“РИВОЖИ МИЛЛАТ ИСТАР ЭРСАНГ…”

124

Таваллонинг ҳаёт ва ижод йўлига бир назар

Жадид даври адабиёти ўзбек адабиёти тарихининг энг муҳим ва ўзига хос босқичларидан ҳисобланади. Мазкур давр намояндалари орасида Тавалло (Тўлаган Хўжамёров)нинг ўрни алоҳида. Ойбекнинг “Болалик хотираларим” қиссасида ўқиймиз: “Айвонда мук тушиб Таваллонинг шеърларини ўқишга киришаман… Кўпгина шеърларида ҳаёт лавҳалари, манзаралари яхши тасвир этилган. Менга жуда қаттиқ таъсир этади… Ўқидим, диққат билан берилиб ўқидим…”. Тавалло ижоди билан танишган ўқувчи бу эътирофнинг ҳақлигига ишонади.

Тавалло том маънода эрк учун интилган, миллатдошларини бу ёруғ йўлга даъват этган, алалоқибат зўравонлик қурбони бўлган эди. Унга “аксилинқилобчи”, “Турон”, “Шўройи ислом”, “Иттиҳоди тараққий”, “Миллий иттиҳод”, “Миллий истиқлол” ташкилотларининг аъзоси, “миллионернинг ўғли”, “шеърларида миллатчилик ғоя­ларини илгари сурган” каби “айб”ларни қўйишди.
Хўш, аслида Тавалло ким эди? У ҳақда фикр юритилган саноқли асарларда ҳажвчи эканлигига урғу берилади. Шу билан бирга у ҳассос шоир ва моҳир публицист ҳам эди. Шеър илми мезонларига кўра ёндашганда, унинг шоирлиги қисмат эканига шубҳа қолмайди. Фикримизни далиллаш учун “Оҳу ҳасрат” шеърига эътибор қаратамиз. Унда юртга, миллатга муҳаббат туйғулари дард билан ифодаланган:
Эй Худо, бер бизингдек
бедаволарга даво,
Қилди миллат кўкрагини
таъна тирноқи яро.
Шу икки сатрдаёқ шоир бадиий тасвир воситаларидан унумли фойдалана олган. Шоир Яратганга илтижо қилар экан, унинг раҳматига сазовор бўлишга умид боғлайди. Миллат ҳеч бир зулмат кўчасини четлаб ўтмади, бироқ Яратганга исён этмади, ундан бегона бўлмади. “Сендан юз ўгирмадик” деган ифода шундан далолат.
“Бахтсиз миллат” мухаммасида қуйидаги сатрларни ўқиймиз:
Қилиб жой қарға-қузғун
бургуту лочин уёсиға,
Кўринг, йўлотмаюр ўз мулкини,
бас ўз эгосиға.
Солур зулмат, ёронлар,
партави олам зиёсиға,
Қилингизлар дуоким,
етмасунлар муддаосиға,
Худоё, сақлагил бечораи
миллатни туҳматдан…
Шоир ўз замонидаги ижтимоий-сиёсий вазиятни образли тарзда ифодалади, мажоз ҳақиқатга либос бўлиб, мазмуннинг сирлилиги ва салмоқдорлигини таъминлайди. 1918 йилда яратилган мазкур асарда кимлар назарда тутилмоқда? Туркистон бошидаги, ҳақиқий бургуту лочиндек мард ва жасур эрлар ўлкасидаги “қарға-қузғун”лар кимлар? Улар қандай “жасорат” билан бургут уясига кириб боришди?
Ўқувчи сўзлар замиридаги сирни ўзи “анг­лайди”. Бургутни мудроқ босган тақдирдагина, ҳушёрликни қўлдан бой бергандагина ўлаксахўр қузғунлар унга таҳдид сола бошлайди. У ўз хатосини англаб етганда, аллақачон бир гала қузғунлар қуршовида қолган бўлади. Атрофдаги қондошлари унга кўмак қўлини чўзишмаса, ҳеч бир ҳаракатдан наф йўқ. Бу рамзийлик Туркистоннинг ўша пайтдаги ҳаққоний аҳволини ифодалайди.
Таваллонинг миллат ҳақида ёниб битганларини шунчаки ўқиб бўлмайди. Қўлидаги қалами гоҳида жамиятдаги иллатларга қарши кўтарилган қамчига айланади. Баъзан хитоб, гоҳида нидо халқини жаҳолатдан қочишга, илм олишга чорлайди. “Оҳ миллат, топ тараққий деб тўкуб кўзлардан хун” дея фиғон чекиб, юрт дардида ёниб: “Эй қариндош, ухламангиз, биз кутармиз сиздин иш”, дея бонг уради. Юртдош­ларига бидъат ва хурофотдан илму маърифатни фарқлай билишга ундайди.
Унинг ижодкор сифатида шаклланишида Тошкент адабий муҳитининг йирик намояндаси Юсуф Сарёмийнинг хизматлари беқиёс. Тахаллусни ҳам унга Юсуф Сарёмий берган эди.
Шоир бу ҳақда шундай ёзади:
Эдим бу соҳиби девона шогирд
Этардим хизматини аз дилу жон.
“Тавалло” деб тахаллус лутф бирлон
Жаноби истади манга қўйилган.
Устоз шогирдининг доимо ҳақ йўлда Ҳаққа хизмат этишини ният қилиб, дўст бўлишга интилиш, илтижо маъноларини ифодаловчи “тавалло” тахаллусини берди. Бундан кўринадики, у доимо Худога илтижода. Илтижодан мақсад не? Балки Яратганнинг висоли ёки дини ислом равнақи ёхуд Туркистоннинг бошидан ғам булутлари аришидир?!
“Равнақ ул-ислом”нинг дебочасидан жавоб топгандек бўламиз:
Эй Худовандо, насиб айла
жамолинг ҳашрда,
Бандаи бечорадурман
қилмағил бахти қаро.
Балки биз шарҳламоқчи бўлган маъно айни шу сатрларда мужассамдир. Зеро, ҳақиқий ошиқнинг бахти, комилликнинг асрори Унинг жамолига етишиш билан белгиланади. Ижодкорнинг муҳити, яшаган давридаги ақидаларга назар ташласак, ҳақиқий “бахти қаро”лик илмсизлик, миллий ўзликни, ҳурликни йўқотиш, тараққиётдан ортда қолиш эканлигига гувоҳ бўламиз. Ҳар икки маънода ҳам ижодкор ўзига берилган тахаллуснинг маънавий юкини кўтара олган, назаримизда.
Ижтимоий ҳаёт воқеалари тасвирланган ҳажвий шеърларини яратишда Тавалло ўша давр ҳодисаларидан илҳом олган, таъсирланган. Ўша давр Туркистони учун янгилик бўлган ҳодисалар ҳақида ёзаркан, “Нижний ярмаркасида янги ашулалар” ҳажвиясида Нижний Новгород ярмаркасидаги ўзбек савдогарларининг ачинарли аҳволи кулги тиғига олинади. Савдо-сотиқ мақсадида борганларнинг бульварларда қолиб кетгани ва уларга қилинган қўпол муомалалар ҳажвий усулда ёритиб берилади:
Фаттойини судрашиб,
бульварида мудрашиб,
Сочу соқолин қошиб,
сарсона тонг отқунча.
Тавалло хотин-қизлар аҳволи, уларнинг ҳақ-ҳуқуқларига бағишланган шеърларида турли-туман қабоҳатларни юксак инсоний идеаллар нуқтаи назаридан фош этади. Масалан, “Мазлума қизлар ашуласи” мухаммасида хотин-қизларнинг фожеали аҳволи тас­вирланади. Шоирнинг маҳорати шундаки, мазкур тасвирни у хотин-қизлар тилидан моҳирлик билан бера олган:
Қиз олғон қўшхотин устига
чолларга ажал келсун,
Оқарғон сочлари, паҳмоқ
соқоллларға ажал келсун,
Оқизғон ёшимиз, ҳардамхаёлларға
ажал келсун,
Топилиб умри, дарз ўлғон саполларға
ажал келсун,
Семирган чўчқадек, ул қора
молларға ажал келсун.
Шоирнинг ҳажвий шеърлари мухаммас, мураббаъ, мусаддас, ғазал, маснавий жанрларида ёзилган. Гарчи эски шеър тизимида битилган эса-да, улардаги руҳ ва мазмун янгидир. Яна бир жиҳати – бадиий жиҳатдан пишиқ. Жумладан, “Майлигаму?” ғазали Алмаий шеърига назира бўлиб, шоир хотин-қизлар ҳақ-ҳуқуқларининг тўла тикланмагани ва ҳамма гаплар қоғозда қолиб кетганини кўрсатиб берган. Шоир муайян иллат ва уни юзага келтирган шарт-шароитни қоралабгина қолмай, балки кескин фош этади ҳамда унинг барҳам топиши зарурлигини уқтиради. Масалан, “Ҳозирги пивохона ашуласи”да ичкиликбозлик, фоҳишабоз­лик иллатларини қоралайди.
Шоир ҳажвий шеърларидаги кинояга бой нутқ тасвирланаётган нарса-ҳодисанинг, моҳиятини очишга ёрдам берган. Киноявий шеърларида биз Таваллонинг Октябрни мадҳ этишидан мақсад нима эканлигини билиб оламиз. Киноя ўқувчи кўз ўнгида Таваллонинг шўролар ҳокимияти ва унинг сиёсатига салбий муносабатда эканлигини, уларни кулги йўли билан фош этишга интилганини аниқ-равшан анг­латади. У ҳажвий шеърларида форсий изофа (парчаки қоғоз), арабий сўзлар (хубул машқ), русча сўз ва иборалар (женотдел), французча сўзлардан (мадмазел) кенг фойдаланади. Давр­нинг иллатларини кўрсатишда қаҳрамон тилидан вульгар ва жаргон сўзларни ҳам ишлатади.
Давр ва келажакнинг туташ нуқтаси топилган қуйидаги шеърга эътибор қаратинг:
Ер юзини “шоир” босиб кетажакдир,
Ҳар кишига бир бош “шоир” тегажакдир.
Ул шоирлар бир мирига тўрт юз гром,
Бир нафасда шеър ёзиб беражакдир…
Шоирлик тақдирдир. Бу тақдирни фақат яшаш лозим. Уни тирикчилик воситасига айлантириш мумкин эмас. Бу ишга қўл урганларнинг келажаги бўлмайди, уларнинг ўзлари-да тизган сатрлари янглиғ замон чиғириғидан четга сурилиб қолаверади. Шоирлик тақдир қилинмаганларда на шеър илҳоми, ва на истеъдод бўлади. Енгил кулги уйғотадиган бу шеър орқали муаллиф нима демоқчи? Ўз замонида одатга айланаёзган ҳолатни баён этяптими ёки келажакка башорат қиляптими? Бизнингча, ҳар икки жавоб ҳам тўғри. Чунки ўша даврдаёқ мавжуд иллат — шеърсозлик, назмпарастлик бугунги кунга ҳам хос. Энг оддий фикрларни-да шеър қилиб айтишга иштиёқ ҳамма замонларда ҳам мавжуд эди. Бундайларга ижоднинг илоҳий тортиқ эканлигини тушунтириш бефойда, улар ҳар нарсани моддийликда кўришади. Шеърга “солинган” сўзлар мажмуи билан истеъдод тилидан тўкилган сатрларнинг фарқига сўзни ҳис қиладиган ҳар бир инсон ета олади.
Шеърга “сиғмаган” фикрлар Тавалло ижодида аста-секин мақолаларда ифодалана бош­ланди. “Ойина”, “Ал-ислоҳ”, “Муштум” журналларида, “Туркистон вилоятининг газети”, “Самарқанд”, “Садойи Туркистон”, “Садойи Фарғона” каби газеталардаги мақолалари билан у моҳир публицист сифатида танилди.
Хусусан, “Ойна”нинг 1913 йил 6-сонидаги “Туркистонли қардошларима очиқ хат” мақоласида қуйидаги сатрларни ўқиймиз: “Огоҳ ўлингизки, ҳар бир миллат журнал ва газет чиқармоқ ўлса, ўшал миллат болалари жону дил бирла суюнуб, қувониб қарши олурлар; моддий ва маънавий ёрдамда бўлинурлар, оё бизлар эмасму, янги адабиётга ташна ва гурсна ҳолда умр ўткаргувчилар? Не учун бизда бош­қа миллатлар каби мажалла ва жарида йўқ? Албатта, бул бизларнинг ишсизлик ва илмсизлигимиздандур. Агарда бизлар ҳам ўз она тилимизда бўлғон бир дона мажалла ва газетимизни бошқа миллат болалари каби тиришуб ўқусак эди, бизларга ҳам ўнлаб, йигирмалаб газит, журнал вужудға келур эди. Бойларимиз ҳам мажалла ва газета насиҳати ва танқидини тинглаб, азиз болалари учун қайғуруб бидъат ишлара қиладургон беҳуда сарфларин қўйуб, миллат тараққийсиға чолишурлар эди. Уламоларимиз-да мажалла ва газета сабабила аҳвол ва ижоби замондан хабардор бўлиб, миллатға, замонга хизмат қилур эдилар…”
Очиқ хат орқали муаллиф ўз армонигина эмас, миллат ҳаётидаги оқсоқ жиҳатларнинг сабабини кўрсатади. Бошқалар билан тенг­лашиш учун, аввало, ақл-заковат, дунёдан воқифлик зарурлигини уқтиради.
“Туркистон вилоятининг газети” (1916 йил 27 ноябрь, 60-сон)да эълон қилинган “Илм натижалари” сарлавҳали мақоласида ҳам жиддий мавзуга ўзига хос ёндашувни кузатамиз: “Ёшларнинг бахтлик яшамоқлари бизларнинг ижтиҳодимизга боғлиқдур. Агарда ёшлар тарбиятсиз ўссалар, бир кун булар сиз билан бизни дуоибад қилурлар, нафрат этарлар… Агарда бизлар ухлаб ётсак, миллатимизнинг боғи ҳаётига печаклар ўтқузуб, умид гулларин қурутармиз. Бизларга дунёда на керак: ўқимоқ, дунё маишатидан баҳраланмак, Ёврупа мактаб­ларинда тарбия кўрмак. Етар бизларга улоқ чоп­моқ, бачча ўйнамоқ, тўй тўйламоқ”.
20-йилларга келиб Тавалло услубида яна бир ўзига хослик – назмда ҳам, публицис­тикада ҳам ҳажв имкониятларидан унумли фойдаланиш кўзга ташлана борди. Бу маълум маънода унинг “Муштум”даги фаолият билан чамбарчас боғлиқ эди. Чунончи, “Муштум”нинг 1924 йил, 9-сонида босилган сарлавҳаси ҳам ўзига хос: “Тошкандда (майда-чуйдалардан)”. Мақола бошдан-­оёқ кесатиқ, истеҳзо, пичинглар асосига қурилган. Шаклан ҳам нас­рий, ҳам назмий қисмлардан таркиб топган: “Кўкча дарвозаси бу йил жуда обод бўлиб, Ҳамроқул қорилар ҳанграй бериб, мияни суюлтириб юборди. Халқ ҳам ёмон бемаънида!.. Илгари буларнинг овозига (Ўратепадан — менимча) келувчи кишилар бугун Ҳамроқул қори овозидан балодан қочгандай қочадилар. Шу ҳам мусулмончилиқми?” ­Эътибор билан қаралса, умрини ўтаб бўлган хурофий одатларга ёзувчи томонидан ҳукм ўқилаётир. Бунинг мантиқий исботини мақола давомида Ҳамроқул қори тилидан келтирилган ашулада кўриш мумкин:
Қулоқ беринг, аё дўстлар,
Емак-ичмак ғаниматдур.
Афюн, кўкнори, қорадору,
Наша чекмак ғаниматдур…
Шоир парча орқали хурофий одатларгагина эмас, ботқоққа ботган кимсалар яшаш тарзидаги иллатларга ўт очади. Ифода усулида пичинг етакчилик қилаётган, Ҳамроқул қори тилидан кундалик турмуш тарзи нимадан иборат эканини муаллиф санаб ўтади: “емак-ичмак”, “афюн, кўкнори, қорадору, наша чекмак”, “қулоқ осмак”, “улоқ чопмоқ”, “бача ўйнашлиқ”, “ҳанграшмоқ”. Буларнинг барчаси таназзулдан бўлак натижа бермайди. Аслида, муаллиф жонкуярлигу ташвиш билан таъкидлаётган ҳолат ҳам шунда.
Муаллифнинг ютуғи шундаки, у қисқа ва лўнда киноявий жумлалар воситасида жаҳолатга ботганларнинг турмуш тарзини намойиш этади. У диний қадриятларга қарши эмас, аксинча, диний қадриятларни хурофий жоҳиллик билан қориштирган оломонни рўй-рост қаламга олади. Жумладан, “Бошдин аёғдан” мақоласида таъмагир қозилар аёвсиз ҳажв остига олинади: “Маҳалламизда иккита мансаб уюшмаси юзага чиқди. Бир томонда Мир Файзи деган, иккинчи томонда Султон қори деган япалоқ қори акамиз бошлиқдурлар. Жанжаллари тўйларда ош бошида қайсилари, нон тепасида қайсилари туриш тўғрисида бўлар эди. Шунинг учун маҳалламиз иккига бўлинғон эди. Ҳайтовур, бирларини кеча қидирув шўъба олиб кетиб, ош ҳам, нон бошида туриш ҳам ёлғиз бир уюшмага қолибдур”.
Мақолада муаллиф оддий хабар ёзувчи мухбир, аммо унинг позициясига ­эътибор берилса, ишлар “бошдан-оёғдан”, халқона таъбир билан айтганда, боши ерда, оёғи осмонда. Бу ўша даврдаги билимсизлик ботқоғига ботиб бораётган, онги маҳдуд одамлар савия­сига берилган баҳо бўлса, иккинчи томондан, “қидирув шўъбасининг олиб кетиши”дан ўқувчи олдиндаги қама-қамалардан дарак топгандай бўлади. Бу шўро ҳукумати барпо бўлганлигининг тўққизинчи йилидаёқ ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги талотўпларига берилган баҳо эди.
Умуман олганда, Тавалло публицистикасида даврнинг ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий муаммолари акс этган, ўткир ҳажв остига олиниб, кес­кин танқид қилинган. Тавалло деярли ҳар бир масалага алоҳида эътибор қаратганини унинг адабий мероси мундарижаси ҳам тасдиқлаб турибди. Унинг синчков нигоҳидан ҳеч нарса четда қолмади. Турмушдаги икир-чикирлар, ижтимоий тараққиёт йўлида кўндаланг бўлган тўсиқлар, сиёсий-иқтисодий ишларда эгри йўл тутганларни аёвсиз фош этди. Бу унинг ижодкор сифатидаги энг катта ютуғи эди. Ана шундай ютуққа эришолган ижодкорнинг асарлари бугунги кунда ҳам ўз жозибасини йўқотмаган. Зеро, ҳақиқатдан сув ичган сатрлар боқийдир.

Дилдора РАҲМОНОВА,
Тошкент давлат юридик
университети ихтисослаштирилган
филиали ўқитувчиси

Изоҳ қолдиринг

Илтимос, шарҳинигизни ёзинг!
Илтимос, исмингизни киритинг