КУТИЛМАГАН ТУҲФА ҚУВОНЧИ

69

Инсон кутилмаган туҳфага эришса, қандай ҳолатга тушишини бошидан ўтказган одамгина ҳис қилади, деб ўйлайман. Чунки кўнглимдан қандай гап ўтган бўлса ҳам, фақат бундай эътирофга, “Халқ артисти” деган юксак унвонга сазовор бўлишимга ишонмагандим. Очиғи, Президентимизнинг, халқимизнинг бу ишончи мен учун чинакам туҳфа бўлди.

Яна бир туҳфа Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги муносабати билан Кўксарой қароргоҳида ўтказилган байрам тадбирида иштирок этганимдир. Тадбирда Президентимизнинг маърузаларини тинглаб ўтирарканман, бутун дунёни хавфга солиб турган пандемия, Бухоро, Сардобадаги воқеалар ва яна қанча кўнгилсизликларга қарамай, юртимиз иқтисодини, маданияти, маърифатини янада ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар, чет эллар билан алоқалар борасида олиб борилаётган ишлар кўнглимдаги келажакка умид учқунларини алангага айлантирди. Кўксаройда янграган учинчи Ренессанс даврига айни пайтда пойдевор яратилаётгани ҳақидаги Юртбошимизнинг сўзлари бу умидни янада мустаҳкамлади.
Ижодий фаолиятим давомида жуда катта санъаткорларга, чет эллик улуғ актёрларга ҳавас қилганман, уларга ўхшашни хоҳлаганман. Лекин улардай бўлолмадим. Ўшандай буюклар олдида юксак унвонга арзимайман, деб ўйлардим. Демак, менга катта ишонч билдирилибди. Шу унвонни менга муносиб кўрганлардан, мухлисларимдан миннатдорман. “Илҳақ” бадиий фильми ижодкорлари қатори мукофотга сазовор бўлганим шу фильмда яратганим Она образининг эътирофи ҳам бўлди, деб ўйлайман.
Тўғри, театрда ишламаётганимга анча бўлди. Театр соҳаси ҳам спортдай бир гап. Шуғулланмасангиз жараёндан чиқиб кетасиз. Лекин телевидениеда ишлаб юрганимда “Опа-сингиллар” сериалида қайнона ролини ўйнаганимдан сўнг ўзимга ўзим: “Театрда ишламаётган бўлсам ҳам нега бу роль кўпчиликка маъқул бўлди?” деб савол бердим. Ўйлаб кўрсам, ҳамон театр оламидан чиқиб кетмаган, шу дунё ичида яшаётган эканман. Чунки “Пўртана” номли китобимни тайёрлаш жараёнида ҳам, тўртта телевизион бадиий фильм сценарийсини, “Театр” эссеимни ёзганимда ҳам хаёлимда театр бўлган. Сценарийларни ёза туриб, ундаги бош қаҳрамонлар қиёфасида ўзимни тасаввур қилганман, образлар шундай кўз олдимда намоён бўлган. Шу кунларда эса ўзим яхши кўрган бир асарни таржима қилишга тайёрланиб юрибман. Хуллас, ҳаёт ва хаёл оламим образлар билан банд. Ўзимга билдирилган ишончни оқлаш йўлида қўлимдан келганча ҳаракат қиламан.
Фурсатдан фойдаланиб, барча мукофот соҳибларини, санъат мухлисларини, халқимизни Мустақиллик байрами билан қутлайман.

Дилором КАРИМОВА,
Ўзбекистон Республикаси
халқ артисти

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг