ТЕНГИ ЙЎҚ ДИЁРИМ…

47

Шукур ДАДАШ

Булут

Забт этмоқ қасдида мовий осмонни
Булут парда тортиб тўсди қуёшни.
Бемор томирида қайнади қони,
Ким сўради Ҳақдан сабр-бардошни.

Азизам, қилмайман бунга кўп парво,
Бу ташвиш лаҳзада бўлади унут.
Мангу зулмат қоплар дилимни, аммо
Гўзал қабоғингга қўнса гар булут.

Бурч

Ярим тунда ота уйғониб кетди,
Кўксини ғижимлаб, силади аста.
Сассиз тортган оҳи фалакка етди,
Юрак шердек ҳуруж қилар қафасда.

Оғриқдан кўзига тор бўлди дунё,
Хаёлини босди турли ваҳима.
Бу тун сўнгги тундек туюлди гўё,
Аллоҳга келтирди тавба, калима.

Кўзида ёш, этди Ҳаққа илтижо:
– Кун яқин, уйланар кенжа ўғлоним.
Оталик бурчини этайин бажо,
Майли, сўнгра олгин бу ширин жоним.

Жавоб
Ҳазил
Ҳовлида тантана, барча жамулжам,
Хонанда, сураткаш, ҳатто шоир ҳам.

Ботирхон бобомиз табаррук ёшда,
На юзда ажин бор, на қиров қошда.

Бобога юзланиб ёш мухбир бийрон,
Аста савол берди: “Айтинг, отахон,

Юз ёшга киришда бор қандай асрор?
Бу ҳикмат ёшларга доридай даркор”.

Отахон ўйланмай, юзда табассум,
Сўзлади жавобин куттирмай бир зум:

“Мухбир болам, айтсам ростини сизга,
Аввал етмоқ керак тўқсон тўққизга!”

Тўртликлар

Тенги йўқ диёрсан, қутлуғ маконим,
Ризқ-рўзи туганмас ёруғ бўстоним.
Сенга фидо айлай десам бу жоним,
Жоним ўзингсан-ку, Ўзбекистоним.
* * *
Адолат чўкмайди, ўтда ҳам ёнмас,
Асрларга кўчар, кўзлар йироқни.
Банда минг уринсин ўчира олмас
Яратганнинг ўзи ёққан чироқни.
* * *
Тақдир қазосидан қолмайди омон
Бу фоний дунёда яхшию ёмон.
Бу сирни билсак-да, бўламиз ҳамон:
Биримиз камону биримиз нишон.
* * *
Атиргул, булбулга қилмайман ҳавас,
Рўшнолик кўрмаган бир зум, бир нафас.
Бири чиройи деб тушса гулдонга,
Бирига насиба олтиндан қафас.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг