Жаҳон адабиёти манзаралари

115

“Мумтоз сўз” нашриётида чоп этилган филология фанлари доктори, профессор Муҳаммаджон Холбековнинг “ХХ аср жаҳон адабиёти манзаралари” деб номланган салмоқли тадқиқот ва мақолалар тўплами вақтида яратилган, ғоят зарур манба ҳисобланади. Чунки даврлар ўзгариб, жаҳон адабиётига мафкуравий қолиплар талаби нуқтаи назаридан эмас, балки холис ёндашув натижаси ўлароқ дунёга келган мана шундай илмий адабиётларга жамиятда катта эҳтиёж шаклланиб улгурган эди. Албатта, бу тадқиқот илк қалдирғоч эмас. Шу кунгача бошқа муаллифлар томонидан ҳам, шунингдек, М.Холбековнинг ўзи томонидан ҳам жаҳон адабиётига доир талай китоблар нашр қилиниб, ўқувчилар қўлига етиб борди. Лекин ушбу китобнинг улардан фарқи шундаки, унда глобаллашувнинг тезкор ва кучли таъсири остида турланиб бораётган ХХ аср дунё адабиётининг кўпроқ Европа, АҚШ ва Лотин Америкасига доир манзараларини имкон қадар тўлиқроқ тарзда қамраб олишга ҳаракат қилинган. Натижада ХХ асрнинг етакчи адабий оқимлари: модернизм ва постмодернизм ҳақида қизиқарли, керакли маълумотлар берилиб, мазкур оқимларнинг кўзга кўринган намояндалари Марсель Пруст, Жеймс Жойс, Франс Кафка, Виржиния Вулф, Томас Элиот, Гийом Аполлинер, Уильям Фолкнер, Эрнест Хемингуэй, Жан Поль Сартр, Альбер Камю, Умберто Эко каби адиблар ижоди алоҳида тадқиқ этилган.
Китобда Лотин Америкаси адабиётида пайдо бўлган “сеҳрли реализм” йўналиши, яна “интеллектуал роман”, “онг оқими”, “ХХ аср Ғарб модерн драмаси”, “француз бульвар театри” каби дунё адабиётида адабий турлар мундарижасини янгилаган ҳодисаларга ҳам эътибор қаратилади, уларнинг мазмун-моҳияти очиб берилади. ХХ аср жаҳон адабиётидаги бу каби янги ҳодисалар ҳақида ўзбек тилида материалларнинг ниҳоятда озлигини ҳисобга олсак, ушбу тадқиқотнинг аҳамияти янада аниқ кўринади.
Китобга таниқли олим Маҳкам Маҳмуд томонидан ёзилган “Жаҳон мумтоз адабиёти ва драматургиянинг тадқиқига бағишланган асар” сарлавҳали сўнгсўзда муаллиф ҳақида, унинг бош­қа ишлари ҳамда мазкур тадқиқот ҳақида таҳлиллар асосида сўз юритади.
М.Маҳмуд тўғри қайд этганидек, профессор М.Холбеков дунё бадиий адабиётини кўп ўқийди. Айни дамда, дунё адабиётшунослигига доир манбаларни ҳам рус ва француз тилларида мутолаа қилади. Шунингдек, нигоҳининг бир қирраси билан ўзбек бадиий адабиётини, ўзбек адабиётшунослигини ҳам кузатиб боради. Натижада, жаҳон ва ўзбек адабиётида, адабиёт илмида кечаётган ўзгариш­ларни муқояса қилиб, эътиборга молик хулосалар қилиш имконига эга бўлади. Аввало, мана шу қиёслаш имконининг мавжудлиги, ўйлайманки, М.Холбеков тадқиқотларининг ўзига хослигини белгилаб беради, олим ўзбек ўқувчисига, ўзбек адабиётшуносига унчалик таниш бўлмаган дунё адабиёти вакили ҳақида, уларнинг асарлари тўғрисида бутун бошли тадқиқотни тақдим қилади. Чунончи, китобда Гийом Аполлинер ҳақида алоҳида тадқиқот эълон қилинган бўлса, яна А.де Винъи, ­А.Теннисон, Г.Лонгфелло, ­У.Стивенс, Г.Кайзер, Л.Пиранделло каби ўнлаб адиблар мансуб бўлган ижодий йўналиш­лари ҳақида маълумот берилади.
Тадқиқотнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, унда адабиёт ижтимоий ҳаётдан узиб олиб талқин этилмайди. Аксинча, ҳамма давр­лар адабиёти жамиятнинг ҳаёти билан у ёки бу кўринишда узвийлик касб этгани ҳақидаги фикр ишга сингдирилган. Яъни адабиёт фақат эстетик ҳодиса эмас, айни пайтда, у ижтимоий ҳодиса ҳамдир. Буни – адабиётнинг ижтимоий ҳодиса эканлигини тадқиқотчи доимо ёдда тутади: “ХIХ аср охирига келиб, шоир Байрон ва Гюго орзу қилган шахснинг буюклиги унинг жамиятдаги ҳукмрон синф билан келиша олмаслиги ҳақидаги концепцияни яратган романтизм ҳам, шахс тақдири ва инсон омилини белгиловчи капитал ҳукмронлигини танқид қилган Бальзак ва Диккенс реализми ҳам, инсоннинг жамиятдаги ўрни унинг ирқий ва наслий келиб чиқишига боғлиқ дегувчи қарашни ёқлаган Золя натурализми ҳам инқирозга учради. Уларнинг ҳеч бири бадиий адабиётда глобаллашув тамойилини сақлаб қола олмади”. Олимнинг хулосасига кўра, ХХ асрда глобаллашув жараёнини ўз бағрида яшатган методлар — соц.реализм, модернизм ва постмодернизмдир. Айтиш жоизки, соц.реализм методи ҳам аллақачон глобаллашувнинг шафқатсиз шартларига бас келолмай тарихга айланди. Модернизм билан постмодернизм ҳам секин-аста ўрнини метареализм, метамодернизм каби оқимларга бўшатиб бермоқда. Демак, глобаллашув давом этмоқда ва тахмин қилинганидек, ўз йўлида турли-туман кайфиятларни пайдо қилиб бормоқдаки, ўз навбатида бу кайфиятлар ҳар хил “изм”лар номини олмоқда.
Албатта, ушбу залворли китобдаги айрим қарашлар билан баҳслашиш мумкин. Чунончи, унда глобаллашувнинг ибтидоси инсоният тарихининг антик дунё даври билан, хусусан, А.Македонский номи билан боғлиқ ҳолда кўрсатилади: “…у инсоният тарихида глобаллашув жараёнини бошлаб берган”, дейи­лади. Ҳолбуки, кейинги давр тадқиқотлари сиёсий-иқтисодий, ижтимоий-маданий жараёнлар антик дунё маданияти ва адабиёти учун ҳам пойдевор вазифасини ўтаган Шумерлар даврига бориб тақалишидан дарак бермоқда. Эҳтимол, глобаллашув Шумерлардан ҳам аввалги замонларга бориб боғланар. Лекин ҳозирча олимларга маълум бўлган катта маънодаги глобаллашув чегараси Шумерлар номи билан боғлиқ бўлгани учун ҳам сўзни улардан бошлаш тўғрироқ бўлармикан, деган андиша туғилади. Яна шуки, тадқиқотда глобаллашув икки хил бўлади: мусбат ва манфий, деган ғоя айтилган. Бунга мисол тариқасида христиан ва ислом динларининг тарихдаги ўрни ва аҳамиятидаги муайян фарқлар ҳақида билдирилган мушоҳадаларни келтириш мумкин. Хусусан, ислом дини ва маданияти таъсири, денгиз йўлларининг очилиши ва дунёга юз тутиш Европа Ренессансини вужудга келтиргани ва бу борада христиан дини ортиқ потенциал тўсиқ бўлмагани ҳақидаги фикрни илгари суриш мумкин. Демак, бу ўринда асл муаммони инсон омили ва унинг дунёқараши билан боғласа бўлади, деган эътироз туғилиши табиий. Лекин бундай эътирозга қарши ­М.Холбековнинг мустаҳкам асоси бор: “Диний схоластика ва инквизиция инсонни янги эътиқодга тобе бўлишга мажбур этди. Дин, давлат ва черков цивилизация устидан ҳукмронликни қўлга олди. Хуллас, Европада диний бошқарув шаклидаги глобаллашув ҳукм сура бошлади”. Яъни давлат ва жамият бошқаруви христианликнинг схоластика ва инквизицияга асосланган кайфияти остида қолди. Бундай ҳолда, натижа, муаллиф қайд этганидек, манфийга қараб кетади.
Хуллас, бу китобни ўқиган ўқувчи жаҳон адабиёти, унинг босқичлари, табиати, айниқса, ХХ асрда шиддат билан кечган, бугун янада авж паллага чиққан глобаллашув жараёни, унинг таъсирида шаклланган модернизм ва постмодернизм каби адабий йўналишлар, уларнинг забардаст намояндалари, янгиланган драматургия ҳақида жуда кўплаб керакли, қизиқарли маълумотларга эга бўлади. “Информация – бу ҳамма нарса” шиори остида яшаётган бугунги кун инсони (бу ўринда: адабиётшунос, адабиёт ихлосмандлари ва талаба ёшлар) учун бундай манбалар сув билан ҳаводек зарур. Айтиш жоизки, ўзбек адабиётшунослигида ўзбек адабиёти ҳақида бундай тадқиқотлар анчагина яратилди, яратилмоқда. Хусусан, академик Наим Каримовнинг “ХХ аср ўзбек адабиёти манзаралари” номли тадқиқоти ҳам шу йўналишда битилганлигини алоҳида таъкидламоқ лозим. Лекин жаҳон адабиёти йўналишида бундай ишларни ҳали кўп ва хўп амалга оширишимиз керак бўлади. Демак, профессор М.Холбековнинг мазкур “ХХ аср жаҳон адабиёти манзаралари” номли китоби соҳадаги бўшлиқни тўлдирадиган муҳим манбалардан бири сифатида ўқувчиларимизга узоқ йиллар хизмат қилишига ишонамиз.

Улуғбек ҲАМДАМ,
филология фанлари доктори

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг