ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ЯНГИ МАНЗИЛЛАРИ

55

29 август куни Юртбошимиз давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳамроҳлигида Тошкент шаҳридаги бунёдкорликлар билан танишганидан хабарингиз бор. Келинг, сўзимиз аввалида ана шу воқелик ҳақида бир оғиз тўхталиб ўтсак.

Мамлакатимиз раҳбари биринчи бўлиб  Тошкент метрополитенидаги Юнусобод йўналишининг “Бодомзор” бекатидан янги “Туркистон” бекатигача поездда бориб, ер ости музейини томоша қилди. Президентимиз: «Бу йўл ҳамма нарсани тезлаштиради. Ҳаракатни ҳам, иқтисодиётни ҳам, ҳаётни ҳам», дея ўз мамнунлигини ифода этди.

Давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бориб кўрди. Бу кўчанинг Амир Темур кўчасидан Тошкент ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган 2,2 км қисми 6 қаторли қилиб қайта қурилди. 4 қаторли мавжуд йўл реконструкция қилинди. Пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этилди. Яқин-яқингача ушбу йўллардан икки автомобиль базўр ёнма-ён юрарди. Энди замонавий йўлсозлик намуналари асосида кенг ва равон, нурли йўл барпо бўлди!

Шу куни давлатимиз раҳбари ишга туширилган Тошкент ер усти ҳалқа метросининг биринчи босқичи якуни билан танишди, пойтахтнинг Фарғона йўли кўчасида амалга оширилаётган реконструкция ишларини кўрди ва ўз фикрларини билдирди, ўзига хос андозалар асосида тикланаётган кўп қаватли турар жойлар қурилиши объектида бўлиб, ундаги намунавий хонадонни кўздан кечирди. Шунингдек, Яшнобод туманидаги Технопаркка ташриф буюриб, маиший совутгичлар ишлаб чиқариш заводини очди…

Булар бир кунда элу юртга таништирилган, бир кунда ўзига хос “тақдимоти” ўтказилган бўлса-да, аслида ҳар бир ғиштига ҳафталаб, ойлаб минг-минг фидойи қурувчиларимизнинг меҳнати, ғайрати ва шижоати сингиганига шубҳа йўқ.

Президентимиз ташрифининг эртасига ўша манзиллар бўйлаб медиа-тур ташкил этилди. Унда халқимизнинг севимли ёзувчи ва шоирлари, таниқли журналистлар, жамоатчилик вакиллари, куни кеча Президентимиз фармонига кўра, ватанимизнинг юксак медаль ва орденлари билан тақдирланган юртдошларимиз иштирок этди.

Медиа-тур Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишининг давоми бўлган икки бекат — “Юнусобод” ва “Туркистон” станцияларидан ­бошланди. Бунинг учун “Бодомзор” бекатидан ерос­ти саройига тушдик.

Пойтахтимиз метро бекатларига азалдан сайёҳлар лолу ҳайрон бўлган, унинг жозибаси, теран ҳафсала билан иншо этилгани, мустаҳкамлиги халқимизнинг ички оламидан, тийнатидан ҳикоя ­қилади.

— Шубҳасиз, бу тарихий воқелик, — деди Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, севимли ёзувчимиз Хуршид Дўстмуҳаммад. — Метро бекатлари ҳар куни ёки ҳар йили ҳам барпо этилавермайди. Шунинг учун ҳам унинг қурилиши бутун халқимиз диққатини тортади, “Метро қуриляпти!” деган гап тез шов-шув бўлади. Қолган турдаги бунёдкорликларни кўравериб, кўзимиз ўрганиб қолган. Чиндан ҳам, мана бу “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатларини кўриб, кўнглимиз ёришди. Улардаги шарқона салобат, шарқона файзу тароват, ўзбекона шукуҳ ва ранг бизни мафтун қилди. Манзилига шундай бекатлар оша борган одамнинг йўл-йўлакай қалби ҳам кўркамлашади, янада гўзаллашади. Бекатларга қадам босарканмиз, худди янги даврга кириб бораётгандек ҳис қилдик ўзимизни…

Метронинг ер ости бекатларини кўргач, Тошкент шаҳрининг Аҳмад Дониш кўчасида амалга оширилган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари гувоҳига айландик. Буюк соҳибқирон бобомиз Амир Темурнинг “Қудратимизга шубҳа қилсангиз, биз қурдирган биноларга боқинг”, деган чуқур маъноли ҳикмати ёдимизга тушди. Дарҳақиқат, бу йўллардан бир юрган одамнинг такрор-такрор юргиси келади!

Илгари бу кўча ўртасидаги майдон бетон девор билан ўралгани боис йўл тордан тор эди. Йўлда бирор машина ногоҳ бузилиб тўхтаб қолса, асабий тирбандлик юзага келар, ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчи учун ҳам машаққат ортарди. Метро қурилиши асносида бетон деворлар олиб ташланди ва улар ўрнида каттагина жой очилди.

Аҳмад Дониш кўчасидаги ям-яшил дарахтлар сақлаб қолиниб, қўшимчасига икки мингга яқин манзарали дарахт кўчати экилгани таҳсинга сазовор. Мана шу лавҳаларни жонли тарзда кўриб турарканман, кўнглимдан Юртбошимизнинг: “Одамларимиз ҳам, меҳмонлар ҳам йўлга қараб давлатга баҳо беради. Йўллар яхши бўлса, халқимиз рози бўлади. Шунинг учун бундай сифатли йўлларни ҳудудларда ҳам қуриш, қишлоқ йўлларини ҳам ўзгартириш керак”, дея айтган чуқур маънога эга сўзлари шууримда ярқ этди!

«Дўстлик-2» бекатидан «Қўйлиқ» бекатигача бўлган узунлиги 11 километрлик ер усти метросининг 7 та бекатига борарканмиз, поезд вагони ойнасидан пойтахти азим манзараларини, бугунги пандемия шароитида тошкентликлар ва меҳмонлар қандай ҳаракатланаётганини, равон йўлларда бир зум тинмаётган машиналар қатновини кафтдагидек кўриш имконига эга бўлдик. Ер усти метро бекатларида ва вагонлардаги ҳарорат ер остидагисидан фарқланса керак, деб ўйлагандик, йўқ, мутахассислар бу борада мувозанатни сақлашга эришибди!

2017 йилда бошланган бу улкан ишлар самарасини кўриб, халқимиз қудратини, давлатимиз салоҳиятини ҳис этдик. Қолаверса, қурилиш жараёнларини Президентимиз доим назорат қилиб тургани ҳам муваффақиятнинг бир қисми бўлгани муқаррар. Бекатдан бекатгача уч дақиқадан камроқ вақтда етиш мумкинлигини инобатга олсак, 11 километрга чўзилган етти бекатни ошиб ўтишимизга йигирма дақиқа ҳам кетмади. Узоқнинг яқин, оғирнинг енгил бўлгани шу-да!

Умумий қиймати 51,5 миллион АҚШ доллари бўлган Яшнобод туманидаги Технопаркда Жанубий Кореянинг “Samsung Electronics” компанияси технологияси ўрнатилганига гувоҳ бўлдик. Ускуналарни монтаж қилиш ва лойиҳани ишга туширишга ҳам кореялик мутахассислар жалб қилинган экан.

Завод павильонидаги ўта замонавий музлаткич эътиборимизни тортди. Унга “2021 йил” деб ёзилган экан. Демак, у келгуси йили чиқариладиган модель! Салобати, қулайликларини кўриб, очиғи, лол қолдик. Наҳотки, энди музлаткичларимиз ҳам “Wi-Fi” тизимида ишласа, “тилга кириб” камчиликларини соҳибига етказиб турса! Заводнинг нималарга қодирлигини ана шу маҳсулотига қараб ҳам англаш, илғаш мумкин!

— Бу улкан заводда чинакам янги Ўзбекистоннинг бўйини кўрдим, десам муболаға бўлмайди, — деди “Ёшлик” журнали бош муҳаррири Нурилла Чориев. — Халқимизнинг улкан салоҳияти — илғор технологияларни жорий этган ҳолда автоматлаштирилган замонавий жиҳозлар ишлаб чиқаришга киришаётгани фақат ва фақат ижобий ҳодисадир. Бир пайтлар бутун республикамиз қишлоқ хўжалиги майдонига айлантирилиб, кексаю ёшнинг куч-қуввати экин далаларида сўрилгани ҳақиқат… Бугун эса салоҳиятли ёшларимиз учун Президентимиз мана шундай бепоён корхонани ҳадя этмоқда.

Яшнобод туманидаги Фарғона йўли кўчасида, Қорасув канали бўйида қурилаётган “Ассалом, соҳил!” турар жой мажмуасига ҳам қадамимиз етди.

Катта қурилиш ошёнида баҳайбат, қуд­ратли кранлар бир зум тинмаяпти. Тайёр плиталарни диққат билан жой-жойига қўйиб, қотириб чиқаётган қурувчиларнинг тартибли ҳаракатига ҳавасингиз келади. “Ғишт қолмади, цементдан қоринглар!”, деган гап-сўзлар йўқ. 22 та кўп қаватли уй, 58 та коттеж қурилиш ишлари жадаллик билан давом этаяпти. Қолаверса, уй-жойга қўшимча барпо этиладиган мўъжаз сайилгоҳлар, яшил майдончалар, яшил ҳудуд, ўзига хос таълим муассасалари, соғломлаштириш мажмуалари, амфитеатр, кафе ва бизнес марказлар акс этган чизмалар эътиборимизни тортди. Демак, “Golden house” компанияси қурувчилари бунёд этаётган “Ассалом, соҳил!” турар жой мажмуаси тимсолида яқин келажакда Тошкент ичра янги замонавий шаҳар пайдо бўлади! Ахир, ўн эмас, юз эмас, нақ 3236 хонадон яшайдиган ҳудуд бўлади бу! Майдони 35 квадрат метрдан 120 квадрат метргача бўлган хонадонлар ипотека кредити асосида ҳам сотилади.

Хориж тажрибаси асосида қурилган енгил конструкцияли коттежлар ҳам ажо­йиб. Бу уйлар ўн кунда битказилиши билан эътиборимизни тортди. Бунинг устига, буюртма асосида бир неча хил шаклда қуриб берилар экан. Йиллаб уй солган, камига йиллаб таъмирлаган халқимиз учун бу ҳодиса эртакнинг ўзи-ку.

— Қарийб чорак аср давомида пойтахтимиз аҳолиси учун бундай арзон баланд қаватли уйлар мажмуаси қурилмаётган эди, — деди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг Ёшлар билан ишлаш бў­йича ўринбосари, шоир Ботиржон Эргашев. — Бу одамларга кўплаб қийинчиликларни, саргардонликларни келтириб чиқараётганди. Ўз уй-жойига эга ёш оилалар янада мустаҳкам бўлади, гўдакларнинг кўзлари қувончга тўлади. Шундай улкан бунёдкорлик ишларига ҳисса қўшаётган ҳар бир қурувчига ташаккур!

 “Ассалом, соҳил!” билан вақтинча хайрлашиб, медиа-турнинг сўнгги манзили — Тошкентнинг “Фарғона йўли” кўчасида амалга оширилаётган таъмирлаш ва ободонлаштириш ишлари билан танишдик. Бу йўлнинг кечаги кунгача бўлган ҳолати “таъриф”ини эшитмаган ҳайдовчи бўлмаса керак. Бир-икки марта ўтсангиз, янги машинангизни ҳам шалдироқ аравага айлантириб қўярлик даражада ўнқир-чўнқир сўқмоқнинг ўзи эди. Хуллас, ҳамма зада эди. Шукрки, мазкур муаммо ҳам тез кунларда бартараф этилиб, машаққатлар тарихда қоладиган бўляпти.

Туркиянинг «Kalyon» ширкати билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ло­йиҳага асосан, 8 қаторли янги автомобиль йўли қуриляпти! Унга қўшимча 2 қаторли мавжуд йўл реконструкция қилинади, энергия тежамкор ёритиш мосламалари ўрнатилиб, пиёдалар ва велосипед йўлакчалари, майсазорлар ташкил этиш режалаштирилмоқда.

Европанинг илғор мамлакатлари аҳолиси аллақачон фойдаланаётган йўллар лойиҳасини юртимизда жорий этиш фурсати келди. Шу йилнинг ноябрь ойида тўла фойдаланишга топширилиши кутилаётган мазкур йўл юртимиз йўлсозлари учун чинакам маҳорат дарсини ўтаб бериши шубҳасиз!

Медиа-тур тугади. Барча иштирокчилар олам-олам завқу шавқ, ҳаяжон билан уйига равона бўлди. Кун давомида бир зум бўлса-да, дунёда кечаётган пандемия таҳликасини унутгандек бўлдик. Бу қалбимиздаги эртанги кунга ишончнинг баланд эканидан далолат бўлса, ажаб эмас. Насиб қилса, “тожвирус” буткул ортда қолиб, кўнглимиздаги карахтликлар мутлақо тарқалгач, бу иншоотларни янада теран, янада равшан англаймиз. Унинг тарихий аҳамиятини, мамлакат истиқболидаги ўрнини тўла-тўкис тушунамиз!

Шундай бўлса-да, юртдошларимизни, айниқса, пойтахтимиз аҳолисини, меҳмонларини буюк бунёдкорликлар ҳосиласи — муаззам иморатлару гавҳар иншоотлар билан қутлаймиз! Имкониятлар, шароитлар, қулайликлар муборак бўлсин, азиз ватандошларим!

Зоҳиджон ОЛОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг