МИЛЛАТНИНГ ЗЕҲНИ ИЛМ ҚУВВАТИГА БОҒЛИҚ

149

Кўпчиликка аён бир ҳақиқат бор: юртимиздан чиққан, илмий ютуқлари, маънавий мерослари юлдуз янглиғ ҳамон дунё маънавиятини ёритиб турган жамики алломалар, беназир донишмандларнинг ҳаммалари бошланғич таълимни оилада ота-онадан, сўнг мадрасаларда зукко мураббийлардан олишган. Алишер ­Навоий бобомизга, Ибн Синога, Беруний, Бухорий, Замахшарийдек алломаларга ўз касбининг фидойи усталари сабоқ беришган.

Миллатимизнинг фахру ғурури, номлари дунё кенгликларига чиққан олимлар, давлат ва жамоат арбоблари, таниқли ижодкорлар тўғрисида ҳам шундай дейиш мумкин. Демакки, вужудимизга “эски” ўқитиш услуби деб сингдирилган, қаттол тузумнинг зўри-зуғуми билан унут бўлиб кетган бу услубда толиби илмларни илмий идрокда мислсиз натижаларга эриштирган, нигоҳларини ой-юлдузларгача кўтарган ноёб тажриба бўлган.
Ачинарли ва афсусланарли томони шундаки, Мовароуннаҳрда кенг йўлга қўйилган мадраса илми, ўқитиш усулларини дунё чуқур ўрганган ва ундан фойдаланган, биз эса бу ноёб мероснинг юзига қора чаплаб юраверганмиз. Фақат шу эмас, кейин-кейин тўғри талаффуз, равон нутқ, ифодали ўқиш, фикрни қисқа ва эркин баён қилиш, хотирани мустаҳкамлашга доир халқона педагогик усуллар ҳам бирин-кетин барҳам топди. “Ура-ура”чилик замонлари келди. Дарсларга келмайдиган, фанларни ўзлаштирмайдиган суст ўқувчилар ҳам синфдан-синфга бемалол кўча бошлади. Ҳамма иллат шундан бошланди. Билса ҳам, билмаса ҳам, ўқитувчи баҳо қўйиб бериши керак. Ҳеч ким “Мадрасаларимиз тажрибасини ўрганган дунё олийгоҳларининг бирортасида бундай йўл тутилмайди”, дея эътироз билдирмади. Чунки улар бу тажрибадан бехабар эдилар. Натижада таълим соҳаси бутунлай издан чиқди. Дарсларнинг савияси, ўқитувчининг обрў-эътибори кескин тушиб кетди.
Бугун бу йўқотишларнинг ўрнини тўлдириш учун жиддий ислоҳотлар олиб борилаётган экан, давлатимиз раҳбарининг таклиф ва кўрсатмаларига қатъий амал қилиш билан бирга, қадим мадрасалар тажрибасини ўрганиш ва уларни бугунги замонавий таълимнинг тегишли йўналишларига мақсадли татбиқ этиш масаласини ҳам ўйлаб кўриш керак. Бу ишни улуғ бобомиз Мирзо Улуғбек асос солган дунёга машҳур мадрасанинг бевосита вориси сифатида Самарқанд давлат университетида бошлаган маъқул. Бу фикр миллий олий таълимни олис тарихда қолиб кетган бебаҳо таж­рибалар билан бойитишни кўзда тутади. Президент Шавкат Мирзиёев тизим фаолиятини тубдан яхшилаш, таълим савиясини бугунги илғор дунёвий тажрибалар даражасига етказиш, аллома аждодларимиздан қолган илмий-маънавий мерос асосида янгилашни олдимизга муҳим вазифа сифатида қўйди. Демак, бу ишга жиддий киришмоқ зарур.
Шу ўринда қадим мадрасаларда қандай фанлар ўқитилган, мударрислар талабаларга таълим беришнинг қандай усулларидан фойдаланган, деган савол туғилиши табиий. Бу мавзуда анча йиллардан бери жиддий илмий кузатувлар олиб бораётган олима Маҳкамой Турсунованинг маълумотларига кўра, мадрасаларда қуйидаги фанлар ўқитилган:
Усули ҳижоия (савтия) – бўғинга бўлиб ўқиш.
Илми шарҳ – тафсир.
Илми таҳлил – таҳлил, шарҳ, тавсиф масаласи.
Илми мунозара – мунозара, баҳс, муносабат ифодаси.
Илми қироат – оҳанг ва сўз талаффузи.
Илми фасоҳат (илми балоға) – сўз ва ибораларни ўринли қўллаш.
Илми баён – нозик маъноларни баён қилиш маҳорати.
Илми ғариба – кам сўз билан кенг маънони ифодалаш маҳорати.
Илми маоний – бирор воқеа ёки ҳодисанинг моҳиятини очиб бериш.
Илми наср ва иншо – ёзма иш услуби, мактуб, ёзув саводхонлиги.
Илми муҳозирот – ҳозиржавоблик, зукколик, ­қувноқлик.
Илми мантиқ – сўзлар замиридаги маъноларни чуқур англаш.
Илми калом – нақлий масалани ақлий идрок этиш, далиллаш, исбот қилиш.
Кўриниб турибдики, бу фанларни бугун ўрта мактабларнинг юқори синфларида, янгидан ташкил этилган ижод мактабларида ва, энг муҳими, Олий таълимнинг тегишли йўналишларида асосий фан, танлов предметлари сифатида ўқитиш мумкин ва зарур. Гап шундаки, уларнинг номларида бугун адабиётимизда, миллий матбуотимизда, муҳтарам депутатларимиз, вазирлар, ўрта ва қуйи бўғин раҳбарларининг нутқларида, турли даражадаги ҳужжат ва ёзишмаларда мавжуд бўлган нуқсонлар аниқ-равшан кўриниб турибди. Яширишдан нима ҳожат: тилимиз дағаллашиб бормоқда, сўз ва ибораларни нотўғри, ўринсиз қўллашга, фикрни чўзгандан-чўзиб айтишга, урғуни хато қўйишга, кам сўз ишлатиб, кенг маънони ифодалай олмасликка одатланиб бормоқдамиз. Баҳс маданиятимиз оқсагани оқсаган. Далиллаш, исботлаш маҳоратимиз суст. Бу ҳам етмаганидек, халқ таълими мутасаддиларидан бири мактабларда грамматикани ўқитиш у қадар зарур эмас, бола шунчаки гапириш ва ёзишни ўрганса бўлди, деган масъулиятсиз таклифни айтмоқда. Бизнинг тил соҳасидаги энг катта камчилигимиз – грамматикани яхши билмаслигимиз-ку, ахир. Ўзбек тилини ўрганаётган хорижликлар: “Бизга сўзларни ёдлатманг, грамматика қоидаларини ўргатинг” дейишади. Наҳотки шуни ҳам билмасак?
Миллатнинг интеллектуал даражаси, зеҳн қуввати унинг илм ва ҳунарни нечоғли эгаллагани билан ўлчанади, Исмоил Гаспринский “Илм ва ҳунарга эга миллат ва халқ энг улуғ, энг буюк халқдир”, дейди. Чўлпон мактабларимизнинг афтодаҳоллигидан куюниб, ёшларни илмли қилиш тўғрисида ўйламаётган одамлар тўғрисида шундай ёзган эди:
Мактаб ўрнига очилди
ҳар маҳаллада майхона,
Нафрат этмак нари турсун,
шоду хандон бизни халқ.
Мактаба йўқ бир тийини,
тўйга минг сўмлаб берур,
Чораси мушкул касалга
мубталодир бизни халқ.
Мулоҳаза қиламиз. Миллат ва халқ илмли, ҳунарли бўлиши учун нима зарур? Тинчлик, осо­йишталик, раиятнинг адолатли бошқарилиши, ёшлар тарбияси, таълим-тарбиянинг тўғри йўлга қўйилиши, изланиш, бир жойда тўхтаб қолмаслик, кибрга берилмаслик, бало-қазолардан огоҳлик, миллий бирлик, ҳамжиҳатлик зарур. Бордию бу “занжир”нинг битта ҳалқаси узилса, муаммо келиб чиқади.
Самарқанд давлат университетини Мирзо Улуғбек мадрасасининг вориси деб эълон қилиш миллий таълим соҳасида ўтмиш ва бугунни бир-бирига мус­таҳкам боғлайди, бу қутлуғ даргоҳда қадим мадрасаларда ўқитиш тизимини ўрганувчи махсус илмий марказ ташкил этиш, энг яхши тадқиқотларни рағбатлантириш имконияти вужудга келади.
Дунёнинг дунёлиги шундаки, гарчи у омонат ва ўзгарувчан бўлса-да (Азизиддин Насафий), мунтазам ҳаракат ва айланишдан тўхтамайди. Тарих ҳам шундай — воқеа-ҳодисалар қандай содир этилган бўлса, шундай қолади, аммо у ҳам дунё каби айланади, моҳиятдан узоқлашади ва… қайтади. Бугун ёшларимиз хорижий мамлакатларнинг нуфузли илм даргоҳларида таҳсил олмоқдалар. Илмга чанқоқликда, истеъдодда ғарблик тенгдошларидан кам эмасликларини намоён этмоқдалар. Бир вақтлар бундай ёшлар ғарбдан шарққа қараб интилишган, марҳаматли диёримизда қамолга етишган эди. Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети, Самарқанд, Бухоро олийгоҳларида таълим олиш, табаррук юртимиз мисолида донишманд Шарқ тамаддунидан баҳраманд бўлиш ғарбликлар учун яна орзуга айланишидан умидвормиз.

Аҳмаджон МЕЛИБОЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети доценти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг