БУЮК ЙЎЛ

130

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланади

Рустам МУСУРМОН,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими

Боғлар ўтар, қушлар ўтар,
гуллар ўтар, онажон,
Кўллар ўтар, чўллар ўтар,
йўллар ўтар, онажон.
Кимлар келар, кимлар кетар,
ҳар кўнгилда бир орзу,
Кунлар ўтар, ойлар ўтар,
йиллар ўтар, онажон.

Минг йилларнинг карвонини
кузатгансан, онажон,
Меҳнат қилиб, рўзғорингни
тузатгансан, онажон.
Қиз чиқариб, ўғил уйлаб,
орзу-ҳавас кўргансан,
Тўйлар қилиб, уйларингни
безатгансан, онажон.

Юлғун увуқ, қамиш чийдан
илк бор ўтов қургансан,
Ўрмак қуриб, гилам тўқиб,
шардоз бўяб-ўргансан.
Озод-обод кўчиб-қўниб
бепоён кенгликларда,
Туя соғиб, сигир соғиб,
бола боқиб юргансан.

Ал-Хоразмий, Ибн Сино,
Берунийни туққансан,
Оқ сут бериб, Фарғонийни,
Улуғбекни боққансан.
Ақлу заковатинг билан
нур таратиб дунёга,
Ерда туриб осмондаги
юлдузларни ёққансан.

Алла айтиб Ватан меҳрин
юракларга солгансан,
Жангга кетган ўғлонларинг
кутиб-кутиб толгансан.
Ҳаётингга — ошёнингга
қасд қилганда ёвуз ёв,
Она, ўзинг отга миниб,
қўлга қилич олгансан.

Қурол билан отга миниб,
дов солган ҳар салтанат,
Таъма билан қуш учириб,
ов солган ҳар салтанат…
Она, меҳру саховатинг,
ҳимматингдан лол бўлди
Нафсига қул бўлиб, йўлга
ғов солган ҳар салтанат.

Болам, дединг, чидаб бердинг
гоҳ иссиқ, гоҳ совуққа,
Оилам, деб сувга кирдинг,
гоҳ кирдинг ўтга-чўққа.
Чўлпон, Фитрат, Қодирийдек
ўғлонларинг ёнида
Озодлик деб кўкрагингни
тутиб бергансан ўққа.

Онажоним, мана бугун
келди янги замонинг,
Ушалди-я юракдаги
орзуларинг, армонинг.
Шавкатинг бор — қудратинг бор,
саодатинг, бахтинг бор,
Келажакни кўзлаб борар
буюк йўлда карвонинг.

Поезд чопар, поезд чопар,
поезд чопар, онажон,
Йўловчилар манглайидан
қуёш ўпар, онажон.
Буюк йўлда элни севган,
юртни севган йўлдошлар
Бахтин топар, бахтин топар,
бахтин топар, онажон.

Қадамингни дадил босиб,
вақтдан ўзиб ҳатлай дейсан,
Замонада илғор бўлиб,
рўзғорингни бутлай дейсан.
Илму фан, кашфиёт, ижод,
маърифатга кенг йўл очиб,
Меъморларинг қурган янги
шаҳарларни қутлай дейсан.

Осмондаги қушдай учар
янги метро вагони,
Кўзларини қамаштирар
юлдузларни, самони.
Поездларга рўмолини
силкиб қолар саболар,
Янгиланиш замони бу —
Ўзбекистон замони.

Осмон гумбазидек гўё
“Юнусобод”, “Туркистон”,
Юлдузлардек сочар зиё
“Юнусобод”, “Туркистон”.
Ватанимнинг тарихини
сўйлар янги обидалар,
Дунё ичра ажиб дунё
“Юнусобод”, “Туркистон”.

Ер қасрига кирдик, метро
эшиклари очилди,
Юртимизда тараққиёт
тилсимлари ечилди.
Дунёни кашф этган буюк
боболарнинг руҳи қўллаб,
Бошимиздан юлдузларнинг
шуълалари сочилди.

Жайҳун, Сайҳундан сув ичган
қардошлар элати бу,
Қондошу жондош халқларнинг
юксак маърифати бу.
Туғишганлик, оғзибирлик,
биродарлик тимсоли —
“Туркистон” бекати бу,
“Туркистон” бекати бу.

Хушбўй атиргуллар ҳиди
саболарда намоён,
Ватан бахти давлат қуши
Ҳумоларда намоён.
Оила давлат тимсолидир,
уй-жой — Ватан тимсоли,
Ватан ободлиги янги
биноларда намоён.

Онажоним, мана бугун
келди янги замонинг,
Ушалди-я юракдаги
орзуларинг, армонинг.
Шавкатинг бор — қудратинг бор,
саодатинг, бахтинг бор,
Келажакни кўзлаб борар
буюк йўлда карвонинг.

Боғлар янги, қушлар янги,
гуллар янги, онажон,
Уйлар янги, ўйлар янги,
йўллар янги, онажон.
Замон келар, даврон келар,
келар буюк келажак,
Кунлар янги, ойлар янги,
йиллар янги, онажон.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг