Қодирийнинг назари тушган

38

Кутубхона жамиятнинг маданий савиясини оширувчи, илм улашувчи зиё мас­кани ҳисобланади. Диёримизда қадим-қадимдан кутубхоналар мавжуд бўлган. Улар милоддан аввалги биринчи минг йилликдан кейин ибодатхоналар ва саройларда пайдо бўлган бўлса, ҳозирги даврда шаҳар марказларида, маҳалла ва мактабларда ҳам фаолият кўрсатмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизда китоблар ва маълумотларнинг катта захирасига эга бўлган Алишер Навоий номидаги миллий кутубхона, Республика болалар кутубхонаси, Ибн Сино номидаги тиббиёт кутубхонаси ва турли соҳаларга оид бошқа кутубхоналар китобхонларга хизмат кўрсатаётир. Шундай масканлардан бири катта тарихга эга бўлган “Турон” кутубхонаси ҳисобланади. Айни кунда ўз фаолиятини Абдулла Қодирий номидаги маданият ва истироҳат боғида, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ёнида давом эттираётган марказ замон талабларига мос равишда жиҳозланган. Ушбу кутубхонага 1914 йилда ўз даврининг маърифатпарвар зиёлилари Мунавварқори Абдурашидхонов, Абдулла Авлоний, Абдулла Қодирий, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий, Юсуф Алиевлар томонидан асос солинган. У 1918 йилда Тошкентнинг Эски шаҳар қисмидаги Себзор даҳасига қарашли Маҳсидўз маҳалласи 25-уйда расман иш бош­лайди. Бу масканга Абдулла Қодирий ҳам беэътибор бўлмаган, балки у тўғрида мақола ҳам эълон қилган.
Хусусан, “Иштирокиюн” газетасининг 1920 йил 23 июнь сонида “Жулқунбой” имзоси остида “Қироатхоналаримиз” мақоласида шундай дейилган эди: “…Бизнинг Тошкандда биринчи мартаба очилган қироатхона учун 1918 йилнинг декабринда бир-икки йигитларимизнинг ғайрати ила “Турон” жамиятининг Ориф Клиблеев номига очилган қироатхонаси бўлди. Лекин биринчи марта очилган бу қироатхона яхши йўлга кета олмади. Чунки, китоб келтурмакка атроф йўллари ёпиқ ва бунинг устига қироатхона учун ҳукуматдан ёрдам ҳам йўқ эди. Бошида қироатхона маҳаллий кишиларнинг ҳадя эткан китоблари ила юриб турса ҳам, сўнг­роқ миллий ишлар комиссарлигининг Ориф Комилбоев исмига ёдгор бўлсун деб берган ўн минг сўм оқчаси билан баъзи маданий ишлар ишлаб турди…
…Ушбу миллий ишлар комиссарлигининг берган тўқсон беш сўм оқчаси билан 1919 йилнинг ноябрига қадар давом этмакда эди. Декабрдан эътиборан Ўлка кутубхонасининг назоратига ўтиб, ўша йилнинг апрелига қадар онинг қарамоғида давом этди. Бу вақтларда қироатхоналарнинг моддий жиҳати яхшигина таъмин этилиб, анчагина китоблар олмоққа-да муваффақ бўлинди.
Таассуфки, Ўлка кутубхонасининг қарамоғида кўп давом этувига мумкин бўлмай, ушбу йилнинг 1 майиндан бошлаб Эски шаҳар маъориф шуъбаси ёнидаги “Мактабдан иш маориф таратув шуъбаси” идорасига ўтди”.
Биламизки, мустабид тузум даврида кўп­лаб кўчалар, ташкилот ва муассасалар номи мажбурий равишда ўзгарган эди. Маълумотларга кўра, заҳматкаш боболаримиз бунёд этган ушбу зиё маскани 1928 йилдан “Октябрь” номи билан атала бошлайди. Қарийб 65 йил, яъни 1993 йилга қадар кутубхона шу номда юритилди. Истиқлол шарофати билан ўша йилдан эътиборан “Турон” номи қайта тикланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 19 февралдаги “Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига асосан Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлиги тасарруфидаги “Турон” ахборот кутубхона маркази Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги тасарруфига ўтказилди.
Ушбу бинода Абдулла Қодирий музейи ҳам мавжудлиги ўша даврни янада теран идрок этишимизга туртки бўлмоқда. Кутубхонада 7 та бўлим, жумладан, илмий услубиёт, ахборот-библиография, китобларга қайта ишлов бериш, ахборот кутубхона ҳужжатларини сақлаш, ахборот технологиялари, ахборот кутубхона ҳужжатларини бутлаш бўлими ва ўқув зали фаолият кўрсатмоқда. Ушбу бўлимларда жами 62 нафар ходим мижозларга хизмат кўрсатади. Айни кунда кутубхонада китоб захираси 400 мингдан, даврий матбуот нашрларининг умумий адади эса 50 мингдан зиёдни ташкил этади.
“Турон” кутубхонасида нафақат классик адабиётлар, мустақиллик даври ва ҳозирги замон бадиий ва илмий асарлари, ўн саккизинчи асрларга тегишли нодир асарлар жамланган. Хусусан, нодир китоблар фондида 400 дан ортиқ китоб, журнал ва газеталар сақланиб келинмоқда. Ушбу асарларнинг аксарияти эски ўзбек ёзуви, араб ва лотин ёзувларидадир.
Ҳар бир ўзбек фарзанди тарихни билиши, англаши, ҳурмат назари билан қараши кераклигини тажрибали устозлардан кўп эшитганмиз. Ўтган йилнинг 26 декабрь куни Абдулла Қодирий мактаби ва ушбу мажмуа тарихида муҳим сана ҳисобланади. Сабаби, ушбу санада муҳтарам юртбошимиз мактаб, кутубхона ва музей фаолияти билан танишиб, бу ишлар янада жадаллаштирилиши лозимлиги, маърифат йўлида ҳеч қачон маб­лағ аялмаслигини таъкидлади.
Кейинги йилларда мамлакатимизда китобга эътибор туфайли кутубхона фаолияти янада қизғин тус олмоқда. Турли адабиётларни излаб келувчилар ва ўқув залидан фойдаланувчилар сони кундан-кунга ошиб бормоқда. Айниқса, Абдулла Қодирий номидаги ижод мактаби ўқувчилари исталган вақтда шундайгина ёнларидаги “Турон” кутубхонасида мутолаа билан машғул бўладилар.

Гулнора ШЕРМАТОВА,
Алишер Навоий номидаги
Тошкент давлат ўзбек тили ва
адабиёти университети талабаси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг