Кўзойнак

69

Кун кўнгилсизлик билан бошланди. Кўзойнаги синиб қолди. Гардиш ва қулоқ ортига ўтадиган бандни бир-бирига улаб турадиган, митти мурватча жойлашган темир “қулоқча” узилиб тушди. Аслида унинг бу матоҳи алмисоқдан қолган эди. Қизи кўпинча аччиқланиб: “Йўқотсангиз-чи шуни, – дерди. – Ҳеч ўзингизга қарамайсиз-а? Ўзим ­бошқасини танлаб берақолайми сизга?”
“Ўзига қараш” деган ҳаракатми ёки шунга ўхшаш бир нарсага тузукроқ кўзойнак танлаш ҳам кирарди. Лекин у шу чоққача бу матоҳнинг ярашиғини учратмаганди. Назарида уларнинг бари бесўнақай, унинг юзида эса жуда ўхшовсиз кўринарди. Йўқса, у кўзойнак ярашган, ҳатто ўзгача чирой, салобат ва кўрк берган кўп кишиларни биларди. “Демак, менинг юзим… Йўғ-э… Кўзойнакдан омадим чопмаган, холос”, – дея ўзини ўзи юпатиб қўярди баъзан.
Шу боис у ўн йилдан бери кўзойнак тақмас, контакт линзадан фойдаланадиган бўлган, кўзойнаги эса ҳар эҳтимолга қарши жавонда, ғилоф ичида турадиган эҳтиёт чорасига айланган, эҳтиёт чора аталмиш нарса учун эса бош қотиришни, мўмай пул сарфлашни истамаётган эди. Икки ҳафтадан бери боши шамоллашдан чиқмагани учун линза тақмасди (ҳар тўкисда бир айб бор экан-да, линза қанча қулай бўлмасин, шамоллаганда, кўз оғриганда тақиш мумкин эмас эди), куни шу жигарранг гардишли, ойнаги қалин кўзойнакка қолган эди.
Кўзойнак унга болалигидан ҳамроҳ. Саккиз ёшларда эди, ўқитувчи: “Болангиз синф тахтасига ёзганларимни кўра олмай қийналяпти”, дея ўзича танбеҳ берганди. Шу куниёқ онаси уни кўз шифокорига олиб бориб, бир парча қоғоз ёздириб келган, ойнали узун пештахталарига турли гардишли кўзойнаклар териб қўйилган дўконга кириб, пушти гардишли кўз­ойнак сотиб олиб берган эди.
Ўзининг кўзойнакни тақиб деворга илиқлик кўзгуга қарагани ҳали-ҳамон эсида.
Ўзига пушти гардиш тагидан боқиб турган сариқ сочли қизчани кўриб юраги увишди. Телевизорда кўрган аллақайси бир фильмни эслади. Шунда кўзойнак таққан малла аълочи ялмоғиз кампирнинг сеҳрини енгиб, вақтни орқага сурган, жоду билан тошбақаларга айлантириб қўйилган ялқов синфдошларини қутқарган эди. Йўқ, кўзойнакли аълочиларни қанча мақташмасин, бунақанги истиқбол унга маъқул эмасди. Беихтиёр йиғлаб юборди.
– Ие, бу кўзёши нимаси? – сотувчи амаки астойдил ҳайрон бўлди. – Ёқмадими? Энг чиройлисини танлаб бердик-ку!
Онаси қовоғини солди: “Эркалик қиляпти”.
Йўқ, у эркалик қилмаган, кўзгудаги аксини ёқтирмаган эди, холос.
Онаси бурчакда шаффоф ойна билан ўралган тор хоначада ўтирган бақалоқ хотинга пул тўлади-да, эвазига ўша хотин қўпол темир машинасидан шиғиллатиб чиқариб берган бир парча қоғозни олиб, ҳамёнига тиқди. Кейин қизчасини олдига солиб оптикадан чиқиб кетди.
Эртасига у онаси билан биргаликда қилган харидининг дастлабки мевасини терди: “Тўрткўз, тўрткўз!”
Аламидан рўпарасида ишшайган қоп-қора башарачага шапалоқ туширди. Башарача ўшшайди. Кейин кўзойнаги аралаш тушган муштдан кўз олди қорайди. Йиқилаётиб елкаси нимагадир урилди. Оғриқ кучидан чинқириб юборди. Шу онда кимдир синф хонасига югуриб кирди. Кўз олдини қоплаган қоронғилик аралаш муаллиманинг хавотирли овозини эшитди:
– Вой, худо, бирпасга ҳам қолдириб бўлмайди-я! Нима қилдиларинг?
Синфдошлари чувиллашди:
– Акмал, Акмал урди!
– Аввал ўзи урди! – қичқирди болакай.
Синфдош қизчалар эса бири олиб-бири қўйиб бидирлашди:
– У “Тўрткўз” деб масхара қилди!
– Энди бунинг ойисига нима дейман, а? Нега масхара қиласан? Нега урасан?
…Шу куни синган кўзойнакни кўрган онасининг қанчалик жиғибийрони чиққанига қараб тушундики, кўзойнак шунчаки буюм эмас экан. У ҳамёнга тушадиган қўшимча юк, елкага келадиган ортиқча ташвиш экан. Отасининг қовоқ солиб чўнтак титкилаганидан англадики, масхара қилган синфдошининг адабини бериш доим ҳам яхшилик келтиравермас экан.
Эртаси мактабга бошқа бир кўзойнак тақиб борди. Буниси қалин кўкимтир гардишли бир матоҳ эди. Баттар хўрлиги келди.
Синфдошлари энди очиқдан-­очиқ масхаралашни бас қилишди. Лекин унинг миттигина кўнгли кирланиб улгурган эди. Шу кундан
эътиборан синф­дош дугоналаридан ажратиб турадиган алоҳида битта чизгига эга бўлди.
Баъзида дарс пайти, қаншарида оғриқ сезилган пайт кўзойнагини ечиб қўярди. Шунда атроф хиралашиб, ноаниқ бир парда ортида қолгандай бўларди. Рўпарасида турган ўқитувчининг юзи чизгилардан айрилиб, теп-текис, буғдойранг, япалоқ бир баркашга айланарди. Қизча кўзларини қисиб қараганда эса муаллиманинг бурни қирра эканлиги, кўзлари қисиқ, бақбақалари осилиб тушганлиги аён бўларди. Бу жуда ғалати эди.
Оқшом чоғи одатдагича кўрпасидан бошини чиқариб, айвонда ўтирган ота-онасининг гангир-гунгурига қулоқ солиб ётаркан, кўзи илинаётиб, онаси айтган биттагина сўзни англаб қолди: “Кўзойнак…” Шу ондаёқ кўзлари очилиб кетди: “Нима де­йишяпти?”
Отаси аччиқланди шекилли, зардали товушда деди: “Ҳе, ўргилдим, ўша…”
Эрталаб отаси унга кўзойнагини тақдириб кўрди.
– Чаккангни қисмаяптими?
Қизча бош чайқади: “Йўқ”.
– Бурнинг-чи? Бурнингни қисмаяптими?
– Йўқ…
– Кўзингни оғритмаяптими?
– Йўқ.
– Бошингни айлантирмаяптими?
Қизча яна бош чайқади.
Отаси пешонасини қашиди. Кейин қизининг сочини силаб қўйди: “Майли, боравер”.
Ота-онасининг муҳокамаси нима билан тугади, билолмади. Келаси ой бошида эса отасининг ўзи уни шаҳарнинг нариги четидаги клиникага етаклаб борди.
Малласоч аёл уни баланд суянчиқли курсига ўтқазиб, кўзларига дурбинсифат асбобни теккизди-да, жим ўтираверди. Қизчанинг кўзларида оғриқ турди.
– Қимирлама, – буюрди аёл. – Тўғрига қараб тур. Манави липиллаётган чироқчани кўряпсанми?
– Ҳм…
– Шунга қара. Кипригингни пирпиратма!
Асбоб ғалати тарзда ғўнғиллай бошлади. Сал ўтмай, тинчлик чўкди.
Аёл ўгирилиб, ўрисчасига бир нималар деди. Отаси жимгина эшитди. Кейин дўхтир ёзиб берган шапалоқдай қоғозни олиб чўнтагига солди.
Йўқ, унга янги кўзойнак олиб беришмади, “ўшаниси дуруст экан”, дейишди, лекин онаси анчагача қизининг кўзларига ҳар хил дориларни томизиб турди.
Шу-шу ҳар баҳор ва кузда кўзларига ҳар хил томчи дорилар томизиш, вақти-вақти билан кўз дўхтирларига учраб, ҳар хил, катта-кичик ҳарфларни овоз чиқариб ўқиб бериш, йилига бир-икки марта кўзойнак янгилаш одат бўлди.
Ота-онаси ҳам бунга кўникди, отаси “Шаҳнозанинг кўзойнагига”, деб алоҳида пул ажратадиган бўлди. Шунда тушундики, кўзойнак ота-­онасининг оладиган маошини ҳам ўзича режага солар экан, кўзойнак ортидан оилада бутун бир одатлар шаклланар экан. Буларнинг бари қизча учун кутилмаган яна бир кашфиёт эди.
Ёши улғайган сари кўзойнак баҳона яна бир турли кашфларга дуч келди.
Саккизинчи синфда ўқирди. Алгебра дарси эди. Олдига, шундоққина очиқ дафтари устига қоғоз қушча келиб қўнди. Орқа партадаги Фарҳод кўпинча, айниқса, назорат иши ёзганларида мисолларни кўчириб олишни сўраб унга шунақа усулда хатлар жўнатиб турарди. Қиз қушчани қўлига олар-олмас ёнида ўтирган партадоши шивирлади:
– Сенга эмас, тегма!
– Кимга?
– Бу Нилуфарга аталган! Сенга адашиб тушди. Орқага узатиб юбор!
Қушчани елкаси оша орқа партага ташлади-да, Нилуфарга ўгирилиб қараб қўйди. Узун қора соч ўримини кўксига ташлаб олган Нилуфар қизаринқираганча қушчани дафтари тагига яшириб олди.
“Вой-бўй!” – ўйлади Шаҳноза. Тушундики, Фарҳоди тушмагур мисол ечишга қийналганда унга, бошқа кунларда эса Нилуфарга қушча йўлларкан. Негадир кулгиси қистади. Болалигида кўрган ўша фильмдаги кўзойнакли аълочига айланибди-да! Бошларига ташвиш тушгандагина уни эслашади, бошқа пайт эса хатлар чиройли қизларга аталади…
Кечқурун телевизор кўриб ўтирган онасидан сўради:
– Ойи, нега кўзойнак таққанларни ёқтиришмайди?
Онасининг ҳайрон қараб турганини кўриб, изоҳ берди:
– Мана, сиз кўраётган шу кинода ҳам директор хунук хотин, кўзойнак тақади, унга ҳеч ким уйланишни хоҳламаган. Ўзи ҳамма киноларда шунақа: хунук қизлар, лапашанг йигитлар, албатта, кўзойнак тақади.
Онаси кулиб юборди:
– Киночиларнинг ақли шунақа бўлса, нима қилайлик?
Қиз шунда англадики, кўзойнак одамларнинг тушунчаси даражасини кўрсатувчи мезон вазифасини ҳам ўтар экан. Кўзойнак шу маънода фикрлаш тарзининг қай даражада кенг ёки бирон-бир қолип доирасида эканлигини кўрсатиб турадиган кўзгу. Шу маънода кўзойнак тақишни фазилат ёки иллат деб билиш ҳам чекланганлик белгиси.
– Сен шунинг учун кўзойнагингни тақмай қўйдингми? – дея ўсмоқчилади онаси. Кетидан қўшимча қилиб қўйди. – Онанг индамаса, билмас экан, деб ўйлама. Уйда тақиб юрасан-да, остонадан уч қадам узоқлашдинг, ечиб чўнтакка соласан, а?
Қиз довдираб қолди.
– Дарсда тақиб ўтирибман-ку… – эътироз қилган бўлди бўшашиб.
– Дарснинг ўзида тақиб ўтирганингдан нима фойда? Ойнакларинг йил сайин қалинлашиб бор­япти, сез­япсанми? Ойнак қанча қалин бўлса, гардиши шунча қўпол бўлади, юзинг шунчалик хунук кўринади. Шу оддий ҳақиқатни тушунасанми?
Онаси “гап тамом” деган каби телевизорга қаради. Салдан кейин ўз-ўзига гапирган каби деди:
– Кўзойнак, аввало, соғлиғинг учун керак. Неча марта айтаман сенга?
Ҳа, онаси неча марта айтган? Сон-саноқсиз марта. Фақат… фақат кўзгу сон-саноқсиз марта бошқа бир манзарани намойиш этаверарди: думалоққина юзда қўнқайиб турган гардишли иккита ойнак. Ойнак ортида эса кичрайтириб кўрсатувчи шиша шарофати билан биткўзга айланиб қолган, қорачиқлари қўнғир бир жуфт кўз, икки гардиш орасидан чиқиб турган бурун…
Кейинроқ, ёши улғайганда қайсидир бир илмий мақолада ўқиди: “Одамнинг кўнглидаги қисиниш туйғуси ўз-ўзига ишончсизлик ортидан келиб чиқади”. Англадики, унинг кўзойнак билан боғлиқ муаммоларининг калити шунда.
– Бўлмаган гап, – деди эри. – Сен жуда ҳам қисиниб-қимтиниб ўтирадиганлардан эмассан. Бўлмаса, эркакча касбнинг этагини тутмас эдинг.
– Кўзойнак тақишга тортинганим-чи?
– Бе! Бу ўсмирликдаги ҳиссиёт, ҳар жиҳатдан тўкисликка интилишдан бошқа нарса эмас.
Аёл енгил нафас олди.
– Масалан, мен сенинг кўзойнагингга ҳам қараб ўтирмаганман, – дея қўшимча қилди эри.
Рост, эри – унинг кўзойнак тақишига парво қилмаган ягона йигит. Лекин… лекин иккови биринчи бор бир-бирига дуч келганда Шаҳноза кўзойнаксиз эди. “Ҳамма гап шунда-да, – деб кулганди аёл бир куни. – Юрагингиз жазиллаб бўлгандан кейин кўзойнагим парвонгизга келармиди?” Эри бунга жавобан хахолаб юборганди.
…Ўшанда Наврўз куни, университет ҳовлиси тўлиб-тошган, унинг эса яна эски ташвиши қўзиган – кўзойнаги синган эди. Шу ҳолича ҳам туртина-суртина бир-иккита юмушларга уринди. Охири ўчиб қолган магнитоланинг пластинкасини алмаштира бошлади. Стол устида, мўъжазгина овоз кучайтирувчи ускуна ёнида бир уюм пластинкалар ётарди. Қиз каттагина пластинка жойланган ҳаво ранг ғилофни қўлига олди. Ёзуви кўринмаганидан кўзларига яқин келтириб ўқий бошлади. Шу чоғ кимдир рўпарасига келиб тўхтаганини сезиб, бошини кўтарди. Кўтардию ўзига қараб турган қушбурун, шалпангқулоқ бир йигитни кўрди. Йигит кутилмаганда илжайди. “Вой, тавба, – ўйлади қиз, – ўзидан-ўзи нимага иршаяди бу?”
Шу асно ўзи ҳам жилмая бошлаганини сездию кафти билан оғзини тўсди…
Биринчи кўришувлари шунақа бўлган эди…
–… Кўзойнак одамнинг кўриш қобилиятини ҳар хил таъсирлардан ҳимоялайдиган восита, холос, – дея сўзини якунлади эри.
Шаҳноза эрига қараб кулиб қўйди. “Нима қилса ҳам файласуф-да!”
Лекин эрининг сўзлари аёлнинг кўзойнак борасидаги қарашларини кўп ҳам ўзгартира олмади. “Кўз­ойнакни контакт линзага алмаштираман, – деди бир куни. – Линза қулайроқ”. Кейин эрининг мушоҳадаларига тақлидан қўшиб қўйди: “Кўзойнак кўриш доирасини чеклаб қўяди”.
Эри елка қисиб қўя қолди. Бу “билганингни қил”, дегани эди. Аёл хурсанд бўлиб, ишхонаси ёнидаги салонга кирди. Кўрдики, линза ҳам кўзойнак каби шунчаки буюм эмас, эрининг таъбирича, “кўриш қобилиятини ҳар хил таъсирлардан ҳимоялайдиган восита” бўлишдан ташқари, оилага келувчи қўшимча харажат, режаларни ўзгартирувчи бир омил… ва ҳоказолардан ташқари, олифтагарчилик белгиси ҳам экан. Чунки кўз рангини ўзгартириш учун ҳам, қорачиғига бошқача шакл бериш учун ҳам линза тақишаркан! Фақат линзада кўзойнак каби гардиш йўқ экан! Шунисига ҳам шукр!
Мана энди шамоллади, линза тақиш мумкин эмас, куни алмисоқдан қолган шу кўзойнакка қолганда, у ҳам синиб ўтирибди!
Аёл шу дамда англадики, шу кунгача кўзойнак ва ҳоказолар билан боғлиқ бошоғриқлари ҳар кимга ҳар турда насиб қиладиган ташвишларнинг бир кўриниши экан, холос.
…Оқшом чоғи қизи онасининг олдига чиройли қора чарм ғилоф қўйди. Аёл ғилофни очмаса ҳам дарров билди. Кўзойнак!
Қизи жилмайди:
– Махсус буюртма билан ясаттирдим! Ҳар ким ўзига муносибини танлагани тузук-да! Ҳар ҳолда кўз­ойнак ҳам кишининг қанақа одам эканлигидан дарак беради.
Аёл ўзича кулиб қўйди: “Маҳмадона… Мана, ­кўзойнакнинг яна бир хоссаси очилди!”

Рисолат ҲАЙДАРОВА

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг