Соғинч сатрлари

80

Таниқли шоир Турсун Алининг шеърлар, баллада ва достони жамланган мазкур китоби одам ва олам муносабатлари ҳақидаги теран ўй-мушоҳадалардан иборат.

Турсун Али “Қиш. Болалик ва мен” балладаси учун тарихий маиший мавзуни танлаган. Тинимсиз ёғаётган шўх ва ўйноқи қор шоир хаёлларини тўзғитиб юборади. Изғирин шамоллар уни олис хотиралар – болалик дамлари кечган манзил сари етаклайди. Эпик баёнчини ортга қайтариш имконсиз ва хаёл кўзгусидан ўчириш маҳол бўлган хотиралар таъқиб қилади.
Беғубор болалик йилларида кутилмаган тасодиф туфайли содир бўлиб, мурғак қалбда ўчмас из қолдирган бир воқеа унга тинчлик бермайди. Қаҳратон қиш. Ҳовли этагидаги кўл ойнадек музлаган. Муз устида сирпанаётган болалар учун йўлдаги ўнқир-чўнқир, қамишзорлар тўсиқ бўлолмайди. Муз бетида туртиниб-суртиниб, тирғаниб-сирғаниб кимўзар ўйнаётган болалар қий-чуви кўлни қоплаган. Шу кез машъум воқеа содир бўлади:

Бир куни, ёдимдан чиқмайди сира,
Энг кичик Иброҳим – муз ёрилиб тарс,
Сув остига чўкди тополмай чора,
Биз болалар четда йиғлашдик гурас.

Тарс-тарс ёрилаётган муз. Майдон четида қаровсиз қолдирилган митти Иброҳим. Нажотга чўзилган қўлчалар. Офат қошида шошиб қолган бетадбир болалар. Оний лаҳзада сув қаърига чўкиб кетган болакай. Атрофга зир-зир югуриб, из-из йиғлаётган бир гурас бола. Тезда унутилган ўйин. Ҳам жажжи Иброҳим, ҳам катталар олдида ўзини гуноҳкор санаётган, ҳаракатларига масъул, бинобарин, моҳиятини ҳамжиҳатликда ҳис этиш, ҳамдардликда енгиш мумкинлигини англаб, шу лаҳзадаёқ улғайиб қолган болалар…
Шоир китобхонни ўша йилларнинг совуқ қишлари сарҳадига олиб ўтиш баробарида, унда зоҳиран ойнадек кўринган муз бу қадар хунук ва хира экани, кўлнинг суви ҳамиша тиниқ эмас, баъзан ўта шафқатсиз экани билан боғлиқ туйғуларни уйғотади.
Шоир “Тақдир кенгликлари” достонини Ўзбекистон мустақиллигининг йигирма беш йиллигига бағишлаган. Асар қурилиши жиҳатидан муқаддима, йигирма бешта ихчам фасл ва хотимадан таркиб топган. Муқаддима руҳини синиқ ва мунг тўла оҳанглар чулғаган, аммо истиқболга бўлган умидлари зинҳор сўнмаган йўлчининг самимий дил изҳори билан бошланади:

О, ўзимдан топиб нажот,
йўқотмай ўзимни сира,
Йўл юраман,
Озодлик сари,
Эрк сари…
Йўлларимни ютган йўлларга қарайман.

Йўлсизликда гоҳ адашиб, гоҳ шошиб, атрофга болалардай жовдираб илгарилаётган бу одам қай манзил-макон сари шошади? Суюкли маҳбуби ким? Бадиий матндан бу сингари саволларга ҳам шахсий-интим, ҳам ижтимоий мазмундаги жавобларни топиш мумкин. Дуч келган йўлларда саргашта кезиниб, вақтни тизгинлаш илинжида чопаётган йўлчи шамол измидаги булутлар мисол гоҳ адашиб, гоҳ эгри-бугри сўқмоқлар бўйлаб шошиб илгарилайди.
Уфқ лоларанг тусда доғланади. Бехос қалққан шамол телбавор ва мастона қутуриб дарахтлар шохини эгиб, букиб, синдириб кетади. Чақмоқ чақиб момақалдироқ гулдирайди, кўк юзида қора булутлар изғийди. Итлар улийди. Шу манзара ичида, аниқроқ айтганда, очунда ёлғиз қолган йўловчининг ҳол-руҳияти хаёлимизни яқин ўтмишга етаклайди.
Бундай кезда юрак қаърида намоён бўлган соҳибжамол ёр қиёфасидаги эрк ва озодлик ҳақидаги орзу-хаёл ва армонлардан таскин топиш мумкин. Эпик баёнчи шу гўзал қошида энтикади. Кўзларга тортилган парда – узун-­узун киприклар орасидан сирғалиб, кўзлар дарёсига шўнғийди.
Йўл энди болалик хотиралари сари югуриб елади. Ойдин ва чароғон йўл. Бу нафис манзаралар Турсун Алининг ўз туғилган қиш­лоғи, болалиги ўтган қадрдон ерлар ва азиз одамларга адоқсиз соғинч туйғуларидан силқиб чиқади.
Чиндан ҳам, кўкка бўй чўзган дарахтларни гўё шоирнинг орзулари осмон беғубор болалигига, йўл ёқалаб оқаётган ариқчани шошқин умрига қиёс қилгулик. Китобхон қиш­лоқнинг тупроқ йўлларида оёқяланг югураётган, ариқда қийқириб чўмилаётган болаликка эргашиб, қалқиган ҳавода илкис онаизор товушини эшитади. Беихтиёр унинг қаршисида қорни оч жужуқларига бир бурда нон келтириш ниятида тегирмонда қаҳри қаттиқ тегирмончи билан сўкишиб талашган ночор ота қиёфаси ҳам қад ростлайди:

Ўша лаҳзаларни эсласам туйқус,
Ҳозир ҳам
Буғдойдек янчилар синиққан кўнглим
Хотирот тегирмонида — деб ёзади шоир.
Денгиздай чайқалган пахтазор аро кун тиғида чопиқ қилаётган қиз-жувонлар сукутида бардош жаранглайди. Чопиқчилар ичида пақир кўтариб, уларга зилол сув улашаётган болакай кезинади. Шубҳасиз, ўзбек деҳқонига меҳр ва олқиш улашаётган бу болакайни яхши таниймиз. Бу онаизорига бўлган бир олам соғинчини бир пақир сувга алмаштирган ўзимизнинг сағир йўловчи. Шоир ёзади:

Болалигим кўзларида инграйди соғинч,
Болалигим кўзларида гуллар айрилиқ.

Бинобарин, ушбу достон муайян маънода, ўша ингроқлардан туғилиб, армонлардан куртак очган, орзулардан барг чиқарган ва айрилиқ бўлиб гуллаган гўзал ғунчадир. Турсун Али ушбу достонига йўқотилган вақт, ўтган умр – азиз инсонлар ҳасрати, синиқ фарёди, ҳузун ва узун дарду соғинчлари, тақдирлар фожиаси, миллат дардларидан кўнгил уммонига ўкинч ва армон бўлиб чўккан нолаларни муҳрлаган.
Достон ниҳояси китобхон руҳига ажиб тароват, кўнглига ўтли бир шукуҳ олиб киради. Руҳимизни эркинликнинг саррин ва ҳузурбахш еллари силаб эсганида, димоғимизга унинг муаттар бўйлари урилади.

Исломжон ЁҚУБОВ,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг