КАРАНТИН ВА КИТОБЛАР

72

“Беҳуда сарфланган вақт умрга хиёнатдир” деганда мутафаккир Лев Толстой қанчалар ҳақ эди! Ўтган йилнинг охиридан бошлаб то шу кунга қадар бутун оламни ларзага солган “Covid-19” пандемияси туфайли давом этаётган карантинда, вақтдан унумли фойдаланишда энг тўғри йўллардан бири китоб ўқиш бўлди, назаримда. Бу қулай, ҳам фойдали. Нашриёт соҳасида ишлаганим сабабли китоб жавонимга сара китобларни жамлагандим. Карантин бошланиб қўни-қўшни, қариндош-уруғ деганларидек, китоблар қўлма-қўл бўлиб кетди…

“Уйда қолинг”, “Уйдан чиқманг” деган даъватлар режада ўқилиши керак бўлган кўплаб асарлар мутолаасига имкон берди. Китоб ўқиб вақтдан унумли фойдаланиш учун эса баъзан яхши, ўқишли китоб топишнинг ўзи қийин масала бўлиб қолди. Тўғри, янги нашр этилаётган бадиий асарларга масофадан туриб буюртма бериш ишлари пойтахтда ва айрим вилоятлар марказларида бир мунча йўлга қўйилган. Аммо чекка туман ва қишлоқларда, маҳаллаларда кутубхоналар ва китоб дўконлари йўқлиги ҳам аслида маърифат билан боғлиқ муаммолардан бири эканини англайдиган вақт келди, менингча. Лекин ҳалигача бу масалага етарлича аҳамият қаратилиб, муаммонинг ечими топилди, дея олмаймиз.
Бундан уч йил аввал, тўғрироғи, 2017 йил 13 сентябрда Президентимизнинг “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривож­лантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бў­йи­ча комплекс чора-тадбирлар Дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинганди. Шундан сўнг барча ОАВларда китобларнинг бадиий савияси, сифати ва китобхонлик маданиятини шакллантириш ҳақида танқидий ва таҳлилий мавзуларда кўрсатув ҳамда мақолалар чиқа бош­лади.
“Жаҳолатга қарши маърифат ва китобхонлик” мавзусига бағишланган “Муносабат” телекўрсатувида корейс халқининг йигирма соатлаб китоб ўқиши, китобхонлик маданиятида бошқа кўпгина халқлардан ажралиб туриши алоҳида таъкидланди. (Чиндан ҳам, агар корейс фильмларига эътибор берсангиз, экрандаги ҳар бир хонадон бўладими ёки ишхонами, албатта, жавонларга териб қўйилган қатор-қатор китобларни кўришингиз мумкин.) Бу ҳам, аслида, бир ибрат, эзгу намуна.
Бир мактаб директори бошқалар қатори бугунги ёшларнинг китоб ўқимаётгани, катта авлоднинг жуда кўп китоб ўқигани ҳақида гапирди.
Аудитория буни маъқуллади, мисоллар келтирилди, ўсиб келаётган ёш авлоднинг китоб ўқимаслигини танқид қилдилар. Лекин ҳеч ким китоб нашр этиш борасидаги аҳволимиз қандай, китобхонлик маданиятимиз юксалишида бу соҳадаги ишлар бугунги талабга жавоб бера оладими, деб сўрамади. Хўш, бугунги кунда аҳолининг қанча қисми ўзининг китобга бўлган эҳтиёжини қондирмоқда? Ахир, катта авлод кўп китоб ўқиган даврда ҳар бир маҳаллада китоб захираси тўрт, беш минг нусхадан иборат кутубхоналар фаолият юритган бўлса, бугунги кунда айрим вилоятларда битта ҳам кутубхонаси йўқ ўнлаб маҳаллалар топилади. Китоб дўконлари ҳам фақат шаҳар ва туман марказларида бор, холос. Хўш, бугун пойтахтдаги бармоқ билан санарли китоб дўконлари ёки вилоят марказларидаги кам сонли китоб дўконлари аҳолининг китобга бўлган эҳтиёжини тўла қондиришга етарли, деб бўладими? Афсус­ки, бу саволга ҳам ижобий жавоб бера олмаймиз.
Ўтган йили Тошкент вилояти, Оққўрғон туманидаги пахта далаларига теримчиларни маънавий қўллаб-қувватлаш учун бориб, нашриётимиз томонидан уларга китоб улашаётганда бир қизиқ воқеа содир бўлди.
– Менга расмли китоб, расми кўп китоб беринг, – деди ўрта ёш бир аёл. Сабабини сўрадим:
– Менинг ўзим барибир китоб ўқимайман, расмли китобни эса болаларим томоша қилади, – деди у.
Мен ажабланиб, нега ўзингиз китоб ўқимайсиз, наҳотки биттаям китоб ўқимаган бўлсангиз? – деб сўрадим. – Мана, қандай яхши китоблар олиб келдик, – дея бир китобни узатдим.
– Бунақа қалин китобларни бирортасини бошидан охиригача ўқимаганман, – дея хижолат бўлди аёл.
Мен ҳам бундай савол берганимдан ноқулай аҳволда қолдим. Тўғрида, бу аёл эртадан кечгача далада, қолаверса, турмуш ташвишлари билан вақти бўлмагандир, лекин шунча йиллик ўтган умрида бирорта китоб ўқимагани ёки бунга фурсат тополмагани, барибир, афсусланарли ҳол. Аслида ҳар бир миллатнинг ёшлари истеъдоди, илмий салоҳиятининг шаклланишида оиланинг ва биринчи галда оналарнинг ўрни алоҳида аҳамиятга эга. Шу ўринда ўтган аср бошларида яшаб ўтган, маърифатпарвар жадид боболаримизнинг, хусусан, биринчи ўзбек профессори Абдурауф Фитратнинг: “Миллатнинг зиёли бўлмоғи учун оналаримизни саводли қилмоқ керакдур!”, деган даъвати айни ҳақиқат эканини таъкидлагим келади. Ҳар ҳолда, бугунги оналаримизнинг имкониятлари бир аср аввалгидан яхшироқ экани шубҳасиз…
Тадқиқотларга кўра дунёдаги бугунги давлатлар ва минтақаларда китобхонлик даражаси қуйидагича кўринишда. Бир йилда ўқиладиган китоблар сони: Европа давлатларида ҳар бир одам ўртача 40 та, Исроилда 35 та, Россияда 12 та, Туркияда 10 та, араб давлатларида 8 та. Ачинарли томони шундаки, Марказий Осиё давлатларида китобхонлик даражаси энг паст кўрсаткичга эга, яъни ушбу минтақада 80 та одам бир йилда 1 та китоб ўқир экан. Хўш, сизнингча бизда бир йилда қанча китоб ўқишади? Сиз ўзингиз ўтган бир йиллик вақтингизни эмас, карантинда уйда қолган олти ойни сарҳисоб қилсангиз, қандай рақамлар ҳосил бўлади?!
Виктор Гюго: “Одамнинг улуғворлиги унинг бўйи билан ўлчанмаганидек, халқнинг улуғлиги ҳам унинг сони билан ўлчанмайди, ягона ўлчови унинг ақлий камолоти, ахлоқий баркамоллиги ва,
айниқса, китобга бўлган меҳридадир”, деган фикри кишини ўйлантириши табиий. Бугун тараққий этган, ривожланган давлатлар Гюгонинг ҳақ эканлигини исботлаётгандек, назаримда.
Китобхонликка эътиборнинг сустлиги, ай­ниқ­са, биз ноширлар ва матбаачиларни таш­вишга солади. Негаки, соҳа ходимлари халқимизнинг маънавий эҳтиёжини қондириш мақ­са­дида, жумладан, болажонларимизнинг маънавий юксалишини таъминлайдиган, дунёқарашини ўстирадиган, уларни биз истагандек маънавиятли, баркамол бўлишга хизмат қиладиган китобларни нашр этишмоқда. Биргина бизнинг Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи мактаб дарсликларидан ташқари, бу йил “Болалар адабиёти”, “Адабий мерос”, “Жаҳон адабиёти дурдоналари”, “Ўзбек адабиёти бўстони”, “Олтин сандиқ”, “Асримиз умидлари” каби ўндан зиёд туркумда 300 номга яқин китобларни нашр этмоқда. Улар орасида улуғ мутафаккирларнинг адабий мероси, беназир адибу шоирларимизнинг ижод намуналари бор. Шунинг учун, азизлар, бугун, карантин шароитида ҳуда-беҳуда юришларни, ортиқча тантана-издиҳомларни камайтирайлик, умримизнинг олтинга тенг лаҳзаларини беҳуда совурмасдан илмга интилайлик. Китобга юз бурайлик. Фарзандларимиз учун, уларнинг келажаги учун оилавий китобхонликни анъанага айлантирайлик. Аслида бу бизнинг халқимиз учун янгилик эмас, китобхонлик биз учун азалий қадрият ва энг гўзал фазилат ҳамдир.

Шавкат ЮСУПОВ,
Ғафур Ғулом номидаги
нашриёт-матбаа ижодий
уйи директори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг