САНЪАТКОР ОШГАН ДОВОНЛАР

62

Дастлаб ташвиқот ва тарғибот воситаси сифатида майдонга чиққан телевидение аста-секин маданият, маърифат, таълим-тарбия воситасига ҳам айланди. 1956 — 1957 йилларда Ўзбекистон телевидениесига ишга таклиф қилинганлар, асосан, Театр ва рассомлик санъати институтининг битирувчилари бўлиб, улар орасида Маҳкам Муҳамедов ҳам бор эди.

Ҳали талаба бўлишига қарамай, ­М.Муҳамедов Парда Турсуннинг “Ўқитувчи” романи асосидаги видеофильм лойиҳасини раҳбариятга тақдим этади. У вақтларда кўрсатувлар тўғридан-тўғри намойиш этиларди. Битта катта студиянинг ўн бир жойига, воқеа­лар кетма-кетлигига қараб, декорациялар ўрнатиларди. Уч кун давомида оператор, овоз режиссёри, актёрлар билан репетиция ўтказилиб, кеч соат тўққизда фильм намойиши бошланади. Студияда йигирмадан зиёд мутахассис, бош­қарув пультида ўнга яқин мутахассис режиссёр — М.Муҳамедов кўрсатмаси билан ишга киришиб кетади…
Ўзбекистон телевидениеси студия шароитида “Ўқитувчи” видеофильмини шу тарзда томошабинлар эътиборига ҳавола қилган эди.
1958 йили Маҳкам Муҳамедов диплом спектакли — Виктор Розовнинг “Шодлик излаб” асарини саҳналаштиргач, телевидение режиссёри сифатида ишга қабул қилинади. Ўша йиллари Лев Толстойнинг “Кавказ асири”, М.Салтиков-Шедриннинг “Икки бойга бир малай” асарлари билан ўзбек томошабинларини таништиргач, Ҳамза Ҳакимзоданинг “Майсаранинг иши” комедиясини рус тилида саҳналаштиришга киришди. Марям Ёқубова, Хайрулла Саъдиев, Диас Раҳматов, Ортиқ Юсупов каби актёрлар таклиф этилди. Рус тилида ижро этилган мазкур спектакль туфайли Тошкентдан Москвага ва бош­қа шаҳарларга кўрсатувларни узатиш масаласи ҳал бўлди.
Режиссёрдан Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асари асосида бадиий фильм яратилиб, уни томошабинлар қизғин кутиб олганига қарамай, бу асарни телевидениеда кўп серияли фильм қилишга киришгани ҳақида сўраганимизда, устоз шундай жавоб берди: “Йўлдош Аъзамов томонидан суратга олинган “Меҳробдан чаён” фильмини кўрганимдан кейин романни қайта ўқиб чиқдим. Тушундимки, фильм шўролар мафкураси талаблари бўйича суратга олинган. Фикрларимни ёзувчи Хайриддин Султонов билан ўртоқлашдим ва ундан сценарий ёзиб беришни илтимос қилдим. Орадан хийла вақт ўтиб, адиб ҳар бир серияси қирқ беш дақиқали, ўн беш сериядан иборат сценарий ёзиб берди. Шундан сўнг “Меҳробдан чаён” видеофильми тас­вирга туширилди, томошабинлар эътиборини қозонди.
Устоз ҳаётидаги унутилмас воқеалардан яна бири 1982 йили содир бўлди. М.Муҳамедов Ёш томошабинлар театрига бош режиссёр этиб тайинланди. У 1962 йили Чингиз Айтматовнинг “Биринчи ўқитувчи” асарини телевизион спектакль шаклида саҳналаштирган эди. Орадан қарийб йигирма йил ўтиб, яна қирғиз адиби асарига мурожаат қилди. Ёзувчининг “Оқ кема” қиссаси асосида спектакль саҳналаштирди. Премьерага Чингиз Айтматов ҳам ташриф буюради. Бу воқеани устоз шундай эслайди:
— Машҳур қирғиз ёзувчисининг бу асари Тошкент театрларида биринчи марта саҳналаштириляпти-ку! Муаллифни премьерага таклиф қилсам қандай бўларкин, деган хаёлга бордим. Чингиз оға қўнган меҳмонхонанинг телефонини топиб қўнғироқ қилдим. Салом-аликдан сўнг, “Чингиз Тўрақулович, кечирасиз, биз Ёш томошабинлар театрида “Оқ кема” асарини саҳналаштирган эдик. Шуни бир келиб кўрмайсизми”, дедим. “Бугун Самарқандга кетишим керак эди. Майли, болалар театри бўлса, оилам билан бораман. Сафарни қолдира қоламиз”, деган жавоб бўлди. Соат бешда театрнинг Эски Жўва майдонидаги собиқ биноси олдига оқ “Волга” келиб тўхтади. Ундан оппоқ костюм-шим кийган Чингиз Айтматов ва рафиқаси тушишди. “Оқ кема” қиссаси асосидаги спектакль биринчи марта муаллифнинг ўзи иштирокида ўзбек саҳнасида намойиш этилди. Спектакль якунида Чингиз оға саҳнага чиқиб, бизни қутлади. “Оқ кема”ни томошабинлар орасида ҳаяжон билан кўрганини, ҳатто уни ёшлар қандай қарши оларкин, деган хавотирда ўтирганини алоҳида таъкидлади ва мамнуниятини изҳор этди. Эртасига эса “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида унинг мақоласи эълон қилинди. Адиб бизнинг спектаклимиздан хурсанд эканини билдирганди. Бу камтарона меҳнатимиз учун юксак баҳо бўлган эди.
Маҳкам Муҳамедов 1985 йили телевидениега қайтди. Шундан сўнг Хайриддин Султоновнинг “Мозийдан бир саҳифа”, Машраб Бобоевнинг “Ирода”, Насрулло Қобилнинг “Амир Музаффар”, Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан Чаён”, Машраб Бобоевнинг “Кўнгил кўчалари” каби ўнлаб видеофильмлар, ранг-баранг кўрсатувлар миллионлаб томошабинларнинг хонадонларига кириб борди.
1990 йилларга келиб Тошкент театр санъати институтида “Кино-телерадио” факультети ташкил қилинди ва у факультетнинг кафедра мудири этиб тайинланди. Янги мутахассислик бўйича ўқишни битирган ёшлар республика телевидениеси, радиосида, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоят телевидениеларида фаолиятини бошлади. Ҳозирги кунда томошабинлар эътирофини қозонган Ёлқин Тўйчиев, Аюб Шаҳобиддинов ҳам шу факультетда Маҳкам Муҳамедовдан сабоқ олган режиссёрлардан.
Биз устознинг қарийб 64 йиллик ижодий фаолияти давомида яратган етмишдан ортиқ телеспектакль, видео­фильм, туркум кўрсатувлар, театрларда саҳналаштирилган ўттиздан зиёд спектакль ҳақида батафсил тўхталмадик.
Бугун таниқли режиссёр Маҳкам Муҳамедов фаолиятига, ижод йўлига бир қур назар ташлаганда санъаткор ошган довонлар кишида беихтиёр ҳайрат ва ҳавас уйғотади.

Жўра МАҲМУД,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби,
профессор

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг