БАДИИЙ ТАЪЛИМ ИСТИҚБОЛЛАРИ

108

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида: “Халқимизнинг улуғвор ­қудрати жўш урган ҳозирги замонда Ўзбекистонда янги бир уйғониш – Учинчи Ренессанс даврига пойдевор яратилмоқда, десак, айни ҳақиқат бўлади. Чунки бугунги Ўзбекис­тон – ­кечаги Ўзбекистон эмас. Бугунги халқимиз ҳам кечаги халқ эмас”, дея таъкидлади.
Бугунги кунда юртимизда илм-фанни ривожлантириш, пировардида юртимизни дунёнинг энг ривожланган давлатлари қаторига олиб чиқиш учун улкан ислоҳотлар олиб борилмоқда. Бизнинг институтда ҳам профессор-ўқитувчилар ва ходимларни моддий-маънавий қўллаб-қувватлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Бунинг самараси ўлароқ, ёшларимизда олий таълим олишга, шу билан бирга, илмий изланиш олиб боришга қизиқиш ва иштиёқ ортиб бормоқда. Бу эса яқин келажакда ўз самарасини бериши, шубҳасиз.
Жорий йилнинг 21 апрель куни эълон қилинган “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори юртимиз бадиий таълими ривожида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу қарор буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод таваллудининг 565 йиллигини кенг нишонлаш билан боғлиқлиги, миллий тасвирий ва амалий санъат истиқболини белгилаб бергани билан тарихий аҳамиятга эга, десак муболаға бўлмайди. Ушбу қарорда кўрсатиб ўтилган жорий йилнинг октябрь ойида буюк мусаввир ва наққош Камолиддин Беҳзод хотирасини абадийлаштириш мақсадида Тошкент шаҳрининг кўчаларидан бирига унинг номини бериш, буюк мусаввир номи билан юритиладиган Шарқ миниатюра санъати музейи хиёбонини замонавий қиёфада қайта ташкил этиш ва унинг ҳудудидаги мусаввир ҳайкалини бронзага ўтказиш, “Ўзбекистон замонавий миниатюраси” каталогини тайёрлаш каби кўплаб вазифаларнинг амалий ижросини таъминлаш натижасида юртимиз тасвирий ва амалий санъати янги босқичга кўтарилиши шубҳасиз.
Қарор асосида Бадиий таълим йўналишларидаги педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази, олий ўқув юртидан кейинги таълим тизимида тайёргарлик босқичи сифатида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) ташкил этилади. Айни пайтда “Устоз-шогирд” ва бадиий таълим анъаналарини сақлаган ҳолда ўқитишнинг илғор усулларини ишлаб чиқиш, ўқув жараёнига ижодий устахоналар фаолиятини татбиқ этиш, чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, олий рассомлик курси ёш ижодкорларининг ижодий сафарларини ташкиллаштириш, юртимиз музейлари фондларини юксак тасвирий санъат асарлари билан мунтазам бойитиб боришга кўмаклашиш каби яна бир қатор вазифалар белгилаб берилди.

Шунингдек, 2020 — 2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси таъсис этилмоқда. Энг қувонарлиси, эндиликда мамлакатимизда рассом, ҳайкалтарош, амалий санъат усталари, санъатшунос, музейшунос ва дизайнер кадрлар тайёрлайдиган ягона олий таълим муассасаси ҳисобланмиш институтимизнинг моддий-техник базаси янада мустаҳкамланиб, замонавий қиёфа касб этадиган бўлди. Институтнинг асосий биноси ҳудудида қўшимча ўқув биноси ва замонавий ахборот-кутубхона маркази, кўргазмалар галереясини ўз ичига қамраб оладиган бино қуриш назарда тутилган. Бу ҳам ижодкор-талабаларнинг таълим-тарбия олишлари, етук кадр бўлиб етишишларида муҳим омил бўлиб хизмат қилади.
Яратилаётган кўплаб имкониятлар зиммамизга улкан масъулият ҳам юклайди. Негаки, юксак эътибор ва ғамхўрликка муносиб жавоб қайтармоғимиз, унинг амалий ижроси тўла-тўкис таъминланиши учун бор имкониятимизни ишга солмоғимиз лозим.
Институтимизнинг профессор-ўқи­тув­чилари педагогик фаолият билан бир қаторда, ижодий фаолиятни ҳам самарали олиб борадилар. Улар яратган нодир асарлар нафақат юртимизда, балки хориждаги нуфузли кўргазма залларида намойиш этилиб, шахсий коллекциялар ва галереяларда сақланмоқда. Тошкент шаҳрининг Олмазор туманида бунёд этилган “Ғалаба боғи”ида ҳам институтимиз профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари томонидан яратилган кўплаб асарларни кўриш мумкин. Уларнинг аксарияти ёш авлод вакили экани институтда устоз-шогирд анъаналарининг самарали давом эттирилаётганидан далолатдир.
Президентимиз томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббуснинг амалий ижросини таъминлаш учун ёш авлод қалбида тасвирий ва амалий санъатга меҳр уйғотиш ҳамда уларга соҳа сир-асрорларини чуқурроқ тушунтириш мақсадида институт профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари томонидан маҳорат дарслари, кўргазмалар мунтазам ташкил этилмоқда. Карантин даврида бу борадаги ишлар онлайн шаклда давом эттирилди ҳамда Интернет тармоқлари ва телевидение орқали намойиш этиб борилди.
Олий ўқув юртимиз хусусиятидан келиб чиққан ҳолда, ёш иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, уларнинг истеъдодини намоён қилиш, ёшларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга дахлдорлик ҳиссини уйғотишга йўналтирилган “Беш ташаббус – беш имконият”, “Мустаҳкам оила – юрт таянчи” ҳамда “Энг фаол санъатшунос” каби танловлар ташкил этилди. Талаба-ёшларнинг ижодини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш мақсадида “Уйда қол, ижод қил” онлайн кўрик-танлови ташкил этилиб, танлов учун телеграм мессенжерида алоҳида канал очилди. 30 июнь — Ёшлар куни муносабати билан онлайн тарзда ўтказилган “Ёшлар ташаббуси” номли маданий-маърифий тадбирда танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Ҳозир бизда бир қатор нуфузли чет эл олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилган бўлиб, шу вақтгача қирққа яқин меморандум имзоланди. Халқаро ҳамкорликлар доирасида 70 нафар профессор-ўқитувчиларимиз ва 16 нафар талаба малака ошириш, стажировка, семинар-тренинглар, конференцияларда қатнашди. Алмашув дастурларида 2 нафар профессор-ўқитувчи ҳамда 22 нафар талаба иштирок этди. Эразмус+ дастури доирасида МУSAЕ лойиҳаси олинди. Шунингдек, Жанубий Корея Республикаси Кемён университети билан ҳамкорликда дизайн (либос ва газламалар) таълим йўналиши, Таиланддаги Чаннапатана дизайн институти билан ҳамкорликда дизайн (интерьерни лойиҳалаш) ҳамда дизайн (либос ва газламалар) таълим йўналишлари бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилган.
Юртимизда карантин чоралари давом этаётган бир пайтда “Санъатдаги умуминсоний қадриятлар ва анъаналар” ҳамда “Глобаллашув шароитида санъатда умуммиллий ўзига хослик муаммолари” мавзусида халқаро илмий онлайн конференциялари бўлиб ўтди. Унда Россия Федерацияси, Германия, Буюк Британия, Швейцария, Хитой Халқ Республикаси, Малайзия, Болгария, Литва, Беларус Рес­публикаси, Арманистон, Молдова Республикаси, Қозоғистон, Таиланд каби давлатлардан соҳа мутахассислари маърузалар билан иштирок этиб, санъат тарихи, бугуни ва эртасига доир фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
2019 — 2020 ўқув йилида институтда илк бор “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Aхборотномаси” илмий-амалий журнали ва “Мусаввир” газетаси нашр этила бошланди.
Олий аттестация комиссияси раисининг тегишли қарорига асосан, жорий йилнинг июль ойида институт ҳузурида илмий даражалар берувчи Илмий кенгаш ташкил этилди. Санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи ушбу илмий Кенгашнинг очилишини нафақат институт, балки санъат ва маданият ҳамда бадиий таълим соҳаси вакиллари учун улкан имконият сифатида эътироф этиш мумкин.
Ўқув жараёнлари бевосита амалиёт билан боғланмас экан, малакали кадрлар тайёрлашда муаммолар юзага келаверади. Шуни инобатга олган ҳолда, йил бошида Ўзбекистон давлат санъат музейи ҳамда Ўзбекистон тарихи давлат музейида музейшунослик кафедрасининг филиаллари фаолияти, ҳамкорлик доирасида қатор лойиҳалар йўлга қўйилди. Ҳозир бу йўналишда яна бир неча лойиҳа устида иш олиб борилмоқда.
Маълумки, ўтган ўқув йилида (апрель ойдан бошлаб) республикадаги барча таълим муассасаларида онлайн таълим жорий этилди. Таълим платформалари яратилди. Инс­титутнинг 15 та кафедрасида профессор-ўқитувчилар томонидан 27 та бакалавриат таълим йўналиши ҳамда 15 та магистратура мутахассисликлари учун 284 та фан бўйича электрон ўқув ресурслари ишлаб чиқилди, инс­титутнинг масофавий таълим платформаси, расмий веб сайти, телеграм канали, Интернет сайтларидаги расмий саҳифаларига жойлаштирилди.
Масофавий таълимда талабалар назарий жиҳатдан катта муаммоларга учраяпти, деб бўлмайди. Бироқ мустақил таълимнинг аҳамиятини юқори баҳолаган ҳолда, айтиш мумкинки, онлайн таълим шакли, айниқса, ижодкор кадрлар тайёрлашга ихтисослашган олий таълим муассасаларида баъзи бир қийинчиликларни юзага келтиргани ҳам бор гап. Негаки, бу турдаги муассасаларда жонли мулоқот катта аҳамиятга эга. Устоз шогирдининг нафақат бажарган ишини баҳолаши, балки ишлаш жараёнида уни бевосита йўналтириб туриши ҳам талаб этилади. Чунки санъат асари бир кунда яратилмайди. Aйниқса, институтимиз талабалари мутахассис кадр бўлиб етишиш баробарида, қайсидир устоз рассомнинг шогирди сифатида ҳам эътироф этилади.
2020 — 2021 ўқув йили учун қабул бизда 3 сентябрдан 15 сентябргача — 13 кун давомида 7 та ихтисослик, 21 та йўналишда касбий (ижодий) имтиҳонлар бўлиб ўтди. Бу йил 3013 нафар абитуриент ҳужжат топширган бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 50,4 фоизга кўп демакдир. Улардан 2489 нафари касбий (ижодий) имтиҳонларда иштирок этди. Имтиҳон жараёнлари тўлиқ видеокузатув остида ўтказилиб, институт сайтида онлайн намойиш этиб борилди. Шу билан бирга, абитуриентларнинг баллари имтиҳон ўтказилган куннинг ўзидаёқ институт сайтида эълон қилинди. Аудитория назоратчиси ва кузатувчиси сифатида халқ таълими соҳаси мутахассислари жалб этилди. Ижодий ишлар нуфузли ижодкорлар раислигидаги ҳайъат томонидан баҳолаб борилди.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекис­тонда бадиий таълимга ихтисослашган ягона олий таълим муассасаси сифатида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти юртимиз санъати ва маданияти ривожига муносиб ҳисса қўшадиган, Камолиддин Беҳзод ва бошқа буюк мусаввирларга муносиб издош бўла оладиган истеъдод эгаларини тарбиялашни мақсад қилган.

Нодирбек САЙФУЛЛАЕВ,
Камолиддин Беҳзод номидаги
Миллий рассомлик ва дизайн
институти ректори,
тарих фанлари номзоди

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг