2020 йил 31 сонда ўқинг…

301

Газета “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистон!” шиори остида берилган қатор мақолалар билан очилган. Мустақиллик байрамини нишонлашимизнинг бу йил 29-чи  йили. Юртимиз ушбу санани ҳар йилгидек кўтаринки руҳда нишонлаш тараддудида. Газетанинг 1-чи ва 2-саҳифаларида Маматқул Ҳазратқуловнинг “Масъулият маскани” номли мақоласида Адиблар ҳиёбони ҳақидаги ўйлари билан танишасиз. Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййиднинг “Бу оламдир меҳру шафқат олами” номли мақоласи бутун дунё кўринмас бало билан курашаётган жараёнлар ҳақида.  Жумладан унда шундай сатрлар бор:

Меҳрдиёр дедим, асли меҳри дарё,
Бир-бирига меҳру сеҳри дарё-дарё.
Шаҳарларим, қишлоқларим, дашту саҳро,
Оғамдирсиз, инимдирсиз, опам, синглим –
Номингизни тутиб бўлмас айро-айро.

Шу сарлавҳа остида 3-саҳифада Сирожиддин Саййиднинг дунё шифокорлари, меҳр шафқатли ҳар бир инсон бу вабо олдида, унга қарши курашга бефарқ эмаслиги шеърий мисралар орқали ифода этган.

Иккинчи саҳифадан Дилбар Ҳайдарованинг “Бордимкўлнинг санобари”, Тошпўлат Тугаловнинг самарқандлик ижодкорларнинг ижод маҳсуллари ҳақида сўз юритган “Завқли ижодий муҳт” номли мақолалари ҳам ўрин олган. Шу билан бир қаторда Республика Маданият ва маърифат маркази ахборот хизмати мутаҳассиси Дилмурод Дўстбековнинг “Эзгу ва улуғ мақсадлар йўлида” номли мақоласи ҳам берилиб, унда марказда олиб борилаётган ишлар ҳақида батафсил сўз юритилган.

Газетанинг тўртинчи саҳифасида Санжар Турсуновнинг қутлаймиз рукни остида “Тоғдан баланд одам” сарлавҳали мақоласи берилган. Муаллиф мақолада ҳалқимизнинг севимли шоири Усмон Азимнинг ижоди ҳақидаги самимий фикрларини баён қилган. Шу билан бирга саҳифадан тақриз рукнида филология фанлари доктори Улуғбек Ҳамдамнинг “Жаҳон адабиёти манзаралари” номли мақоласи ҳам ўрин олган. Унда “Мумтоз сўз” нашриётида заҳматкаш олим Муҳаммаджон Ҳолбековнинг “ХХ аср жаҳон адабиёти манзаралари” номли китобининг нашр этилгани ҳусусида, ундан ўрин олган салмоқли фикрлар ҳусусида муҳтасар сўз айтилган. Адҳамбек Алимбековнинг “Дўстпарва инсон эди” номли мақоласи истеъдодли шоир Абдуғани Сулаймон хотирасига бағишланган.

Газетанинг сўнги сонларини кузатаётган ўқувчи дарҳол англайдики нашр тарихий вактларга бағишланган туркум мақолаларга катта ўрин ажратмоқда. Газетанинг бешинчи саҳифасидан истиқлол фидойилари рукни остида “Туркистон тараққийпарварларининг миллий таълим дастури” номли тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаевнинг мақоласи ўрин олган. Ўқувчи сарлавҳадан дархол мақола нима ҳақдалигини англаб олади.

Куни кеча “Ўзбеккино”да давлат буюртмаси асосида “Тенгиз” номли филмнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. “Аёл жасоратига бағишланган фильм” номли мақолада фильм ижодкорлари актёр ва режиссёрларнинг меҳнати хақида сўз юритилади.

“Эртага ташвишлар арийди”. Сарлавҳага кўз югиртирган ўқувчи қувониши аниқ. Дунё караонавирус балоси билан курашаётганда бу сарлавҳа кишиларга далда бўлиши тайин. Мақолада инсонларнинг бир бирига бўлган оқибати меҳри, очиқ қўллиги ҳусусида сўз боради. Шу билан бирга профессор Муҳаммад Тошболтаевнинг қатралари,  Адабиёт надр? рукнидаги  адабиётнинг асл мағизи нимада эканлиги ҳусусидаги қарашлар ҳам ўқувчилар эътиборидан четда қолмайди деган умиддамиз.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг