ЖАННАТГА АЙЛАНДИ БУТУН ОШЁНИМ

39

Ўлмасой Нишонова

Жимликдан сўнг
Биров билди, билмади биров,
Мен бир лаҳза чекинганимни.
Бугун ёниқ муҳаббат тилаб
Яратганга юкинганимни.

Кимдир ғамгин боқди ҳолимга,
Кимдир мийиғида жилмайди,
Лек биламан эртага дунё
Мендан бошқасини билмайди.

Эрта олов бўлар сўзларим,
Изларимдан унар чечаклар.
Ёнингизга бормайман ҳечам
Хаста юрагимни етаклаб.

Эртага сиз келасиз энди,
Оёғимни қучиб йиғлайсиз.
Мени ёмон кўрган азизим,
Мендан бошқасини билмайсиз.

Мендан бошқасини севмайсиз.

* * *
Лаҳзаларга жоним улашиб
Кимларгадир юкингим келмас.
Исминг айтиб урмаса юрак,
Бил, ўша дил меники эмас.

Ишқинг билан яшайман энди,
Сени дейди ахир ер, осмон.
Менга фақат ёлғиз ўзингни
Севмоқликни ўргат, Художон.

* * *
Озурда кўнглимга армонлар туташ,
Орзумни энг баланд чинорга осдим.
Тинмай ўсаверди ҳижрону ғамим,
Дарахт япроқ ёзди, мен шеърлар ёздим.

Бу кун ўкситмадим қайғуларни ҳам,
Илкимга илондек ўрлади бари.
Қани бир мард бўлса, мени тўхтатиб,
Яшашни ўргатса одам сингари.

Қани бир мард бўлса, қўлимдан тутиб,
Энг тоза ҳисларга айласа ошно.
Шунда қолмасмидим сенга боғланиб,
Шунда юрмасмидим бағрингда, дунё.

Бу кун аччиқланма қўлим силтасам,
Кетсам, йўлларимни беҳуда тўсма.
Ахир, нима қилай тўлмаса кўнглим,
Ахир, нима қилай юрагим тўлса…

* * *
Минг йил эрмаклади мени озорлар,
Кўнглимдаги дардга ярашиб келдим.
Чиқолмай кунларнинг карвонларидан,
Шикаста юракка яшашиб келдим.

Қай замон кўзларим тўхтади сенда,
Тилларимга инди бахтнинг тотлари.
Юрагингга томон йўл олдим қачон,
Йиртиб аламларнинг хотиротларин.

Ишқ дедим, ҳижронлар кетдилар тўзғиб,
Ҳатто исмингни-да билмаган оним.
Ишқ дедим, оловлар тўлди кўксимга,
Жаннатга айланди бутун ошёним.

Лаҳзалар бўйнига илиб умидни,
Кулдим, кулавердим бахт билан бирга.
Менга улкан юрак, улкан дард берган,
Шукрона айладим бу кун тақдирга.

Шукрона айладим бу кун тақдирга…

* * *

Секингина очилар эшик,
Пардаларда туради титроқ.
Сукунатга уриб тарсаки
Умид кела бошлар яқинроқ.

Кенг хонага ёғила бошлар
Чироқлардан умидми, ҳайрат.
Суратдаги қушларнинг ҳатто
Юборгиси келади сайраб.

Бир… икки… уч… йўқ ҳамон дарак,
Деворларнинг оқарар ранги.
Ахир, эшик очган ким эди,
Шамолмиди, изғиган дайдиб?

Йиғлагиси келар хонанинг,
Хўрсиниқлар учар ойнадан.
Ахир, қандай кечади ундан,
Ахир, қандай ундан тонади?

Секингина ёпилар эшик,
Яшамоқдан ҳорган сингари.
Мийиғида жилмайган кўйи
Ҳануз хаёл сурар ташқари.

* * *

Шу кўчадан сен ўтдингми,
Юрдингми шу йўлакда?
Жуда яшнаб кетгандирсан,
Баҳор рангли кўйлакда?

Гуллар бунча қиқирлайди,
Гулларга сен боқдингми?
Шу ҳаётда яшадингми,
Шу ҳавода оқдингми?

Сен жудаям шошганмидинг,
Йўллар бунча оғринган?
Қадамингни узмасингдан,
Қадамингни соғинган.

Шу хонага кирдингми сўнг,
Чўкдингми шу курсига?
Сўнг ўтирган мен эдимми
Сенинг, сенинг қаршингда?

Ишқинг изҳор этдингми сўнг,
Шодлик, дунё бунча тор?
Кўрганларим туш бўлса гар,
Мени уйғотиб юбор.

* * *

Табассум ҳадя эт…
Табассум ҳадя эт биргина,
Жонимда титроқлар яралсин.
Оловга менгзасин нигоҳинг,
Дилимга муҳаббат қадалсин.

Табассум ҳадя эт биргина,
Шугина туфҳангга гадоман.
Ишқингга зор қалбим, майли, сўнг,
Жилвангдан бўлсаям адолар.

Табассум ҳадя эт биргина,
Қарагин, тўкилиб боряпман.
Қовоғи солинган дунёдан
Кулгунгга юкиниб боряпман.

Табассум…

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг