МАСЪУЛИЯТЛИ МАСКАН

99

Бугун Адиблар хиёбони пойтахтимизнинг энг сўлим, энг сокин, энг масъулиятли, ҳа, айнан масъулиятли масканларидан бири десак, хато бўлмайди. Зеро, бу ер дам олиш, истироҳат боғи эмас. Бу жойга ўйин-кулги ярашмайди. Бу хиёбонга келган одам ҳар бир қадамини ўйлаб босади, айтадиган ҳар сўзини етти ўлчаб гапиради. Бачкана ҳаракатлар қилишдан уялади. Чунки бу ер донишмандлар, улуғ алломалар тўпланган даргоҳ.

Бу масканга келган одам ўзини фозиллар даврасига кириб қолгандай ҳис этади. Шу боис бу қутлуғ маконда наинки ортиқча гап-сўзлар айтишга, ҳатто овозини баланд қў­йиб гапиришга ҳам ийманади киши. Юраги дов бермайди. Ҳазрат Алишер Навоий “Оқил киши ростдан ўзгани демас, вале ҳама рост ҳам дегулик эмас”, деб ростгўйликка, шу билан бирга, ҳаётда шундай-ку деб хаёлига келганини валдирайвермасликка, ҳар бир сўзни ўйлаб гапиришга даъват этиб турибди. Улуғ маърифатпарвар бобомиз Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатни маънавий ва моддий қашшоқликка элтувчи тўй ва азадаги дабдабабоз­ликдан воз кечишга чорламоқда, эл-юртимиз озодлигини орзу қилиб, шу йўлда қурбон бўлган Абдулҳамид Чўлпон “халқ денгиздир, халқ тўлқиндир” деб халқ қудратини эслатиб турибди. Халқимизнинг оташнафас шоири Ҳамид Олимжон “Ватаним деб сени, уйғондим!” деб жонажон Ўзбекистонни севишни, қадрлашни, бор истеъдодни уни улуғлашга бағишламоқ лозимлигини уқтираётир… Шундай табаррук жойда қандай қилиб бирон нарсани ўйламай гапириш мумкин?! Йўқ, бунинг сира иложи йўқ. Бинобарин, улар сафида турган “ўз юрти қолиб Ҳинд сори юзланган” буюк ва дилбар шоиримиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурдан то шу давранинг энг кенжа вакили, истиқлолимиз куйчиси Муҳаммад Юсуфгача (дарвоқе, Бобур ҳам, Муҳаммад Юсуф ҳам 47 ёшда бу фоний дунёни тарк этган) — барчаси ушбу масканга келганларнинг ҳар сўзию ҳаракатини “кузатиб” турибди-ку. Бу улуғ зотларнинг салобати босади. Зулфия, Ғафур Ғулом, Ойбек, Абдулла Қаҳҳор ҳайкали олдига келган одам қадам сасини чиқармай оҳиста юрибгина қолмай, кийим-бошини бир сира тўғирлаб олганини ўзи ҳам сезмай қолади. Бу хиёбонни айланган киши ушбу масканда қўр тўкиб турган (ҳозирча улар йигирма тўртта) буюк сиймоларнинг ҳар бири олдига келганда шундай ҳолга тушади, ҳушёр тортади.

Мазкур хиёбонда ҳайкали қўйилган шоир ва ёзувчилар бизнинг ниҳоятда бой тарихимизда, лоақал Алишер Навоийдан бу ёғини олганимизда ҳам (Навоийгача ва Навоий даврида яшаган Саккокий, Атоий, Лутфий, Ҳусайний кабилар) яшаб, ижод этган улуғ аждодларимизнинг вакиллари, Машраб, Гулханий, Махмур, Ҳамза, Сўфизода, Завқий, Аваз Ўтар сингари ўнлаб, юзлаб ижодкорлар, маърифатпарварлар борки, уларнинг ҳаммасини жамласак, бутун Миллий боғимиз ҳудуди торлик қилиб қолади.
Мана, нима учун бу ерда ўйин-кулги қилинмайди. Бу хиёбон маърифат маскани, таъбир жоиз бўлса, очиқ осмон остидаги улкан дарсхона, боғ-роғли аудитория. Бу даргоҳни зиёрат қилган одам маънавий озуқа олади, кўнгил мулки, қалб хазинаси тўлиб бойиб чиқади. Энг асосийси, бу хиёбонга келган киши уйига боргач, шу ерда ҳайкали қад ростлаб турган шоир ва ёзувчилар асарларини қайта қўлга олади ва албатта, бошқача кўз билан, бошқача нигоҳу ўзгача нуқтаи назар билан мутолаа қилади…
“Мулки Ҳинду Марвдин келсам топардим эътибор, Шул эрур айбим Муқимий, мардуми Фарғонаман” деб изтироб чеккан Муқимий домла ўз юрти — гўзал Фарғона водийсидаги ўзгаришлару янгиликларни кўрса, “Фиғонким гардиши даврон айирди ўз диёримдан” дея фарёд уриб, киндик қони томган табаррук диёрга қайтиб келолмай, хоки туроби узоқ ўлкаларда қолиб кетган Фурқат бугунги авлодлари унинг номинию ижодини эъзозлаётганини эшитса мамнун бўлар, боши кўкка етарди. Шу хиёбондагилар ва бу даргоҳга “келиб улгурмаган” барча улуғ аждодларимизнинг руҳлари юртимизда амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш юмушларидан, маданий-маърифий ишлардан, узоқ ва яқин тарихимизда ўтган алломалар, уламолар, ёзувчи ва шоирлар хотирасига кўрсатилаётган эҳтиромдан, бу солиҳ амаллардан розилик туяётган бўлса, не ажаб.
Мен невараларим билан айландим хиёбонни. Шошилмай, ҳар бир зот олдида (ҳайкал дейишга тилим бормаяпти) маълум вақт туриб, невараларимга улар ҳақида мухтасар гапириб бердим. Уларнинг аксариятини мактаб дарсликлари орқали билади, айримларининг китобларини ўқиган, уларнинг асарлари асосида ишланган фильмларни томоша қилган. Шу боис Адиблар хиёбонида бош­ланган адабиёт, маънавият ҳақидаги суҳбатимиз бир неча кун давом этди.
Хиёбонни бир қур айланиб чиққач, салқин жойда ўтириб бироз ўйга толдим. Бу ердаги улуғ зотлар, уларнинг ижоди, машаққатли ҳаёти ва шу аснода собиқ шўро тузуми, ўша даврдаги қатағонлар (1937-йиллардаги ва урушдан кейинги қатағонлар), мустақиллигимиз арафасидаги, истиқлол йилларида, айниқса, кейинги уч-тўрт йилда маданият, маънавият ва маърифат, адабиёт ва санъат соҳаларида қилинган ишлар ҳақида хаёл суриб кетдим.
Истиқлолдан олдинги Тошкент ва бу шаҳри азимдаги ҳайкалларни, кўча, майдону боғларни хаёлан кўз олдимга келтирдим. Маркс, Ленин, Калинин, Дзержинский, Куйбишев, Киров, Фрунзе, Пушкин, Горький, Гоголь — мана шуларнинг ҳайкаллари савлат тўкиб турарди Ўзбекистон пойтахтида. Шаҳар районлари ҳам (у пайтда туман де­йилмасди) шулар номида эди, яъни Ленин, Фрунзе, Киров, Куйбишев, Октябрь деб аталарди. Кўчалару майдонларни, истироҳат боғларини айтмаса ҳам бўлади. Тошкентга келиш у ёқда турсин, ҳатто бу дунёда шундай шаҳар борлигини ҳам билмаган одамлар номига қўйилган эди. Айтайлик, Клара Цеткин, Богдан Хмелницкий ёки қандайдир Виктор Малясов Тошкент ҳақида ҳатто тасаввури бўлганига ҳам ишонгим келмайди.
Маданият ва истироҳат боғларининг номига эътибор беринг: Пушкин, Горький, Тельман, Киров, Победа (Ғалаба дейиш мумкин эмасди), Гагарин. Мана шу жойлар Комсомол боғи, анави кўл Комсомол кўли дейиларди. Аммо ўзбек давлат арбоблари, зиёлилари номи билан аталувчи боғни эслай олмайман, кўчалар саноқли, бориям бир чеккадаги кичик, тор кўчалар (Навоий кўчасидан ташқари) эди.
Бу совет идеологияси бўлиб, ана шундай усталик билан сингдирилар эди одамлар онгига бу мафкура. Ахир, бир номни кунда-кунора эшитаверганидан кейин одамнинг миясига ўрнашиб қолади-да.
Сталин қатағонларида неча ўнлаб, минг­лаб давлат арбоблари, олимлар, ёзувчи ва шоирлар, маърифатпарварлар қатл этилган, уларнинг асарлари тақиқланган, ҳатто тақиққа тушган адиблар китобларини ўқиганлар, ўқимаган бўлса-да, уйида сақлаганлар ҳам ҳибсга олинган. Сталин вафотидан кейин музлар бироз эрийди, аммо батамом эмас. Бошқача айтсак, айрим шоир ва ёзувчиларимизнинг номи оқланса-да, ижодидан тақиқ олинмаган. Шунга қарамай Хрушчевнинг “илиқлик даврида” қатағон қурбони бўлган адибларнинг баъзи асарлари аста-секин нашр этила бошланди (таҳрир қилинган ҳолда). Масалан, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Обид кетмон” романлари қўлма-қўл ўқиларди. Эсимда, бу романларни ўқиб (ўшанда еттинчи ёки саккизинчи синфда ўқир эдим) баъзи сўзларга, тасвирларга тушунмай, адабиёт муаллимимиздан сўраганман. Ўқитувчимиз ёш бола бундай китобларни ўқиганидан қўрққанми ёки ўзи ҳам билмаганми, сен бунақа китобларни ўқишга ҳали ёшсан, бошқа китоб ўқи, деб дакки берган.
Биз талабалик йилларимизда (ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари охири, етмишинчи йилларнинг бошланишида) халқ душмани сифатида қатл этилган, ҳамон оқланмаган айрим адибларнинг улар қамалмасидан олдин араб ва лотин алифбосида нашр этилган китоблари, баъзи асарлари қўлёзма (машинкадан чиқарилган) ҳолда пинҳона ўқилар эди. Чўлпоннинг араб алифбосида босилган “Тонг сирлари” номли юпқагина китоби қўлдан-қўлга ўтгани ёдимда. Шу китобни ўқиш баҳонасида араб алифбосини ўрганганман. Кейин “Кеча ва кундуз” романи машинкаланган, қўлда муқоваланган шаклда ўқила бошланди. Аниқ эсимда, бир одам узоғи билан икки кунга олар, кейин навбатдаги кишига берар эди (эҳтимол, бу қўлбола китоб бир нусха бўлгандир). У пайтларда биринчи-иккинчи май байрам бўлиб, ўқиш, иш бўлмасди. Менинг навбатим ана шу байрам кунларига тўғри келган. Бундан хурсанд бўлиб, шу икки кун уйдан (у пайтда уй қаёқда — оилам билан ижарада турар эдик) чиқмай шу романни ўқиганман…
Мана шу хиёбонга ҳайкали кўрк бериб турган, истиқлол туфайли Ўзбекистон Қаҳрамони даражасига етган зукко, ҳақиқатгўй олим Озод Шарафиддинов тўплаган “Тирик сатрлар” (унда қатағон қурбони бўлган шоирлар ижодидан намуналар тўпланган эди) китоби дунё юзини кўриб-кўрмай йиғиштириб олингани эсимда.
Ўзбекнинг буюк фарзанди Шароф Рашидов ўз ҳимоясига олмаганида истеъдодли шоирларимиз Эркин Воҳидов ва Абдулла Орипов тақдири не кечиши мумкинлигини тасаввур қилиш қийин эмасди. Устозлардан эшитгандим, СССР Ёзувчилар союзининг (у пайтларда уюшма дейилмасди) Виталий Озеров деган секретари бўларди. (У замонларда бу лавозимдаги одам катта фигура ҳисобланарди). В.Озеров Ўзбекистонга келиб, бир неча кун айланган, кетиш олдидан Ш.Рашидов уни қабул қилган. Шунда
В.Озеров Ш.Рашидовдан биздан қандай ёрдам керак, деган экан. Ш.Рашидовнинг столида Эркин Воҳидов билан Абдулла Ориповнинг китоблари турган. Ш.Рашидов шу китобларни В.Озеровга бериб, булар бизнинг энг талантли шоирларимиз, шу китобларни яхши таржимонларга таржима қилдириб, Москвада нашр этилишига ёрдам берсангиз, деган экан.
Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Ва буларни эслашдан мақсад собиқ шўро тузуми даврида ҳақ-ҳуқуқларимиз нақадар поймол қилинганини, миллатимизнинг энг асл фарзандлари қатл қилинганини ёдга олиб, уларнинг руҳини шод этиш, бугунги ёш авлодга ана шундай буюк аждодларимиз бўлганини, истиқлол ўз-ўзидан, осмондан тушиб қолмаганини ва уни қадрлаш лозимлигини яна бир бор эслатиб қўйишдир.
Мустақиллигимиз туфайли яқин ва узоқ ўтмишда ўтган улуғ боболаримизнинг номлари ҳам, асарлари ҳам оқланди, тикланди ва бу эзгу иш изчил, янада кенг миқёсда давом этмоқда. Хусусан, кейинги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида бу борада жуда катта, кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Биргина жорий йилда Тошкентда бунёд этилган Ғалаба боғи, Адиб­лар хиёбони киши ақлини шоширади. Аҳамиятлиси, бундай улуғвор ишлар коронавирус пандемияси авж олган, мамлакатимизда карантин талаблари амал қилиб турган пайтда бажарилди. Ҳар иккала масканнинг очилиш маросимида давлатимиз раҳбари бевосита иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳайратли тадбирлар коронавирус туфайли уйда ўтирган ва кўнгли бироз чўккан юртдошларимиз кайфиятини кўтарди, эртанги кунга ишончини янада мустаҳкамлади…
Адиблар хиёбонини обдон айланиб, ана шундай ўйлар кечди хаёлимдан. Бу ўйлар, бу мулоҳазаларнинг охири кўрингани йўқ ҳали. Янада кенгроқ, яна ҳам теранроқ тарзда давом этажак бу ўй-хаёллар, иншаоллоҳ…

Маматқул ҲАЗРАТҚУЛОВ

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг