ЯНГИ УЙГА КЎЧИБ ЎТДИК

146

Замон шиддатини кўриб турибмиз, вақт оқар сувдек ўтиб кетаяпти. Бугунги инсон кечаги эмас, унга пандемия даврида бир зум тўхтаб, ўзига бирров қараб олишига имкон туғилди. Ўзидаги қусурларга қарши курашни ўрганди.

Яшириб нима қилдик, бир муддат фақат тирикчилик ташвишидан ортмай маърифатдан анча узоқлашиб кетгандик. Маънавий иммунитетимиз ҳақида ўйламай қўйгандик. Тоғни тешиб сув келтирган Фарҳод жасоратию чўлни гулистонга айлантирган Обид кетмоннинг Ватанга меҳр-муҳаббати ҳақидаги китоблар ўқилмасдан токчаларда сарғайиб қолганди. Айни воқелик бизга яна бир ҳаётий ҳақиқатни аён этдики, халқимиз орасида қанча ўқимишли, маърифатпарвар инсонлар кўпайса, ҳар бир соҳада юксалиш бўлади. Кейинги уч-тўрт йил ичида қилинган саъй-ҳаракатлар асосан ёш авлод таълим-тарбиясига, уларни ҳар томонлама комил инсонлар қилиб улғайтиришга қаратилди. Беҳбудий, Авлонийлар ўзлари мактаб очгани, дарслик қўлланмалари ёзиб, ёш авлодга сабоқ бергани, Қодирий, Чўлпонлар шулар тарбиясида вояга етиб, комилликка эришгани ҳақида китоблардан ўқигандик.
Қисқа муддатда, мамлакатимизда мана шундай эзгу анъаналар яна йўлга қў­йилди. Улуғ алломалар, адибу шоирлар номи билан аталадиган Ижод мактаблари, ­Темурбеклар мактаби, Президент мактаб­лари ташкил этилгани давлатимиз томонидан ёш авлодга берилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг юксак намунаси. Бу, албатта, ҳар бир миллат фидойиси, ҳар бир ижодкор қалбида ёруғ умидларни уйғотиши табиий.
Сир эмаски, ижод аҳли ҳам ҳамма қатори маънавий ва моддий рағбатга эҳтиёж­манд. Пойтахтда яшаб ижод қилиш умидидаги кўпгина ёшлар бир пайтлар уч-тўрт йил шаҳарда туриб, шароит йўқлигидан қишлоғига қайтиб кетишга мажбур бўлганини кўп эшитганмиз. Мустақиллигимизнинг 29 йиллигини нишонлаш арафасида, тожли вирус балоси ҳали аримаган, ҳар қадамда огоҳ бўлиб яшаётган бир шароитда давлатимизнинг шоир ва ёзувчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётганига, ғамхўрлигига гувоҳ бўлиб турибмиз. Давлат раҳбарининг ташаббуси билан пойтахт марказида ижод аҳли учун имтиёзли кредитлар асосида кўркам уйлар қурилиб, эгаларига топширилди. Ўзим ҳам ижод аҳлига ажратилган имтиёзли кредит асосида берилган уйлардан бирига кўчиб ўтдим. Адиб ва шоирларнинг уйи деразасидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг янги биноси ҳамда Адиблар хиёбони кафтдек кўриниб туради.
Адиблар хиёбонига ҳар тонгда қараб туриб, улуғ бобомиз ҳазрат Навоий умри давомида қанчадан-қанча боғ-роғлар яратгани, масжиду мадрасалар қургани, етим-есирларга ҳомийлик қилгани кўнг­лимдан ўтади. Аллома Ғафур Ғуломнинг “Энг кичик заррадан Юпитергача, Ўзинг мураббийсан, хабар бер, Қуёш” мисралари мудраган руҳимни уйғотади. Ҳамид Олимжон, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад ва Саида Зуннунованинг ўткир нигоҳлари вақтингни ўткинчи нарсаларга сарфламасдан, эл қувончи ва дарди билан йўғрилган асарлар ёз, дегандек кузатиб туради. Бугун Адиблар хиёбонига рес­публикамизнинг барча вилоятларидан шоир, ёзувчилардан тортиб, оддий китобхонларгача зиёратга келишмоқда. Албатта, ижодкорларга бўлган бундай эътибор ва эҳтиромдан қувонмай бўладими?.. Бадиий тафаккури, бадиий савияси юксак миллатгина ўз фарзандларига шундай эҳтиром кўрсатади. Ҳаёт адабиётга тоза ҳаво, тоза нафас олиб кираяпти. Ижодкор масъулияти ҳар қачонгидан ҳам ошди. Назаримда, буни ҳар бир ижодкор чуқур англаб турибди. Зеро, юракдан чиққан сўз мангу, эзгулик боқийдир.

Адиба УМИРОВА,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг