Имкон ва бахт

49

Мен истеъдодли ёзувчи билан истеъдодли спортчининг меҳнатида ўзига хос ўхшашликни кўраман. Уларнинг ҳар иккиси олдида бир хил вазифа туради: ўз Ватани байроғини жаҳон халқлари орасида баланд кўтариш.

Фақат спортчи байроқни одамлар кўз ўнгида, ёзувчи эса уларнинг қалбида кўтаради. Айни пайт­да ёзувчи ва спортчининг ўзига хос бу қутлуғ юмушида муайян фарқлар ҳам бор: спортчи қирққа борар-бормасдан аренани тарк этади, ёзувчи саксонда ҳам майдонда қолаверади. Бундан ташқари, спортчи қозонган рекордини нари борса икки-уч марта янгилаши мумкин, ёзувчи эса бутун умр – ҳар бир янги асари билан ўзининг аввалги ютуғини янгилаш имконига эга.
Бироқ ҳамма гап ана шу имконда. Бу имкон жуда кўп омилларга таянади. Лекин улар орасидаги энг муҳими, энг асосийси – эркинлик, ижод эркинлиги. Бизнинг ХХ аср ёзувчиларимиз учун советлар деган мунофиқлик ниқоби остига беркитилган мус­тамлакачилик шароитида ана шу эркинлик дарвозаси ёпиқ эди: нимани ёзиш кераклиги, ҳатто нимани ўқиш кераклиги Москвадан белгилаб бериларди. Мустақиллик туфайли ана шу мафкуравий диктатура қадам-бақадам сусайиб, эркин ижод қилиш имкони пайдо бўла бошлади. Айниқса, бу жараён 2016 йилнинг кузидан кескин тезлашди. Бугун ёзувчи ижод эркинлигига эга, бугун унинг тепасида туриб, истеъдодни бўғадиган кўрсатмалар, қарорлар йўқолган, сиёсий зўравонликка барҳам берилган; ёзувчи нафақат эркин ёзиш, балки ўз асарларини ўзи эркин чоп этиш имконига ҳам эга. У истаса ўз нашриётини тўғридан-тўғри, осонгина очиши мумкин, бунинг учун аввалгидек ҳукумат идораси эшигида лицензия оламан деб сарсон бўлиши шарт эмас, энди аввал нашриётини ишга тушириб, кейин бу ҳақда керакли ташкилотларга хабар бериб қўйса, бас. Бу бутун умр давлат нашриётларига муте бўлиб яшаган ўзбек ёзувчиси учун катта бахт.
Аммо бир “лекин”и бор. Ҳозирги кунда мавжуд воқелик берган эркинликка мос даражадаги ички эркинлик ёзувчиларимизда борми? Бор, лекин етарли эмас, қатъиятсизлик кучли. Шу сабабли биз сўз билан иш орасидаги узоқ йиллардан буён давом этиб келаётган машъум фарқ йўқолиб бораётган бугунги кунда истеъдодимизни Конституциямиз ва қонунларимиз берган эркинлик призмасидан ўтказиб, дадил ижод қилишимиз керак. Ўшандагина буюк Ватанимизга мос буюк асарлар яратилади ва она юрт байроғини жаҳон халқлари қалбида дадил кўтара оламиз.
Мен азиз ватандошларимизни қутлуғ Мустақиллик байрами билан таб­риклар эканман, ҳар бир ёзувчимизга ўзининг ана шу улкан вазифасини муваффақиятли бажариши йўлида тилакдош бўлиб ­қоламан.

Абдулла ШЕР

 

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг