САЛОМ — САОДАТИМ, САЛОМ — ҲУМО ҚУШ

58

29 йил. Ўзбекистон бугун 29 ёшли забардаст баҳодир йигит бўлиб, афсоналар қаъридан чиқиб келганга ўхшайди. Бугун хаёлий орзу-умидлар реал воқеликка айланмоқда, Фарҳодлар тоғларни тешиб сувлар келтирмоқда, тупроғу тошларни ундек элаб темир йўллар ўтказмоқда. Ҳумо қуши ўзининг олмос қанотлари ила зулм занжирини узиб ташлади. Тоғларимиздан лолалар, боғларимиздан баҳор кетмас бўлди.
Ҳа, афсонанинг ҳақиқатга айланганига 29 йил тўлди.

Ҳа, бу нурафшон кунларга биз тош­лар ва тиканлар оралаб келганмиз. Бу ойдин тонгларга биз қоронғу зулматлараро миллат зиёлиларини борса қайтмас йўлларда қурбонлар бериб етиб келганмиз. Кишанларнинг мудҳиш шақир-шуқури, озодлик учун кечган жанглардан баҳодирсиз қайтган арғумоқлар кишнаши, орқадан урилган сотқин найзалардаги қон доғлари оралаб булбуллар чаҳ-чаҳ ураётган бугунги оқ тонгларга етиб келганмиз. 29 йилки, бу ёруғ тонгларда Ватан учун шаҳид кетган аждодларимизни ёд этиб, Қуръон тиловат қиламиз.
“Ватан фидойиларини эслашимиз, уларнинг ҳақига Қуръон ўқишимиз яхши анъана. Маърифатпарвар боболаримиз мустақиллик учун курашганини биламиз. Охирги йилларда бутун жамоатчилигимиз ҳаракати билан уларнинг номларини тиклаш, музейларни янги намуналар билан тўлдириш, ижод мактаблари ташкил этиш бўйича кўп ишлар қилинаяпти. Буларнинг ҳаммаси одамларга тарихий ҳақиқатни етказиш учун”, деди давлатимиз раҳбари байрам арафасида “Шаҳидлар хиёбони”да бўлиб ўтган маросимда.
Биз ўзбеклармиз. Ватанни севмоқ иймондан эканини англамоқ, ҳалоллик, поклик, виждон амри билан иш кўриш, саховатпешалик миллий тарбиямизнинг мезони ҳисобланади.
Медиатур иштирокчиси сифатида бир гуруҳ қалам аҳли билан Мустақиллик байрами арафасида очилган ҳамда қурилиш ишлари жадал олиб борилаётган иншоотларни бориб кўриш ва ғурурланиш бахтига муяссар бўлдим. Юнусобод ер ости метро линиясининг янги барпо этилган муҳташам “Бодомзор”, “Юнусобод”, “Туркистон” бекатларида бўлдик. Бу бекатларнинг ҳар бири юксак ва мукаммал санъат асари десак, асло муболаға бўлмайди. Энг асосийси, бу мўъжизаларни ўзимизнинг истеъдодли йигитларимиз амалга ошираётганидан фахру ифтихор туйғусини туясан киши.
Юнусобод туманидаги Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини айтмайсизми! Шаҳримиз ҳуснига ҳусн қўшаётган янги даҳа ва жой номлари замонавий, бир-биридан чиройли: “Ассалом, соҳил”, “Гулсарой”, “Кўркамсарой” ва ҳоказо.
Байрам муносабати билан давлатимиз раҳбарининг халқимизга йўллаган табригида “Бошлаган ишларимиз ортга қайтмас тус олди”, дея таъкидлади. Дарҳақиқат, мамлакат миқёсида амалга оширилаётган юксалишларни кўриб, кўз ўнгингизга ўз ўзанини топган, олтин зарраларини олиб, айқириб оқаётган улкан дарё келади. Бу муаззам ва қудратли дарёни орқага қайтариб бўладими? Асло йўқ! Зеро, бу дарёнинг бошланиши ВАТАН деб ураётган юракларга туташгандир.
Айни кунда Ватанимизнинг ҳар бир гўшасида бўлаётган ўзгаришлар, янгиланишлар эртанги фаровонлигимиз учун хизмат қилади. Яқинда Самарқандда бўлдим, фирдавсмонанд бу шаҳарда бунёдкорлик ишлари жадаллашгандан жадаллашмоқда.
Бу олим шаҳар, ориф шаҳар томонга бутун жаҳон интилмоқда. Ер юзининг сайқали бўлмиш Самарқанд инсон дунёга келиб кўриши керак бўлган мўъжизавий шаҳарлар рўйхатидан жой олган.
Донишмандлар: “Олам осмон қуёшидан нур олса, осмон Бухорои шарифдан нур олади” деганлар. Мафтункорликда, муаззамликда Бухорога тенг келадиган шаҳар йўқ. Дунё сайёҳларининг йўллари Хоразмга, Хивага бурилган. Улар фақат бу юртнинг жамолига маҳлиё эмас, улар эндиликда бу тупроқда Беруний, Хоразмий, Замахшарий, Паҳлавон Маҳмуд яшаганию оламга ақл берган академиялар илк шу масканда бунёд бўлганини яхши биладилар.
Йўлбарснинг товонидан тиканини олган оналарнинг болалари бўлмиш донишмандлар юрти Қорақалпоқда, инновацион ғоялари билан юлдузни бенарвон ураётган ёшлари, қалби Нурота ёғдуларидек илоҳий Навоий вилоятида олиб борилаётган бунёдкорликларга нима дейсиз?!
Бир қултум ҳавоси минг дардга дармон Зомини, олмаларининг муаттар ҳиди асрларни сафолатган Бахмали, томирларга уйғоқлик завқини солган Ойқорию Сангзори ва яна қанчадан-қанча мўъжизаларни бағрига яширган Жиззахда, тилими тилни ёрувчи қовунлари, бир пиёла шарбати бир лаҳзада танадаги ғуборларни ювиб юборувчи тарвузлари бор Сирдарёда олиб борилаётган бунёдкорликларни секинлатиб бўлмайди.
Ҳар куни битта замонавий завод ёки фабрика ишга тушаётган, кичик корхоналарию фирмалари дунё ишбилармонларини ҳайрону лол этган Тошкент вилояти, Хизр баракасини берган, ақл билан иш юритиш ва ҳалолликда дунё тадбиркорларининг ишончли ҳамкорига айланган Наманган, оламнинг манаман деган ақлмирзоларига дарс бераётган иқтидорлилар маскани Андижон, сўзида оҳанрабоси бор латифлар, тупроқдан афсона яратаётган кулоллар, фасли баҳорни атласларига жойлаган ҳунармандлар гулшани Фарғонага томон йўлга чиққан карвонларни ҳеч бир куч тўхтата олмайди.
Авлиёлар кўзга суртган табаррук Она, оламни тинчликка чорлаётган, дунё фозилларини бағрида бирлаштириб машваратлар ўтказаётган дониш шаҳар, олий ўқув юртларида, улкан кутубхоналарида ақлларни нурлантираётган, янги-янги биноларида бетакрорлик салтанати, масжидларидан таралаётган маънавият ёғдулари жумла жаҳонга ёруғлик сочаётган азим Тошкентда амалга оширилаётган ишларни тўхтатиб бўлмайди, орқага қайтариб бўлмайди. Шукр, минг бор шукр! Энди бу ишларимиз ортга қайтмас тус олган.
Тошларни эритган баёт меники,
Авлиёзот менинг, нурзот меники,
Занжирни синдирган қанот меники,
Мустақилман — учиб юрибман.
Орқага — қоронғу хосга қайтмасман,
Дорларга — ул сўнгги нафасга қайтмасман,
Қафасга қайтмасман, қафасга қайтмасман,
Мустақилман — учиб юрибман.

Зулфия МЎМИНОВА

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг