ЭЗГУ ВА УЛУҒ МАҚСАДЛАР ЙЎЛИДА

90

Мустақиллик — олий неъмат! Не-не даҳоларимиз озодлик, ҳурлик, дея ўз жонини фидо айламаган, не-не жадид боболаримиз, олиму адиб­ларимиз мустақиллик учун курашиб армон билан ўтишмаган. Бугун биз ўша аждодларимиз интилган, улар орзу қилган эркинлик замонида, ҳуррият даврида яшамоқдамиз.

Айни кунларда Ўзбекистон Респуб­ликаси Мустақиллигининг 29 йиллигини нишонлаш арафасида турибмиз. Афсуски, бу давр бизга синовли кунларда, коронавирусга қарши кураш кетаётган мураккаб бир пайтга тўғри келмоқда.
Мозийга боқиб, ўтмиши ва келажаги буюк юрт қанчадан-қанча оғир синовларни мардонавор енгиб ўтгани, ҳамжиҳатликда ҳамиша музаффар тонгларни қарши олганини англаймиз. Бугун ҳам халқимиз бир ёқадан бош чиқариб, ўз олдига инсонийлик, бағрикенглик, саховат ва олижаноблик каби эзгу ва улуғ мақсадлар қўйиб, ҳуррият байрамининг 29 йиллигини муносиб кутиб олишга тайёр турибди.
Пандемия бизни янгича яшашга, мавжуд вазиятга мослашиб, фаолиятимизни давом эттиришга ўргатмоқда. Авваллари ҳар бир вилоятда ўтказиладиган конференциялар, фестиваллар, учрашувлар, танловлар бугун карантин талабларига кўра онлайн шаклга ўтди. Аммо шакл ўзгаргани билан мазмунга, моҳиятга асло футур етгани йўқ. Мақсад ўша — меҳнаткаш ва фидойи халқимиз кўнглида энг улуғ, энг азиз байрамимиз — Мустақиллик шодиёнаси кайфиятини уйғотиш, уларга байрамона кўтаринки кайфият бағишлаш ҳамда энг улуғ неъмат — ҳурриятнинг нечоғлик азиз ва мукаррам эканлигини яна бир бор ёдга солиш. Шунингдек, бугунги дориломон кунларимизга шукрона келтириш.
Янгиланишлар кундан-кунга яхши натижа бераётган бугунги даврда халқимизнинг турмуш тарзини яхшилаш йўлида самарали ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Сўз ва фикр юритиш, эътиқод эркинлиги ҳуқуқининг амалда таъминлангани, болалар ва бошқа мажбурий меҳнатга чек қўйилгани, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида кўчмас мулк­ни олиш, ушбу ҳудудларга доимий прописка қилиш, қатор давлатлар билан визасиз тизим жорий этиш, чегараларнинг очилиши, валютани либераллаштириш сиёсати изчиллик билан олиб борилаётгани, нақд ва нақд пулсиз тўлов тафовутларининг йўқ қилиниши, конвертация эркинлиги, давлат идораларининг фаолияти очиқланиши, амалдорларнинг халқ олдида ҳисоб беришининг йўлга қўйилиши, коррупцияга қарши курашга алоҳида масъул агентлик ташкил этилиши, судлар мустақиллиги сари биринчи қадамлар қў­йилиши, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммоларнинг очиқ айтилиши ва бу соҳаларнинг ривожлантирилаётгани, ўқитувчиларнинг ойлиги ва мавқеи оширилгани, меҳнат муҳожирларимизнинг расмий статистикада тан олинаётгани, Президент қабулхоналари томонидан аҳолини қийнаб келаётган муаммоларнинг ечим топаётгани, жамоатчилик назоратининг фаолияти самарали олиб борилаётгани, муҳими, давлат ҳам, ҳукумат ҳам бир мурожаатга баҳолиқудрат эътибор қаратиб, унинг ечимига киришаётгани ва яна шу каби кўплаб саъй-ҳаракатларнинг ўтган уч йил давомида ҳаётга татбиқ этилгани халқпарвар ислоҳотлар самарасидандир.
Ўтган қисқа даврда шу йўлда дастлабки, лекин ғоят муҳим натижаларга эришганимиз, ватандош­ларимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ўзгариб, бу ютуқлар халқаро жамоатчилик томонидан эътироф этилаётгани, энг асосийси, халқимиз ислоҳотлар самарасини ўз ҳаёти мисолида ҳис қила бошлагани барчамизни қувонтиради.
Бугунги кунда жаҳон миқёсида ва мамлакатимизда юз бераётган мураккаб синовларни муносиб енгиб ўтишда Мустақиллигимизнинг сафарбар этувчи ва бунёдкор қудрати илҳомбахш манба сифатида барчамизга куч-ғайрат, эртанги кунга беқиёс ишонч бахш этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 29 йиллиги муносабати билан “Сен — қуд­рат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекис­тоним!” шиори остида карантин талабларига риоя қилган ҳолда турли онлайн учрашувлар, конференциялар, семинарлар ўтказиш белгиланган. Юртдошларимизга бугунги мураккаб шароитда руҳан далда бўлиш, уларнинг ҳаётга, эртанги кунга ишончини оширишдек эзгу мақсадларни кўзлаб Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маърифат” тарғиботчилар жамияти, Маданият вазирлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамкорлигида “Сен — қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” шиори остида янги онлайн тарғибот лойиҳаси ўз ишини бошлади.
Ушбу лойиҳа доирасида Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар аҳолиси вакилларини карантин талаблари асосида жалб этган ҳолда таниқли олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маданият ва санъат намояндалари иштирокида онлайн тизимда маданий-маърифий тадбирлар амалга оширилмоқда. Янги лойиҳанинг илк тақдимоти 19 август куни соат 11:00 да Республика Маънавият ва маърифат маркази студиясида Хоразм ва Тошкент вилоятлари фаоллари ҳамда жамоатчилик вакиллари билан ўтказилди.
Онлайн мулоқотда сўзга чиққанлар мамлакатимиз ҳаётининг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли демократик ислоҳотлар юртдошларимизнинг турмушини яхшилаш, дунё­қарашини юксалтириш, юртимизни ҳар томонлама обод қилиш, унинг иқтисодий қудратини кучайтириш, янги Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятидаги нуфузи ва обрўсини оширишга хизмат қилаётганини, пандемия шароитида ҳам бу ўзгаришлар изчил давом эттирилаётганини таъкидлаб, фикрларини аниқ ҳаётий мисоллар ва илмий асосланган таҳлиллар воситасида асослаб ўтишди.
Ҳаракатлар стратегиясининг ҳаётга татбиқ этилиши халқимиз турмуш шароитини яхшилаш, аҳоли даромадларини ошириш бўйича ҳам ижобий натижаларни бермоқда. Жорий йилнинг ўтган олти ойи давомида аҳоли жон бошига ўртача умумий даромадлар 5,2 миллион сўмни ташкил этаётгани ҳам бунга яққол мисолдир.
Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш тизимида ҳам катта ижобий ўзгаришлар қилинмоқда. Халқимизга кўрсатилаётган тиббий-профилактика, патронаж хизматлари ёрдамини янада яхшилаш, тез ва шошилинч тиббий ёрдам ҳамда ихтисослашган тиббий ёрдам сифатини ошириш, аҳолини арзон ва сифатли дори-дармон билан таъминлаш, хусусий тиббиётни ривожлантириш каби муҳим лойиҳалар шулар жумласидан.
Агарда статистик маълумотларга мурожаат қиладиган бўлсак, пандемия ҳолати юзасидан юртимизда умумий касалланишлар сони 36 мингдан ошганини, соғайганлар эса 31 580 нафарни ташкил этаётганини кўришимиз мумкин. Аниқроқ қилиб айтганда, соғайиш ҳолати аввал 50 фоизни ташкил этган бўлса, бугунга келиб бу кўрсаткич 75 фоизга кўтарилди. Бу маълумотлар пандемия ҳолати амалга оширилаётган ислоҳотлар сабаб барқарорлашганини кўрсатади.
Мана шундай синовли даврда шифокорларимиз қатори бошқа соҳа вакилларининг ҳам эл корига яраш, унинг оғир кунида елкадош бўлиш мақсадида фидойиларча меҳнат, тинимсиз ҳаракат қилаётгани ва бунинг натижасида юртимиздаги ҳолат барқарорлашгани қувонарли, албатта.
Бўлиб ўтган онлайн учрашув давомида ватандошларимизнинг ана шундай синовли бир пайтда ҳамжиҳат бўлиб, юртимиз ривожи, халқимиз фаровонлиги йўлида ҳаракат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Онлайн семинарда иштирок этган Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари, сенатор Минҳожиддин Мирзо ва Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Нодир Жонузоқ, Ўзбекистон халқ артистлари Ёдгор Саъдиев, Муножат Йўлчиева, Гавҳар Зокирова, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов, фалсафа фанлари доктори, профессор Жамила Шермуҳаммедова каби меҳмонларнинг Хоразм ва Тошкент вилоятида амалга оширилаётган иқтисодий-сиёсий, маънавий-маърифий, илмий-ижодий ислоҳотлар ҳақида билдирган фикрлари пойтахт вилояти аҳолиси ва хоразмлик юртдошларимизга руҳий куч-қувват бағишлаб, уларни келгусидаги истиқболли режалар сари илҳомлантирди. ­Онлайн семинар кўтаринки руҳда, байрамона кайфиятда ўтди.

Дилмурод ДЎСТБЕКОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
ахборот хизмати мутахассиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг