ЮРТ ОДАМЛАРИ

149

“Сен қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” – қалбларимизга қудрат бағишловчи жарангдор, сермаъно ушбу сўзлар замирида теран маънолар мужассам.
29 йил – тарих учун бир лаҳза, аммо бир йигитнинг бўй чўзиб, нафақат оиласини тебратишга, балки Ватанига хизмат қилишга қодир бўлиб, ­куч-қудрат йиғишига етарли муддат.

Бу йиллар давомида нималарга эришдик, нималарни ҳали уддалай олмадик? Табиий савол. Чунончи, “Ҳаёт нимадир?” деган сўроқ биздан олдинги зиёлиларни ҳам безовта этган, ҳозир ҳам ақлли инсонларни ўйга толдиради. Жон Голсуорси ўзининг “Адабиёт ва ҳаёт” деган мақоласида “1930 йилга қадар тинчликнинг зарур эканига ишониш довдир одамларнинггина иши, деб ҳисобланарди. Аммо 1930 йилдан кейин тинчликнинг зарур нарса эканига ишонмайдиган одамлар энг калтафаҳм ва бефаросат одамлар экани маълум бўлиб қолди”, деб ёзган эди.
Демократияга интилаётган жамиятга ўз руҳида бир вақтнинг ўзида ҳам фалсафани, ҳам адабиётни, ҳам халқнинг дарди ва иқтисодни тушунадиган, нафақат тушунадиган, балки ўзи ҳам, сўзи ҳам тўғри, қутли, имонли инсонлар кераклиги оддий ҳақиқат. Бундайларни юрт одамлари, деб аташ жоиз, деб ўйлайман.
Юрт одамлари!
Олис ёки яқин ўтмишимиз кўзгусига боқсак, бу сўз янада залворли кўринади. Ота-боболаримиз биздан ўн чандон ортиқ азоб-уқубатларни донолик билан енгиб, бизга келажакни бутун қолдирганлар. Имом Мотуридийнинг улкан хизматларини мусулмон олами юксак қадрлайди. Хожа Аҳрор валий Тошкент воҳаси аҳлининг бир йиллик солиғини ўз ёнларидан тўлаган ҳамда давлат хазинасига катта маблағни инъом қилган ва бу билан халқни оғир аҳволдан қутқариб қолган эди. Уч темурийзодани сулҳга келтириб, қанчадан-қанча инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолган ва қанчадан-қанча қиш­лоқ-шаҳарларни вайрон бўлишдан асраб қолган. Алишер Навоийнинг бунёдкорлик хизматлари, биргина работларнинг ўзи қирқдан зиёд, ўнлаб масжид ва мадрасалар, боғчалар ва ҳомийлик ишлари-чи?! Талабаларга маош ва кийим-бош бериб туришларини ҳам ҳисобга олсак, ҳазратнинг хайр-саховати чексиз бўлганини кўрамиз.
Тарихимизда улуғларимиз бажарган улуғвор ишлар жуда кўп. Биз уларни юрт одамлари деймиз ва номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Аммо атрофда Жон Голсуорси айтгандай, 1930 йилдаги ғалати муҳит бизга чангини қоқмоқда: “Ҳозирги дунё китобларга менсимай қараш дардига йўлиққан. Бугун шундай ёшлар кўпайиб қолдики, улар жонли ҳаётни эмас, китобни яхши кўришни кулгили ва номуносиб бир иш деб билишади”.
Бу сўзлар кеча айтилгандай, ҳали жаранги тинмагандай. Лекин масофа ҳам, макон ҳам ҳаётда муҳим аҳамият касб этади, янгиликлар сингари ташвишлар шамоли ҳам етиб келишига боғлиқ. Бизга ўша шамолларнинг энди етиб келганига бугун гувоҳ бўляпмиз. Синовли кунлар одамларни, барча кишиларни сараламоқда, деган фикрни хаёлига келтирмаётган ёшлар осонгина яшаш йўлларини қидириб, ўзларини турли ташвиш­ларга дучор этмоқдалар. Англаш керакки, тарбияга асосий масъул бўлган ёш оналарнинг ўқимишли, илм ва маънавиятини ўйлаш ўрнига, оилада оддий ётоқ жиҳозлари ёки тўйдаги камчиликларни рўкач қилиб, қайнота-қайнона ва ҳатто куёвларнинг ҳам майдакашликка ўралашиб қолгани, алп йигит-қизларнинг арзон ишчи кучига айлангани маънавиятимизга, келажак эгалари бўлмиш болаларимиз тарбиясига жиддий зиён етказаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бу гапларни халқим деган зиёли айтмаса, ким айтади?!
Бу сингари муаммоларга Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўз вақтида етарлича жиддий эътибор қаратмоқда. Хусусан, кейинги йилларда олимлар, тарихчилар ва санъаткорлар қатори ижодкорларга ҳам давлат томонидан етарли эътибор берилаётгани юқоридаги муаммоларни ҳал этиш борасидаги дадил қадамлардир. Тошкентда Адиблар хиёбонининг ташкил этилгани, ҳазрат Алишер Навоийнинг улуғвор ҳайкали томон назар солиб турган улуғларимизнинг сиймолари чиройли кўринишларда бунёд этилгани халқимизни хурсанд этди. Шунингдек, кўплаб ижодкорлар, санъаткорлар уй-жой билан таъминланди ва ижод этиш учун шарт-шароитлари яхшиланди.
Бир отахон ёзувчимиз айтганидек, “Бу бошланиши, ҳали давлатимиз ижодкорлар учун янада кўпроқ шарт-шароитлар яратади. Чунки улуғларимиз айтганларидек, “Адабиёт яшаса, миллат яшайди”. Демак, биз кўпроқ ишлашимиз, халқимиз маънавиятини юксалтириш учун янада кўпроқ пишиқ асарлар битишимизга тўғри келади.
Юрт одамлари!
Бир эзгуликни севар инсон сифатида айтишим керакки, 29 йил давомида юрт одамларининг мустақил Ватан ва эзгуликка, ўз халқига қараши ўзгарди. Бир фермер акамиз холисоналик билан муҳтож оилаларга биттадан соғин сигир ҳадя этибди, яна битта ақлли тадбиркор дўстимиз етим болаларнинг бошларини силабди, бир онахон ҳажга деб тўп­лаган пулини маҳалла ободончилиги учун, бошқа бир отахон маҳалла чироғи учун сарфлабди. Яна бир оддий, лекин муҳим ҳаётий мисол: мамлакатимиз маҳаллаларида ташкил этилган кутубхоналарни турли адабиётлар билан тўлдиришда ижодкорлар ҳам фаол қатнашяпти. Шахсан, Тошкентдаги бир-икки маҳалла кутубхоналарига бадиий адабиётлар олиб борганимда, тенгдош шоир, ёзувчи биродарларимни кўриб қувондим. Болаларга, одамларга маърифат улашишдан савобли иш борми?! Бундай мисоллар жуда кўп. Бу ишларни ўзини шу жаннатмонанд Ватаннинг бир бўлаги, деб ҳисоблаган эрксевар инсонлар амалга оширмоқдаки, биз уларни ҳақли равишда “Юрт одамлари” дея фахр билан тилга оламиз.
Юрт одамлари!
Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳатлашув йиғилишидан сўнг шахсан менинг ҳаётимда ҳам ўзгариш рўй берди. Ён қўшни давлатлар Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистондаги ижодкор дўстларимиз яхши қўшничилик анъаналарини давом эттириш, бу борада тарғибот ишларини олиб бориш учун Марказий Осиё адабиётини ривожлантириш, халқлар дўстлигини тараннум этган ижодкорларни рағбатлантириб бориш, энг сара асарларни китоб шаклида чоп этиш ва бошқа эзгулик ишларини амалга ошириш учун Марказий Осиё ёзувчилари ва тарихчиларининг “Янги овоз” уюшмасини тузиш таклифи берилди. Бу таклифга Озарбайжон, Доғистон, Татаристон, Туркия ва бошқа давлатларнинг ижодкорлари ҳам бажону дил қўшилишди ва уюшма Қирғизистонда рўйхатга олинди. Уюшманинг иккинчи йиғилиши Тошкентда ўтди. Ва бу уюшмага 2020 йил учун мени фахрий раис сифатида таклиф этганларида, аввалига ҳайрон қолдим. Лекин уларнинг фикрлари қатъий эди. Бундай катта масъулиятни айнан ўзбекистонлик ижодкорларга ишонишгани қувонарли, албатта. Уюшма масъуллар Кенгаши уюшқоқлик билан ишлаётгани мени қувонтиради. Яқин орада уюшма томонидан тинчлик ва тараққиёт, халқлар дўстлиги ва ўзаро яхши қўшничилик анъаналарини давом эттириш йўлидаги саъй-ҳаракатлари ва ижодий ишлари учун турли давлатлардаги бир қатор таниқли ижодкорлар уюшманинг эсдалик нишонлари билан тақдирланди. Улар орасида Ўзбекис­тондан ҳам бир неча ижодкор ва тарихчилар — Убайдулла Уватов, Муҳаммад Али, Ҳайдарали Бобобеков, Шоҳиста Ўлжаева, Сирожиддин Саййид, Амирқул Карим ва бошқалар бор. Бу — яхшилик, эзгулик ифодаси эмасми?! Мен уюшма директорлар кенгашининг бу ташаббусидан, очиғи, қувондим.
Яна бир қувончли воқеа шуки, бир неча йиллардан буён “Қизил соя” деган асар устида ишлаётган эдим. Бунда ҳам “юрт одамлари” ҳақида гап боради. “Қачон “қизил соя”лардан қутуламиз” деган оғриқ юракка тинчлик бермайди. Аммо бизнинг қаҳрамон, ўзбек йигити жаҳонни ҳайратга солади. Ҳали биз кўп нарсаларни билмаймиз. Ҳатто биринчи фазогирнинг Ердан кўтарилишида ўзбек олимининг улуши жуда катта бўлган… Асарни айнан муборак Мустақиллик байрамимизнинг 29 йиллик байрами арафасида тугатганим яхши бўлди, деб ўйлайман, уни байрамга совға сифатида тақдим этмоқчиман. Яхши ният қилган эдим, мана, етдим. Энг муҳими муҳтарам Президентимиз ташаб­буслари билан берилган янги уйда байрамни нишонладим.

Тўлқин ҲАЙИТ,
ёзувчи

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг