АМЕРИКАДАН ОНЛАЙН ТАБРИК

257

 Шуйтиб, ай жоронлар, Алпомиш бобо, эркатой неварамди кўрайин, аҳволини билайин, мушкули бўлса женгил қилайин, деб Амирқонинг Техас кентига, уларнинг тилиминан айтқанда, “меғаполуси”ға бориб қолибди. Буёқда коронавирус деган бало қўпиб, ҳаммани томоғидан чўқиб, ҳатто жуз қаватли уйларди тепасиға чиқиб, учоқлар учмай, чопоқлар1 чоппай, кемалар сузмай, желоқлар2 желмай, бировиниям жоқиниға келаммай, Бойсунни соғиниб, кетай деса, кетаммай, дардини ҳеч кимга айтаммай, хат-хабар ҳам битаммай бобонинг кўнгли кўп хуфтон бўлибди.
Бойсунда Барчин момо сочини тараб, “сўтка”га қараб, тинимсиз хабарини сўраб, “Ҳай, бобо, неча ойдир дарагингиз жўқ, я ўша журтларда бизлардан совиб, қоравой кампирди товиб, шўртикти кийиб, Ҳакимбек отингизди Ҳаким Жек қўйиб журипсизма? Бу жерда суюкли жозар болангиз Эркин Аъзам жетмишга жондаш кеб турғанини ўйламадингизма?” деб аччиқ-аччиқ гапларди айтипти.
Алпомиш бобо суюкли неварасининг отини эшитиб, юраккинаси эшилиб, соғинчдан кўкси баттар тешилиб, “Бўмаса мен бир иш қилайин, онлайинни улайин, Эркин боламди қутлайин” деб, дўмбирасини қўлиға олиб, олис-олис ўйларға толиб, бир сўз айтиб турған жери экан:

Ҳай ярай, ҳай ярай, ҳай ярай!
Бугун байрам яна Бойсун элида-я,
Ҳай, Эркин Аъзам бутун юртим тилида-я!
Бобоғинанг айлансин-а, болам-а,
Сени бугун қутламасам бўлама!
Жозғанларинг ҳикоядир, қиссадир,
“Тимтимак”дир, мақоладир, песадир.
“Отойи” деб жозғанларинг айтайма,
“Анойи” деб жозғанларинг айтайма?
Ҳай, роман битип, “Шовқин” деб-а от қўйдинг,
Кино олип, “Дилхирож”, “Паризод” қўйдинг.
Ҳай, “Сув жоғалаб” кетди дуня жоғалаб-а,
Ҳай, “Пияда”ни бўладима баҳолаб-а!
Ҳай, чет элларда олдинг қанча совринлар,
Пайгаларда мен жутқандай бурунлар.
“Чапаклар ва чалпаклар”ни бопладинг,
Лек кучингни кўп таҳрирга сарпладинг.
Ҳар бир сўзни жону дилдан севдинг-а,
“Сўзсиз менга дуня недир?” девдинг-а!
Ҳай, жозғанларинг узоқларга кетди-я,
Машҳур бўлиб Амирқоға жетти-я!
Жопон журтта ошна бўлди Дайсаку3,
Ҳамид4 дўсти яқининг – ким, деса, у?
Депутатлар бўлған эдинг Сурхондан,
“Тафаккур”инг азиз сенга тувғандан.
Эл-журтим деб жашаятқан болама-а,
Пидойи эр бўлса шундай бўлама!
Тан олди-ку китобингди ЖУНЕСҚА5,
Унвонингди айтай келганда эска:
Халқ жозари бўлдинг озод Ватанда,
Бутун Бойсун “Ҳалол!” деди ўшанда.
Ҳай, ўзимдайин ор-номусли болам-а,
Шу гапларди мен айтмасам бўлама!
Нима деса, деяберсин жоманлар,
Жозабергин жонғи-жонғи романлар.
Менинг жўғим билинмасин, жоронлар,
Усмонминан6 Эркинимга қаранглар!
Жозаримиз бўлса шундай журамиз,
Бир халқ бўлиб бу майдонда турамиз.
Тан беради бизга араб, ажам ҳам,
Хурсанд бўлар шунда Эркин Аъзам ҳам.
Ҳай, даврон суриб бу дуняда сов бўлсин,
Ҳай, пайгаларда мингани бедов бўлсин.
Ҳай, қутлов айтиб тугатайин сўзимди-яй,
Ҳай, Алпомиш деб билинглар-ай ўзимди-яй!
Ҳай, бошимиздан кетсин вирус балоси,
Ҳай, омон бўлсин барча ўзбек боласи!
Ҳай, Амирқоям, дунямизам тинч бўлсин,
Ҳай, меҳр доим ўртамизда синч бўлсин!
Ҳай, Бойчиборим бўлса, ўзим учардим,
Ҳай, ўз жеримди жилай-жилай қучардим.
Ҳай, Барчин момо, деганингиз ўринсиз,
Дунядағи жакка-жолғиз кампирим – Сиз.
Ҳай, яна бир бор Эркин болам сов бўлсин,
Ҳай, эйилмасин боши, Асқартов бўлсин!

Жозиб олған:
Муртазо ҚАРШИБОЙ.

1Автолар демоқчи.
2 Поездлар демоқчи.
3Дайсаку Икеда – атоқли япон адиби ва жамоат арбоби:
4 Ҳамид Исмоил – таниқли адиб, шоир, журналист ва таржимон.
5 ЮНЕСКО демоқчи.
6 Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азим назарда тутилмоқда.

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг