ТАБҒАЧЛАР

111

Исажон Султон

– Сен кимсан? Кимнинг ўғлисан?
Тангритоғнинг сарсар шамоли от устида бораётган, тақимига хуржун бостириб олган аскард

– Сен кимсан? Кимнинг ўғлисан?
Тангритоғнинг сарсар шамоли от устида бораётган, тақимига хуржун бостириб олган аскардан шуни сўрайди.
– Кимни боласисан? Отангни исми не?
Аскар бу саволга жавоб бермайди. Шамол унинг узун кокилини ғазабга тўлиб тортқилайди:
– Айтсанг-чи! Отанг ким?
Кокилли аскарлар жавоб ўрнига отга қамчи босишади. Жониворлар титраб, қўнғир тупроқлар устида сийрак буталар оралаб тасир-тусир чопа кетишади.
Олам бўйлаб кезиб юрувчи шамол забти остида бу черик иси ёйиққа таралиб, олислардаги бўри галасигача етиб боради. Даштнинг беозор жонзотлари инларига кириб яширинишади. Ваҳшийлар ўзларини овлоққа олишади. Кўкни куз булутлари эгаллайди. Момақалдироқ гумбурлаб, чақмоқ чақиб, ёмғир қуйиб юборади. Кокилли аскарларнинг усти-боши, отлари ҳўл бўлади. Шамол улар ортидан қолмайди, гоҳ тўнларидан, гоҳ кокилларидан тортқилаб, сўрайверади. Кокилли аскарлар шамолга қарши ҳеч нима қилишолмай, от ёлига эгилиб, қулоқларини қўллари билан бекитиб кетиб боришади:
– Айт, кимсан? Кимнинг устига босқин қилдинг? Хуржундаги бош кимники?
* * *
Жануби-шарқдаги турк улуслари кучга тўлиб, Чин хоқонлигининг кун кўриши қийинлашиб қолди. Туркийларнинг отлари учқур, ўзлари довюрак эдилар. Бирор жойда чопқин бўлса, улар қаршисида Чин қўшини мушукболадай бўлиб қоларди. Айниқса, хоқонликнинг ғарбидаги хунлар ёвқур эдилар. Улардан қуйироқда кўктурклар, шарқда қитанлар, жанубда Ўн ўқ, Етти жиға улуси бирлашолмай турарди. Агар булар бирлашиб олишса, Чин хоқонлигининг кули кўкка совурилиши муқаррар эди.
Ҳа, хавф кучли, ёв давлатни йўқ қилиб юбориши мумкин. Шу сабабли, Чин хоқони ўз билгичларини йиғиб, бунга қарши нималар қилса бўлишини сўради.
– Туркий улусларнинг эрлари довюрак, чидамли. Улар гўё от устида туғилишади. От чоптириб кетаётиб ёнга ёки ортга ўгирилиб ўқ узиб мўлжалга аниқ уришади. Бизнинг черик ундай қилолмайди, уловларимиз ҳам уларникидай тезчопар эмас. Улар билан ёйиқда жанг қилиш тўғри бўлмайди. Чунки черигимиз яёв жанг қилишга ўрганган, агар урушадиган бўлсак, уларни авраб, ўрмонга олиб кириш керак, – деди донгдор Чин баҳодирларидан бири.
Булар деярли ҳар йиғинда айтиладиган беҳуда сўзлар эди. Чин хоқони ғазабланиб, билгичларга келажакда туркийларни енгиш учун бир ҳийла ўйлаб топишларини буюрди. Уларни айри-айри уйларга қамаб қўйишди, ҳар куни кечқурун барчаси бир жойга йиғилишиб, ўйлаганларини баҳслашишарди. Етарлича ош-озиқ ҳам берилмади, чунки Кўк ўғли оч одам тўқ одамдан кўра яхшироқ ўйлашини биларди.
Етти кундан кейин билгичларни хоқон ҳузурига олиб киришди.
Кўк Ўғли хоқон уларни пар ёстиқлар устида ёнбошлаб кутиб олди.
– Хўш, қандай ечим билан келдингиз? – деб сўради у. – Агар ўйлаган ўйингиз бўлмағур эса, кўшкдан ҳайдаласиз, чангалзорга сургун қилинасиз. Сўзланг!
– Эй довруқли Кўк Ўғли хоқон, – деди билгичларнинг оқсоқоли етти букилиб. – Бизлар қўшинимизни туркийлардай урушишга ўргата олмаймиз, чунки ундай моҳир отлиқларимиз йўқ. Сизнинг ботирларингиз орасидан отни яхши мина оладиганларини танлаб, ўқ отиш, қилич уриш ҳунарини ўргатадиган бўлсак, бунга бир қанча йил кетади. Ўргата олсак ҳам, чопқинда анчаси ўлиб, саноғи яна озайиб қолади. Бизнинг олисга отувчи катта ёйларимиз бор, лекин ундай ёйлар “от минувчилар”нинг ёйилиб оқувчи қўшини қаршисида иш бермайди, бунинг устига, бир ёйни тортиш учун уч-тўрт киши керак бўлади. Шунинг учун, агар жонимизни бағишласангиз, узоқни кўзлаган бир ҳийла ўйладик. Уни адо этишга кўп йил кетади, аммо сўнгида сиз истаган иш содир бўлади. Рухсат беринг, ўйлаганларимизни баён қилайлик.
Кўк Ўғли хоқон бош ирғади. Билгич давом этди:
– Довруқли Кўк Ўғли хоқоннинг бойликлари мўл, кишиси саноқсиз. Шунинг учун, кунчиқардаги туркийлар билан ёлғондакам иттифоқ тузсак, уларга олтин-кумуш, мис ҳадялар юбориб, ўзимизни дўст қилиб кўрсатсак. Чегара ерларимиздан катта бир қисмини ажратиб, йигитларига қизларимизни хотин қилиб берсак. Шунда улардан туркийлардай шижоатли, бизлардай ақлли болалар туғилишади. Чин қизлари эса уларни Кўк Ўғли хоқон учун ўтгаю сувга кирадиган қилиб ўстиришади… Орадан ўн беш-йигирма йил ўтиб, сиз истаган қўшин улғайганидан сўнг уларга давлат тузишда ёрдам берамиз, шу йўл билан туркийларга қарши катта кучга эга бўламиз.
Кўк Ўғли ўйланиб қолди. Сўнг илжайиб, кўзлари йилтиллаб ўрнидан қўзғалди. Лапанг­лаб келиб, билгични қучоқлаб олди.
– Энди турк улусининг тугаб битиши аниқ бўлди! – деди суюниб.
Бу иш 240 йилда содир бўлди. Ўша йилиёқ Кўк ўғли хоқон турк улусларига сўзчи юбориб, ўртоқлик ва қариндошлик истагида эканини билдирди. Бўлиқ ер-сув, от, сигир, қўйлар берилишини айтди. Турк будуни бу ишнинг ортида ҳийла яширинганини пайқамасдан, Чин хоқони бизнинг кўнглимизни овламоқчи, деган ўйда рози бўлди. Шундай қилиб, жануби-шарқий ҳудудларнинг даштли-ўрмонли ерлари уларга юрт қилиб берилди. Бир неча юз эр беташвиш ҳаёт илинжида янги жойларга бориб ўрнашди.
Ҳар куни ўнлаб арава егулик-ичкулик, кийим-кечак, ашё, олтин-кумуш, сурув-сурув мол-қўй ўша ёққа йўл оларди. Чин амалдорлари туркий улус йигитларининг айтганларини тўла адо этишарди. Турк эрлари эса уларни назар-писанд қилмас, хизматкорларимиз деб аташарди. Тез орада Иршон дарёси соҳилида шаҳарча барпо бўлди, теграсига айлана девор олинди.
Турк эрлари қайсар эдилар. Чин амалдорларига иш буюришар, ота юртидан темирчиларни чорлашган, темирчилар аллақачон уч қиррали ва япасқи, узун ва қисқа ўқларни, тўғри ва эгри қилич-қалқонларни ясаб улгуришган эди. Улар атрофни кезиб, қуш-жонлиқ уриб келишни одат қилиб олишди. Бироқ жонлиқларнинг болаларига ёки қуш полапонларига сира тегишмасди. Жанговарлиги билан донг таратган турк эрларининг меҳрибонлиги чин кишиларини ҳайратга соларди, чунки улар янги туғилган жонлиқни энг лаззатли емишлардан бири, деб ҳисоблашарди. Турк эрлари ўлжани келтириб хотинлар олдига ташлашар, чин қизлари эса уни нима қилишни билишмасди. Бироқ бу довруқли улус ўз авлодларини еру кўкка ишонмай ардоқлашидан барча хабардор эди: эрлар хотинларига ўлжани бўғизлашни, бўлаклашни, пиширишни, ҳатто ов қилишни ҳам ўргатишди, шу билан бу ерда ҳаёт гуркиради.
Орадан бир қанча йил ўтгач, чин қизлари икки-учтадан бола туғишди. Турк эрлари ўз ўғлонларини “отам” деб алқар, от миниш, ўқ отиш, қилич уриш каби ҳунарларни бола ёшиданоқ ўргатар, овга ўзлари билан олиб кетишарди. Бу маҳалга келиб Кўк Ўғли хоқон оламдан ўтди, тахтга унинг ўғли ўтирди. Отасининг режалари унга тўла маълум эди.
Чин хотинлари турк эрларини айтилганидек қилиб аврашди. Довюракликда эрларидан қолишмайдиган, қорувли, ёвга ботирлардай типпа-тик ташланадиган қайсар ота улус қизлари қаршисида чучук тилли, бўйсунувчан чин қизлари кўзларига яхши кўринарди. Оталар бунча ҳашам, бойлик, ер-сув қаршисида хотинларига бир сўз дея олишмасди. Уларнинг тўғрилиги ўзларига қарши келди: ахир, хотинлар ростини сўзлашмоқда-ку! Бунча ҳашам, жонлиқ, бойлик ҳақиқатан ҳам Кўк Ўғли хоқоннинг туҳфаси-ку? Кўктурклар ўғлонларини ўзларидай довюрак, ботир қилиб ўстиришди. Чин хотинлари эса эрта бир кун алп бўлиб улғаядиган ўғлонларга Чин хоқонини мақташни канда қилишмасди. Ҳақиқатан ҳам, қўпол, қўрс, бир юмушга қўл урмайдиган оталар қайдаю назокатли, ақлли, ҳар нарсани эплайдиган чин ботирлари қайда? Ўз авлод-аждодларининг алдоқчилигини ҳам ошириб-тошириб мақташарди. Ахир, ҳийлакорлик – ақллиликдан дарак, зукко киши ҳеч қачон ҳийлага лаққа тушмайди!
Вақти келиб, содда оталар дунёдан ўтишди, кейинги олақуроқ авлод улғайиб, бир-бирига қуда бўлди. Янги авлод ҳам чин хоқонидан муттасил келиб турадиган мўл-кўл емиш, ичку, олтин-кумуш, мўйнаю барқутлар эвазига шоҳона яшашда давом этди. Улар чегараларни кезишар, гоҳо чегара орти турк аймоқларига босқинлар ҳам қилишарди. Ҳатто ота ўгитлари орасида элас-элас эсда қолган Кўк Тангрини унутиб, чинларнинг тош ҳайкалларига топинишни одат қилиб олишди. Буларнинг ўзгалардан ажралиб турадиган жиҳати – бошининг орқа тарафидан битта узун кокил қўйишлари эди. Шундай кишилар дуч келиб қолишса, бир-бирларини кокилидан таниб олишарди.
– Сен кимсан? Онанг ким?
Табғачлар отасининг кимлигини айтишмасди.
Лекин томирларда оқаётган аралаш қон барибирам ўзини кўрсатди: булар озчилик бўлган пайтида қўрқоқларга айланишар, кўпчилик эканида эса ғанимга шоқолдай ташланишарди. Шунингдек, ҳашам ва безакка ниҳоятда ўч эдилар. Бўлар-бўлмасга қимматбаҳо пўстинларга ўраниб, мўйна-бўрк кийиб, олтин-кумушларни тақиб юришни ёқтиришарди.
Орадан бир неча йил ўтиб, улар Чин хоқонининг кўмаги билан Табғач давлатини тузишди. Бу давлатда барча чин тилида сўзлашар, чин урфлари қилинарди. Кейинги даврда эса уларнинг саноғи янада ортди. Ниҳоят, ота қавми устига юриш қилиб, бош кент Ўтукенни ёқиб юборишди. Ота авлоднинг қаттиқ ўғилларини қул, сулув қизларини чўри қилиб олиб кетишди. Турк будун уларга қарши аёвсиз урушди, бироқ енгилди. Будун эрларининг сўнгаги дала-даштда тоғдай уйилиб ётди. Табғач шу тариқа ота қавмини қулликка солди…
Турк қавмлари қонни отага боғлашади, насабни отадан бобога ўта-ўта, Нуҳ пайғамбарнинг юксак ахлоқли ўғли Ёфасгача тақаб боришади. Табғач эса ўз қонидан тонади. Кучлироқ, бойроқ қавмга таассуб қилиб, ўзини уларнинг номи билан номлайди, ўшалар орасига сингиб йўқ бўлиб кетгиси келади ва ота қавмини сира тилига олмайди. Ўз ота сулоласини таҳқирлаб, паст кўрган табғач қавми мана шундай пайдо бўлди.

* * *
– Сен кимсан? Кимнинг ўғлисан?
Табғач яна икки қўли билан қулоғини бекитади.
– Айт, хуржунингдаги бош кимники?
Хуржундаги бош – Кўкёл Ота бўрининг боши! Табғач урушда енгди, ота юртга ўт қўйиб қайтишаётганида, тутаб ётган харобалар орасида ёллари кўкимтир катта бир бўрини кўриб қолишди. “Туркийларнинг Кўкёл Ота бўриси шу эканми? – деб ҳайрон бўлишди. – Қаранглар, жони илвираб, ўладиган бўлиб қолибди-ку?” Уни узун ўқ билан уриб олишди, бошини кесиб, хуржунга солишди. Қайтишда қаттиқ шамол эсди, бултурги хас-чўплару хазонларни кўтариб тўпдагилар боши узра чунон сочди, ёмғир аямай савалади, момақалдироқ отларни ҳуркитди. Шу тарз, асосий черикдан айни шу тўп ажралиб қолди.
“Шамол кучли бўлди, адашиб кетдик чоғи,– дейишди улар. – Лекин йўлни биламиз, кечикиб бўлса-да, ғалаба маросимига етиб борамиз. Хуржунимизда Кўкёл Ота бўрининг боши ётибди. Ундан май косаси ясаймиз, байрамда шароб сипқорамиз!”
Кўгман сувидан ўтилганида оқшом қўнди. Ёмғиру шамол тина бошлади. Булутлар тарқаб, ой кўринди. Табғачлар пилч-пилч лой узра боришарди.
Шунда кутилмаган ҳодиса юз берди. Сокинлашаётган табиатнинг турфа саслари аро тўсатдан даҳшатли увиллаш янграб кетди!
Бу шунчалик ҳазин, узун ва битмас-туганмас увиллаш эдики! Отлар кўзлари олайиб, ҳайиқиб сапчиди, табғачларнинг ранги бўзариб, серрайиб қолишди. Ҳўл буталар, тина бош­лаган ёмғир, лой теварак аро рўпарада кенг тўшидаги ва бўйнидаги ёли кўм-кўк етакчи бўри, ортида яна бошқалари, бари бошини кўкка чўзиб, этни жунжиктириб увилларди.
Фақат бу – бўрилар зериккан маҳалида ойга қараб зорланиб, Кўк Тангридан афв сўрайдиган увиллаш эмас эди. Табғач қавми қаршисида ўлим-қолим жангига кириш олдидаги жанговар увиллаш янграмоқда эди.
Балки тасодифдир, бироқ тўпдан айрилиб қолган табғачлар “Бу жонзотлар Кўкёл Ота бўри учун ўч олишга келди” деган ўйда, қўрқувдан дағ-дағ қалтираб туришарди.
Шундан сўнг ой булутлар остига кириб кетди, нималар юз бергани билинмай қолди. Бўрилар табғачларга ташланди шекилли, кимдир қўрқув ичра бақирди, кимдир додлаб қочди… Ўз қароргоҳига етиб борган бошқа табғачлар бир тўп эрнинг даштда йўқолиб қолганини билишса-да, излагани чиқишмади. Тўғри-да, нима зарил байрам шодиёнасини бузиб? Тирик қолишган бўлса етиб келишади, мабодо ер тиш­лаган бўлса, у ҳолда, излашдан не наф?
Шу тариқа, турк будун табғачга қарам бўлди. Табғачлар уни қулликка солди.
…Энди орадан эллик йил ўтади. Эллик йил ўтгач, табғач элида униб-ўсган бир эрнинг томирида ота қони уйғонади. Ота-онаси кимлигини билмайдиган бу йигит теварагидаги кишиларнинг тутумларига, қилиқларига, мақтанишларига қараб, ўзига-ўзи “Мен кимман? Отам ким?” деган саволни беради. Суриштира-суриштира бир амаллаб отаси кимлигини билиб олгач, таб­ғачлардан айрилиб, ер бағирлаб ётган тарқоқ улусини излаб боради. Ўлаёзган улус унга донолиги учун Билга ­Тўнюқуқ деб ном беради. Билга Тўнюқуқ дос­тони довюраклик, жасурлик ва элпарварликдан, эр киши учун энг яхши ўлим – эл учун ўлиш эканидан сўзлайди, аммо у – бутунлай бошқа бир достондир.
* * *
Қайдам… бу жуда олис тарих. Табғачлар ер-сувларидан айрилиб, оламга ёйилиб кетишди, уларни ҳеч ким йўқ қила олмади. Жуда жони қаттиқ, ўлмайдиган қавм экан, дейишади билгичлар.
Шамол эса ер юзи бўйлаб елади. Тоғ этакларида қаҳқаҳа уради, табғачлар ерининг тўзонларини кўтаради, туркий эллар тупроқларини майин-майин силайди, денгиз соҳилларида сокин елларга айланади ва худди қиёмат олдидан тупроқ остидан чиқиб келадиган ер махлуқи каби, кишилардан сўрайди:
– Сен кимсан? Отанг ким?
Ҳорғин куз кунларининг бирида, мабодо сизнинг ҳам юзингизни силаган чоғи қулоғингизга шундай савол урилса, ҳеч ажабланманг. Чунки сизу бизнинг жавобимиз аниқ, имонимиз бут:
– Ўзбеклармиз. Туркнинг бош бўғинимиз!

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг