осмонига чиққан қуёш,
Сўнди Беҳбудийнинг Туркистонига.

Орзиқиб Тошкентни нурлиқ тонгларин,
Чўмди Авлоний илм уммонига.

Қодирий қодир Эгамнинг қудратин,
Билдирар дунёнинг кўп нодонига.

Кеча-кундуз ишқида жонин тикиб,
Учди Чўлпон ғуссанинг пайконига.

Ой чиқиб Ойбекка айлар эҳтиром,
Тунги Дўрмоннинг асл арслонига.
Ёшлигин ёд этса гар Ғафур Ғулом,
Айланар «Шум бола»нинг исёнига.

«Синчалак» қўлида Абдулла Қаҳҳор,
Бош эгиб тургай ҳаёт Боғбонига.

Мангуберди номини достон этиб,
Қўшди Шайхзода давр карвонига.

Зулфиянинг зулфлари сўроқлагай,
«Бахтли» Олимжонни ишқ бўстонига.

Сабрига ҳайкал қўйиб Саида зор,
Чорлагай Саидни дил ошёнига.

Битди озодликни Озод сўз билан,
Айланиб ҳақнинг Шараф қалқонига.

Кезди қалб гулзорида Эркин Воҳид,
Гуллади кўнглим унинг девонига.

Серқуёш юрт мадҳи бўлгай маҳлиё,
Тонгда Абдулла Ориф армонига.

Тўлмади, кўз ёшларин ичган Орол,
Оқди Иброҳим Юсуф домонига.

Чиқди майдонга «Қорақалпоқ» билан,
Эл Тўлепберган оға достонига.

Марҳаматнинг лолақизғалдоқлари,
Ёнди эл суйган Муҳаммад ёнига.

Ўзбекистон жон билан кирган эди,
Ул Александр Файнберг қонига.

Яшнаган тенгсиз адолат масканим,
Нур сочиб пешвоз чиқар Сарбонига.

Ҳур хиёбон ичра кездим айланиб,
Минг шукр тинчликнинг ҳар бир онига.

Ҳазратим айланг дуо, Ахтамқули,
Айланиб қолсин шу боғ деҳқонига.

* * *
Тилим қалбимнинг уйғоқ сози бўлди,
Ёниб ёзганларимдан рози бўлди.

Юраклар орзиқиб кутган замонда,
Севинчим андалиб овози бўлди.

Нечун, кўнглимни шудгор айлагай куз?!
Қўлимда айрилиқ қоғози бўлди.

Муҳаббат аҳлининг кошонасида,
Йиғилган байтларим парвози бўлди.

Ҳаётим ўтди ўтлиғ сўз ичинда,
Агар ўт олмасам, норози бўлди.

Бу дунё мен каби девонароқдир,
Давр додимга етмас қози бўлди.
Тикиб Ахтамқули жонимни Ҳаққа,
Хаёлимда юракнинг нози бўлди.

* * *
Жон дилимнинг косасида қон эди,
Гоҳи шодон, гоҳида гирён эди.

Дафтаримни қоралаб чиққан қуёш,
Қисматимда битмаган достон эди.

Унга жоним деб қилурман илтифот,
Жонни жонга боғлаган жонон эди.

Тушса дил қўрғонига пинҳона ғам,
Байтларим бошдан оёқ пайкон эди.

Ўлтирибман чўққилар поёнида,
Лаҳзалар кўз илғамас меҳмон эди.

Сарғайиб кўнглимга йўл овлайди куз,
Меҳнатимнинг ҳосили армон эди.

Кўҳна чарх бошимда тегирмонини,
Юргизиб қўйганда ҳам вайрон эди.

Жон эрур шайдойи Ҳақ, Ахтамқули,
Тан анинг гулзорида ҳайрон эди.

* * *
Юрак ҳижрон тиғидан пора бўлгай,
Қуёш қорачиғимда қора бўлгай.

Ҳилол ханжар қўйибдур гарданимда,
Нечун қотилларим овора бўлгай.

Учиб кетгум келар дил боғларидан,
Ғариблик қисматимга чора бўлгай.

Юрибман англамаслар оламида,
Дилим англайдиганлар зора бўлгай.

Бу гуллар хор этар Ахтамқулини,
Адашган булбули бечора бўлгай.

* * *
Сенинг кўнглингда боғинг бор,
менинг қалбимда доғим бор,
Қўлимда тунни уйғотмай
адо бўлган чироғим бор.

Ҳаёт сен саждагоҳимсан,
менинг пушти паноҳимсан,
Муҳаббат дилда оҳимсан,
қароғингда қароғим бор.

Ғазалга ғазнадир бошим,
ғазабнок кўздаги ёшим,
Ғанимга тегмаган тошим,
изингда катта тоғим бор.
Ҳама мактубларим куйди,
ғаму андуҳларим куйди,
Йиғилган дардларим куйди,
яқиним йўқ, йироғим бор.

Умидим учди тош янглиғ,
қулаб кетган қуёш янглиғ,
Замин айланса бош янглиғ,
кўзин очмас булоғим бор.

Кечиб пинҳона кўнгилдан,
кетай ғамхона кўнгилдан,
Ғариб девона кўнгилдан
чиқолмасдан сўроғим бор.

Оқар дарё бўлиб келсанг,
ўзингни дарбадар кўрсанг,
Югур Ахтамқули бўлсанг,
учар оту улоғим бор.

* * *
Бу гулзордан чиқиб кетдим
ёзиб япроққа зоримни,
Кўриб ўртанди булбуллар
хазон бўлган баҳоримни.

Тиконлар санчилиб ётган юрак
гул баргидек қотган,
Ололмас тунни уйғотган
ҳилол ҳам ихтиёримни.

Изимдан от солар дарё,
йиқилсам дод солар дарё,
Нуқул фарёд солар дарё,
юволмасдан ғуборимни.

Кўзимни тўлдириб ранглар,
оқар қонимда оҳанглар,
Танам танбурдайин янграр,
адо айлайди боримни.

Гулим олисда ранг олган,
қарочиқларда занг олган,
Бу кўнглимни аранг олган,
йўқотмай эътиборимни.

Не ёзсам, дилни деб ёздим,
адашган гулни деб ёздим,
Ўзимдек қулни деб ёздим,
соғинсам лолазоримни.

Олиб оҳимни дилхунлар,
чироқ айланг қаро тунлар,
Тамоми телба мажнунлар,
қабул қилсин қароримни.

Сатрлар қонидан кечдим,
юрак зиндонидан ечдим,
Чалиб, қалблар аро кўчдим,
фалак берган дуторимни.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг