ХУШХАБАР АЙТ, ВАТАНДОШ

51

Муҳтарама УЛУҒОВА

Меҳр

Гуллардан ҳол-аҳвол сўрдингми,
Ҳар рангда бир ҳикмат кўрдингми?
Кафтингга ўхшайди барглари,
Артдингми, йўқми гард, дардлари?
Қалбингга етдими ифори?
Сездингми ер меҳрин, изҳорин?

Тилак

Мисоли қирдаги қизғалдоқ
Титраниб турибман омонат…
Чумоли йўлин ҳам бузмайман.

Юзларим нур бўлса!.. Қалбимга –
Тўр ташлар нафсу кин, хиёнат…
Қоғозга ҳам соя чизмайман.

Мен – суюк банда, ҳар заррада –
Фазлидан мўъжиза, каромат.
Ҳар жондан фазилат излайман.

Тилагим – даргоҳи олийда –
Хешларим энг олий жамоат.
Тупроқни ҳам энди сизлайман.
Нафс заволида
камолинг

Агар илкингда мисқол ҳадду ҳолинг бор,
Агар кафтингда тишлам нон – ҳалолинг бор,
Агар бир “оҳ” қадар нафъи шамолинг бор
Ва гар, ҳеч йўқса, измингда хаёлинг бор:
Кишини баҳраманд этмоқни одат қил,
Саодатманд этмоқни саодат бил.
Сахо боғига айлан – шукри роҳат қил,
Демишлар: “Нафс заволида камолинг бор”.

Сўзга боқдинг

Сўзга боқдинг: ким яхши, ким ёмон бўлди,
Кимга меҳринг, кимга қаҳринг уммон бўлди.
Қошингда ким мазлуму ким султон бўлди
Ва оқибат ким ўнг, ким чап томон бўлди.
Сўзга боқдинг, диллар билан диллашмоққа
Фурсат, тоқат топмадинг, кў-ўп замон бўлди…
Турланди сўз қулоғингда эриб сенинг,
Ким билар, ким қалбан Аллоҳ томон бўлди?..

Ният

Тилаганим кун-тун – тозармоқ,
Меҳрибоннинг марҳамати кенг.
Гарчи ул бахт остонаси – тоғ,
Бир кун сени енгадурман, “мен”.

Ўзни, дўстни, ростни алдамоқ…
Шайтоннинг жин кўчасиям кенг…
Бундай қалбни қиларману оқ,
Албат, сени енгадурман, “мен”.
Бас, зоҳирда топ-тоза бўлмоқ,
Лек ботинда шаккокликка эн.
Бас, очиқ кўз билан минг ўлмоқ,
Бир кун сени енгадурман, “мен”.

Умидворман, муборак чақмоқ –
Руҳим айлаб мангуликка тенг,
Ширин жонни қиладур тупроқ,
Албат, сени енгадурман, “мен”.

Асли…

“Қаҳр – бўрон, юзимизга юздан ўтди”.
“Жола – нолон, кўзимизга кўздан ўтди”.
“Тиғ – беомон, сўзимизга сўздан ўтди”.
“Туздан, бўздан, ҳисдан,
ўғил-қиздан ўтди…” –
Ёришмас дил гар сабаблар юздан ўтди.
Асли, хато аввал ўзимиздан ўтди.

Кунлар

“Соғиндим, кўргим келар,
иш – иш-да, оворамиз…
Тўйиб-тўйиб диллашсак
бўлса фурсат, чорамиз…
Бу ҳафта… келгуси ой…
учрашамиз… борамиз…” –
Шундай кун ора симлар орқали
дил ёрамиз.
Меҳрга тўймоқ учун,
Бахтиёр бўлмоқ учун,
Ҳозир насиб онларни
Савобга кўммоқ учун –
Қуёшданам олисдай
иккимизнинг орамиз…

Тонгда

Қувончингни айт менга,
Дилда, қўлда ганжингни.
Истасанг, нуқра шодлик
Тўсар тоғдек ранжингни.
Шубҳаланма мавқеим,
Сипо, одми эгнимдан,
Жумбоқ туюлса агар
Сўзларимдан, феълимдан.
Хушхабар айт, ватандош,
Нурларга чулғонаман,
“Бир шодлигинг минг бўлсин”,
Дея дуо қиламан.

Ажаб?..

Битта манзил (эртами, кечми) –
Ҳаммамизнинг борар жойимиз.
Фақат у чин дунёдан умид,
Нажотталабликда қойиммиз.

Қадримизни не кўйга солган
Бу дунёнинг айшу фароғи –
Қолаверар ортда сочилиб,
Бамисоли кузак япроғи.

“Ёруғ юз эт у чин очунда,
Сақла, дейсан, журму гуноҳдан…”
Аммо нечун турланасан, қалб?!
Ахир, нажот ёлғиз Аллоҳдан.

Ҳақ йўлда бўл

Ўзи излаб келмас тахт,
Ортингдан елмас омад.
Отдан тушмай ўтар вақт,
Ҳақ йўлда бўл, тила бахт.
Шифо улаш тилингдан,
Сахо ёғсин қўлингдан,
Эзгу дуо – дилингдан,
Шукри Аллоҳ тилингда, –
Иншааллоҳ, кўзингда
Қувончларинг дарёдир.
Иншааллоҳ, кўксингда
Жаннатмонанд маъводир.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг