Тоғдан баланд одам

101

Ўн тўрт ёшимда уйимиздаги барча китобларни ўқиб чиқдим. Китоб қолмади. Унинг хумори ёмон бўларкан: беҳад бетоқатлик бошланди. Хумори тутаверади. Нима қилишингни билмайсан. Гоҳ онангга гап қайтарсанг, гоҳ бемаҳал бўкирган молни савалаб қоласан. Онанг таёқ олиб олдига солиб қувади: “Оқшом отанг келсин, айтиб бераман!” деб қўрқитади.
Сен қочиб – чордоққа чиқиб оласан. Онанг нарвонни олиб қўяди. Сен эса бироз ўйланиб тургач, кейин чордоқни томоша қиласан. Бу ерда дунёнинг ҳамма нарсаси бор: чойнак, пиёла, қозон, товоқ, самовар, тунука, банкалар ва энг охирида олма солинадиган яшиклар териб қўйилган. Ўша томонга борасан. Яшикларнинг ичи тўла журнал — “Шарқ юлдузи”. Бўлди энди. Ҳамма нарса унутилади. Энди бетоқатлик йўқ. Сигирлар ҳам вақтида емишини ейди. Онанг ҳам хурсанд…
Дарсдан кела солиб апил-тапил ишларимни қилардим-да, чордоққа ошиқардим. Бу ерда дунёнинг ҳамма шоирлари, ёзувчилари билан суҳбат қурардим. Шу журнал сабаб адабиётимизнинг дарғалари — Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Шукур Холмирзаев, Ўткир Ҳошимов, Усмон Азим, Сирожиддин ­Саййидни танидим. Уларнинг расмларини кўрдим.
Эсимда, Усмон Азимнинг “Шарқ юлдузи” журналида туркум шеърлари чоп этилганди. Ўша туркумда “Энди бизга ишқ йўллари хатарлидир” деган шеъри ҳам бор эди… Юракка ўт тушди-ку. Шоирнинг ашаддий мухлисига айланиб қолдим-ку. “Бу дунёнинг исми гулмас, пул дунёдир – бу дунё” деб нола қиладиган бўлдик-ку. “Севгимиз ўлдими либосингиз кўк”, деб тенгдош қизларимизнинг жиғига тегадиган бўлдик. “Айт қачон улгирдинг жоним бўлишга?”, дея нолиш­лар қиламиз. “Ўзгани севсанг севгин, Мен ҳам сенга зормасман”, деб кибрга ҳам бериламиз… Мен ва тенгдошларим Усмон Азимнинг китобини олиш учун битта одамнинг уйида тонг саҳардан қуёш ботгунча чалғи билан беда ўрганмиз. Китоб мўъжазгина “Ғусса” эди…
Чордоқдан Яккатол билан Сангардак ўртасида гердайиб турган тоғга тикилардим. Шу тоғнинг орқасида Усмон Азим бор. Журналларни ҳам ўқиб тугатгач, мактаб ва колхоз кутубхонасига ўтдим. Кейин кимда китоб бўлса, олиб ўқийдиган бўлдим.
Эсимга тушди: Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбек характери” деган ҳикоясини мактаб дарслигидан акам ўқиб берганди. Билмайман, негадир иккимиз роса кулганмиз… Аслида йиғлаш керак экан… Ҳайронман, нега кулганмиз…
Юқоридаги гапларни ёзишимдан мақсад — болалик тасаввуримда муҳрланган инсонлар билан юзма-юз кўришишни тақдир раво кўрганини айтиш. Улар билан суҳбатлашдик. Ўсмирлик дунёмга шиддат билан кирган, керак бўлса, ўзига ўхшашга мажбур қилган инсонлардан бири Усмон Азим эди.
Тўй-ҳашамларда у кишининг шеърларини ёд айтиб юрардим. Адабиёт ўқитувчим Қаҳрамон ҳожи менга муборак ҳаж сафаридан ручка олиб келганди. Таътилга борганимда уйларига чақириб ручкани тутқазганди.
– Анави тоғни кўраяпсанми, ўша тоғнинг орқаси Бойсун. Усмон Азим ўша ерлик, – деганди у киши. Ажабланганимни кўргач, давом этди: – Яккатол деган қишлоқ Бойсунга қарашли. Шу қишлоқдан ўтиб тўғри Бойсунга – Усмон Азимнинг уйига борса бўлади, — деб ичимни қиздирганди.
Усмон Азимни мана шундай ғойибона таниб улғайдик. Ўртада биттагина тоғ бўлса ҳам ўша тоғни босиб Бойсунга боролмадик.
Усмон Азим яқинда 70 ёшга тўлди. Дилида яхши нияти борлар тилакларини билдириб, табрикламоқда. Мен Устознинг бошқа бир фазилатига эътибор қаратмоқчиман. Эҳтимол, бу айримларга бир сабоқ бўлар.
Эр кишининг кўрки, қадри-қиммати ваъдага вафо қилмоқ. Тан олиб айтишимиз керак, биз 10-20 дақиқада етиб борамиз, деб соатлаб кечикиб юрамиз. Аммо Усмон Азим айтилган вақтда доим етиб келади. Телефон қилиб, 20 дақиқада бораман деса бўлди, ишонинг, ўша вақтда етиб келади. Буни мен кейин билиб қолдим. Гап шундаки…
2018 йил Устоз айтди:
– Сангардакка қачон борамиз…
– Июль ойида ўғлимнинг туғилган куни. Ҳозир оилам қишлоқда. Шунга борамиз, – деб туғилган кунни айтдим. Хўп, деди ва суҳбатимиз бошқа мавзуга кўчди.
Шу билан бу гап эсимдан чиқиб кетибди. Ногоҳ бир кун телефоним жиринглаяпти. Олсам Устоз.
– Ҳа, қаердасиз, биз Сангардакдамиз…
Мен Тошкентда эдим. Устоз эса Сангардакда!..
Отам ҳар гал гап кетганда: “Усмон ака зўр одам экан, ҳатто тоғдан ҳам баланд экан”, деб қўяди.
Худодан бир нарсани кўп сўрайман: шоирларнинг, ёзувчиларнинг, умуман, ижодкорларнинг умрини узун қилгин. Ҳеч бўлмаганда Саъдий Шерозийникича умр бер, деб илтижо қиламан. Шундай одамлар бор, ҳатто боласига ҳам керак эмас, лекин 120 га киради. Майли, уларнинг ҳам умри узун бўлсин, аммо ижодкорларнинг кўпроқ яшагани яхши-да. Сиз Саъдий Шерозийдан ҳам узоқ умр кўринг, бизлар ортингиздан бораверайлик, Усмон ака! Сизни барчамиз яхши кўрамиз.

Санжар ТУРСУНОВ,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг