«СЎЗИНГ ҚАЛБЛАР ТУБИГА БОРСИН»

132

Минтақамиздаги энг кўҳна илм даргоҳларидан бири – Ўзбекистон Миллий университетига Адиблар хиёбонига ҳайкали қўйилган Ўзбекистон Қаҳрамони, Халқ шоири Эркин Воҳидов ижодининг бириктирилиши адабиётга ихлосманд жамоамиз учун айни муддао бўлди. Улуғ шоир ижодини ўрганиш юзасидан университетда бир қатор ишлар амалга оширилди: Эркин Воҳидов илмий-маърифий маркази ташкил этилди, истеъдодли ва аълочи талабалар учун Эркин Воҳидов номидаги стипендия жорий этилди, Марғилондаги Эркин Воҳидов ижод мактабини университет ўз оталиғига олди. Жамоамиз профессор-ўқитувчиларининг муҳташам зиёратгоҳига айланган Адиблар хиёбони шоир ижоди ихлосмандлари билан доимо гавжум. Бу муҳташам масканда турли тадбирлар ўтказиш орқали ёшларни юксак маънавий қадриятларга эътибор руҳида тарбиялаш ҳар бир зиёлининг бурчидир.

Ўзбекистон Қаҳрамони, ардоқли шоир Эркин Воҳидов ижодида меҳр-муҳаббат фазилатларига бой, яхши ахлоқ соҳиби, саховат ва мурувват рамзи – комил инсон шахсининг маънавий қиёфаси гавдалантирилгани маълум. Шоир шеърларида сўз, қалам, китоб, тупроқ, дарахт, ишқ, ошиқ, маъшуқа, юрак, кўнгил, осмон, қуёш, юлдуз, гул, пиёла, узум, инсон, игна, бодом, май каби қатор тимсоллар инсоний камолот сирларини юзага чиқаришга хизмат қилган. Комил инсон назариясининг асосчиларидан бири Азизиддин Насафийнинг ёзишича, тўрт нарса – гўзал сўз, гўзал амал, гўзал ахлоқ ва маърифат соҳибини комил инсон дейиш мумкин. Шоир ана шу фикрлардан таъсирлангани ҳолда бундай ёзади:

Имкон йўқ дунёда мангу қолгани,
Таскин – биздан бир ёдгор қолгани.
Яхши иш, яхши сўз ва яхши фарзанд –
Қолари шу. Ўтди-кетди қолгани.

Э.Воҳидов ижодини кузатар эканмиз, “яхши”, “яхшилик” сўзлари шоирнинг энг ёқтирган сўзлари эканига амин бўламиз. Зеро, китоб­ларидан бирига “Яхшидир аччиқ ҳақиқат…” деб ном қўйишининг ўзиёқ фикримизнинг бир исботидир. Умуман, ўзига хос ритм ва маънога эга муайян сўзлар воситасида ўқувчининг диққатини жалб қилиш ва фикрни унинг шуурига сингдириш Э.Воҳидов ижодий услубининг муҳим жиҳатидир. Масалан,
Енгил иш қидирма,
енгил иш йўқдир.
Жон чексанг енгиш бор,
енгилиш йўқдир…
Дарҳақиқат, Э.Воҳидов шеъриятида ёритилган комиллик босқич­лари етиб бўлмайдиган чўққи эмас, комил инсон ҳам хаёлий ёки тўқима қаҳрамон сифатида тасвирланмаган. Шоир ҳаёт билан ҳамнафас, замон билан ҳамқадам, давр билан ҳамфикр, яъни камолот шукуҳини атрофидагилардан, замондошларидан излайди, ҳақиқий комиллик саодатини уларда кўришни хоҳлайди.
Маълумки, шоирнинг дунё­қараши, борлиққа муносабати, руҳий-маънавий оламининг қам­рови, қолаверса, иқтидори ва ­фикр-сажияси у мурожаат этган мавзуларнинг кўламдорлиги ва мазкур мавзулар орқали илгари сурилган ғоя ва қарашларнинг табиати билан ҳам белгиланади. Сўз санъаткорининг бетакрор поэтик маҳоратини белгиловчи омиллар сирасига образ яратиш санъати ҳам киради. Шоир яратган шеърий образлар орасида юрак тимсоли алоҳида ўрин тутади. Шеъриятда юрак кўпинча япроққа, ўтга, чақмоққа, шишага ўхшатилади:
Дардлар тоши ёғди, юрак –
Шишасининг дарзи кўп.
Синмай турсин, ҳали керак,
Элдан унинг қарзи кўп.
Шеър ирфон ва маърифат соҳиби бўлган, халқ дарди, эл бахти учун курашга шайланган донишманд ва жўмард инсон тилидан баён этилган. Шоир бунда кимга мурожаат этаётир? Албатта, юракка. Чунки юрак лирик қаҳрамоннинг суянган тоғи, мустаҳкам таянч қўрғони. Ягона илинж, собит ишонч унинг дарз кетмаслигидир. Чунки элдан қарзини узмоққа биргина юрак қодир. Шоир лирик қаҳрамонининг ички дунёси кўпинча конкрет руҳий ҳолат, кечинма воситасида бирор ҳаётий вазиятда очилади. Қуйидаги шеър­да ҳам ҳаётийлик, аниқлик мазмунларини янада чуқурлаштириш учун юрак ва вақт образларига мурожаат қилинган:
Вақт ўз ишин қилар.
Вақт ғолиб.
Бунга кўнар инсоннинг марди.
Кексаликни бўйнимга олиб
Уйимда тинч ётсам бўларди.

Қариганда ҳаловат керак,
Арзир мен ҳам тин олсам енгил.
Лекин бунга юрмайди юрак,
Кўнгил, десам кўнмайди кўнгил.
Эркин Воҳидов чин маънода сўзга жон киритган, ҳақиқатни сўз ойнасида акс эттира олган шоир. Унинг лирик қаҳрамони ҳаловатга кўникиб, узлат ихтиёр этадиган киши эмас, аксинча, курашлар, зафарлар ва қайноқ ҳаёт қучоғига талпинадиган, ўз саодату иқболини халқ ва Ватан тақдири билан чамбарчас боғлайдиган некбин шахс. Унинг дарди ҳам, иқболи ҳам эл ёди, эл шодлигидир:
Элга фақат шодлик ҳадя этарман,
Ғамни ўзим билан олиб
кетарман.
Айтсам, кўтаролмай ногоҳ заминнинг
Меҳвари узилиб кетса
нетарман.
Луғатларда ҳол ўзига хос қисқа муддатли кайфият деб изоҳланади. Шеъриятда у қалбнинг порлаши, чақмоқ чақилгандай ярқираган чароғон нурни туйиш лаззатидир. Ҳол – бир лаҳзада пайдо бўлиб, яна ғойиб бўлиши мумкин бўлган руҳий, маънавий фараҳдир. Э.Воҳидовнинг лирик қаҳрамони ана шундай бир ҳол соҳиби. Унинг қайсарлигида ҳалимлик, исёнида сокинлик, тийнату фитратида ҳақиқату ҳақпарастлик ҳамиша бўй кўрсатиб туради:
Рост, қалам тимсоли шеър, тимсоли тиғ, тимсоли Ҳақ,
Бошини минг кесдилар,
бош эгмади асло қалам…
Ишқ ва ошиқлик тарихи жуда қадимийдир. Ишқ дастлаб, яъни коинот яратилган пайтдаёқ ўзини намоён этган. Борлиқни бор айлаган ҳам шу ишқ эди. Унга илк қувват дейилган. Бу қувват жонли ва жонсиз мавжудот ҳалқаларидан ўтиб, инсонга етгач айнан унда ўзини таниб, оламшумул шуур касб этган, баркамол бўлган. Э.Воҳидовнинг кўплаб шеърларида ошиқ дарди, маънавий-руҳий ҳоли, орзу ва армонлари тасвири кенг ўрин эгаллайди. Ошиқлик фавқулодда самимият, тўғрилик, сидқ ва очиқликни талаб қилади. Булар комилликнинг муҳим шартларидир. Демак, шоир шеърларида тасвирланган ҳақиқий камолот чўққисидаги инсон бу чин ошиқдир. Чунки ошиқлик инсон руҳи ва кўнглида кучли ўзгариш ва янгиланиш пайдо қилади. Ишқ завқ-шавқи юракда қанчадан-қанча бе­завол туйғулар, ҳаётбахш ҳис­ларни жонлантириб юборади. Ошиқ қалби ҳамиша гўзалликка, ёруғликка, некбинликка интилади:
Мен ҳаётда бор эканман,
Ўйласам, сен бор учун.
Кўксим ичра қалб урар
Тун-кун ўзингга зор учун.
Жонга чун сенсан тириклик,
Жон фидо бўлсин сенга,
То жаҳонда бор эканман,
Борлиғим сен ёр учун.
Э.Воҳидов шеърларида сўз образ даражасига юксалади ва барча эзгуликлар, хайру саховат, меҳр-оқибат каби юксак инсоний фазилатларни ифода этади. Ижодкорнинг кучи, қудрати, меҳнати сўз орқали юзага чиққан маънони ўқувчи қалбига, онгу шуурига етказа олишида, дейди шоир:
Шундоқ сўз айт, шоир укажон,
Сўзинг қалблар тубига борсин.
Бахтни ёзсанг яйрасин жаҳон
Ғамни ёзсанг додлаб юборсин.
Кўринадики, Э.Воҳидов шеърияти – илм ва маърифат, тафаккур ва мушоҳада шеърияти. Шоирнинг лирик қаҳрамони эса самимият кишиси. Мардлик, тантилик, олижаноблик, ҳақсеварлик унинг ҳаё­тий матлабидир. Шу сабабли, бош­қалардан ҳам чин инсонийликни, руҳан ва жисмонан етуклик – баркамолликни талаб қилади, шу мақсад йўлида астойдил курашади. Шоир ижоди ахлоқ покизалиги, тийнату фитрат софлиги, қалб ҳидояти, иймон ва эътиқод бутунлиги инсонни камолот чўққисига юксалтириб, ҳақиқий саодатга юзлаштира олишига ўқувчини тўла ишонтиради.

Авазжон МАРАҲИМОВ,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий
университети ректори, техника фанлари доктори,
профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг