«КАЪБАМСАН, ШЕЪРИЯТ…»

27

Баъзан шундай бўладики, кимнидир тез-тез эслаб, унинг хотирасига ҳурматимизни ҳаддан зиёд ошириб-тошириб кўрсатиб юрамиз. Аммо шу ижодкорлардан анча олдин ёки улар билан сафдош бўлиб яшаган, шеъриятимизнинг сайқалланиши, насримизнинг Европа гази билан ўлчанадиган насрга айланиши, драматургиямизнинг вояга етиб, камол топишида катта хизмат қилган қалам аҳлини эслаш, улар хотираси олдидаги бурчимизни ўташ нима учундир хаёлимизга ҳам келмайди. Турли баҳонаи сабаблар билан ҳатто улар таваллудининг йирик саналарини ҳам лоқайдлик билан ўтказиб юборамиз.

Шундай адиблардан бири Миртемирдир. Сирасини айтганда, бу улуғ шоир ҳаётлик чоғида ҳам ардоқда яшамаган. У ҳатто баркамол асарлари билан шеъриятимизнинг янгиланиши ва камалак нурларидек товланишига катта ҳисса қўшган ўтган асрнинг 60 — 70-йилларида ҳам бирор илтифот кўрмаган. Ёдимда бор, шоирнинг 1975 йили “Излаганим” шеърлар тўпламининг нашр этилиши адабий ҳаётда катта воқеа бўлган. “Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим, Орзу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим…” мисралари билан бошланган тўпламдаги қарийб ҳар бир шеър шеъриятнинг юксак намунаси эди. Биз, шоирнинг адабиётшунос жигарлари, тўпламни Ҳамза номидаги Республика давлат мукофотига тавсия этиш таклифи билан чиқмоқчи бўлдик. Миртемир ака кўнмади: “Бекорга овора бўласизлар. Аввал ўзлари шу мукофотни бир-бир олиб чиқмагунларигача менга йўл бўлсин”, деди. Биз мукофотни олган ёзувчиларни санаб чиқдик. Асосий “даъвогар”ларнинг барчаси мукофотланган бўлиб чиқди. “Йўқ, — деди Миртемир ака, — барибир беришмайди. Иккинчи мартадан олишади”. Ундаги бундай ишонч асоссиз эмас эди. Адабиётимизнинг бошқа оқсоқоллари қатори, З.Фатхуллин, Н.Сафаров, М.Шевердин ҳам 50, 60 ёшга тўлишлари муносабати билан “Халқ ёзувчиси” унвони билан тақдирланганлари ҳолда Миртемирнинг чинакам халқ ёзувчиси экани расмий доираларда эътироф этилмаган эди. Ҳатто таваллудининг қайсидир йирик санаси муносабати билан қўшни республика раҳбарияти уни “Қирғизис­тон халқ шоири” унвони билан тақдирламоқчи бўлганида, бу масалани Марказкомда босди-босди қилиб қўйишди.
Кунларнинг бирида республиканинг ўша йиллардаги раҳбари Миртемир акани чақирди ва унинг сўнгги йилларда ёзган шеърларини ўқиб, ғоят мамнун бўлаётганини, унинг машҳур совет шоирлари даражасига кўтарилганини айтиб, кўнглини осмон баравар кўтаради. Сўнгра уни Ленин тўғрисида шеърлар ёзишга ундаб, агар Миртемир шундай шеърларни ёзса, уни рус тилига таржима қилдириб, Москвада китоб қилиб чиқарилишига ёрдам беражаги ва уни СССР давлат мукофотига тавсия этажагини айтади.
“Пақир киши панада” нақлига амал қилиб яшаётган, аммо раҳбарнинг бу сўзларидан қанотланган шоир дўст-душманлари даврасида кўкрагини кўтариб юриши мумкинлигини кўз олдига келтириб, инқилоб доҳийсини улуғлаган шеърлар туркумини ёзди. Китоб Москвада рус тилида нашр этилди. Аммо ўша йили СССР давлат мукофотига Ўзбекистондан Миртемир эмас, бошқа бир ёзувчи тавсия этилди.
Миртемир ака шундай ҳодисалар туфайли ўпкаси тўлиб кетган пайтларда эшитилар-эшитилмас, Пушкиннинг: “Биз кўпчилик эдик ўша қайиқда”, деган сатрини пичирлаб қўяр эди.
Агар шоир ҳаёт чоғида унинг энг яхши шеърлари энг яхши таржимонлар томонидан рус тилига таржима қилинишига эришганимизда, нафақат унинг, балки, умуман, ўзбек шеъриятининг мавқеи жаҳоннинг русзабон қисмида ўн чандон кўтарилган ва бу “адабий” адолатнинг тикланишига сабаб бўлган бўлармиди. Негаки, ўтган асрнинг 70-80-йилларида жўшиб ижод қилган Миртемир, Асқад Мухтор, Зулфия, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Рауф Парфи, Ҳалима Худойбердиева каби шеърият заргарлари билан баҳслаша оладиган шоирлар собиқ советлар юртида саноқли эди.
Миртемир ака шу даврда маънавий жиҳатдан хийла камситилиб, моддий жиҳатдан хийла қийналиб, ҳали олтмиш билан олишмасдан, хасталикнинг сап-сариқ либосини ечмай яшади. Шунга қарамай, шогирдларининг бошини силаб, бир луқма таомини уларсиз емади; туркистонлик қариндош-уруғларининг болалари мактабни тугатар-тугатмас, унинг хонадонига келиб, олий маълумотли бўлиб кетишди. Унинг шогирдпарастлиги ва кўмакпарастлигини бутун Ўзбекистон биларди. Ҳатто кунларнинг бирида бир қорақалпоқ йигити Миртемир аканинг уйи­га келиб, таниқли шоир ва давлат арбоби Наврўз Жапоқовнинг жияни эканини, университетга ҳужжатларини топширганини, эртага Ойбек домланинг ўғли Омон Тошмуҳамедовга тарихдан имтиҳон топшириши лозимлигини айтади. “Жуда яхши, — дейди Миртемир ака, — университетга кириб, яхши тарихчи бўлгин, бўтам. Қорақалпоғистонга яхши тарихчилар керак”. “Тўғри айтажақсиз, оға, — дейди йигит. — Лекин Айбек ағанинг ўғли қаттиқ аларкан имтахинди. Жардам бермасанғиз, у мени жиқитади”. Бечора Миртемир ака: “Наврўз оғанинг бир иши тушибди, бошингни эгиб бўлса ҳам, Омонбекнинг олдига бориб, шу қорақалпоқ йигитга ёрдам бермасанг бўлмас. Раҳматли отанг билан дўстлиги бор эди Наврўз оғанинг”, деб эртасига университетга борибди. Бинога бўлажак талабалардан бўлак ҳеч кимни йўлатмаётган навбатчи Миртемир акани танигани учун ўтказиб юборибди. Миртемир ака Омонбекнинг қаерда имтиҳон олаётганини суриштириб топибди. Эшикни очиб, зир-зир титраб ўтирган йигит-қизларни ҳам кўрмай, тўғри Омонбекнинг олдига борибди. “Омонбек, ўғлим, бир нозик масалада келдим”, дебди. Омонбек нозик масаланинг нима эканини тушуниб, Миртемир акани коридорга имлабди. Аммо Миртемир ака Омонбек худди қочиб кетадигандек, бояги “нозик масала”ни бояги титроқ болалар олдида айтибди-қўйибди.
Хуллас, Омонбек тинчлантирганидан кейин Миртемир ака ўта савоб ишни битиргандек уйига хурсанд бўлиб қайтибди. Орадан бир йилми-икки йилми ўтганидан сўнг, Тошкентда Наврўз Жапоқов билан иттифоқо кўришиб қолиб, гап орасида жиянининг ўқишини сўраган экан, Наврўз оға ҳайрон бўлибди: қайси жиянимни сўраяпсиз, дебди. Маълум бўлишича, Наврўз оғага ҳеч бир алоқаси бўлмаган йигит шоир­га қора қалпоғини кийдириб кетган экан.
Миртемир ака ўзининг ички ғурурига, ор-номусига, шоирлик номига гард юқтирмай яшади. Ўзбек халқининг шоири бўлиш, унинг орзу ва интилишларини, қайғу ва аламларини, ҳаётининг паст-баланд томонларини шеъриятнинг сеҳрли тили ва воситалари билан ифодалаш унинг учун энг олий иш, энг олий мукофот, энг олий бурч эди. У Ғафур Ғулом ва Ойбек, Ҳамид Олимжон ва Шайхзода, Асқад Мухтор ва Эркин Воҳидов сингари шоирлар даврасида ижод қилаётгани ва улар олдида уялиб қолмаслиги учун қаламини доим чархлаб турди, янги-янги тасвир воситаларини, теша тегмаган образлар ва рангларни ахтариб топ­ди. Болалиги ва ўсмирлигини Туркистон адирларида, ўзбаки тил ва урф-одатларни асл ҳолда сақлаб келаётган иқонликлар бағрида ўтказган, кейин тез-тез ота юртига бориб, Яссавий мақбарасини зиёрат қилиб, асл ўзбек тили булоқларидан баҳраманд бўлган шоир Тошкентда бўлмаса ҳам, Қозоғистон, Қирғизис­тон ва Туркманистонда ўзбек халқининг ХХ асрдаги энг миллий шоири сифатида шуҳрат қозонди.
Аввалги тузумда яшаган аксар шоирлардек, унинг ҳам айрим шеърларидан “Ленин”, “партия”, “коммунизм” сўзлари мўралаб, айрим шеърларидан эса ўша давр­нинг карнай-сурнайлари эшитилиб туради. Маҳбуслик йилларини Москва-Волга канали қурилишида ўтказган шоирнинг бусиз адабий ҳаётдан ўрин олиши, шеърларини газета ва журналларда чоп этиши, кечикиб бўлса-да, Ўзбекистон халқ шоири унвонига сазовор бўлиши амри маҳол эди. Лекин у ҳар сафар она Туркистонга борганида (у тўю азалар муносабати билан қариндош-уруғларини кўргани тез-тез борар эди), у ердан дафтар-дафтар тугалланган ва тугалланмаган шеърлар олиб келарди. Ва шу шеърларга қалам уриб, сайқал берганидан сўнг, кўпинча бизни чақириб ўқиб берар ва фикримизни эшитганидан сўнггина уларни эълон қиларди. Камина шундай пайтларда ердан куч олувчи Антей ҳақидаги юнон мифининг ростлигига астойдил ишонар эдим.
Миртемир шундай шеърларидан бирида қишлоғини тасвирлаб, бундай ёзган:
Қай қўрага кирсанг – эшиги очиқ,
Бир нима татийсан, қўймас асло оч.
Қора қумғон қайнар, ёзилур чочиқ,
Зоғорами, сўкми, ёвғон ё умоч.
Борини аямас, барини қўяр,
Юпқами ё гўжа, талқон, қўғирмоч,
Қурутми ё жийда – ўртага уяр,
Жуда бўлмаганда қатиғу кўмоч.
Агар сўйган бўлса кеча бўрдоқи,
Қозонда қовурдоқ, ўртада кўза.
Данак, қовун қоқи, сузгун кўз соқи,
Ё қимиз сузулур, ё аччиқ бўза…
Ушбу сатрларни ўқир эканман, Мир­темир ўзбек тилида жаранглатиб юборган Некрасовнинг “Россияда ким яхши яшайди” достони сатрлари қулоғим тагида замзама қилгандек бўлади. Некрасов ҳам ўз достонида рус халқининг маиший турмушини шундай реалистик деталлар билан тасвирлаган эдики, уни ўқиганингизда рус қишлоғи кишиларининг аянчли ҳаёти кўз олдингизда рўй-рост гавдаланади. Миртемир рус шоиридан фарқли ўлароқ, ўзбек қишлоғи ва шу қишлоқ кишилари ҳаётини катта меҳр ва қандайдир яширин ғурур билан тасвирлаганки, сизда шу қишлоқ ва унинг аҳлини кўриш завқи, ҳаваси пайдо бўлади. Сиз шоир тасвирга олган таомлар номини ўқиб, ёшлигингизни, қийинчилик йилларида ўзбек табиатининг шундай неъматлари билан сизни катта қилган ота-онангиз, яқин қариндошларингизни ёдга оласиз. Сизда бу шеър анчадан буён ухлаб ётган бокира, гўзал ва эзгу туйғуларни уйғотиб юборади. Сиз бу шеърдан кейин ўзингизни бутунлай бошқача сезасиз. Сиз энди, чиндан ҳам, бошқа кишига – кўнглидаги ғуборларни қоқиб ташлаб, болалик ва ёшликнинг покиза чашмасида чўмилган кишига, том маънодаги Инсонга айланиб қоласиз.
Шеъриятнинг кучи, Миртемир шеъриятининг кучи – шундай.
Миртемир шеърларида тасвирланган аксар кишилар ана шу қишлоқ аҳлидек бағрикенглиги, меҳридарёлиги, меҳнаткашлиги, юртпарварлиги билан ажралиб туради ва улар бамисоли Ўзбекбобо дарахтининг қудратли шохларидан ўсиб-тармоқланиб чиққан новдалардаги олма-анорлардек товланиб тура­­ди.
Миртемир шундай кишиларга ватандош ва замондош бўлганидан ўзини бахтли ҳисоблаган. Унинг шеъриятида халқ, миллат ва Ватан тушунчалари бир-бири билан чамбарчас боғлиқ. У Ватан тупроғини, шу тупроқнинг ҳар бир заррасини муқаддас деб билган. У шу тупроқнинг ҳар бир заррасини ота-боболарнинг киндик қони тўкилгани учун тавоф этган.
Бу – мен туғилган тупроқ, бу – мен улғайган тупроқ,
Даралари жаннатий,
тоғ сиртлари кўк яйлоқ.
Қумлоқларида ҳатто
сурув-сурув қўй-қўзи,
Гулдор, нақшин қоракўл,
етти ранглик, ярқироқ.
Бир фарзанддай чўк тушиб,
пешанамни қўяман,
Кўп ўтмай соғинаман,
ўпиб-ўпиб тўяман.
Оқ пошшонинг тўпидан
абжақ бобом хоки бу,
Оқ пошшони эслатсанг,
ёвузликка йўяман…
Шоир гарчанд совет даврида ўзини қамаган, отасини қувган, юқумли касалликдан ўлган онасининг жасадини ҳам фарзандларидан яшириб кўмган большевиклардан бирор марта нолимаган бўлса-да, бугун биз “Оқ пошшонинг тўпидан абжақ бобом хоки бу, Оқ пошшони эслатсанг, ёвузликка йўяман” сатрларидан унинг большевиклар доҳийсига ва ҳатто большевиклар даврига бўлган нафратини ҳам сезгандек бўламиз. Зеро, у, Миртемир, дилидаги қанчадан-қанча жароҳатларни очмай, сўнгги шеърларидан бирида: “Мажнунтол тагига ўтқазинг мени, Мен учун йиғласин, мен йиғлаб бўлдим”, деб бежиз ёзмаган эди.
Миртемир вафотидан кейин унинг меросини ўрганиб, тўрт жилдлик “Асарлар”ини нашрга тайёрлаш чоғида кўзим шоирнинг ёзув столи устида турган кичкина бир қоғозга тушиб қолди. Унда қуйидаги сўзлар ёзилган эди: “Қийналганингда – ишла. Азоб чекканингда – ишла. Қўлинг ишга бормаганда ҳам ишла!”
Миртемир бутун умр бўйи ҳаётининг шу даҳшатли шиорига амал қилиб яшади. Қийналганида ҳам, азоб чекканида ҳам, қўли ишга бормаганида ҳам ишлаган одам қандай қилиб бундай баланд, юксак, чароғон, илоҳиёт нури билан йўғрилган сатрларни ёзганикин?
Каъбамсан, шеърият, эзгу эҳромим,
Оғу ҳам бол тўлиқ бебаҳо жомим.
Амалим ва ишқим, умиду армон,
Уйқусиз тунларим
жиндак илҳомим.

Керакмас инжу ҳам
сенсиз, ҳақиқ ҳам,
Керакмас шаддод ҳам
сенсиз, дақиқ ҳам.
Ҳаёт ҳам мен учун сенсиз бемаъни,
Сенсиз ўтмасин-да ҳатто дақиқам.
Юқорида қўйилган саволга шундай жавоб бериш мумкин: бундай порлоқ сатрларни ёзиш учун шоирга куч берган нарса Шеъриятдек буюк мўъжизага, шу мўъжизанинг қадрига етиб, Навоийдек буюк шоирларни яратган халққа бўлган муҳаббат ва садоқатдир.

Наим КАРИМОВ,
академик

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг