ОҚҚАН ДАРЁ ОҚАВЕРАДИ

42

Президентимизнинг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглаб, мамлакатимизнинг бундан 29 йил олдинги тарихи кўз ўнгимдан ўтди.

Тўқсонинчи йилларнинг суронлари… иқтисодий таназзул, авж олиб кетган касалликлар, шип-шийдам бўлиб қолган озиқ-овқат дўконларидаги пештахталар… Умиди сўниб, она тилидан атайин узоқлашиб бораётган халқ… алла айтишни унутган оналар. Пахта далаларида умри ўтиб, косаси оқармаган ўзбек халқи, унинг аёллари. Дунёга умид билан келган ёшларнинг кўзидаги мунг… Булар бари аччиқ тарих эди.
Бугун эса булар ўтмишда қолди. Ҳозирги истиқлол ёшларига бу хотиралар эртак бўлиб туюлади гўё. Чунки бугуннинг одами ва оламининг руҳи озод, фикрлаши ҳур, Ватани обод. Талабалик давримни эслайман. Ўрта мактабни битириб, ТошДУ – ҳозирги Миллий университетнинг журналистика факультетига ўқишга ҳужжатларимни топширдим. Имтиҳонларда яхши кўрсаткичларга эришишимга қарамай (битта мен эмас, албатта) бизлар Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидан бўлганимиз учун қабул комиссиясига чақирилмадик ва тўп­лаган балимиз яхши бўлганлиги учун захирада қолдик. Ўшанда биз омадимиз чопмаганининг сабабини билмасдик. Адолатсиз тақсимот кўнглимизни чўктирган эди. Салкам икки йил давомида ижарада, стипендия олмай, йилнинг тўрт фаслида ички изтироб билан, кемтик дил билан ўқишга қатнаб, ниҳоят талаба бўлиш бахтига муяссар бўлдик.
Бугун бир ярим миллион ёш олий ўқув юртига кириш учун умид билан ҳужжат топширди. Ҳозир рес­публикамизда кириш имтиҳонлари бошланиб кетди. Айтишга осон. Кўп йиллар таълим-тарбия масаласидаги оғир муаммолардан бири олий ўқув юртларига қабул квоталарининг чекланганлиги билан боғлиқ эди.
Масалан, икки-уч йил аввал бу кўрсаткич мактаб битирувчиларининг атиги тўққиз фоизини ташкил қилиб, олий таълим муассасаларига қабул даражаси 60-70 минг кишини ташкил қилар эди. Ўтган йили эса мамлакат тарихида биринчи марта 150 минг нафар ёшларимиз талабаликка қабул қилиниб, мактаб битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражаси 20 фоизга етказилди. Бу йилги рақам эса ўтган йилга нисбатан 40 фоиз кўпни ташкил этди.
Табиийки, ҳар қандай халқнинг маънавий даражаси шу юрт аёлларининг маънавий савияси билан белгиланади. Бу борада мамлакатимизда кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайланган 150 нафар депутатнинг 48 нафари ёки 32 фоизини хотин-қизлар ташкил этди. Бу кўрсаткич Сенатда ва маҳаллий кенгашларда 25 фоиздан ошди. Президентимиз ўз нутқларида таъкидлаганларидек, кам таъминланган оилаларда камол топаётган қизларимизнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш учун бу йил янги тизим жорий этилиб, унга мувофиқ ушбу ўқув йилида олий таълим даргоҳларининг кундузги бўлимларига давлат гранти асосида 940 та қўшимча ўрин ажратилди.
Вақти келиб кам таъминланган оилаларнинг бу қизлари давлат гранти асосида ўқиб, етук мутахассислар, ёрқин истеъдодлар бўлиб етишиб чиқишади. Ўз фикрати билан дунёни ҳайратга солади. Биз чекка қиш­лоқларда учрашувларда бўлганимизда ёки фуқароларнинг хатлар орқали мурожаатларида “қўл қисқалиги” сабабли олий ўқув юрти талабаси бўлолмаган умидли ёшларимиз, ўғил-қизларимиз ҳақида кўп эшитардик. Шундай пайтларда хаёлдан беихтиёр шоира Увайсийнинг:
Замона кулфатидин бу кўнгул
доғ ўлди, доғ ўлди,
Бу чархи бемурувватдин
бу кўнгул доғ ўлди —
деган сатрлари ўтарди.
Дилбар қизларимизга берилаётган бугунги имкониятлар, карантин чекловларига қарамай, мамлакат миқёсида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, ижтимоий нафақа билан таъминланадиган аҳоли сонининг қарийб 1,5 баробар – 774 мингдан 1 миллион 200 минг нафарга етказилиши, ушбу тоифани қўллаб-қувватлаш ва иқтисодиётни тиклаш учун давлат бюджетидан ўн икки ярим триллион сўм маблағ ажратилиши турли синовлардан бир тан, бир жон бўлиб ўтаётган халқимиз ризолиги йўлидаги қутлуғ ҳаракатлардир. “Узлуксиз маънавий тарбия концепцияси” доирасида умумтаълим мактабларида биринчи марта “Тарбия” фанининг жорий этилиши мустақил давлатимиз маънавий пойдеворига қўйилган олтин ғиштлар кабидир.
Халқимизда: “Бир йигитга қирқ ҳунар оз” деган мақол бор. Ўрта мактабни битирган ёшларимизнинг билим олиш билан бирга ҳунарли бўлиб чиқиши ҳар бир оиланинг орзу­сидир. Битта чевар қиз етти маҳалланинг либосини тикаркан. Қўлида ҳунари бор одамнинг ҳамиша нони бутун, деб бежизга айтилмаган, ахир. Бухоро шаҳрига хизмат сафари билан борганимда олти авлод ҳалқасининг узилмай темирчилик билан шуғулланиб келаётгани, улар ясаган пичоқлар дами ўткирлиги, нафислиги билан хорижда ҳам машҳур эканлигининг гувоҳи бўлган эдим. Шунингдек, лойдан болаларга ҳуштаклар, ғаройиб ўйинчоқлар ясаб, текинга тарқатадиган 92 ёшли Ҳамробуви Раҳимова билан кўришиб суҳбатлашганимда, момо бу ҳунарни сочлари патила қизча пайтида онасидан ўрганганини айтиб берган эди. Шунда ўйинчоқларни кўргани келган, уни харид қилаётган хорижликларни суҳбатга тортганимда, улар ҳайратини яширолмасдан: “Ахир булар ўйинчоқлар эмас, сеҳрли эртаклар-ку”, – деган эди.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистон дунёнинг диққат-марказида бўлиб турибди. “Миллий тикланишдан – миллий юксалиш сари” деган ҳаётбахш ғоя мамлакат ҳаётининг жонбахш ҳужайраларига кириб бормоқда. Кўзлари юлдуздай порлаб турган миллионлаб болалар, гуриллаб ишлаб турган саноат корхоналари, байрам кунларида ишга тушган Тошкент метросининг янги ер ости ва ер усти линиялари, камбағалликни камайтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилиши, сўнгги тўрт йилда 43 та янги олий таълим муассасининг ташкил этилиши, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги халқаро мукофотнинг таъсис этилиши, қилмишига пушаймон бўлиб, қатъий тузалиш йўлига ўтган 73 нафар шахснинг жазони ўташ муассасаларидан озод қилиниб, ўз оиласи бағрига қайтарилиши, 40 нафар фуқаронинг жазо муддатлари қисқартирилиши, фуқаролик ололмай юриб, кўнгли ўксиган 50 мингдан зиёд кишига Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги берилиши… Янги Ўзбекистон тарихидаги одамийлик чизгиларидир.
Мен бу мақолани “Адиблар хиёбони”нинг гуллар билан зийнатланган йўлакларида юриб, улуғлар нигоҳини ҳис этиб, қалб дафтаримга ёздим.

Шарифа САЛИМОВА,
Ўзбекистонда хизмат
кўрсатган маданият ходими, шоира

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг