МУСТАҚИЛЛИГИМИЗ – ТОҒДЕК ТАЯНЧИМИЗ

54

Шуни ифтихор билан айтиш жоизки, сўнгги йилларда дунёга янгидан юз тутдик, давлат, халқ сифатида қайтадан очилдик. Ҳар бир соҳада бўлгани сингари мамлакатимиз маданияти ва санъатида ҳам катта ўзгаришлар рўй берди.

Улкан қурилиш майдонига айланган юртимизда кўплаб янги-янги корхона ва турар жойлар, йўллар ва кўприклар, инфратузилма объектлари қаторида маданият ва санъат масканлари ҳам барпо этилмоқда.

Пойтахтимизда шу йили фойдаланишга топширилган Ғалаба боғи, Адиблар хиёбони сингари муҳташам мажмуалар ҳам сўнгги йиллардаги ўзгаришларнинг ёрқин ифодасидир. Буларнинг барчасида мустақиллик руҳи, истиқлол берган имкониятлар бизга тоғдек таянч бўлмоқда. Қолаверса, бу ютуқлар ортида давлатимиз раҳбарининг маданият, санъат соҳасига янгича муносабати ётибди.

Агар соҳамизга тўхталадиган бўлсак, Мустақиллик барча ижодкорларни, жумладан, рассомларни ҳам маънавий уйғоқликка, ҳаётга янгича назар солишга ундади. Эришилаётган ютуқлар, меҳнаткаш халқимизнинг эзгу орзу-интилишларини тараннум этувчи асарлар яратишда илҳом манбаи бўлди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ­Республикаси Мустақиллигининг йигирма тўққиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида жаҳон миқёсида юзага келган коронавирус пандемияси барчамизнинг иродамизни жиддий синовдан ўтказганини таъкидлаб ўтди.

Аҳамиятлиси, кутилмаганда ҳаёт тарзимизни, бир маромда кетаётган жараёнларни ўзгартиришимизга тўғри келган мана шундай мураккаб вазиятда ҳам мамлакатимизда маданият, санъат соҳасига бўлган эътибор сусаймади. Аксинча, қийинчиликларга қарамай, шу йил 21 апрелда ўзбек рассомлари, ижодкорлари кўнглини тоғдек кўтарган Президентимизнинг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Бу қарор Ўзбекистоннинг янги, очиқ ва инсонпарвар қиёфасини яратишда рассом-ижодкорлар ўрнини янада мустаҳкамлади. Бир сўз билан айтганда, санъат соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар таъсирини ҳар бир ижодкор юртдошимиз ўзи мисолида кўриб, сезиб турибди.

Сўнгги йилларда, айниқса, ҳайкалтарошларимиз ижодида жиддий ютуқлар кўзга ташланаётгани алоҳида эътирофга лойиқ. Мустақиллик мавзуси, миллий ўзига хослик йўлидаги изланишлар ўзбек ҳайкалтарошлари ижодида алоҳида хусусият сифатида акс эта бошлади. Соҳада янги авлод шаклланди. Адиблар хиёбони, Ғалаба боғида қад ростлаган ҳайкалларнинг аксарияти Жасвант Анназаров, Улуғбек Отаназаров, Баҳром Норбоев, Ўролбой Яхшиликов, Оллоберган Оллоберганов сингари ёш авлод вакиллари  томонидан ишлангани фикримизнинг далилидир.

Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги арафасида Президентимиз фармонига мувофиқ етти нафар рассом, ижодкор ва соҳа мураббийи мукофотлангани соҳага бўлган эътибор, рағбатнинг ёрқин ифодаси, нур устига нур бўлди, десак муболаға эмас.

Юртимиз ҳусни жамоли кундан кунга ўзгариб, чирой очиб бораяпти. Ўзбекистонлик ижодкорлар Ватанимизда рўй бераётган ўзгаришларга, хайрли ишларга ҳиссаларини қўшиш учун келгусида ҳам ҳормай-толмай меҳнат қилишларига ишонаман.

Акмал НУР,

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг