ТЎКИСЛИК САОДАТИ

152

Замонавий ўзбек адабий танқидчилиги мактабининг шаклланишида Озод Шарафиддинов, Матёқуб Қўшжонов, Лазиз Қаюмов, Салоҳиддин Мамажонов, Умарали Норматов, Наим Каримов каби салоҳиятли устоз адабиётшунослар қаторида Бахтиёр Назаровнинг ҳам муносиб ўрни бор. Олимнинг қатор илмий тадқиқотлари, монографиялари, ўзига хос қарашлари акс этган мақолалари адабиётшунослигимизнинг салмоқли илмий меросига айланди.

Б.Назаровнинг мустақилликкача бўлган даврда яратилган “Ўзбек танқидчилиги”, “Ўзбек адабий танқидчилиги: ғоявийлик, метод, қаҳрамон”, “Бу сеҳрли дунё”, “Ҳаётийлик — безавол мезон” номли китоблари, “Адабий жараённинг долзарб муаммолари”, “Ойбек бадиий маҳорати”, “Ўзбек адабий танқид­чилиги тарихи”, “Ҳамза Ҳакимзода ижоди муаммолари” каби тадқиқотлари ғоявийлик, партиявийлик каби сунъий тарзда қатъийлаштирилган мафкуравий тамойиллар авж нуқталарга кўтарилган шароитда вужудга келган бўлса-да, илмий мушоҳада, мантиқан асосланган янгича қарашлари билан замонавий ўзбек адабий танқидчилиги тадрижида ўзига хос ўрин тутди. Иброҳим Ғафуров Бахтиёр Назаровнинг адабиёт ва танқид ҳақидаги қарашлари “Ҳаётийлик — безавол мезон” деган таърифида тўла мужассамлашганини, буни устознинг кашфиёти сифатида баҳолаб, ижодининг мезонига айланганини таъкидлаб ўтган эди.
Унинг адабиётшунос, танқидчи сифатида муайян тадқиқот объектига ёндашувида ўзига хос услуби бор: мунаққид бир илмий мақола мавзуси доирасида адабиётнинг катта муаммоларини таҳлил қилишга интилади. Бадиий асар таҳлилида мавжуд тамойиллар изидан эргашмайди, балки ўз тафаккур олами, дунёқараши, кутилмаган, нозик куза­тиш­лар ҳосиласи ўлароқ, янги тамойилларни кашф этади. Асардаги рамзий образлар, рамзий ифодаларга таяниб, кутилмаган фикр­ларини мантиқий асослар воситасида тақдим этади.
Одатда, сўз дунёсида шоирнинг олимлиги кўп учраган, олимнинг шоирлиги эса камёб ҳодисадир. Макон ёки вақт танламаган, гоҳ транспортда, гоҳ қайсидир бекатда, устознинг ўз таъбири билан айтганда, “йўл-йўлакай туғилган”, ҳали нашр этилмаган тўртликлари оддий, эрмак учун ёзилганга ўхшамайди, балки устознинг қалбидаги муҳрлаган меҳри, муҳаббати, ўзлигининг акс садолари, ҳаёт тақдим этган ҳисобот – кечинмалари ўлароқ аксланган. Қолаверса, бу тўртликларда ҳазил-мутойиба, некбин руҳ яширинган, Аслияти, Ўзлиги, ҳаётнинг кескин курашларида чарчаган руҳий изтироб­лари акс этган.

Яширин кўп йиғладим енг ичига,
Юраккинам боқдингми сен ичига?
Айни ишлай, тер тўкай деганимда,
Чўтир дунё қўймади тенг ичига.

Ҳаёт мураккаб, чигал, инсон ҳар доим ҳам бу қийинчиликлар, муаммолар устидан ғолиб чиқавермайди. Олим адолатсизлик, субутсизлик, зиддиятли гирдобларда имконсиз, иложсиз қолган онларида айнан шеър ёзиб таскин топади. Зеро, айни лаҳзада устознинг ўзлиги, ўзи, аслияти, “юрак қатидаги юзи”, “мен”и фаол объектга айланади.

Бир шоир бор эди, сенсирамасди,
Жиддий, ҳеч бир замон алжирамасди.
Туғилгандан буён қалтироқ қўли
Фақат шеър ёзганда қалтирамасди.

Тўйинган фикрнинг сўзларда аксланиш онлари моддий оламдан иҳоталанган, на вужудга ва на руҳга сиғдириш мумкин бўлмаган, фақат самовий хотиржамлик ҳиссини топишга интилиш онларидир. Ана шу самовий хотиржамлик, не ажабки, “туғилгандан буён қалтирайдиган шоир қўллари”ни ҳам ўз измига солади. Ана шу лаҳзалар “қалтироқ қўлли шоир” — лирик қаҳрамон учун ўзини, ўзлигини топиш имконини беради ва натижада шеър Эътиқод шакли мақомига кўтарилади.
Бахтиёр Назаровнинг тўртликларида жиддий қараш, мутойиба, киноя-истеҳзо ўрин алмашинади. Гоҳо ҳеч кутилмаган фикрларга ҳам дуч келасиз:

Минг шукр қариган, қаритганга ҳам,
Кўздаги ёшга ҳам, аритганга ҳам,
Шаккокликка йўйманг, чоғи, йилдан-йил
Осон бўлмаётир Яратганга ҳам.

Бадиий матнда киноя учқунлари кўринадики, бу Қодирга эмас, бандасига йўналтирилган. Зотан, бандаларнинг ўзи ҳаётни мураккаб алфозга солмоқдалар, умуминсоний тараққиёт йўлида ўзаро кўмаклашиш, қўллаб-қувватлаш, бирлашиш ўрнига бир-бирларига халал бермоқдалар. Рубоий монанд мазкур тўртликдаги фалсафа, ҳеч бир муболағасиз, унутилмас даражада кучли.
Бахтиёр Назаровнинг шеъриятга меҳру муҳаббати, иштиёқи унинг лирик асарлар таҳлилига оид тадқиқотлари ўзгача услубда намоён бўлади. Домла шоир сўзларидаги ўзгалар илғамаган, илғай ололмаган сирлиликни, ижодкор ҳолатидаги гўзал манзараларни, қалбида, фикрида тебраниб турган муҳим, мураккаб ва зиддиятли сезгиларни асл ҳолича кўра олади. Шоир ҳаётда айта олмаган кўнгил сўзини бадиий асаридан билиб олишга интилади. Хусусан, олимнинг Усмон Азим, Хуршид Даврон шеърлари таҳлилига бағишланган “Юрагимнинг манзаралари” номли мақоласида мана шундай янгидан-янги, кутилмаган илмий ва ижодий кашфиётларни кузатиш мумкин. Назаримда, устоз учун шеър таҳлили ўзининг энг маҳрам ва малҳам фикрларини юзага чиқаришга имконият яратадиган ижод жараёнига ўхшайди. Устознинг қуйидаги тўртлиги айнан “Юрагимнинг манзаралари” номли мақоласига ҳамоҳанг жаранглайди:

Мен асло шеър эмас, ўзимни ёздим,
Юрак қатидаги юзимни ёздим.
Дунёда ўзидан ўзган йўқ, мен ҳам
Атойи насиба, тузимни ёздим.

Атоқли адабиётшунос олим, Ўзбекис­тон Республикаси Фанлар академияси академиги, фан арбоби, эл ардоғидаги инсон Бахтиёр Назаров адабиётшунослик, адабий танқидчилик, илмий педагогик йўналиш­ларда, миллий бадиий эстетик тафаккурда юз берган ва юз бераётган янгиланишлар ­бунёдкорлари қаторида. Зотан, устозга мана шундай Яратган инъоми ила зуҳрланган Бахт ва Назар, тўкислик саодати тақдир қилинган, ҳаммага ҳам насиб этавермайдиган саодатдир.

Зулхумор МИРЗАЕВА,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг